00:10 / 22.08.2022
2 073

Фронтдаги вазият: Ҳарбий ҳаракатлар боши берк кўчада, лекин уруш кўлами яна кенгайиши мумкин

Фронтдаги вазият: Ҳарбий ҳаракатлар боши берк кўчада, лекин уруш кўлами яна кенгайиши мумкин
Фото: Vyacheslav Madiyevskyy / Укринформ / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA
Лисичанск ва унинг атрофидаги аҳоли пунктлари эгаллангач, орадан бир ойдан ортиқ вақт ўтганидан қарамай, Россия армияси Харкивдан Херсонгача бўлган 1000 километрлик фронтнинг ҳеч бир қисмида 10 километр масофага ҳам олдинга силжий олмади. Худди шундай, Украина армияси ҳам. Ваҳоланки, Киевдагилар жанубда кенг кўламли қарши ҳужумга ўтилиши ҳақида хабар берганди.

Икки томоннинг ҳам уруш натижасига таъсир кўрсата оладиган йирик юриш амалиёти ўтказиш қобилияти тобора шубҳа остида қолмоқда, шундай экан, ҳозирги мавжуд вазиятни бемалол турғун деб аташ мумкин.

Шу билан бирга, мавжуд фронт чизиғи икки томонни ҳам умуман қаноатлантирмайди – бундай шароитда тинчлик сулҳи тузиш имконсиз. Хўш., унда энди нима бўлади, деган саволга “Медуза” ўз мақоласида тўхталиб ўтди.

Урушнинг давоми бўйича икки вариантни кўриб чиқиш мумкин: ёки можаро музлатилади (бу ҳолатда Москва ҳам, Киев ҳам ютқизиқ позициясида бўлади), ёки томонлардан бири бу турғун вазиятдан чиқиш йўлини топади. Агар иккинчи вариант ҳаётий бўлиб чиқса, янада жиддийроқ эскалацияга олиб келиши мумкин.

Сўнгги ой давомида фронтда нималар бўлди? Россия армиясида ҳеч қандай ютуқ йўқми? Украинларда-чи?

Сўнгги воқеаларни узоқ муддатли оператив танаффус дейиш мумкин.
  • Украин қўшинлари Лисичанскдан чекинганидан кейин Россия армияси ёзги жангларнинг асосий йўналишида Бахмут, Соледар ва Северск ҳудудларида янги мудофаа линиясига дуч келди. Россия армияси Бахмут ва Соледарга яқинлашиб келган бўлса-да, бир ойдан ошиқ вақт мобайнида юқори тепаликларда жойлашган бу линияни ёриб ўтишнинг имкони бўлмади. Бу ерда россияликларнинг юриш суръати кунига атиги бир неча юз метрни ташкил этмоқда.
  • Бахмут жануби-ғарбида «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси июл ойи охирида Углегорск ИЭСни қўлга олди, бу ҳудуд бир ойдан ортиқ вақт давомида қамал қилинганди. Аммо август ойи ярмига келиб ёлланма жангчилар Бахмут йўналиши бўйлаб беш километрга яқин масофада илгарилай олган, холос.
  • «ДХР» кучлари эса Донецк аэропорти атрофидаги Пески посёлкасининг катта қисмини эгаллаган. Катта эҳтимол билан, бу Украина қўмондонлиги ушбу ҳудуддаги артиллериянинг бир қисмини бошқа йўналишга ўтказгани, «ДХР» қўшини эса, аксинча қўшимча артиллерия кучларига эга бўлгани туфайли рўй берган. Украина армияси саккиз йилдан ортиқ вақт мобайнида мудофаага тайёргарлик кўрган посёлка ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиш бир неча ҳафталик юриш давомида икки километрдан ошмади.
  • Украинанинг Херсонга қарши ҳужуми ҳали ҳам бошланмади. Сўнгги вақтларда Миколавийга ташриф буюрган ғарблик мухбирлар яқинлашиб келаётган кенг кўламли ҳужум аломатларини кўришмаганини айтишган. Улар билан суҳбатда бўлган украин ҳарбийлари эса Лисичанск яқинидан Херсонга олиб келинган қўшимча кучлар РФ армияси ҳужумга ўтишига имкон беришидан хавотирларини билдиришган.
  • Икки томон ҳам яхши уддалаган иш — бир-бирининг фронт ортидаги ҳудудларига ракета зарбалари йўллаш бўлмоқда. АҚШ ва Буюк Британиядан узоқ масофага учувчи ва нишонга аниқ борувчи ракета тизимларини қабул қилиб олган Украина армияси сўнгги ҳафталарда самарадор зарбалар борасида россияликларни ортда қолдираётгандек кўринмоқда. Хусусан, Днепр устидан Херсон томон олиб ўтувчи ва у ердаги Россия қўшини таъминоти учун муҳим бўлган учта кўприкнинг барчаси сафдан чиқарилди. Аммо россиялик ҳарбийлар бир неча паром орқали кечувларни йўлга қўймоқда. Ҳозирча бу қўшимча кучлар ҳисобига кенгайган контингент таъминоти учун етарли бўлиши аниқ эмас, аммо Днепрнинг ўнг соҳилидаги россиялик ҳарбийлар ўқ-дори етишмовчилигидан қийналишмаяпти: украин ҳарбийлари ҳам ўққа тутилмоқда.

Бу уруш боши берк кўчага кириб қолганини англатадими?

Бундай дейишга «урушларга хос ноаниқликлар» ва рақибларнинг сафарбарлик салоҳияти ҳали тугаб битмагани факти халал беради.
Бир томондан икки армиядаги сафарбарлик ҳақида маълум бўлган барча маълумотлар ёз бўйи улар керакли захираларни шакллантира олмаганини кўрсатади. Сабаблар эса кескин фарқланади.

Россия томонининг сафарбарлиги ҳақида нима дейиш мумкин?
  • Россия армияси Украинада жонли куч танқислигини бошдан кечиришда давом этмоқда. Армия тўлақонли бирлашма бўла олмаяпти: унинг сафларида тинчлик давридаги тўлдирилмаган тузилмалардан ажратилган батальон-тактик гуруҳлар қолдиқлари, хусусий ҳарбий компанияларнинг ёлланма жангчилари, тан олинмаган «ДХР» ва «ЛХР»да сафарбар қилинганлар, Россия регионларида тез ва юзаки тайёргарликдан ўтказилган «кўнгиллилар» жанг қилмоқда.
  • Ҳудудлардан келаётган хабарларга кўра, катта пуллар эвазига «кўнгиллилар»ни йиғиш сиёсати натижалари камтарона бўлмоқда. Барча регионларда ҳам «кўнгилли батальонлар» тузишнинг имкони бўлмаяпти, тузилган бўлинмалар таркибидаги кўнгиллилар сони ҳам у қадар катта эмас (кўп ҳолларда бу батальон эмас, ротага ўхшайди); биттадан ортиқ батальон тузишга муваффақ бўлинган регионлар сони 15 дан ошмайди.
  • Бу шуни англатадики, фронтга фақат бир неча минг «кўнгилли» келган ёки яқин ҳафталарда келади. Уларга «Вагнер» ёки бошқа «хусусий» бўлинмаларнинг янги ёлланма жангчиларини ҳам қўшиш мумкин.
  • «Кўнгилли батальон»ларнинг жанговар қиймати пастлигини ҳисобга олиб, улар, катта эҳтимол билан алоҳида қисмлар сифатида эмас, Россия армиясининг жанговар бўлинмаларидаги йўқотишлар ўрнини тўлдириш учун «мадад колонналари» сифатида фойдаланилишини кутиш мумкин.

Украина томонининг сафарбарлиги билан нима бўлмоқда?
  • Сафарбарлик жараёнидаги айрим муаммоларга қарамай, Украина армиясида жонли кучлар сони бўйича муаммо йўқ.
  • Аммо сафарбар қилинганларни ўқитиш ва қуроллантириш даркор. Биринчиси вақт талаб қилса, иккинчиси — иттифоқчилар томонидан қурол етказиб берилиши тўхтовсиз давом этишини талаб этади, чунки Украинанинг ўзида қурол захиралари ва уларни ишлаб чиқариш имкониятлари деярли тамом бўлган.
  • Аммо қурол-яроғ таъминоти (Россияники билан таққослаганда самаралироқ бўлса ҳам) ҳозирча бир неча ўнта янги бригадаларни шакллантириш (ва мавжуд бригадаларни қайта қуроллантириш) учун етарли бўлмаётгани аниқ — кенг кўламли юриш учун эса айнан шундай бригадалар зарур.

Бундай шароитда Россия армияси артиллерия ва унга ўқ-дорилар ҳажми борасидаги устунлик эвазига аста-секинлик билан украинларни Донбассдан сиқиб чиқаришда давом этишини, украинлар эса уларни тўхтатишга ҳаракат қилиб, бошқа участкаларда қарши ҳужумлар уюштириши ҳамда ўқ-дори омборлари ва коммуникация тизимига зарбалар йўллашини кутиш мумкин. Бу жараёнга бир неча ой кетади.

Бошқа томондан, Россия қўмондонлиги ҳам, украинлар ҳам барча кучларни ишга солмаяпти: хусусан, Лисичанск эгаллангач, бу йўналишда фойдаланилган Россия кучларининг бир қисми «ротация бўйича» фронтдан олиб кетилди. Катта эҳтимол билан, очиқчасига «кўнгилли батальон»лар тузиш ва хусусий ҳарбий компаниялар сафини янги ёлланма жангчилар билан тўлдиришга параллел тарзда армия қисмларига шартнома асосида хизмат қилувчи ҳарбий хизматчилар ҳам жалб этилмоқда ва бу Россия қўмондонлигига ниҳоят фронтга тўлақонли бирлашмалар — бригада ва дивизиялар жўнатиш имконини беради.

Украина қўмондонлиги ҳозирча фронтга уруш бошлангач тузилган бир неча тузилма юборди ва бу бригадалардаги ҳарбийлар сони 20 минг атрофида (қолаверса, мавжуд бригадалар ҳамда ҳудудий мудофаа батальонлари сафлари тўлдириб борилди), бу вақтда умуммиллий сафарбарлик доирасида, расмий маълумотларга кўра, армияга юз минглаб кишилар чақирилган; Ғарбдан олинган қуролларнинг бир қисми ҳам (катта эҳтимол билан, ярмидан кўпроғи) ҳали фронтга юборилмади. Буларнинг бари шуни англатиши мумкинки, томонлар бир вақтнинг ўзида ҳарбий ҳаракатлар интенсивлашишига тайёргарлик кўрмоқда.

Фото: Frank Augstein / AP / Scanpix / LETA
Вақт ўтиши билан бундай жадаллашув эҳтимоли ўсади (икки томоннинг жалб этган ресурслари ортишига мос равишда: назарий жиҳатдан Кремль Украинага ҳатто миллион кишилик қўшин (ҳозирги юз мингдан ортиқроқ ҳарбийлар билан қўшганда) юбориш имконини берувчи ҳақиқий сафарбарлик эълон қилиши мумкин. Ғарб эса бунга Киевга ёрдам ҳажмини ошириш орқали жавоб қайтариши мумкин. Ёки аксинча, қурол етказиб бериш ҳажми кескин ортишига жавобан Россия мобилизация билан жавоб беради.

Бу эскалация муқаррар деганими?

Муқаррар эмас, аммо эҳтимоли юқори, чунки можаро ҳозирги позицияларида музлатилиши Кремлни ҳам, Украинани ҳам қониқтирмайди.

Россия можаро музлатилишидан нега манфаатдор эмас?

Ҳарбий тарихчи Игорь Куртуков бундай сценарийнинг Кремл учун қандай оқибатларга эга бўлишини тасвирлаб беради. Унга кўра, вайронага айланган Луҳанск области (тўлиқ) Донецк, Херсон, Харкив ва Запорижжя областларининг бир қисми (шунингдек Миколайив областининг бир парчаси) учун Россия ҳукумати бошқа барча «фронтлар»да вазият ёмонлашуви билан ҳақ тўлаган:
  • мамлакат нафақат иқтисодиёт ривожига тўсқинлик қиладиган, балки Кремл учун унданда муҳимроқ ҳисобланган армияни қайта қуроллантиришга йўл бермайдиган санкциялар остида қолган;
  • бу армия ўз заифлигини яққол кўрсатиб қўйди, бу ундан ташқи сиёсатда аргумент сифатида фойдаланишни қийинлаштиради; можаронинг музлатилиши бу заифликни мамлакатнинг бутун аҳолисига янада аёнлаштиради;
  • НАТОнинг, кенгроқ айтганда Ғарбнинг бирдамлиги — парчаланиш уёқда турсин, аксинча мустаҳкамланди. Эндиликда Россияни расман асосий душман сифатида биладиган НАТО мамлакатлари билан ўзаро чегара сезиларли даражада узайди (блокка Финландия ҳам аъзо бўлиб кираётгани туфайли). АҚШ армиясининг Европадаги контингенти ўсди, НАТОнинг ўн йиллар мобайнида ҳарбий харажатлар бўйича ўз мажбуриятларини бажармай келган Европадаги аъзолари энди кўпроқ маблағ ажратишга тайёр. Альянс нафақат ўз аъзоларининг, балки тажовузга учраган (вақтинча бўлса ҳам ҳудудининг бир қисмини бой берган) ҳамкор давлатларнинг суверенитетини сақлашда самарадорлик кўрсатди;
  • Украина «демилитаризация» қилинмади — аксинча, унинг армияси жиддий даражада Ғарбнинг замонавий қуроллари билан қуроллантирилди ва улардан фойдаланишга ўргатилди. Ва бу жараён давом этади;
  • Украина билан туташув чизиғи ўсмоқда, эндиликда тан олинмаган республикалар кўринишидаги буфер ҳудуд йўқ, чунки Россия уларни тан олди ва амалда ўз таркибига қўшиб олди. Бу шуни англатадики, Кремл Киев билан «музлатилган» қарама-қаршилик учун урушга қадар бўлганидан анча кўпроқ ресурслар сарфлашини талаб этади;
  • можаро музлатилган ҳолатда ҳам босиб олинган ҳудудлар ўққа тутилиши тўхтаб қолиши факт эмас, бу эса феврал ойида «Донбассни отишмалардан қутқариш» истаги билан уруш бошлаган Кремл нарративини чиппакка чиқаради.

Булар (ҳатто йўқотишларни қўшмаганда ҳам) ғалаба деб аташ қийин бўлган соф ютқизишдир.

Кремль Донбасснинг тўлиқ эгалланишини ғалаба сифатида эълон қилиши ҳам мумкин (ҳатто Қора денгизнинг Украинадаги соҳиллари тўлиқ эгалланмаганда ҳам). Бундай ғоя россияликлар делегацияси томонидан март ойидаги музокаралардаёқ илгари сурилганди. Катта эҳтимол билан, Кремль «бизнинг шартларимиз асосида тинчлик» деганда шуни назарда тутган.

Можаро музлатилиши нима учун Украина ҳукуматига керак эмас?

Март ойидаги ўша музокараларда Украина вакиллари россияликлар шартларини муҳокама қилишда қатнашганди (гарчи буни очиқчасига тан олмаган бўлишса-да): Россия армияси ўшанда Киев марказидан 30 километр масофада турар, Харкив қарийб ўраб олинган ва Одессага юриш қилиниши давом этаётганди.

Энди эса Украина давлатчилигига бевосита таҳдид камида кейинга қолдирилган, шунинг учун Киев катта ҳудудларини бой бериш шартини эшитиб ҳам ўтирмайди.
  • Киев сўнгги вақтларда ўз ҳарбийлари олдига «Украинани тўлиқ озод қилиш», жумладан Қримни ҳам қайтариб олиш мақсадини қўйган;
  • Украина (апрел ойида бўлгани каби) туташув чизиғини урушдан олдинги ҳолатда тиклаш ҳамда «барча ҳудудларни қайтариш учун дипломатик саъй-ҳаракатлар олиб бориш» орқали «оралиқ мақсад» кўринишидаги нисбатан юмшоқ вариантни ҳам кўриб чиқаяптими, йўқми, буниси номаълум (бундай вариантни ғалаба сифатида эълон қилиш ҳам мумкин бўларди).

Лекин, Кремл бу вариантларнинг ҳеч бирини қабул қила олмайди (токи у ерда Путин бор экан). Ўйин назариясига асосланган ҳарбий-сиёсий назария томонларнинг можаро натижаси бўйича баҳоларида бу қадар фарқни ҳисобга олган ҳолда узоқ муддатли сулҳ учун ҳеч қандай имконият қолдирмайди.

Фото: Максим Шеметов / Reuters / Scanpix / LETA
Воқеалар ривожининг қуйидаги икки эҳтимолий варианти бўлиши мумкин.
  • Томонлар ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш уни фронтдаги вазиятни ўз томонига оғдиргунича давом эттиришдан кўра фойдалироқ бўлади деб топмагунча, ҳар икки томон учун сиёсий мақсадларга эришишнинг аниқ йўли бўлмаган, узоқ, машаққатли уруш. Тарихда бундай мисоллар кўп. Масалан, 1950-йиллар бошида Корея уруши боши берк кўчага кирганидан кейин можаро музлатилгунига қадар икки йил вақт ўтади. Тўғри, ўшанда ярашув сулҳи тузилишига икки томон рози бўлишини томонлар урушдан олдинги ҳолатга нисбатан ҳеч нарса йўқотмагани (миллионлаб ҳарбийлар ва тинч аҳоли ҳаётидан ташқари) ҳам осонлаштирганди.
  • Можаро эскалацияси. Юқорида айтилганидек, Кремль (зўравонлик билан) умуммиллий сафарбарлик эълон қилиш орқали мамлакатнинг урушдаги иштирокини ошириши мумкин. Бунга мос равишда, украин армияси таъминоти тўла қарам бўлган Ғарб қуроллар етказиб бериш ҳажмини кескин ошириши мумкин — омборларидаги эски техникалари ҳисобига ҳам, ўз армияси арсеналидаги техникалар ҳисобига ҳам.

Кремль ҳам, НАТО ҳам бошқариб бўлмайдиган эскалация юзага келиши ва ҳатто можаро Украина чегараларидан ташқарига чиқиб кетишидан чўчиб, ўз ҳаракатларини рақибникига мослаб амалга ошираётган бўлиши мумкин. Аммо агар улар жиддий қўшимча саъй-ҳаракатларсиз ўзларига мақбул сиёсий мақсадларга эриша олмасликларини англаб етишса, эскалация эҳтимоли жуда юқори бўлади.

Бундай эскалация нимага олиб келиши мумкин?

Натижани олдиндан айтиб бўлмайди. Барча вариантлар эҳтимолли:
  • томонлардан бири сиёсий сабаблар туфайли ресурсларни оширишни тўхтатиши мумкин (бу эса у ҳудудларни бой бериш эвазига тинчлик музокараларга кўнишга мажбур бўлишини англатади);
  • бир вақтнинг ўзида икки томон ҳам ресурсларни ошира олмай қолиши мумкин (бу ҳолатда Кремл учун ҳам, Ғарб учун ҳам), бу эса янги турғунликка сабаб бўлади;
  • бир вақтнинг ўзида икки томон ҳам ресурсларни ошира олмай қолиши мумкин (бу ҳолатда Кремл учун ҳам, Ғарб учун ҳам), бу эса янги турғунликка сабаб бўлади;
  • Кремль сиёсий мақсадларни ўзгартириши мумкинлигини ҳам истисно қилиб бўлмайди — Украинани босиб олиш биринчи навбатда шахсий лойиҳаси бўлган Путин қандайдир сабабга кўра ҳокимиятда қолмаса.

Ҳарбий экспертлар энг экстремал вариантларни ҳам, жумладан Россиянинг НАТО билан тўғридан тўғри тўқнашуви эҳтимолини ҳам муҳокама қилишмоқда. Америкадаги таниқли таҳлил маркази бўлмиш think tank The RAND Corporation бундай тўқнашувга олиб келиши мумкин бўлган воқеалар занжирини келтирди.
  • Агар Ғарб ўз етказмалари билан фақат Кремлнинг ўзи учун маълум бўлган «қизил чизиқ»дан ўтса (катта эҳтимол билан, у Россия раҳбариятининг урушдаги мағлубияти муқаррарлиги кўриниб қоладиган жойдан ўтади), Кремль оператив-тактик ракеталар билан Украина ташқарисидаги логистик занжирлар ва омборхоналарга ҳам зарба бера бошлаши мумкин.
  • Бошқа «йўли» ҳам бор: Россия раҳбарияти НАТОнинг мамлакатга ҳужуми муқаррар деган қарорга келиши мумкин (масалан, агар Шарқий Европада қўшинлар ва зарбдор мажмуаларнинг жойлашуви ўзгариш кўрса ёки Ғарб матбуоти ва жамоатчилигидан тўғридан тўғри интервенцияга чақириқларни эшитса). Экспертлар ҳисоблашича, бундай ҳолатда нафақат конвенция рухсат берувчи қуроллар билан, балки тактик ядро қуроллари билан ҳам зарбалар йўлланиши эҳтимоли бўлади.

Америкадаги Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази бундай назарияни АҚШ ва Россия тараф бўлиб «ўйнайдиган» бир неча жамоалар (хавфсизлик бўйича тажрибали мутахассислардан иборат) иштирокидаги ўйинда синаб кўрган. Уларга «душман»нинг ҳаракатларига жавобан қарор қабул қилиш, қарама-қаршилик вазиятидан ютуқли ҳолатда чиқиш (душманни заифлаштириш ва ўз позициясини яхшилаш) бўйича топшириқ берилган.

Ўйин урушдаги турғун вазиятдан бошланган. Мақсад боши берк кўчадан ўзи учун фойдали чиқиш йўлини топиш (музокаралардаги позициясини кучайтириш) ва рақибга бундай имкон қолдирмаслик бўлган. Жамоаларга ҳаракатлар вариантларни танлаш топшириқ қилинган, улар фойда ва эскалация даражасига кўра баҳоланади.

Ўйин натижаларига кўра барча иштирокчилар тилда можаро интенсивлашиши ва унинг Украина чегараларидан ташқарига ёйилиши эҳтимоли камайишини исташса-да, амалда улар, ютқазишдан қўрқиб, эскалация кучайиши ва уруш географияси кучайишига олиб келадиган қарорлар қабул қилишга мойиллиги маълум бўлди.

Тадқиқот муаллифлари фикрича, бу шуни англатадики, Украинадаги уруш «Евроосиёдаги буюк державалар қарама-қаршилигида янги ўткир босқичнинг охири» эмас, балки бошланиши бўлади. Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Фронтдаги вазият: Ҳарбий ҳаракатлар боши берк кўчада, лекин уруш кўлами яна кенгайиши мумкин