20:31 / 25.03.2023
179

Россия ва Хитой яқинлашуви: ким нимадан манфаатдор?

Россия ва Хитой ўртасидаги муносабатларнинг янги формати урушдан олдингига қараганда ҳам оддий ҳам мураккаб. Бир томондан, Россиянинг Пекинга қарамлиги иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан ошиб бормоқда. Бошқа томондан, Хитойнинг Москвага боғлиқлиги кучаймоқда.

Россиянинг Украина ҳудудига бостириб кириши ортидан расмий Москва ва Ғарб давлатлари ўртасидаги геосиёсий кескинлик ниҳоятда таранглашиб кетди. Расмий Москвага нисбатан сиёсий ва иқтисодий босим кучайди. Ушбу вазият фонида Россия ва Хитой етакчилари “ҳар томонлама шериклик ва стратегик ҳамкорликни” чуқурлаштириш тўғрисидаги баёнотни имзолади. Бу нимани англатади?

Икки томонлама манфаатлар ва ўзаро боғлиқлик

Биринчидан, Украина инқирози фонида Россия ва Коллектив Ғарб ўртасида юзага келган зиддият Хитойни Москва ва Вашингтон ўзаро келишувга эришиши мумкин деган хавотирдан бутунлай халос қилди. Қолаверса, бугунги Россиянинг халқаро майдондаги имкониятлари ва таъсири кескин қисқарган, расмий Пекин ўзи учун қулай шартларда ҳамкорлик қилишга мойиллик олиш имкониятини қўлга киритди.

Иккинчидан, Хитой на геосиёсий, на иқтисодий, на хавфсизлик нуқтаи назаридан Россиянинг “йўқ қилиниши”дан ёки парчаланишидан манфаатдор эмас. Ғарбпараст ёки тартибсиз Россия Хитой хавфсизлигига жиддий таҳдид солади. Бундан ташқари, Пекин Ғарбнинг Москвага босимини келажак учун тайёргарлик кўриш ва сабоқ чиқариш сифатида ҳам қабул қилади.

Хитой ўзининг кучайиб бораётган қудратига таяниб, глобал миқёсидаги ҳукмрон мавқеини мустаҳкамламоқчи. Россия эса жаҳон гегемонлиги учун пойгада иштирок эта олмаслигига иқрор бўлган ҳолда, Евросиёдаги куч марказларидан бири ва глобал ўйинчи сифатидаги иштирокини сақлаб қолишга интилади. Россия-Хитой муносабатларидаги яқинлашув ҳам ҳар икки томон учун ўз амбицияларини амалга оширишга ёрдам беради. 

Учинчидан, бугунги кунда Москва ва Пекин учун асосий устувор вазифалардан бири ҳар икки давлатдаги мавжуд сиёсий режимларни сақлаб қолишдир. Москва ҳам, Пекин ҳам Ғарбнинг Россия ва Хитойда демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича олиб бораётган кампанияларини АҚШнинг икки давлатни беқарорлаштириш учун сиёсий қуроли деб билади.

Тўртинчидан, Москва билан иқтисодий ва сиёсий яқинлашиш Пекинни нафақат Шарқий Осиёда, балки Евросиё бўйлаб энг асосий ўйинчига айлантиради. Бугунги кунда Хитой Россия ресурсларидан фойдаланиш (углеводородлардан тортиб чучук сув манбаларигача) ва Марказий Осиё, Россия ва Арктика орқали Европа билан боғланиш учун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ имкониятларга эга.

Шунингдек, Хитойнинг Ғарб давлатлари билан қарама-қаршилиги кескинлашиб бораётган шароитда Россия жиддий танқислиги юзага келиши мумкин бўлган ресурслар бўйича муқобили бўлмаган ҳамкордир.

Бешинчидан, Пекин Ғарб компаниялари ташлаб кетган Россия бозорини ўзлаштиришдан манфаатдор. Россиянинг ҳарбий-сиёсий майдонида Хитой асосан ташқи кузатувчи сифатида иштирок этса, иқтисодий майдонида у бевосита асосий иштирокчи ҳисобланади.

Хитой 2009 йилдан бери Россиянинг биринчи рақамли савдо шериги бўлиб келмоқда. Мамлакатлар ўртасидаги товар айланмаси ҳажми ўтган йили 30 фоизга ўсган ва қарийб 190 млрд долларни ташкил этган. 2023 йилда эса бу кўрсаткични 200 млрд долларга етказиш мўлжалланмоқда.

Умуман олганда, Москва учун Россия ва Хитой ўртасидаги муносабатларнинг янги формати урушдан олдингига қараганда ҳам оддий ва ҳам мураккаб. Бир томондан, Пекинга қарамлик иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан ошиб бормоқда. Бошқа томондан, Хитойнинг АҚШ ва Европа Иттифоқи билан қарама-қаршилиги чуқурлашиб бораётганлиги сабабли, Россия билан эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбур.

Шарқ томонга силжиш

Расмий Москва бир неча йилларда бери Осиё мамлакатлари билан муносабатларини илиқлаштиришга ҳаракат қилиб келаётган эди. Уруш бошланганидан кейин “Осиё томонга бурилиш” янада тезлашди. Бу асосан Хитойнинг Россияга қарши санкциялар киритган коалициядан ташқаридаги энг йирик иқтисодий куч эканлиги билан изоҳланади. Шунингдек, уруш Шанҳайдан Санкт-Петербурггача бўлган Россия ва Хитой етакчилигидаги “Катта Осиё” концепциясини амалиётга татбиқ этишни кун тартибидаги асосий масалалардан бирига айлантирди. Келгуси йилларда бу муносабатлар сезиларли даражада мустаҳкамланиб, квази-иттифоқ ёки квази-интеграция томон интилиши ҳам мумкин.

Осиё-Тинч океани минтақаси билан яқинлашув дастлаб Россия ташқи сиёсатидаги Евроатлантизм ўлчовига муқобил эмас, балки қўшимча сифатида ишлаб чиқилган бўлса-да, бугунги кунда энг асосий йўналишга айланиб бормоқда.

Геосиёсий дилемма

Россия Узоқ Шарқи ва Шарқий Сибир табиий ресурсларга бой, аммо иқтисодий жиҳатдан тараққий этмаган ва аҳоли кам яшайдиган минтақалардир. Шу билан бирга, ушбу ҳудудлар географик жиҳатдан Хитойга яқин жойлашган.

Расмий Пекин билан яқинлашувнинг кучайиши рус жамиятида “Хитой мамлакатни ҳарбий йўл билан бўлмаса ҳам, иқтисодий ва демографик жиҳатдан эгаллаб олади”, деган узоқ йиллик хавотирларнинг янада кучайишига сабаб бўлди. Шунингдек, икки томонлама стратегик шерикликни хавф остига қўювчи мўрт ҳудудий омиллар мавжуд.

Хусусан, 1689 йилда Россия подшолиги ва Хитойнинг Син сулоласи ўртасидаги Нерчинск шартномаси имзоланган. Унга кўра, Амур дарёсининг шимоли, Становой тизмасигача бўлган ҳудудларга хитойликлар, Аргун дарёси ва Байкал кўли орасидаги ҳудудларга руслар эгалик қилиши керак бўлган. Аммо 1858 йилда (Айгун шартномасига кўра) Россия Амур дарёсининг шимолидаги ерларни, 1860 йилда (Пекин шартномасига кўра) эса Владивостоккача бўлган ҳудудларни ўзига қўшиб олади. Ҳозирда айнан ушбу ҳудудлар Россиянинг Узоқ Шарқ минтақаси сифатида тавсифланади.

Ўтган асрнинг 60-йилларида ХХР раҳбари Мао Сзедун йўқотилган ҳудудлар масаласини очиқ кўтариб, Россияни Хитойнинг заиф томонларидан шафқатсизларча фойдаланганликда айблаб чиқади. Хатто, 1969 йилда икки ўртада қисқа чегара уруши ҳам юзага келади. 1976 йилда Мао вафотидан кейин икки томонлама муносабатлардаги кескинлик бироз юмшайди.

1980-йиллардан бошлаб Ден Сяопин ҳукмронлиги остида Хитой коммунистик “тоталитар утопия”ни иқтисодий ўсиш ва бозор механизмларига кучли эътибор қаратувчи автократия билан алмаштириш жараёнини бошлади. Улкан хомашё ресурсларига эга Россия Хитой учун ажралмас ҳамкорга айланди. Шунинг сўнг “тенг бўлмаган шартномалар” муаммосини кўтариш тўхтатилди.

Россия ўзининг Узоқ Шарқ муаммоси жиддийлигини тўлиқ англайди. Алясканинг йўқотилиши ҳақидаги хотиралар ҳали ҳам сақланиб қолган. Ушбу ҳудуднинг иқтисодий жиҳатдан Хитойнинг бир қисмига айланиши хавфи эса йилдан йилга ортиб бормоқда. Бу хавотирлар эса асосли. Минтақанинг иқтисодиётида оғир ва мудофаа саноати устунлик қилади, хомашё, асосан нефть ва газ қазиб олишга ихтисослашган.

Россия Узоқ Шарқига инвестициялар ва у ерда ишлаш учун мутахассислар керак. Муаммо шундаки, Шарқий Осиёнинг бой давлатлари Япония ёки Жанубий Корея бу ҳудудга сармоя киритишдан манфаатдор эмас. Бу Хитойни асосий потенциал инвесторга айлантиради.

Бунинг устига, салбий туғилиш кўрсаткичлари ва Россиянинг марказий қисмига оммавий имммиграция туфайли минтақадаги аҳоли сони камайиб бормоқда. Шу сабабли, потенциал ишчи кучининг катта қисми Хитойдан кўчиб ўтмоқда. Стратег Збигнев Бжезинский шундай ёзган эди: “Сибирнинг табиий ресурслари жуда катта, аммо Ғарб ёрдамисиз Россия минтақа устидан назоратни сақлаб қола олмайди”.

Россиянинг марказий қисми ва Узоқ Шарқ ўртасида фақат иккита темирйўл линияси мавжуд: Транс-Сибир ва Байкал-Амур магистраллари. Шимолдан жанубга олиб борадиган бошқа транспорт йўллари ҳам кам. Яъни Россиянинг Европа қисми ва Узоқ Шарқ қисми ўзаро яхши интеграциялашмаган, бундан ташқари ушбу ҳудудлар аҳолисининг аксарият қисмини этник руслар ташкил қилмайди. Собиқ пост Совет давлатларига ҳудудий даъволар билан чиқаётган Россиянинг ўзи ҳам истиқболда шу муаммога рўбарў келишини ҳеч ким тўлиқ инкор этолмайди. Россиянинг Шарқ томонга қараб йўналиш олаётгани эса бу жараённинг тезлашишига туртки бўлиши мумкин.

Марказий Осиёда ҳамкорлик

Си Жинпингнинг Москвага давлат ташрифи якунлари бўйича эълон қилинган баёнотда Россия ва Хитой Марказий Осиё мамлакатларига ташқи аралашув ва “рангли инқилоблар” импортини қабул қилмаслигини таъкидлаган.

Хитой ўзини ушбу минтақа давлатларининг асосий савдо ва сармоявий шериги сифатида кўрсатади, Россия эса маскур собиқ Совет республикаларини иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий жиҳатдан ЕОИИ ва КХШТ каби ташкилотларга бирлаштиришга интилади.

Расмий Пекин постсовет давлатлари ҳудудида сиёсий иттифоқлар ва ҳарбий базалар яратиш борасида Москва томонидан “белгиланган” чегарадан ўтмайди. Хитойнинг бу позицияси НАТО ва Европа Иттифоқининг Шарққа кенгайиш сиёсатидан кескин фарқ қилади. Ўз навбатида Россия минтақа мамлакатларидан Хитой билан олиб бориладиган иқтисодий алоқаларни чеклаш ёки тўхтатишни талаб қилмайди. Экспертларнинг фикрича, Москвадаги музокараларда Марказий Осиёдаги мавжуд status quoʼни сақлаб қолиш борасида оғзаки келишувга эришилган бўлиши мумкин.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Россиянинг Ғарб билан зиддиятидан энг кўп фойда кўраётган томон Хитойдир. Ҳозирги дўстона муҳитда ҳам Россия-Хитой муносабатлари қатор муаммолардан холи эмас – тенгсиз томонлар ўртасида тенг ҳуқуқли ҳамкорликни сақлаб қолиш осон бўлмайди. ХХРнинг қудрати ошиб бормоқда, Россия эса анча орқада қолиб кетди. Баъзи хитойлик сиёсатчилар аллақачон Москвани Пекиннинг кичик ҳамкори сифатида кўра бошлаган.

Хитойга нисбатан ўзининг нисбий заифлигини тушуниб, Россия ҳам бошқа йирик Осиё давлатлари билан муносабатларни ривожлантириб, ўзига хос мувозанатни қидиришда давом этади, аммо бу аввалгидан кўра қийинлашди.

Ушбу коалиция миқёси ва кўлами жиҳатидан бир вақтлар Хитой-СССР томонидан тузилган иттифоқни эслатади, аммо бу сафар Хитой етакчи, Россия эса унга эргашувчи ролида.

Достон Аҳроров тайёрлади


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг