21:54 / 19.02.2023
525

Эрон дронларининг муваффақияти сири нимада?

Эрон дронларининг муваффақияти сири нимада?
Фото: Reuters
2022 йил кузидан бошлаб Россия-Украина урушида янги муҳим фактор — Эроннинг Shahed дронлари пайдо бўлди. Россия ушбу ҳалокатли дронлардан биринчи навбатда Украина ичкарисидаги фуқаролик ва ҳарбий инфратузилмаларга ҳужум қилишда фойдаланди.

Теҳрон узоқ вақт давомида Россияга дронлар етказиб бераётганини тан олмади. Кремль эса ўз навбатида, дронлар Россиянинг ўз ишланмаси эканлигини даъво қилди.

Бироқ 2022 йил ноябрида Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён унинг мамлакати Россияга худкуш дронлар етказиб берганини тан олди. Аммо, унинг сўзларига кўра, бу экспорт Россиянинг Украинага кенг кўламли уруши бошланишидан бир неча ой олдин содир бўлган.

Лекин, Украина расмийлари айтишича, Россия ҳали ҳам Эрон дронларини сотиб олишда давом этмоқда ва аллақачон 1500 дан ортиқ Shahed’ларни қабул қилган. 2023 йилнинг январ ойи ўрталаридаги ҳисоботда, Украина ҳаво мудофааси ушбу дронларнинг 500 га яқини йўқ қилингани ҳақида хабар берди.

Агар 2022 йил кузида, Россия Shahed’лардан биринчи бор фойдаланишни бошлаганда анча катта муваффақиятларга эришган бўлса, ҳозирда Украина бу дронларнинг барчасини уриб тушираётганини маълум қилмоқда.

Аммо, Эрон дрони аллақачон жуда самарали қурилма сифатида дунё миқёсида шуҳрат қозонишга муваффақ бўлди. Теҳрондагилар бу дрон билан фахрланишларини очиқчасига айтмоқда. Shahed’ларнинг сири нимада ва Украина ушбу дроннинг ўзига хос муқобилларини ярата оладими?

Украина президенти Володимир Зеленский уриб туширилган Эрон дрони олдида

Мураккаб «мопед»

Россия қўшинлари Украинага қарши энг кўп Shahed-136 зарбдор дронларидан фойдаланади ва уни «Герань-2» деб номлайди. Кичикроқ ва кучлироқ Shahed-131 (ёки «Герань-1») дронидан ҳам бир неча марта фойдаланилган. Бундан ташқари, Украина ҳарбий-ҳаво кучлари Эроннинг Muhajer дрони уриб туширилгани ҳақида ҳам хабар берган.

Shahed’нинг асосий афзаллиги автоном тарзда катта масофани учиб ўтиши ва белгиланган нишонга аниқ зарба беришидир. Дроннинг жанговар қисмида нишонни йўқ қилиш учун портловчи модда мавжуд (Shahed-136’да тахминан 40 кг, Shahed-131’да эса 10 кг).

Ушбу мослама ўлчамлари жиҳатидан жуда кичик: узунлиги 3,5 метр, оғирлиги эса 200 килограммгача. Дрон деярли 2 минг километр масофага уча олади.

Бироқ дроннинг поршенли двигатели баланд овозда ишлайди, шунинг учун у украиналиклар орасида «мопед» лақабини олган.

Shahed Украинадаги фронтда биринчи марта 2022 йилнинг сентябр ойи ўрталарида қўлланган. Ўшандан бери улар турли шаҳарлар, жумладан, пойтахт Киевдаги объектларга мунтазам равишда ҳужум қилиб келмоқда.

Киев марказида Эрон дронлари ҳужумидан кейинги вайронгарчилик
Россия Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари «ови»ни қийинлаштириш учун дронларни турли йўналишлар бўйлаб, масалан Днипро дарёси узра учирмоқда.

Январ ойи охирида АҚШ савдо вазирлиги ушбу дронларни ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи Эроннинг етти нафар юридик субъектига қарши санкциялар жорий қилди.

Shahed дронлари ҳам ўз-ўзидан АҚШ миллий хавфсизлиги ва ташқи сиёсий манфаатларига зид бўлган қуроллар сифатида АҚШнинг экспорт назорати рўйхатига киритилди.

Санкциялар рўйхатидаги компанияларнинг баъзилари Эрон режимининг ҳарбий ташкилоти — Ислом инқилоби муҳофизлари корпусига алоқадор.

Бу вақтда, бир қатор таҳлилчилар ва оммавий ахборот воситалари Shahed’ни юз фоиз Эрон маҳсулоти деб аташ мумкин эмаслигини аниқлади. Дроннинг катта миқдордаги эҳтиёт қисмлари четдан импорт қилинади.

Хусусан, АҚШнинг CNN телеканали журналистлари Shahed-136 дронининг 52 та эҳтиёт қисмидан 40 таси АҚШнинг 13 та турли компаниялари томонидан ишлаб чиқарилганини аниқлади. Яна 12 та компонент эса Канада, Швейцария, Япония, Тайван ва Хитой фирмалари томонидан ишлаб чиқарилган.

Украинада уриб туширилган Эрон дронларини тадқиқ қилган Британиянинг Conflict Armament Research ташкилоти маълумотларига кўра, Shahed’нинг барча компонентларининг 82 фоизи АҚШда жойлашган компаниялар томонидан ишлаб чиқарилган.

Шу билан бирга, нашр муаллифлари эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарувчи бирор компания АҚШнинг Эронга қарши санкцияларини бузгани ва Эрон жанговар дронлари учун эҳтиёт қисмларни била туриб экспорт қилгани ҳақида ҳеч қандай далил топа олмаган.

Сирли механизм

Ушбу дроннинг қандай ўзига хосликлари борлигини билиш учун BBC News Ukraine нашри Украинада уриб туширилган Shahed’ларнинг «ички қисмлари»ни тўғридан тўғри текширган инсон билан суҳбатлашган.

Бу ҳарбий хизматчи, армия алоқалари, радиоэлектрон разведка (RER) ва радиоэлектрон уруш (EW) бўйича мутахассис Сергей Бескрестновдир (блоггер Сергей Флэш номи билан ҳам танилган).

Сергей Бескрестнов Shahed’ни содда дрон деб атаб бўлмаслигини айтади
Унинг қайд этишича, Shahed дронини ишлаб чиқариш жуда оддий, аммо унинг электроникаси эскириб қолгандек кўринса-да, анча яхши ишланган.

Бескрестнов Shahed’нинг парвозларни бошқарувчи кучли процессор тизимига эга эканига эътибор қаратган. Бундан ташқари, унинг баъзи элементлари (реле ва маҳкамлагичлар) Россия ҳарбий заводларида ишлаб чиқарилган.

Бироқ, Сергейнинг қайд этишича, ҳозирда Россия ушбу дронларни ишлаб чиқаришда қанчалик даражада иштирок этганини аниқлаш қийин.

«Бу ерда нимадир дейиш қийин. Ёки элементларнинг бир қисми тўлиқ Россияда ишлаб чиқарилган, ёки Россия Эронга элементларнинг ушбу қисмини ишлаб чиқариш учун асбоб-ускуналар ва технологиялар етказиб берган», дейди мутахассис.

Лекин нега нисбатан оддий худкуш дронга бундай кучли процессор тизими керак? Бескрестнов бу келажакка «тайёргарлик» эканини таъкидлаган.

Бескрестновнинг сўзларига кўра, ҳозир Shahed’лар битта-битта ҳужум қилади, келажакда эса улар «тўда» бўлиб, яъни бир вақтнинг ўзида бир нечта дронлар билан ҳужум қилиниши мумкин.

«Бу ерда гап ҳисоблаш қуввати ҳақида эмас, балки авионикадан келувчи буйруқлар ва сигналларни қайта ишлашдаги юқори тезлик ҳақида. Дронлар учун бу жуда муҳим. Ва бу, шубҳасиз, ушбу турдаги дронларнинг келажакдаги ривожланиши гаровидир», дейди Сергей.

Эронликлар дронининг процессор тизими. Сергей Бескрестновнинг айтишича, ундаги деталлар орасида Россияда тайёрланганлари ҳам бор.
Мутахассиснинг таъкидлашича, ҳозирда Shahed парвоз пайтида ҳеч қандай маълумот узатмайди, лекин унинг схемасида ташқи антенналарга улаш мумкин бўлган тўртта узатувчи мавжуд. Узатувчилардан бири ҳатто антеннага уланган, лекин у жуда кам қувватга эга. Нега?

Сергейнинг тушунтиришича, узатувчиларнинг кучи жуда кичик, тахминан 10 мегаватт. Шунинг учун база билан алоқа ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.

Киев узра учаётган Shahed. Фото: AFP
Катта эҳтимол билан бу келажак учун функционаллик бўлиб, бу дронларга ҳавода гуруҳ билан ишлашга ва бир-бири билан ёки йирик Muhajer дронлари билан биргаликда ҳаракат қилишга имкон беради.

Мутахассис фикрича, Эрон ўз дронлари учун зарур электроникани олишда катта куч сарфлаши шарт эмас эди. Унинг сўзларига кўра, бу дунёдаги кўплаб заводлар томонидан ишлаб чиқарилган «тижорий истеъмол товарларидир».

«Бу элементларнинг барчаси ҳарбий мақсадларда ишлаб чиқарилмайди. Бундай етказиб беришларни тўхтатиб қўйишнинг иложи йўқ. Қолаверса, бундай таъминот кичик партияларда юборилади. Уларга ҳатто глобал миқёсда ҳам ҳеч ким эътибор қаратмайди», дейди Бескрестнов.

Shahed қандай ишлайди?

Дронга сунъий йўлдош навигация тизимига асосланган тўлиқ парвоз маршрути юкланади.

«Аммо украиналик ҳарбийлар ушбу GPS сунъий йўлдош сигналини тўсиб қўя олмайди ёки унинг координаталарини ўзгартира олмайди», дейди электрон уруш бўйича мутахассис.

Бескрестновнинг тушунтиришича, гап CRPA технологиясидан (Controlled Reception Pattern Antennas — сигнал қабул қилиш тизими) фойдаланишда: CRPA, образли маънода, математик ишловга эга 4 та антеннадан иборат антенна тизимидир. У бизнинг пастдан борувчи барча радиоэлектрон уруш тизимларимизнинг сигналларини ўчиради ва ҳатто юқоридан келувчи иккита шовқинга қарши ҳам кураша олади. Агар улар учта бўлса Shahed ўз йўналишидан чиқиб кетади.

Бу муаммони ҳал қилиш мумкинми? Бу ерда фантазиялар учун майдон катта, аммо ҳозиргача булар асосан тахминлар.
Масалан, сунъий йўлдош сигналига пастдан эмас, балки юқоридан халақит берадиган дирижаблларни, дронларни ёки радиоэлектрон уруш тизимлари жойлаштирилган зондларни учириш мумкин.

Эронликлар дронининг қабул қилиш-узатиш модули

Shahed фойдаланадиган CRPA антенна тизими
Сергей Бескрестновнинг сўзларига кўра, Shahed’нинг двигатели дроннинг энг қиммат қисми ҳисобланади. «У мураккаб эмас, лекин узоқ масофага учиш учун ишончли бўлиши керак», дейди у.

Shahed’нинг двигатели муваффақиятли немис моделининг нусхаси бўлиб, у Эрон ва Хитойдаги заводларда ишлаб чиқарилади. Унинг энг муҳим хусусияти кучга нисбатан паст оғирликдир.

Унинг асосий камчилиги мопеднинг овозига ўхшаш кучли шовқинидир. Украиналик ҳарбийлар ҳозирда айнан шу камчиликдан фойдаланади. Shahed’ларни аниқлаш учун акустик радарлар, шунингдек, радио радарлар ва нишонни қўлда мўлжалга олиш ускуналари ишлатилади.

«Бизга маълум даражада омад кулиб боқмоқда, чунки Россияда бу дастурни қандай ишлатишни билмайдиган ёки шунчаки дангаса одамлар бошқармоқда. Улар Shahed типидаги ҳужумкор дронларнинг барча имкониятларидан фойдаланаётгани йўқ», дейди Сергей.

Shahed’нинг икки цилиндрли двигатели. Экспертнинг сўзларига кўра, бу дроннинг энг қимматбаҳо деталидир, бу унга катта масофага ҳаракатланиш имконини беради. Фото: АНДРІЙ ЦАПЛІЄНКО
Украина ҳозирда Shahed’нинг муқобилини, яъни арзон, аммо жуда самарали ва оддий зарбдор дронни ярата оладими?

Бескрестнов бунга шубҳа қилмайди. Украина учун ягона муаммо — электрон қисмларни топиш.

«Украинада бундай дронларни ишлаб чиқариш учун барча зарур мутахассислар ва имкониятлар бор. Муаммо фақат электроникада. Двигател, кузов, бошқарувчилар — ҳаммасини ҳал қилиш мумкин, аммо шахсий CRPA тизимини яратиш осон эмас. Аммо биз бошқа мамлакатлардан тайёр ечимларни сотиб олишимиз мумкин», дейди эксперт.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг