Уруш тарғиботчиси Владлен Татарскийнинг портлатиб ўлдирилиши фонида РФ Давлат думаси депутатлари яна ўлим жазосини қайтаришни кун тартибига чиқаришмоқда.
Аслида бундай гап-сўзларда бирор янгилик йўқ — ўлим жазосига мораторийни бекор қилиш аввалги шов-шувли қотилликлардан сўнг ҳам тилга олинган, бироқ, одатда, Россияда бундан нарига ўтилмайди.
2021 йилнинг сентябрида Кузбасснинг Кисилёвск шаҳарчасида маҳаллий турғун икки нафар 10 ёшли қизалоқларни булғаб, бўғиб ўлдиргач, «Справедливая Россия» депутати Михаил Емелянов педофиллар учун ўлим жазосини тиклашга чақирган эди. 2022 йилнинг январида унинг партиядоши Султон Ҳамзаев Костромада 5 ёшли қизалоқ ўлдирилгач, худди шу таклиф билан чиқди. Ҳамзаев нафақат педофилларни, шунингдек, редицивистлар ва қотилларни ҳам қатл қилиш кераклигини таъкидлаган эди.
Бундай баландпарвоз баёнотлар муайян қонун лойиҳаси кўринишида давом этмайди, бироқ оммавий ахборот воситаларида кенг тарқалади ва шафқатсиз ва резонансли қотилликлар фонида ўлим жазосини қайтаришни талаб қила бошлаган жамоатчилик кўз ўнгида депутатларнинг нуфузини кўтариб беради. Чунки Кислёвскда қизалоқлар ўлдирилгач, педофилларга ўлим жазоси бериш тўғрисидаги петицияни айнан маҳаллий аҳолининг ўзи жойлаштирган.
Бу марта ўлим жазосини қайтариш талаби билан кимлар чиқиш қилди? Мораторийни бекор қилишнинг азалий тарафдори, РЛДП раҳбари Леонид Слуцкий. У Татарский билан видолашиш маросимининг ўзидаёқ Россия «Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция протоколларига ортиқ боғланмагани»ни айтиб, мораторийни бекор қилишга чорлади. Бир йил аввал у Украинанинг «Азов» бўлинмасидан асирга тушган жангчилар учун ўлим жазоси белгиланишини талаб қилган эди.
Татарский ўлдирилгач, Россияга ўлим жазосини қайтаришни «Справедливая Россия — За правду» партияси раҳбари Сергей Миронов ҳам талаб қилиб қолди. У шундай таклиф билан РФ Конституциявий суди раиси Валерий Зоркинга мурожаат қилиб, таклифини, жумладан, «геосиёсий вазият», «коллектив ғарб хатти-ҳаракатлари» ҳамда афтидан, Санкт-Петербургда содир этилган ва Татарксий ўлдирилган портлашни назарда тутиб, Россияда содир этилаётган террорчилик актлари билан ҳам далиллантирди.
Миронов шу йилнинг мартида «уруш тарғиботчиси» ўлдирилишидан икки ҳафта аввал ҳам ўлим жазосини тиклашга чақирган, ўшанда депутат педофиллар, террорчилар ва уларга ёрдам берувчи шахсларга нисбатан мораторийни бекор қилишни таклиф қилган эди.
Россия Европа инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенциясининг ўлим жазосини бекор қилиш ҳақидаги протоколини 1997 йилда имзолаган. Икки йил ўтгач, Россия Конституциявий суди ўлим ҳукмларини ижро этишга мораторий жорий қилган. Ўшанда Федерация Кенгаши спикери бўлган Миронов ўзини «ўлим жазосига принципиал қарши одам» деб атаганди.
Ўтган йили Россия Европа Кенгашини тарк этгач, қонун чиқарувчилар яна ўлим жазосини қайтариш эҳтимолини муҳокама қила бошлашди. Бироқ алалоқибат Конституциявий суд раиси Зоркин буни 1999 ва 2009 йилги суд қарорларига кўра имконсиз, деб атади. Унинг сўзларига кўра, мораторий фақат янги конституция қабул қилингандагина бекор қилиниши мумкин. Кремл эса Татарский ўлдирилганидан кейин ўлим жазосини бекор қилиш «муҳокама қилинмаслиги»ни маълум қилган.
Россияда куни кеча кўплаб ОАВлар РФ Давлат думаси депутатлари ўлим жазосини Жиноят кодексидан чиқариб ташлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муаллифларига қайтарилганини ёзиб чиқишди. Бу жуда эски қонун лойиҳаси — уни «нолинчи» йиллар бошида Егор Гайдар, Борис Немцов (ҳозир уларнинг иккиси ҳам ҳаёт эмас) ва Ирина Хакамада киритган. Олий жазо Жиноят кодексида шу пайтгача жазоларнинг бир тури сифатида санаб келинади, бироқ мораторий туфайли у қўлланмайди. Қонун лойиҳаси муаллифлари уни кодексдан бутунлай чиқариб ташлашни таклиф қилишган. Лекин ҳужжатнинг муаллифларига қайтарилиши ҳеч нарсани ўзгартира олмайди — Россияда ўлим жазосига мораторий ўз кучида қолишда давом этаверади.
Ҳозир Россияда белгиланиши мумкин бўлган максимал жазо — озодликдан умрбод маҳрум қилиш. Тўғри, бу жазога фақат эркаклар лойиқ кўрилади, уни аёлларга нисбатан қўллаш тақиқланган. Бироқ, ҳозир умрбод қамоқ жазоси қўлланиши мумкин бўлган моддалар сони ҳам, Жиноят кодексининг қалинлиги ҳам ошиб бормоқда.
Масалан, шу кунларда Давлат думасининг профил қўмитаси давлатга хиёнат учун ҳам умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланишини маъқуллади. Энди бу тузатмани депутатлар кўриб чиқишлари керак. Ўтган йилнинг охирларида диверсияларга ёрдам берганлик учун умрбод озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазо қўллаш тўғрисидаги қонун имзоланди, бунгача эса Жиноят кодексида катта аксилтеррорчилик пакети таркибида пайдо бўлган моддалар учун ҳам шундай жазони қўллаш жорий этилган эди.
Янги моддалар бўйича ҳозирча ҳеч ким умрбод қамоққа ҳукм қилинганича йўқ, ҳозирча фақат ўлим ҳолатлари юз берган ишлар бўйича айбланувчиларга шундай ҳукм ўқилган. Кузбассдаги суд фожиадан бир йил ўтиб, Кисилёвскдаги қизалоқларнинг қотилига ҳам Россияда мавжуд жазоларнинг энг максимали бўлган айнан умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосини белгилади.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг