date
views 1 576

Эл кўзига тортилган мил…

Эл кўзига тортилган мил…
Гитлер шахсига сиғиниш, шубҳасиз, илоҳийлаштириш даражасига кўтарилганди. Хамшикнинг сўзларига қараганда, «унга кўр-кўрона ишониш жазаваси шунчаликка етдики, оташпарастлик худолари ҳам бунга ҳавас қилсалар арзирди».

Албатта, бундай илоҳийлаштириш имкониятини Гитлерга унинг рост сўз айтувчи мухолифатга, жамоатчилик фикри ва танқидга жой қолдирмаган тоталитар тузуми яратганди.

Айрим муаллифлар Гитлернинг оломонга бу қадар кучли таъсир этишини унинг нотиқлик истеъдодидан қидирадилар. Унинг ўзи ҳам бунга ишонарди. Мана, унинг сўзлари: «Менинг рақибларим менга нафрат билан билан қарайдилар. Улар ҳасад билан ўзларига савол берадилар: нега бу одам оломон орасида шуҳрат қозонади? Социалистлар ва коммунистлар оммани ўз монополиялари ҳисоблайдилар… Менинг машҳурлигимнинг аён сабаби – оммада танқидий тафаккурнинг йўқлигидадир. Омманинг ўз танқидий органлари бор. Аммо уларнинг ҳаракати алоҳида одамникига ўхшамайди.

Омма ўз инстинктларига бўсунадиган жониворга ўхшашдир. Унинг учун мантиқ ва тафаккурнинг аҳамияти йўқ. Агар мен барча замонлардагидан-да улкан миллий ҳаракат барпо эта олган бўлсам, бунинг сабаби шуки, мен ҳеч қачон оломоннинг руҳиятига қарши борган эмасман, омманинг сезгисини поймол этмаганман… Мени оммани гиж-гижлашда, кўзини қамаштириб қўйишда айблайдилар. Психологиянинг билимдонлари оммани тинчлантиришни, уни ярим уйқу ҳолидаги лоқайдлик ботқоғига ботиришни маслаҳат берадилар. Йўқ, жаноблар, бунинг акси керак. Мен омма фанатларга айлангандагина раҳбарлик қила оламан
».

Гитлернинг нотиқлик санъатини ҳам тан олган ҳолда, шуни айтиш лозимки, фюрернинг жаҳонга мислсиз даҳоларни берган бир халқни юзсиз, фикрсиз бир оммага, оломонга айлантиришига имкон бурган нарса унинг сеҳру жозибаси эмас, у яратган тоталитар тузумдир.

Аслида тоталитар тузум халқни оломонга айлантиради, халқ фикрини ифодаловчи сиёсий партиялар ва ҳаракатлардан, мухолиф ва мустақил оммавий ахборот воситаларидан, ижтимоий фикрдан ва эркин сайловлардан маҳрум тоталитар тузумдагина халқни кўр ва гунг қилиш, унинг орзу-истакларини, тафаккурини бир қолипга солиш мумкин.

Гитлер таъсирининг сири унда эмас, унинг тузумидадир. Эрих Фромм «Эркдан қочиш» асарида нацизм ғалабасининг психологик асослари ҳақида фикр юритар экан, халқнинг оғир иқтисодий аҳволи ва бунинг оқибатида ўзини ожиз ва нотавон сезаётганини ҳам ҳисобга олишни таъкидлайди. Гитлернинг маккорлиги шунда бўлдики, у «ижтимоий ноқисликни миллий ноқисликка айлантира билди». Немисларни Гитлер қашшоқликлари сабаби уларнинг сиёсий ва иқтисодий тузумида эмас, миллий сиқувда, худудий чекланганликда, ирқий ноқисликда, деб ишонтирди.

Албатта, нацизмнинг пайдо бўлиши ва музаффарлик онларини тўла таҳлил қилиш учун руҳий омиллар билан бирга сиёсий ва иқтисодий омилларни ҳам жиддий ўрганиш керак.

Нотиқ Гитлер эмас, у яратган тузум халқни оломонга айлантиради. Оммавий митингларда, мажлисларда ўн минглаб ишчилар, деҳқонлар, талабалар, мухандислар, табиблар, зиёлилар қатнашадилар, аммо улар бу йиғинларга ўз истаклари билан келмаганлар, уларни ўзлари аъзо бўлган, аъзо бўлмасалар, одамдай яшашга қўймайдиган сиёсий ташкилотлари олиб келган. Бу одамларнинг ҳар бири биладики, унинг қатнашиши ҳисобга олинади, мажлислардаги фаоллигига қараб, тегишли идоралар унинг ишончли ёки ишончсиз шахс эканлиги ҳақида хулоса чиқарадилар. Фашистона тузум учун ана шундай мажбурий «кўнгиллилик» хосдир.

Тоталитар давлат зулм ва назоратни шундай кўлам ва камолотга даражасига етказадики, ҳар бир киши ўзи истаганидай эмас, давлат ундан хоҳлаб турганидай ҳаракат қила бошлайди. Бора-бора тобе инсон бунга кўникади, ҳукмдорнинг ҳукмларини тўғри, деб ҳисоблай бошлайди, ўз ҳаракатини ўзим қилаяпман, деган фикрга боради, бошқача ҳаракат қилгани қўймасликлари ҳақида ўйламай ҳам қўяди.

Албатта, Гитлернинг нотиқлик «санъати» билангина бунга эришиб бўлмасди. Агар тоталитар тузум яратилмаганда эди, бутун бошли халқни кўр-кўрона топинувчиларга айлантириш мумкин эмасди. Ҳали демократик тизим шароитида ҳеч бир раҳнамо халқни жазавага сололмаганини ҳисобга олсак, ташвиқот ва ахборот яккаҳокимлигисиз Гитлер каби демагоглар ҳокимиятга келолмасликлари ва эл бошида ўтиролмасликлари аён бўлади, чунки мухолиф партиялар ва эркин матбуот дарҳол ёлғонни фош этиб, ҳақиқатни барқарор этадилар. Ошкора танқид ва очиқ жамият шароитида фанатизмга жой йўқдир.

Халқнинг оломонга айлантирилиши ва сиёсий манқуртлашувининг акс томони ҳам бор: тизимнинг сакталиги шундаки, айнитувчиларнинг ўзлари ҳам айний бошлайдилар. Оломон ўз доҳийсини кўкка кўтаргани сари, раҳбар ҳам ўзининг «даҳо»лигига ишона бошлайди ва энди бундан чекина олмай қолади.

Гитлерни унинг ўзидан ҳам олдин бошқалар илоҳийлаштира бошлагандилар. 1933 йилдаёқ фон Папен шундай ёзғирганди; «Раҳмдил Худо Олмонияни мушарраф қилди, унга оғир вақтда ўз давлатона инстинктларига таянган ҳолда халқни хавфлар ва қийинчиликлар аро бахтли, ёруғ келажак сари олиб борувчи раҳбарни юборди…».

Тоталитаризм чиркин моҳиятга эгадир. Унинг поғона-поғона тизими қонуний тарзда ҳар қандай раҳбарнинг улуғланиши ҳолатини яратади. Ҳар бир раҳбар ўз худудида ўзига тобе шахсларга нисбатан ўзини чексиз ҳоким сезади, қуйидагилар уни назорат қилиши мумкин эмас, у бетакрордир. Ҳар бир раҳбар ўзидан юқорига тинимсиз қуллуқ қилиши баробарида имкон топди дегунча ўзидан қуйини завқ-шавқ билан эзишга интилади… Шу аснода тузум ўзини еб боради.

Учинчи рейх салтанатида Гитлернинг ҳукмронлиги – чексиз, ададсиз. Ҳамма унга боғланади. Ҳамма иш у билан ҳал қилинади. Ҳамманинг аҳволи унинг ахволига боғлиқ.

Риббентропнинг шахсий врачи гувоҳлик беришича, унинг кайфияти Гитлернинг кайфиятига қараб ўзгарарди. Агар Гитлер узоқ вақт уни ҳузурига чақирмаса, Риббентроп паришон ва тушкун бўлиб қолар, агар фюрер яна чақира бошласа – тергаш учун бўлса ҳам, мақташ учун бўлса ҳам – у яна жонланиб кетар, иш қобилияти тикланарди. Гарчанд унинг ўзи аслида ўта мағрур ва камгап одам бўлса-да, «доҳий» ҳузуридан қайтгач кутилмаган даражада дўстона кайфиятга кирар ва гапдон бўлиб қоларди. Врачлардан бирининг айтишича, у Гитлернинг ҳузуридан чиққанда, ўзини гўё ҳозиргина шахсан Худонинг ўзи билан гаплашиб қайтгандай тутарди.

Ҳатто уруш фашистларнинг мағлубияти билан тугаб, Риббентроп Нюрнберг судида жавоб бераётганда ҳам нутқини ҳамиша Гитлерга олиб келиб тугатар, Гитлернинг номини тилга олиши билан яна жонланиб кетарди…

Гарчанд Гитлернинг тоталитар салтанатида ҳар бир раҳбарчанинг ўз калондимоғлиги бўлса-да, ҳеч ким ўзини унга тенг қўя олмасди. Бошқаларнинг иши авжига олиши мумкин, аммо… фақат унинг кўмагида. Бошқаларнинг китоби чоп этилиши мумкин, бироқ Гитлернинг китобидан каттароқ ёки кўркамроқ чиқиши мумкин эмасди.

Фашизмнинг маъмурий тизими, шубҳасиз, ҳокимиятни тинимсиз марказлаштиришга олиб келаверади.

Гитлер аввал партия раҳбари ва канцлер эди. 1934 йил 1 августдаги Қонунга кўра президентлик ва канцлерлик лавозимлари бирлаштирилди, оқибатда Гитлер империя президенти ваколатларини ҳам эгаллаб олди. 1936 йил 4 февралда у ўзини немис қуролли кучларининг Бош қўмондони этиб тайиллади, натижада бутун ҳокимиятни бир қўлда тўплади. Фашизм тугал кўринишга эга бўлди.

(давоми бор)
Карим Баҳриев

Манба: Azon.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эл кўзига тортилган мил…