Тактик ядро снарядини гаубицадан ҳам отиш мумкин / RUSSIAN MOD
Владимир Путин Россия ҳудудини ҳимоя қилиш учун ядро қуролидан фойдаланишга тайёр эканини айтди. Бу сўзлар дунёда Россия президенти Украинада кичик «тактик» ядровий портлашни уюштириши мумкинлиги ҳақидаги навбатдаги жиддий хавотирлар тўлқинини юзага келтирди.
АҚШ президенти Жо Байден Путинни огоҳлантириб, бу Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг ёмон ҳарбий эскалация бўлишини айтди.
Россия армияси Украинада тактик ядро қуролидан фойдаланиши мумкинми ва у қандай оқибатларга олиб келади?
Тактик ядро қуроли нима?
Тактик ядро қуроли (ТЯҚ) – кичик ядровий зарядлар бўлиб, жанг майдонида фойдаланиш ёки чекланган ядровий зарба бериш учун мўлжалланган. Улар маълум бир ҳудуддаги нишонларни йўқ қилишга хизмат қилади, аммо катта ҳажмдаги радиоактив ифлосланишга олиб келмайди.
Энг кичик тактик ядро каллагининг кучи тротил эквивалентида бир килотоннагача (яъни портлаш кучи минг тонна тротилдан ошмайди) бўлади. Энг каттаси 100 килотоннагача бўлиши мумкин. Стратегик ядро қуроллари анча кучли – 1000 килотоннагача. Стратегик қуроллар узоқ масофадаги, минглаб километр узоқликдаги нишонларни йўқ қилиш учун қўлланади.
Ядро каллакларининг жами сони
Тарихдаги энг кучли термоядро портлаши – Совет «Царь-бомба»си кучи 58 мегатоннадан ортиқ эди. Хиросимага ташланган Америка атом бомбасининг қуввати 15 килотонна бўлган.
Россия қандай тактик ядро қуролига эга?
АҚШ разведкаси маълумотларига кўра, Россияда 2 мингга яқин тактик ядро заряди бор. Уларни турли ракеталарга, масалан, қанотли ва оператив-тактик ракеталарга, шунингдек, артиллерия снарядларига ўрнатиш мумкин.
ТЯҚ самолётлар ёки кемалардан ҳам ишлатилиши мумкин – бунда жанговар каллаклар ракеталар, торпедолар ёки сувости бомбаларига ўрнатилади.
Россиянинг стратегик ядро каллаклари
Қўшма Штатларнинг таъкидлашича, Россия сўнгги йилларда бундай қуролларни ишлаб чиқариш, уларнинг аниқлиги ва қўллаш мумкин бўлган масофасини ошириш учун катта маблағ сарфлаган.
ТЯҚ аввал ишлатилганми?
Тактик ядро қуроллари ҳақиқий ҳарбий тўқнашувларда ҳеч қачон қўлланмаган. АҚШ ёки Россия каби ядровий давлатлар тактик мақсадларга эришиш учун оддий замонавий қуроллар етарли, деб ҳисоблайди.
Бундан ташқари, ҳозирча ҳеч бир ядровий давлат шу вақтга қадар тактик ядро қуролидан фойдаланиш орқали ядро уруши бошланиб кетишини истамаган.
Шундай бўлса-да, Россия катта стратегик ракеталардан кўра тактик ядро қуролидан фойдаланишга кўпроқ мойил бўлиши мумкин.
«Эҳтимол, улар буни ядро қуролидан фойдаланиш билан боғлиқ чекловларини четлаб ўтиш сифатида баҳоламаётган бўлиши мумкин. Эҳтимол, улар учун бу оддий қуролларнинг бир қисмидир», дейди Британиянинг Chatham House институти халқаро хавфсизлик дастури раҳбари Патрисия Льюис.
Путин ядро қуролидан фойдаланиши мумкинлигидан ташвишланиш керакми?
2022 йил феврал ойида, Украинага бостириб киришидан сал олдин, президент Путин Россиянинг стратегик ядровий кучларини (СЯК) «махсус жанговар навбатчилик режими»га ўтказган ва ҳарбий машқларни ташкил қилган эди.
Яқинда у ядро қуролини назарда тутиб шундай деди: «Мамлакатимизнинг ҳудудий яхлитлигига таҳдид юзага келса, Россияни ва халқимизни ҳимоя қилиш учун биз, албатта, қўлимиздаги барча воситалардан фойдаланамиз. Бу блеф эмас».
Тактик ядро қуролини Су-24 бомбардимончиси орқали ҳам ташлаш мумкин.
SERGEI MALGAVKO/TASS
Россия Украинанинг жануби ва шарқида ўзи босиб олган ҳудудларни аннексия қилишни режалаштирмоқда. Бунинг учун у ерда сохта, мутлақо ноқонуний «референдумлар» ўтказилмоқда. Бунинг оқибатида Кремль ушбу ҳудудларни Россияга қўшиб олинганини эълон қилиши мумкин. Шу билан боғлиқ ҳолда президент Путин мамлакатнинг «ҳудудий яхлитлигини» (жумладан, Украинанинг ноқонуний аннексия қилинган вилоятларини) «ҳар қандай йўл билан» ҳимоя қилишга тайёрлигини маълум қилмоқда.
Америка разведкасига кўра, Путин бу таҳдидлар билан ядро уруши бошлашни режалаштирмаган, балки Ғарб томонидан Украина ерлари қайтарилишида ёрдам берилишини тўхтатишни кўзламоқда.
Бошқалар эса Россия жанг майдонида яна муваффақиятсизликка учраса, Украинадаги «ўйин қоидаларини ўзгартириш», боши берк кўчадан чиқиш ёки якунда мағлубиятга учрамаслик учун Путин камқувватли тактик қуроллардан фойдаланиш талвасасига тушиши мумкинлигидан ташвишланмоқда.
АҚШ Карнеги жамғармасининг ядро энергетикаси бўйича эксперти Жеймс Актон шундай дейди: «Бундай шароитда Путин барчани қўрқитиш ва ўз мақсадига эришиш учун Украинада ядро қуролидан фойдаланиши мумкинлигидан хавотирланишга барча асослар бор. Лекин биз ҳали бу нуқтага етиб бормадик».
АҚШ бунга қандай муносабатда?
АҚШ президенти Жо Байден Россияни Украинадаги урушда ядро қуролидан фойдаланмасликка чақирди.
CBS News телеканалига берган интервьюсида Байден бу каби ҳаракатлар «Урушнинг қиёфасини Иккинчи жаҳон урушидан бери ҳеч қачон содир бўлмаган шаклда ўзгартириши»ни айтди ва «бу оқибатсиз қолмаслиги»дан огоҳлантирди.
АҚШ ва НАТО ҳар қандай ядро қуролидан фойдаланишга қандай реакция билдиришини айтиш қийин. Бир томондан, улар тўлиқ миқёсли ядро урушини бошлаш хавфидан қочиб, можарони янада кучайтиришни хоҳламаслиги мумкин. Бошқа томондан, улар содир бўлаётган воқеаларга чек қўйишни хоҳлаши мумкин.
Россияни тактик ядро қуролидан фойдаланишдан қайтара оладиган яна бир давлат бор. Бу – Хитой.
«Россия Хитойнинг қўллаб-қувватлашига жуда боғланган», дейди Лондон Қироллик коллежининг атом энергияси бўйича эксперти Ҳизер Уилямс.
«Аммо Хитойда «биринчи бўлиб қўлламаслик» ҳақидаги ядро доктринаси бор. Демак, агар Путин тактик ядро қуролидан фойдаланса, Хитой учун уни қўллаб-қувватлаш қийин бўларди. Агар Путин бундай қурол ишлатса, Хитойни йўқотиб қўйиши мумкин», деди Уилямс.
Павел Аксёнов, BBC рус хизмати ҳарбий шарҳловчиси:
Дунёда Россия томонидан тактик ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимолига муносабат жуда жиддий, гарчи аксарият экспертлар Россия улардан фойдаланмайди, деб ҳисобласа ҳам. Бундай амалиёт оқибатлари шу қадар катта ва хавфли-ки, ҳатто уни қўллаш эҳтимоли паст бўлган ҳолатларда ҳам ҳушёрликни унутиш имконини бермайди.
Тактик ядро қуроллари жуда хилма-хилдир. Улар кемаларга қарши ракеталарни, қуруқликдаги қанотли ва баллистик ракеталарни, сувости бомбаларини, кема ва сувости кемалари торпедоларини, артиллерия снарядларини, кичик ядро фугасларини ва ҳатто Москва А-135 ҳаво мудофаа тизими ракеталарини ўз ичига олади.
Ушбу тизимларнинг барчаси ҳам хорижий давлатлар томонидан ҳисобга олинмайди ва назорат қилинмайди, чунки стратегик ҳужум қуроллари тўғрисидаги шартнома, таърифига кўра, тезкор-тактик даражадаги қуролларни ўз ичига олмайди.
Бу жуда самарали уруш воситаси, чунки ҳар қандай шаклда жуда қудратли кучга эга, ҳатто стратегик ядро қуроллари каби кенг кўламли зарар келтирмаса ҳам. Юқори аниқликда зарба берувчи қуроллар танқислигига дуч келган ҳар қандай армия учун муаммони битта зарба билан ҳал қилиш имконияти жуда жозибали. Масалан, душман эгаллаб турган ҳудудни бир зумда тозалаш имконини беради.
Бундан ташқари, стратегик ядро қуроли билан зарба бериш оқибатида жавоб зарбаси ҳам вужудга келади. Аммо тактик ядро қуроли бутунлай бошқача масала.
Тактик қуроллар стратегик қуролга қараганда камроқ нишонларни йўқ қилади, шунингдек, радиоактив ифлосланиш ҳам жиддий бўлмайди. Шу сабабли уни қўллаган томон жавоб зарбаси берилмаслигига, эскалация назоратсиз тарзда кучайиб кетмаслигига умид боғлаши мумкин. Бу тасаввурлар тактик ядро қуролидан фойдаланишга қўйилган чекловларни юмшатади.
Аммо, бошқа томондан, Украинада тактик ядро қуролидан фойдаланиш мумкинлиги ҳақидаги тахминлар (ҳатто Владимир Путин сентябр ойидаги мурожаатида тактик эмас, балки стратегик ядро қуроллари ҳақида гапирган бўлса ҳам) аллақачон жиддий халқаро реакцияга сабаб бўлмоқда.
1945 йил 9 августдан буён урушларда ядро қуроли қўлланмаган – дунё ядро урушидан қўрқишга кўникиб қолган. Тактик ядро қуролидан фойдаланиш эскалацияни шу қадар кучайтирадики, буни ҳамма ҳис қилади. Чунки, ядро қуролидан фойдаланмасликка асосланган стратегик барқарорлик барча мамлакатларга тегишли. Ҳатто кичик ядровий бомбадан фойдаланиш ҳам ҳеч кимга маъқул келмайди. Россия ва Украина уруши “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ Грузия билан стратегик ҳамкорликни тўхтатди
Эрдўғон БМТни ислоҳ қилишга чақирди
Россия мудофаа вазири Андрей Белоусов КХДР раҳбари билан учрашди
Қон босимини қандай қилиб доим меъёрда ушлаб туриш мумкин?
Украиналик аскарлар Россия билан музокаралар олиб боришни исташмоқда
1 декабрдан қонунчиликда нималар ўзгаради?
Япон психиатри қийинчиликларни қандай енгиш ва мазмунли яшаш сирларини айтди
Сурия президенти Башар Асад мураккаб вазиятга изоҳ берди