22:06 / 12.02.2023
740

Украинада урушнинг 353-куни: Вуҳледарда яксон бўлган россияликлар колоннаси, Бахмутда жанг қилаётган «Азов» бригадаси (фото)

Украинада урушнинг 353-куни: Вуҳледарда яксон бўлган россияликлар колоннаси, Бахмутда жанг қилаётган «Азов» бригадаси (фото)
Украинада урушнинг 353-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
  • «Комсомольская правда» журналисти Владимир Романенко нашр сайтида урушга қарши материаллар жойлаштирди. Романенко ҳукуматни танқид қилувчи матнларни уруш бошланганининг бир йиллиги муносабати билан эълон қилганини айтган ва ўз ҳаракатини «айбни ювиш» деб атаган. Материаллар сайтдан зудлик билан ўчириб юборилган.
  • Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний Россия қўшини уруш бошидан буён илк бор дронларнинг янги типини қўллагани ҳақида айтди — бу денгизда сув юзасида ҳаракатланувчи аппаратлар. Аввалроқ Россия тарафдори бўлган ҳарбий телеграм-каналлар бундай қайиқ-дронлар Одесса областидаги Затоке кўпригига ҳужум қилгани акс этган видеони тарқатганди.
  • Путин Қрим кўпригидаги ёнғинни ўчиришда қатнашган ўт ўчирувчилар ҳамда портлаш вақтида Керч бўғозидаги кўприк бўйлаб ҳаракатланган юк поезди машинистларини орден ва медаллар билан тақдирлади.
  • Украина хавфсизлик хизмати РФ Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикинга сиртдан айблов эълон қилди. УХХ версиясига кўра, Бастрикин Россиянинг қуролли тажовузи ва Украина жануби ҳамда шарқидаги областлар ҳудудларини эгаллаб олишини ошкора оқлаган, шунингдек босиб олинган ҳудудларда қатағонлар уюштирилишига ҳисса қўшган.
  • Белгород области раҳбари Украина билан чегарадош районлардаги аҳоли яшаш манзиллари ўққа тутилгани, Шебекино шаҳрида уч киши жабрланганини маълум қилди. Курск области раҳбари Суджанский районидаги Гуево қишлоғига зарбалар келиши оқибатида бир киши ҳалок бўлиб, бир киши яралангани ҳақида хабар берган.

Кун кадри. Вуҳледар атрофида яксон этилган Россия зирҳли техникалари колоннаси

Суратдаги ҳолат 2023 йил февралида Украина армияси томонидан тасвирга олинган — аниқ сана кўрсатилмаган. Украин ҳарбийларининг тасдиқлашича, фотосуратда Россиянинг яксон этилган ва шикастланган танклари акс этган — колонна Вуҳледарга ҳужум қилишга уриниш чоғида зарбага учраган.
Ukrainian Armed Forces / AP / Scanpix / LETA

9 феврал куни Украинадаги қатор телеграм-каналлар, шунингдек «Вагнер» ХҲК билан алоқадор ҳисобланган Grey Zone канали Донецкдан 60 километр жануби-шарқда жойлашган Вуҳледар (Угледар) шаҳрида Россия техникалари колоннаси яксон этилганини хабар қилди. Кейинроқ бу маълумотни OSINT мустақил тадқиқотчилари тасдиқлади. Роб Ли 31 дона зирҳли техникалар, жумладан 15 танк (улар орасида Т-72Б3 ва Т-80БВМ танклари ҳам бор) яксон этилгани ҳақида маълум қилган. «ДХР»нинг собиқ мудофаа вазири Игор Стрелков ҳам РФ қуролли кучлари Вуҳледар атрофида қақшатқич зарбага учраганини айтди — унинг сўзларига кўра, россиялик ҳарбийлар 30 дан ортиқ зирҳли техникани йўқотган, «бир неча ўнлаб» танкчилар ҳалок бўлган.

Нидерландиянинг OSINT-лойиҳаси бўлмиш Oryx манбасига кўра, 8-10 феврал кунлари Авдийивка ва Вуҳледарга ҳужумлар вақтида Россия жами 103 дона техника, жумладан 36 та танк йўқотган. Украина эса бу даврда, таҳлилчиларнинг ҳисобларига кўра, 20 дона техникасидан айрилган, шундан иккитаси танк. Америкадаги Урушларни ўрганиш институти ёзишича, Вуҳледар остонасидаги мағлубият россиялик ҳарбий мухбирларда РФ қуролли кучлари қатъий юриш бошлашига бўлган ишончни йўқотган. «Блогерлар бу кадрлардан Россия қўмондонлигини россиялик ҳарбийлар бутун уруш давомида йўл қўйган хатолар такрорлангани учун танқид қилишда фойдаланмоқда», — деб ҳисоблайди тадқиқотчилар.

Россия мудофаа вазирлиги Вуҳледар атрофидаги йўқотишлар тўғрисидаги хабарларга муносабат билдирмаган. 11 феврал куни Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний Донецк йўналишидаги вазиятни «энг кескини» деб атади — унинг сўзларига кўра, бу ерда россиялик ҳарбийлар ҳар куни 50 дан ортиқ ҳужумлар уюштирмоқда, Вуҳледар ва Марийинка ҳудудларида эса «қаттиқ жанглар» кетмоқда. Шу билан бирга, Залужний Украина армияси фронтнинг айрим участкаларида аввал бой берилган позицияларни қайтариб олганини айтган.

Украин қўшинларининг Вуҳледар атрофидаги позициялари

Ертўладаги украиналик ҳарбий. Сурат олдинги чизиқда 2023 йил 11 февралида олинган
Marko Djurica / Reuters / Scanpix / LETA


Вуҳледар атрофидаги фронт чизиғи
Marko Djurica / Reuters / Scanpix / LETA


Миномёт снаряди олиб келаётган украиналик ҳарбий
Marko Djurica / Reuters / Scanpix / LETA


Украина қуролли кучлари аскарлари Россия қўшини позицияларини миномётдан ўққа тутмоқда
Marko Djurica / Reuters / Scanpix / LETA

Бахмут атрофидаги «Азов» аскарлари

Бахмут учун жанглар 2022 йил июлидан буён давом этмоқда. 11 феврал куни Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний украин қўшини «душманнинг доимий босими»га қарамай, шаҳарни назоратида сақлаб тургани ва унинг атрофидаги фронт чизиғидаги вазиятни барқарорлаштиришга уринаётганини айтди. Урушларни тадқиқ этиш институти ўзининг сўнгги сводкасида Россия қўмондонлиги шаҳарга ёриб кириш мақсадида сараланган бўлинмалар жангчиларидан фойдаланаётганини маълум қилди.

РФ армияси Бахмутни мунтазам равишда ўққа тутиб келади — кўнгиллиларнинг сўзларига кўра, айни вақтда шаҳарда «бирорта бутун иморат қолмаган».

9 феврал куни «Азов» полки Украина Миллий гвардияси бригадаси даражасида кенгайтирилгани маълум бўлди — унинг таркибидаги жангчилар сони ҳам ошади. Полкнинг махсус топшириқли кучлари январ ойи охирида Украина қуролли кучлари Қуруқлик қўшинлари 3-алоҳида штурмчи бригадасига айланганди. «Азов» жангчилари Бахмут йўналишидаги жангларда ҳам қатнашмоқда.

Американинг Hummer русумли зирҳли автомобилининг ичкарисидан кўриниш — уни Украинанинг 3-армия штурмчи бригадаси «Азов» махсус топшириқли кучлари аскарлари бошқаради. 2023 йил 11 феврал
Libkos / AP / Scanpix / LETA


Hummer зирҳли автомобили атрофидаги «Азов» жангчилари
Libkos / AP / Scanpix / LETA


«Азовчилар» тунги жанглардан кейин блиндажда дам олмоқда
Libkos / AP / Scanpix / LETA


«Азов» жангчилари окопда
Libkos / AP / Scanpix / LETA


Украина ҳарбий-ҳаво кучларининг МиГ-29 русумли самолёти Бахмут атрофида фронт чизиғи узра учмоқда
Libkos / AP / Scanpix / LETA

Украин ҳарбий медикларининг «Австрийка» номли автобуси

2022 йил июн ойи охирида «Госпитальерлар» бригадаси тиббий автобуси украин аскарларини фронт чизиғидан эвакуация қилиш чоғида ҳарбий КрАЗ билан тўқнашганди. Авария оқибатида медик Наталья Фраушер ҳалок бўлган — у 2022 йил февралига қадар эри билан Австрияда яшаган, аммо кенг кўламли босқин бошлангач, Украинага қайтиб, апрел ойида «Госпитальерлар» батальонига қўшилган ва Австрийка лақабини олганди.

2023 йил февралида «Госпитальерлар» автобуси ҳоспитал сифатида жиҳозланиб, Фраушер лақаби билан номланди. Кичик тез ёрдам кареталаридан фарқли равишда, автобусда камида 11 нафар ярадорни ташиш мумкин. Хайрия фондлари ва алоҳида саховатпешалар автобусни тиббий ускуналар билан жиҳозлаш учун икки миллион гривна (54 минг доллар) йиғишган. Мобил ҳоспитал ичида сунъий нафас олдириш аппаратлари ва дефибрилляторлар бор.

Украиналик шоира Елена Герасимюк (чапда) ва Анна Сколбушевская автобус олдида беморларни кутишмоқда. Бу икки аёл — «Госпитальерлар» тиббий батальони кўнгиллилари саналади. 2023 йил 11 феврал
Yasuyoshi Chiba / AFP / Scanpix / LETA


Гера тахаллуси билан танилган шоира Елена Герасимюк фельдшер бўлиб ишламоқда
Yasuyoshi Chiba / AFP / Scanpix / LETA


«Госпитальерлар» тиббий батальони парамедиклари ва шифокорлари
Yasuyoshi Chiba / AFP / Scanpix / LETA

Бахмут атрофидаги бошқа украин аскарлари

2023 йил февралида Бахмут Россия асосий кучларини йўналтирган асосий йўналиш бўлиб қолмоқда. РФ армияси шаҳарни мунтазам равишда ўққа тутиб, «авиацияни фаол қўлламоқда», кўча жанглари ҳам рўй бериб туради.

Украина Давлат чегара хизмати вакиллари Бахмутдаги оператив штабда
Yasuyoshi Chiba / AFP / Scanpix / LETA


Черновицкая области маъмуриятининг собиқ раиси Сергей Осачук (марказда) Бахмутда. У ҳозирда чегара хизмати подполковниги
Yasuyoshi Chiba / AFP / Scanpix / LETA


Бахмутда Starlink қурилмаси ёнидаги украиналик ҳарбий
Yasuyoshi Chiba / AFP / Scanpix / LETA


Украина Давлат чегара хизмати ҳарбийи Бахмутда
Yasuyoshi Chiba / AFP / Scanpix / LETA

Бахмутда тинч аҳоли вакиллари

Урушга қадар Бахмутда 73 минг киши яшаган, уларнинг катта қисми отишмалар туфайли шаҳарни тарк этиб улгурган. Донецк области полициясига кўра, ҳозирда Бахмутда олти мингга яқин киши қолган, уларнинг тахминан 200 нафари — болалар. Шаҳарда қолганларнинг кўпчилиги бемор ёки ёши катта қариндошларига (улар эвакуация бўлишни хоҳламайди ёки кета олмайди) қараш учун кетмасликка қарор қилишган. Шунга қарамай кўнгиллилар Бахмутдан одамларни нисбатан хавфсиз ҳудудларга олиб кетишда давом этмоқда.

Бахмут марказида ҳарбий ҳаракатлар излари
Libkos / AP / Scanpix / LETA


Маҳаллий аҳоли вакиллари бошпанада исинмоқда
Libkos / AP / Scanpix / LETA


Бахмутда сув чиқараётган аҳоли вакиллари
Libkos / AP / Scanpix / LETA


Бахмутдаги шаҳар шифохонаси биноси ҳовлисидаги жасадлар
Libkos / AP / Scanpix / LETA

Вуҳледарлик қочқинлар Киевда

Вақтинча босиб олинган ҳудудларни қайта интеграция қилиш масалалари бўйича вазирлик маълумотига кўра, феврал ойи бошига келиб 4,8 миллион украиналик Россия босқини туфайли мамлакатнинг бошқа ҳудудларига кўчиб ўтишга мажбур бўлган қочқинлар сифатида рўйхатдан ўтказилган. Вице-премьер Ирина Верешчукка кўра, бундай одамларнинг ҳақиқий сони қарийб етти миллионга етиши мумкин. БМТ маълумотларига кўра, яна 4 миллион 823 минг украиналик Европада қочқинлар сифатида қайд этилган.

10 феврал куни «ДХР» раҳбари Денис Пушилин Вуҳледар аҳолиси Волновахага «эвакуация қилиниши» бошланганини хабар қилди. Пушилиннинг сўзларига кўра, россиялик ҳарбийлар шаҳарнинг жанубий қисмида ўрнашган.

Ольга Киселева ва унинг қизлари Ева (марказда) ҳамда Мила Киевда қочқинларни қабул қилиш марказида, 2023 йил 10 феврал. Ольга ва қизлари — Вуҳледардан келишган
Vasilisa Stepanenko / AP / Scanpix / LETA
Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украинада урушнинг 353-куни: Вуҳледарда яксон бўлган россияликлар колоннаси, Бахмутда жанг қилаётган «Азов» бригадаси (фото)