
Херсон бўйлаб ёпиштирилган тарғибот тахталаридан тортиб, Россия ва Москва томонидан тайинланган расмийларнинг оташин чиқишларигача, ўтган йил давомида «Россия бу ерда абадий» деган “ашула”ни айтишаётган эди.
Аммо бу каби даъволар шу кунларда кулги остида қолди, чунки пайшанба куни ўн минглаб рус қўшинлари худди жанубий вилоят пойтахтидан шошилиб олиб чиқиб кетилди ва Украина кучлари бир кундан кейин шаҳарга киришди.
Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан босиб олган энг йирик шаҳар марказидан чекиниши урушдаги тектоник силжишни англатади, сустлашиб бораётган Украина иқтисодини кучайтиради ва Москванинг собиқ Совет Иттифоқи ва ундан ташқаридаги геосиёсий нуфузини янада пасайтиради, дейди таҳлилчилар.
Катталиги Бельгия ҳудудичалик Херсон вилояти 24 февралдаги босқиндан бир неча кун ичида босиб олиниб, Россиянинг энг йирик ва стратегик фатҳига айланди.
Сентябрь ойи охирида Россия Украина ва унинг иттифоқчилари томонидан ноқонуний деб эълон қилинган Херсон вилояти ва Украинанинг яна учта вилоятини аннексия қилганини эълон қилди.
Аммо чоршанба оқшомида, бир неча ҳафта давом этган Украина қарши ҳужуми авж олишда давом этар экан, таъминот линияларида қийинчиликка учраган Россия расмийлари аскарларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун пойтахтдан қўшинлари олиб чиқилишини эълон қилди.
Чекиниш эълон қилинганидан кўп ўтмай, кремлпараст шахслар ўнлаб танклар ва бронетранспортёрлар йўқотилганидан нолий бошладилар.
«Нега буларнинг барчаси портлатиб юборилмади ёки ёқиб юборилмади?» – деб риторик савол берган россиялик ҳарбий мухбир Юрий Котенок.
Жума куни эрталаб, Украина қўшинлари Херсонга қайтишдан олдин шаҳардаги украин фуқаролар шаҳар мэрияси тепасига Украина байроғини осиб қўйган эди.
Бироқ Кремль минтақа «Россиянинг бир қисми» қолаётганини иддао қилиб, Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков «ҳеч қандай ўзгариш бўлиши мумкин эмас», деди.
Бироқ ҳақиқат шуки, Москва Украинанинг энг катта ва энг кенг дарёси бўлмиш Днепрнинг ғарбий қирғоғидаги ягона қўрғонини йўқотди.
«Украина қўшинлари энди русларга Днепрни кесиб ўтишга рухсат бермайди», дейди Германиядаги Бремен университетининг россиялик мутахассиси Николай Митрохин Ал Жазира телеканалига.
Ғалабадан руҳланган Украина қўшинлари аҳоли кам яшайдиган чўл ҳудудлари орқали Азов денгизидаги жануби-шарқий Бердянск, Мелитопол ва Мариупол портларига ўтиши мумкин, дейди Митрохин.
Агар бу воқеа содир бўлса, Херсон вилоятининг ҳали ҳам ишғолда бўлган қисмидаги рус қўшинлари 2014 йилда Россия қўшиб олган Қрим ярим оролига қайтишга мажбур бўлиши мумкин, шарқда эса улар Донбасснинг айирмачилар назоратидаги қисмларига чекиниши керак бўлади.
Россия апрель ойида Киев ва Украина шимолидан қўшинларини олиб чиқиб кетганидан сўнг, бутун эътиборни Украина жанубини, жумладан Қора денгиздаги Одесса порти ва қўшни Молдованинг россияпараст бўлгинчи минтақаси бўлган Днестрбўйини билан чегарадош ҳудудларини эгаллашга қаратмоқчи эди.
Митрохиннинг сўзларига кўра, энди бу режалар ҳам барбод бўлган кўринади.
Аммо энг муҳими, унинг қўшимча қилишича, Херсоннинг йўқотилиши Россиянинг президент Владимир Зеленский ҳукуматини ағдариш, унинг мамлакатини «демилитаризация қилиш» ва унинг НАТОга қўшилиш режаларини барбод қилган.
«Энди Украинани “денацификация” ва “демилитаризация” ҳақида гапирмаса ҳам бўлади, муҳим ғалабалар ҳақида гап ҳам кетмайди», деган Митрохин.
Айни пайтда баъзи ғарблик таҳлилчиларнинг таъкидлашича, Украина қўшинларининг Ғарб қуроллари билан мустаҳкамланган ғалабали олдинга силжишига ҳатто яқин ойлардаги совуқлар ҳам тўсқинлик қилмаслиги мумкин.
Херсон вилояти дон, сабзавот ва мевалар, шу жумладан машҳур тарвузлар етказиб берувчи вилоят эди.
Руслар чекинган ерлар ҳисобига улкан Новая Каховка тўғони яқинидаги суғориладиган далалар ҳам киради.
Украина «қишлоқ хўжалиги салоҳиятини тикламоқда», дейди киевлик таҳлилчи Олексий Кушч Ал-Жазира телеканалига берган интервьюсида ва у воқеалар ривожи Украинанинг пасайиб кетган иқтисодиётига туртки бериши мумкинлигини айтди.
Новая Каховкадаги тўғон қурғоқчил Қрим ярим ороли учун ҳам сув манбаи бўлиб хизмат қилади.
Россия томонидан март ойида Херсон қўлга киритилгандан сўнг биринчи қадамлардан бири Украина 2014 йилда тўсиб қўйган Қрим канали орқали сув таъминотини тиклаш бўлди.
Украина кучлари тўғон назоратини ўз қўлига олгач, Қрим яна энг катта сув манбасидан маҳрум бўлиши кутилмоқда.
Херсонда озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш заводлари ва кемасозлик заводлари жойлашган бўлиб, улар Украинанинг асосий экспорти бўлган дон ва пўлатни ташиш учун фойдаланилади.
Аммо навигация ҳозирча мумкин эмас, чунки Россия Днепрдан Қора денгизга ва ундан кейин Ўртаер денгизига йўлни тўсиб қўювчи Николай вилояти жанубидаги сўнгги таянчи бўлган Кинбурн кўрфазини назорат қилади, деди Кушч.
«Оғриқсиз истиқболлар йўқ»
Каттароқ миқёсда Херсоннинг йўқолиши Россияда сиёсий қатағонларнинг давом этишини англатади, чунки Кремль уруш танқидчиларига босимни кучайтиради.
Таҳлилчилар, шунингдек, Херсоннинг чекиниши Кремлнинг постсовет ҳудудида, хусусан, Марказий Осиёдаги геосиёсий йўқотишларининг чўққиси эканлигини таъкидлайди.
«Табиийки, Россиянинг минтақавий куч сифатидаги нуфузи Марказий Осиё давлатлари назарида пасаймоқда», дейди Британиянинг Central Asia Due Diligence таҳлилий маркази раҳбари Алишер Илҳомов Ал Жазира телеканалига.
«Бу Хитой ва Туркия тўлдиришга шошилаётган минтақада геостратегик етакчилик ва тегишли ҳомийлик бўшлиғини яратади», деди у.
Қолаверса, Россиянинг Украинадаги йўқотишлари, шунингдек, Ғарбнинг Украинага нисбатан позицияси Хитой томонидан диққат билан кузатилмоқда.
«Пекин Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини кузатмоқда ва агар Хитой Тайванга бостириб киришга қарор қилса, Россия учун нимани англатишини ўйлаб, Россияга таъсир қилиши мумкин бўлган оқибатларни синаб кўрмоқда», деди Carnegie Politika таҳлил маркази таҳлилчиси Темур Умаров аввалроқ Ал Жазира телеканалига берган интервьюсида. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар