Фото: Ижтимоий тармоқлар
27 феврал куни кечқурун Белгородга учта, Брянск областининг Сураж районига битта дрон қулаб тушган ёки уриб туширилган. Тунда дрон зарбаси натижасида Туапседаги нефт базасида портлаш содир бўлган. Адигейда ҳам битта дрон ерга қулаган.
28 феврал куни эрталаб эса Москва областининг Коломна районидаги газ компрессор станцияси яқинига яна бир дрон қулагани ҳақида маълумот пайдо бўлди.
«Ленинград областининг ҳаво ҳудуди номаълум учувчи жисм туфайли бир муддат ёпиб қўйилди», деб ёзади «Фонтанка» нашри ўз манбаларига таяниб.
Турли манбаларнинг хабар беришича, ҳарбийлар «Ҳаво ҳаракатини бошқаришнинг ягона тизими»га Россия ҳаво давлат чегарасини кесиб ўтишга уринишни билдирувчи «Ковер» (Гилам) сигналини узатган. Бундай сигнал узатилгандан сўнг, одатда барча фуқаролик самолётларига ҳудудни дарҳол тарк этиш ёки қўниш буюрилади.
Кейинроқ Россия мудофаа вазирлиги «фуқаролик ҳаво ҳаракатини бошқариш органлари билан ўзаро ҳамкорлик бўйича» тренинг ўтказаётганини, қирувчи самолётлар ҳавога кўтарилганини маълум қилди.
Ҳавода қандайдир объект бўлгани ёки йўқлиги ҳақида ҳеч маълумот йўқ.
Киев бу воқеаларга ҳеч қандай изоҳ бермади. Бироқ Украинада бир йилдан ортиқроқ вақтдан бери кенг кўламли уруш давом этаётгани, бу даврда Россияга қарши дронлардан аллақачон фойдаланилганини инобатга олган ҳолда, бу зарбалар ортида Украина қуролли кучлари турибди дейиш учун барча асослар бор.
Бундан ташқари, декабр ойи бошида Саратов ва Рязан областларидаги бир неча аэродромга дронлар томонидан зарбалар берилганди. Россия мудофаа вазирлиги бу ҳужумларда Украинани айблади. Улар украиналиклар эски совет разведка дронини зарба берувчи дронга айлантиргани ва зарба беришда айнан шу дрондан фойдаланганини маълум қилди.
Украина захираларида бундай узоқ нишонларга қадар учиб бора олувчи ягона дрон мавжуд — бу Ту-141 дронидир.
Ҳозирча қурбонлар ҳақида ҳеч қандай хабар берилмаяпти. Туапседаги портлаш натижасида бир неча бино вайрон бўлган. Бундан ташқари, Белгороддаги кўп қаватли уйлар ҳам шикастланган. Барча дронларда портловчи моддалар бўлган жанговар каллак бўлгани ва бу портловчи қурилмалар ишга тушгани ёки йўқлиги ҳам номаълум.
![](https://storage.kun.uz/source/9/QQ52WYd4RzSk0ouz-3KzyxK_1F1fmgll.jpg)
Фото: Anadolu
Пухта тайёрланган ва мувофиқлаштирилган оммавий парвоз
Бу зарбаларда бошқа шундай зарбалардан фарқ қилувчи бир қанча ўзига хос хусусиятлар бор.
Дронлар биричи марта Москва областига қадар учиб борди. Бу шуни англатадики, Москва ва ундаги ҳукумат бинолари, жуда муҳим инфратузилмалар, улар атрофидаги аҳоли турар жойлари потенциал жиҳатдан зарба остида қолиши мумкин.
Москва областига учувчисиз қурилма қулаши, шубҳасиз, Москва шаҳри ва области аҳолисига психологик таъсир кўрсатади. Кузатувчилар қайд этишича, Россия пойтахтида яшовчи инсонлар шу пайтгача улардан юзлаб километр узоқликда бораётган урушни деярли ўз таналаридан ҳис қилмаган.
Бироқ, январ ойи охирида Москвадаги бир нечта бинолар томларига ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ўрнатилгандан сўнг, кўпчилик маҳаллий аҳоли ижтимоий тармоқларда буни хавотир билан қабул қилганини таъкидлади. Чунки бундай тизимлар эҳтимолий реал хавф мавжудлигидан далолат беради. Эндиликда бундай хавф эҳтимолликдан реалликка айланди — дрон Москва областига қaдар учиб келди.
Украина чегарасидан Москва областигача учиб келган дрон ҳалокатга учраган жойгача бўлган масофа 455 километрни ташкил қилади. Туапседан Украинадаги фронт чизиғигача бўлган масофа тахминан 420 километр, Адигейдаги Новий қишлоғидан Украинагача бўлган узоқлик эса 380 километрга тенг.
Яна бир муҳим ҳолат шундаки, бир неча зарба бир вақтнинг ўзида амалга оширилган. Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ривожланган давлат учун ҳам бир неча йўналишдаги ҳужумни қайтариш, бир йўналишдаги зарбани қайтаришдан анча қийинроқ.
28 феврал куни эрталаб Россиянинг бир қанча минтақаларидаги маҳаллий радиостанциялар ва телеканаллар ҳаво тревогаси ҳақида хабар берди. Уларнинг эфирида «ракета зарбаси» ҳақида эълонлар янгради ва аҳоли зудлик билан махсус бошпаналарга боришга чақирилди. Кейинроқ Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бу ҳакерлар томонидан огоҳлантириш тизимлари бузиб кирилиши натижаси бўлганини маълум қилди.
Агар бу ҳақиқат бўлса, унда бундай ҳаракатлар Россия ҳудуди заиф ҳимоялангани фактининг психологик таъсирини фақатгина оширади.
Турлича қурилмалар
Ушбу ҳужум кенг кўламли ва яхши мувофиқлаштирилган бўлишидан ташқари, турли қурилмалар ёрдамида амалга оширилганди.
Адигейдаги дрон қулаган жойдан олинган фотосуратларга қараганда, дрон турбореактив двигател билан жиҳозланган. Суратда турбинанинг бўлаклари аниқ кўриниб турибди. Туапсе шаҳридаги нишонга зарба кузатув камерасининг объективига тушган. Видеодаги кадрлар кетма-кетлиги ва аудио бир-бирига мос келмаса-да, камера овозни ҳам ёзиб олган. Бироқ, агар бу асл товуш бўлса, демак, ушбу дрон ҳам реактив двигател билан жиҳозланган.
![](https://storage.kun.uz/source/9/pNi4Ff9d09UvKs8ZvcgxD0xf66mKj90k.jpg)
Фото: BORIS KAVASHKIN/TASS
Агар бу зарбалар Украина қуролли кучлари томонидан амалга оширилган бўлса, унда бу реактив дронлар совет типидаги Ту-141 дронидир. Украина декабр ойида узоқ масофадаги стратегик аэродромларга ҳужумларда айнан улардан фойдаланган эди.
Москва областидаги дрон ҳалокатга учраган жойдан олинган фотосуратларга қараганда, бу бошқа қурилма бўлган. Ташқи томондан у Украинанинг «Укржет» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган UJ-22 Airborne дронига ўхшайди. У ўрта баландликда учувчи, узоқ парвоз давомийлигига эга (medium-altitude long-endurance – MALE) дронлар синфига киради.
Урушда бундай дронлар одатда разведка, кузатув, турли бомба ёки ракета қуролларидан фойдаланиш учун ишлатилади. UJ-22 кичик портловчи каллакларни ҳам ташлаши мумкин.
UJ-22 бундай синф учун унчалик катта бўлмаган қурилма: дрон қанотлари атиги 4,6 метрни ташкил қилади. Таққослаш учун, унинг «синфдоши» ТБ-2 Bayraktar’нинг қанотлари узунлиги 12 метр.
UJ-22 Airborne худкуш дрон сифатида ишлатиш учун мўлжалланмаган, аммо унинг фойдали юкини ўзгартириш мумкин. Дрон 20 килограммгача бўлган юкни ҳавога кўтаришга қодир, аммо учиш масофасини ошириш учун юкни камайтириш мумкин. Ушбу дрон оператор бошқаруви остида 100 километргача, автоном режимда эса 800 километргача уча олади.
«Известия» нашрига кўра, Россия ФХХ ходимлари бу дрондан C-4 портловчи моддаларини аниқлашган.
![](https://storage.kun.uz/source/9/1eN9iqsJ5rEazPSbqSAABKmRWXKMWxD1.jpg)
Фото: IGOR ONUCHIN/TASS
Белгород областида суратга олинган кадрларда шакли ва тузилиши бўйича UJ-22 Airborne дронига ўхшаш дрон тасвирланган, бироқ унинг аниқ турини аниқлаш қийин.
Рейд давомида бундай турли дронлардан фойдаланилгани ҳам ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг ишини мураккаблаштиради. Гап шундаки, бу нишонлардан ҳар бири ўзига хос хусусиятларга эга. Ту-141 — бу радар экранларида аниқ кўринадиган катта металл объект. У паст баландликда ва жуда юқори тезликда уча олади. Унинг радар экранидаги белгиси реактив қирувчи самолётники билан бир хил.
UJ-22 эса радар экранида анча хира кўринади. Унинг конструкциясида углерод толасидан фойдаланилган ва қурилманинг ўзи паст баландликда жуда секин учиб, ердаги радарларга яхши кўринмайди. Россия Украина ҳудудини Эронда ишлаб чиқарилган Shahed-136 дронлари билан ўққа тутишни бошлаганида, Украина қуролли кучлари узоқ масофага учувчи дронларнинг учирилишини кузатиш муаммосига дуч келганди.
Туапседаги ёнғин ҳақидаги хабар тунги соат иккиларда маълум бўлган. Адигей раҳбарининг айтишича, Новий қишлоғи яқинидаги портлаш ҳам айнан шу вақтда содир бўлган. Иккала ҳолатда ҳам, катта эҳтимол билан Ту-141 дрони ишлатилган.
Белгородга дронлар зарбалари берилгани ҳақидаги хабарлар кечга яқин пайдо бўла бошлаган. Брянск областидаги дрон қачон уриб туширилгани бўйича ҳеч қандай маълумот берилмаган. Москва ва Ленинград областларида содир бўлган воқеалар ҳақида 28 феврал куни тонгда хабар берилган.
Бу зарбаларнинг барчаси «тўлқин» усулида содир бўлгани ҳам ҳаво мудофааси ишини мураккаблаштирган бўлиши мумкин. Агар ҳужумларда ҳақиқатан ҳам Ту-141 ва UJ-22 қўлланган бўлса, улар радар экранларида турлича кўринади ва икки хил тезликда учади. Биринчи ҳужум тўлқинидан кейин ҳаво мудофааси ушбу тўлқиндаги дронларни ушлашга тайёрланади. Бироқ кейинги ҳужум тўлқинида бошқа дронлар келади ва биринчи тўлқиндаги дронни ушлашга тайёрланган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари янги дронларни тутишга қийналади.
«Дронлар ҳужуми» нимага олиб келди?
Ушбу зарбалардан мақсад номаълумлигича қолди. Афтидан, фақат биттагина дрон нишонга зарба бера олган — Туапседаги нефт сақлаш омборига. Москва областига етиб келган дрон эса муҳим инфратузилма объекти яқинида қулаган.
Қолган дронлар ҳаво ҳужумидан мудофаа ёки электрон уруш тизимлари томонидан уриб туширилган ёки бошқа сабабларга кўра ерга қулаган. Улар ерга қулаган жойлар яқинида ҳеч қандай муҳим объектлар бўлмаган.
Тахминларга кўра, дронлар Белгородда шунчаки навигациядаги хатолар сабаб оддий уйларга урилган. Москва областида қулаган дрон эса ё нишонга аниқ йўналтирилмаган ёки ёнилғиси тугаб қолган.
Лекин бу зарбаларда психологик таъсир бор. Ҳужумлар Украина Россиянинг ички ҳудудларидаги объектларни йўқ қила оладиган қуролларга эга бўла олишини ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳар доим ҳам уларни тўхтатиб қола олмаслигини кўрсатди.
Ва ниҳоят, бундай ҳужум орқали эришиш мумкин бўлган яна бир натижа бор — бу рейд давомида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг қандай ишлаши ҳақида ҳам маълумотлар олиш мумкин эди. Бу, айниқса, Туапсе ва Адигейдаги нишонларга ҳужум қилган дронларга тааллуқли.
Бу икки нишон Ғарб разведка самолётлари Россия босқини бошлангандан буён навбатчилик қилаётган Қора денгиз яқинида жойлашган. Шунинг учун бундай зарбаларнинг иккинчи даражали мақсади ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини аниқлаш, хусусан, радарларнинг жойлашувини билиш бўлиши мумкин.
1 март куни РФ мудофаа вазирлиги Қримга дронларнинг «ёппасига ҳужум қилишга уриниши» олди олингани ҳақида маълум қилди. Идора маълумотига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари украинларнинг олтита зарбдор дронини уриб туширган, яна тўрт дрон радиоэлектрон кураш воситалари орқали ишдан чиқарилган.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)