
Сайловнинг иккинчи тури натижалари эълон қилинганидан кейин пойтахт Анқара кўчалари Туркия байроқлари, автомобилларнинг тинимсиз сигналлари ва Ражаб Тоййиб Эрдўғанни олқишлаётган тарафдорларидан иборат калейдоскопга айланди.
Унинг буюртмаси бўйича қурилган ва мингдан ортиқ хоналардан иборат президентлик саройи (Қиличдорўғли сайловда ғолиб бўлса, бу саройни жамоатчилик фойдалануви учун беришни ваъда қилганди) атрофида кўп сонли оломон йиғилди.
«Президентимиз бизни яна бошқара бошлаши - чинакам бахт. Бундан кучлироқ туйғу йўқ. Майли, бутун дунё буни эшитсин. У - бутун дунёга чақириқ ташлаган ва бутун дунёга дарс ўтган етакчи», дейди 50 ёшли Ҳадича Дуран рўмоли остидан жилмайиб.
«Бу унинг мафтун этадиган муҳим қисми: Эрдўған - ҳеч кимга бош эгмайдиган кучли етакчи, замонамиз султони», дея қайд этади BBC’нинг Анқарадаги шарҳловчиси Орла Герин.
Сайловлар кўрсатдики, Туркиядаги кўпчилик яхши раҳбардан кўра кучли етакчини афзал кўради, дейди у.
Туркияда президентлик кампанияси даврида ғарб мамлакатлари пойтахтларидагилар Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг 20 йиллик бошқарувига якун ясалишини кутиб жим туришди. Аммо унинг ғалабаси ғарб мамлакатларини мураккаб вазиятда қолдирди, деб ҳисоблайди экспертлар.
Муҳим иттифоқчи
Украинадаги уруш фонида Туркиянинг глобал миқёсдаги стратегик аҳамияти кескин кўтарилганини якшанба куни кечқурун жаҳон етакчилари Эрдўғанни сайловдаги ғалаба билан табриклашга шошилганидан ҳам кўриш мумкин.
Россия президенти Владимир Путин биринчилардан бўлди, ҳолбуки у одатда натижалар расман эълон қилинишини кутарди. Унинг сўзларига кўра, Эрдўғаннинг ғалабасига - унинг «мустақил ташқи сиёсат» юритиши сабаб бўлган.

«Ишонч билан тахмин қилиш мумкинки, Россияга Туркия сиёсати маъқул келиши Украинага кенг кўламли босқиндан кейин, НАТОдаги иттифоқчилар, ўзларининг энергетик қарамлигига қарамай санкциялар қўллаганидан кейин ҳам Эрдўған Кремлни танқид қилишни истамагани билан изоҳланади», дея қайд этади BBC шарҳловчиси Катя Адлер.
Аммо АҚШ ва Франция президентлари ҳам Эрдўғанни зудлик билан табриклашди. Анқаранинг Москва билан яқинлашуви ва мамлакатда демократик эркинликларга ҳужум уларга ёқмаётганига қарамай, Ғарб мамлакатлари учун Туркия - муҳим иттифоқчи, гарчи у билан муносабатлар мураккаб ва доим ҳам олдиндан айтиб бўлмайдиган даражада бўлса-да.
Туркия НАТО ҳарбий алянсининг муҳим аъзоси ҳисобланади ва унинг барча миссияларида мунтазам иштирок этади.
Эрдўған Россия билан яқин алоқаларни қўллаб-қувватлайди, шу билан бирга Украинага ҳам ҳарбий ёрдам кўрсатади.
Унинг воситачилиги урушаётган томонлар ўртасида ғалла келишуви тузилишига ёрдам берди, бу эса ўсиб бораётган глобал озиқ-овқат инқирозини енгиллаштирди.
У Финландиянинг НАТОга қабул қилинишига эътироз билдирмади, таҳлилчилар фикрича, кейинроқ Швециянинг алянсга киришига ҳам рози бўлади.
Туркия - Европага миграция муаммоларини ҳал қилишда муҳим мамлакат ҳисобланади: 2015 йилги миграция инқирозидан кейин катта миқдордаги маблағлар ва маълум даражадаги виза имтиёзлари эвазига Эрдўған Туркия орқали ўтаётган мигрантларнинг катта оқими Европа Иттифоқига аъзо бўлган мамлакатлар чегараларига етиб бормаслиги учун бор имкониятини ишга солганди.
Guardian нашрининг дипломатик корреспонденти Патрик Винтур таъкидлаганидек, Ғарб Эрдўған Туркияни либерал ва дунёвий қадриятлардан янада узоқлаштиришидан хавфсирайди, аммо яна номзодини қўйиш ҳуқуқига эга бўлмаслиги ва шунга кўра, миллатчи электоратга ёқишга уринишига ҳожат бўлмаслигидан келиб чиққан ҳолда, ҳеч бўлмаганда бошқа фикрларга ҳам қулоқ солиши ва ўз ташқи сиёсатида ўз жонини сақлашдан ташқари бошқа нарсаларга ҳам асосланишига умид қилади.
«Нима бўлганда ҳам, Эрдўған қиладиган танлов нафақат Туркия учун, балки НАТО ва Украинадаги уруш тугаганидан кейин юзага келадиган ҳар қандай дунё тартиботи учун муҳим аҳамиятга эга бўлади», деб ёзади Винтур.

Ғарблик дипломатлар ва таҳлилчилар келгусида Эрдўғаннинг Путин билан яқинлашуви кучайиб кетишидан хавфсирайди ва кўпчилик оптимистик кайфиятда эмас.
Ғарб нима таклиф қилиши мумкин?
Афтидан, Ғарб етакчилари Анқарага маълум масалаларда ён беришга тайёр. Аммо буни амалга ошириш осон бўлмайди.
Масалан, курдлар сони сезиларли даражада кўп бўлган Швеция (Финландия билан солиштирганда) Эрдўғаннинг баъзи талабларини, жумладан рўйхати Швеция ҳукуматига ҳали тақдим этилмаган 140 нафар курдни экстрадиция қилиш талабини рационал асослаш қийинлигини билдирган.
Стокҳолм Анқарани рози қилиш учун аксилтеррор қонунларни қатъийлаштирган ва Швециядаги курдлар жамияти ЕИ ва Туркия террорчилик ташкилотлари деб биладиган Курдистон ишчи партиясини молиялаштирувчи йирик манба экани ҳақидаги далилларни ўрганишга тайёр. Аммо швед ҳукумати судяларга курдларни топшириш ҳақида қарор чиқаришни буюра олмайди.
Жо Байден Эрдўғанни автократ деб атаган бўлса-да, 20 млрд долларлик F16 қирувчи самолётларини сотишни маъқуллаб, Туркия билан муносабатларда янги саҳифа очишга тайёрлигини билдирди. Аммо АҚШ президенти бунинг учун аввалига Вакиллар палатаси ва Сенатнинг хорижий ишлар бўйича қўмиталари раҳбарларини ҳам сотувни маъқуллашга кўндириши керак бўлади.
Вакиллар палатасининг хорижий ишлар бўйича қўмитаси раиси, республикачи Майкл Маккол яқинда сотувни маъқуллашга тайёрлигига ишора қилди - лекин бунинг учун Швециянинг НАТОга аъзолиги масаласи ижобий ҳал этилиши керак. Аммо Конгрессдаги демократлар ҳамон Туркиядан Грецияга таҳдидлар бас қилиниши бўйича кўпроқ кафолат олишни исташмоқда.
Европа комиссияси Эрдўғаннинг авторитар ҳукмронлиги кучайиб бораётганига танқидий ёндашади. «Европа иттифоқининг демократия, қонун устуворлиги, асосий ҳуқуқлар ва судлар мустақиллигининг ёмонлашуви давом этаётгани борасидаги жиддий хавотирлари инобатга олинмади. Иқтисодиётни бошқариш, бозор иқтисодиётининг тўғри йўлга қўйилиши борасидаги ташвишлар кучайди», дейилган Европа ташқи алоқалар хизматининг 2022 йил учун ҳисоботида.
2018 йилда Европа иттифоқи Туркия билан ЕИга аъзо бўлиш бўйича 2005 йилдан буён олиб борилаётган музокараларни амалда тўхтатиб қўйганди, аммо бундай музокаралар бутунлай тўхтамаган. Эрдўғаннинг ғалабасидан кейин музокаралар тикланиши мумкин, аммо бундан аввал Туркия Кипрни ҳеч бўлмаганда билвосита ЕИ аъзоси сифатида тан олиши керак бўлади. Туркия қўшини қарийб 50 йилдирки оролнинг шимолий қисмини эгаллаб турибди.
Брюсселдаги European Policy Centre таҳлилий маркази катта таҳлилчиси Аманда Полнинг ҳисоблашича, Эрдўғаннинг ғалабаси ўзгариш учун кам имконият қолдирмоқда. «Гарчи кўп нарса фақат Туркияга эмас, Европа иттифоқига боғлиқ», дея тан олади у.
Полнинг сўзларига кўра, ЕИга аъзо давлатлар айни вақтда тобора миллатчи бўлиб бораётган Туркия билан ишлашдан унчалик манфаатдор эмас.
«Шу билан бирга, ЕИга аъзолик ғояси ҳамон турклар орасида оммабоп. Аҳолининг 70 фоизи ҳамон ЕИга аъзо бўлишни хоҳлайди», - дея қўшимча қилган у.

Туркиянинг ўзида суриялик қочқинлар сони (ҳозирда мамлакатда 3,5 миллион атрофида) ортиб бораётгани ҳам маъқулланмайди. Туркиядаги парламент сайловларида иштирок этган барча сиёсий партиялар «мигрантлар муаммоси»ни ҳал қилиш учун чоралар қабул қилиш ваъдасини беришган.
2020 йилда Эрдўған Греция билан чегарани маълум муддатга очиб юбориб, Европа Иттифоқи билан сиёсий қарама-қаршиликда қочқинлардан фойдаланганди.
Минтақадаги кучли давлат
Эрдўғаннинг Ғарб билан муносабатларидаги муаммолар комплексли бўлиб, уларни ҳал қилишда ҳам комплекс ёндашув керак.
Туркия Ғарб қирувчи самолётларини сотиб олишининг ўзи Анқара ва Москва муносабатлари ёмонлашуви учун етарли сабаб бўлиши даргумон: сайловолди кампанияси чоғида у Туркия ва Россия алоҳида алоқаларга эгалиги ҳақида гапириб, ўзининг Путин билан шахсий алоқаларини эслатган ва шунинг эвазига ғалла келишувини тузишга муваффақ бўлинганини айтган.
Америкалик дипломатлар Эрдўғанни Ғарбнинг Россияга қарши санкцияларини четлаб ўтаётган турк бизнесини жиловлашга кўндириш учун бир неча бор Анқарага сафар қилишди, аммо у қадар муваффақиятга эриша олишмади. Туркия Россияга қарши санкция қўлламоқчи эмас, ўз навбатида, Вашингтон ҳам Туркияга қарши иккиламчи санкциялар киритиш билан Эрдўғанни узил-кесил Путиннинг қучоғига итаришни истамайди.
Эрдўғаннинг қайта сайланиши билан Туркиянинг ЕИга эҳтимолий кириши масаласи яна чуқур қутига ташлаб қўйилди, қолаверса, 20 йил олдингидан фарқли ўлароқ, Евроиттифоққа кириш масаласи турклар президенти кун тартибидаги сўнгги масалалар қаторига тушиб қолган.
Балки, асосан Эрдўғаннинг ўзининг ҳаракатлари сабабли бу аҳволга тушиб қолган, феврал ойидаги ҳалокатли зилзила кўринишида қўшимча зарба олган Туркия иқтисодиётининг қайғули аҳволи Ғарбнинг Анқарага босим ўтказа оладиган дастаги бўлиб чиқиши мумкин - шунда ҳам фақат маълум чегаралар доирасида.
Эрдўғаннинг қўшнилар - Саудия Арабистони, Сурия, Миср ва Арманистон билан кескинликни камайтириш режалари - умуман олганда, Ғарбда маъқулланади ва шу маънода унинг қайта сайланиши - қисқа муддат учун бўлса ҳам яхши хабардир. Унинг суриялик қочқинларни зудлик билан ватанига қайтаришни ваъда қилган рақибининг (бу ердан улар яна Европа томон оқиб келган бўларди) ютқазиши - ҳам.
Аммо сайловлар якунига кўра Эрдўған эски иттифоқчилар фикри билан янада камроқ ҳисоблашиб, кўпроқ янги иттифоқчиларга таянган ҳолда минтақавий суперқудратли давлат тузишда давом этиш имконини берадиган мандатга эга бўлди.
Туркияни ўз орбитасида сақлаб қолишга уринаётган Ғарб давлатлари унга нима таклиф қила олади ва у бу таклифларни ишонарли деб биладими - бу катта савол.
Қолаверса, Эрдўғаннинг учинчи муддати чиндан унинг сўнгги муддати бўлишига кафолат ҳам йўқ.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!