Фашистона майллар, иштаҳалар ҳамиша бош кўтариб туради ва фашистона салтанатлар барпо этишга уринишлар ҳам тинмайди. Шунинг учун ҳам бунинг олдини олишга ҳамиша тайёр туриш лозим. Маърифат эса элнинг ақл кўзини тиниқлантирувчи ҳодисадир. Фашистона тузумларнинг шамойиллари ва тамойилларини билиш шунинг учун жуда зарурдир.
Фашистона давлат тизими ҳаддан зиёд маъмурийлашган, марказлашган бўлиб, авторитар доҳийнинг шубҳасиз ҳақ эканига ишонч унинг олий тамойили сифатида намоён бўлади. Доҳий ҳақликнинг мезонига айланади. У ҳақ бўлгани учун юқорида эмас, у юқорида ва шунинг учун «ҳақ»дир. Раҳбар бу тизимда қанчалар баландда бўлса, шунчалар кам хато қилади, шунчалар ҳақ ҳисобланади. «Бошлиқ - ҳамиша ҳақ», «раҳбар кечикмайди, ушланиб қолади», - каби иборалар ҳам шундан туғилган.
Энг юқорида доҳий туради ва у… умуман хато қилмайди. Доҳий мутлоқ ҳақиқатга даъвогардир, шубҳа ва мунозарадан йироқдир, қонундан-да юксакдир. 1944 йилнинг 20 июлида Олмония «Халқ суди»нинг раиси Фрайслер фюрернинг хақлигига ва унинг музаффарлигига шубҳа қилувчи ҳар қандай шахсни жазолаш лозимлигини юридик акт билан қонунийлаштиришни таклиф қилган эди.
Фашизмнинг монархиядан ҳам ўтиб тушадиган жойи шундаки, у авторитар тафаккурни нафақат давлат тизимига, балким жамиятга ҳам татбиқ этади. Тоталитар тизимда ҳақиқий сиёсий мавқега эришиб бўлмайди. Демократик жамиятда алоҳида шахслар тенг шарт-шароитларда рақобатлашадилар ва, оқибатда, истеъдодли, қобилиятли шахслар зафар қозонадилар, бошқарувга кўтарила борадилар, очиқ жамиятда оқил кишилар ҳамиша калтафаҳмлардан устун келадилар, истеъдодсизлар фуқаролик жамиятида юқорига тимирскиланиб чиқиб бора олмайдилар, юқорига чинакамига фаоллар юксаладилар – жамият фаровонлашади, барқарорлашади.
Фашистона давлатда «обрў» шахснинг заковатига, ишбилармонлигига эмас, унинг ҳокимиятдаги мавқеига боғлиқ бўлади. Тизимнинг тафсирича, юқори инстанция пастдагисидан ақллироқ ва одилроқдир. Шўро тузумида кўрсаткич бармоқни юқорига нуқиб, қўрқа-писа: «Партия ҳаммасини кўради, билади», - дейишарди, ахир. Бу хусусият, бир томондан, тоталитар давлатнинг таназзулини тушунтирса, иккинчи томондан, нега бу тузумда буюк шахслар етишиб чиқмаслигини ҳам аёнлаштиради.
Анъанавий либерал демократик жамиятларда фуқаролик жамиятини ташкил этувчи шахслар камолга етарди ва улар, керак бўлганда, давлатнинг олдида халқ номидан гапира олар, эл манфаатларининг ҳимоячиси сифатида намоён бўлардилар. Булар – мамлакатдаги буюк шоирлар, ёзувчилар, дин арбоблари, олимлар, сиёсий арбоблар эдилар.
Масалан, Хўжа Аҳрор Вали ҳазратлари шоҳлар олдидаги юксак мартабаларидан фойдаланиб улкан қурилишларга бош бўлганлари, ариқлар қаздириб сув чиқарганлари маълумдир, Алишер Навоий ҳазратларининг шоҳлар ва шаҳзодаларни яраштириб, урушлар ва низоларни тўхтатиб юрганлари тарихимизнинг фактларидир. Асримизда давлатнинг олдида мамлакатнинг виждони, халқнинг ҳимоячиси бўлиб чиққанлар орасида АҚШда – Эйнштейнни, Англияда – Бертран Расселни, Фарангистонда – Жан Пол Сартрни кўрсатиш мумкин эди. Улар мамлакатларининг ҳақиқий фуқаролари эди.
Фашистона давлатда фуқаролар бўлмайди, уларда доҳийнинг буйруғини бажарувчи аҳоли, оломон бўлади. Тоталитар давлатда ҳам буюк ёзувчилар, олимлар, шоирлар бўлиши мумкин, аммо улар мамлакат учун фуқаро эмасдир, улар ҳам давлатнинг зулми қошида баргдай қалтираб турадилар.
Фашистона тузумда фақат раҳбарларни фуқаро деса бўлади, чунки фақат улар жамият номидан гапирадилар. Улар ақлли бўлганлари учун ҳокимият олмайдилар, ҳокимиятда бўлганлари учун «ақлли» ҳисобланадилар. Қанчалар гунг (рост сўзни гапирмайдиган) ва кўр (ҳаққоний аҳволдан кўзини юмадиган) бўлсалар, шунчалар кўтариладилар.
Фашистона давлат бефаҳмларни яратади, ҳақиқий сиёсий арбоблар етиштиролмайди – бу шубҳасиздир. Натижада «доҳий» орттиролмаган обрўни ясашга ҳаракат қила бошлайди. Шунинг учун фашистона тизимлар ўз доҳийсининг суратларини кўпайтириб - ҳар идорага осишга, ҳайкалини - ҳар майдонга қўйишга, китобларини миллионлаб нусхада тарқатишга ишқибоз бўлади. Фашистона тузумда иқтисод дала ва корхоналарда равнақ топмайди, унинг энг катта ишлаб чиқариши – ташвиқот машинасидир, энг катта заводи - ҳайкал қуювчи заводдир, энг катта фабрикаси – китоб чоп этувчи фабрикадир.
«Доҳий» ясаш фаолияти бора-бора ёввойи тус олиб, илоҳийлаштириш ва сиғинишга эврилиб кетади. Унга жисмонан бир одам эплаши мумкин бўлмаган сифатлар нисбат берилади, давлатнинг шавкати ҳам қолиб кетиб, йўлбошчининг шахсини пуфлаб шишириш авжига чиқади. Гитлер немислар томонидан «табиатнинг дўсти», «санъатнинг билимдони», «қадрдон дўст», «меҳнаткашлар ғамхўри», «деҳқонларнинг қадрдони», «ёшларнинг ҳомийси», «иш одами», «спортчиларнинг меҳрибони»… каби тасаввур қилинарди».
Гитлернинг ўзи ҳам бор-бора ўзининг «бетакрорлиги»га ишона бошлади. Унинг нутқлари стенограммасини ўқиган киши унинг турли-туман соҳалардаги «билим»ларидан бир қарашда ҳайратланади. Гитлер ҳар қандай шубҳадан холи бўлган қатъият билан дин ва фан ҳақида ўз ғояларини тарғиб қилади, темир йўл транспортининг келажаги ҳақида сўзлайди, ренесанс ва барокко санъати борасида гапира туриб, зум ўтмай келгусида энергия ташувчи манбалари қандай бўлишидан башорат қила кетади, сўнг опера ва симфониянинг дирижёрлари ҳамда ўрта асрлар Венециясининг конституцияси борасида мулоҳаза юритади.
Насронийликнинг умумжаҳоний зарарлари борасида гапириб бўлгач, Олмониянинг иқлимини ўзгартириш учун Италияни ўрмонлаштирилиши зарурлиги ва бу янги урушга сабаб бўлишини сўзлайди, археологиядан сўзлаб тингач, антропологияга ўтади ҳамда чехларнинг мўйловлари пастга қараб ўсади, бу уларнинг мўғуллардан келиб чиққанини кўрсатади, деб хулоса беради, тўқимачиликнинг келажаги учун Украинанинг ерларига крапива экишни таклиф қилаётиб, кемаларнинг конструкциясини ўзгартириш зарурати етганини таъкидлайди, шаҳарларнинг меъморчилиги, хореография, илми нужум ва мунажжимлар тақвимлари, шевалар ва адабий тил, космогония ва панславизм, шарқ динлари ҳам унинг назаридан четда қолмайди.
У гоҳ Данте ва Буюк Карл ҳақида, гоҳ Пётр Биринчи ва Жана д’Арк ҳақида, гоҳ Шиллер ва Шопенгауэр ҳақида сўз юритади… Гитлер ҳамма нарсани оз-оздан билар, аммо ҳеч нарсани жўяли билмасди.
Гитлер нутқлари стенограммасининг иккинчи нашрини тайёрлаган профессор Эрнст Шрамм уни «Шармсизнинг монологлари» («Monologe der Hubris») деб атаганди.
(давоми бор)
Карим Баҳриев
Манба: Azon.uz “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Дунёнинг машҳур аёллари кунни қандай бошлайди?
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?