06:36 / 28.06.2023
197

Подшоҳ меҳмонлари умра амалларини адо этиб, каъбапўш корхонасини зиёрат қилди

Подшоҳ меҳмонлари умра амалларини адо этиб, каъбапўш корхонасини зиёрат қилди

Бир гуруҳ ўзбекистонликлар Икки муқаддас масжид ходими – Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауднинг меҳмонлари сифатида Маккаи мукаррамага етиб келди. Бу гуруҳ олимлар, шарқшунослар, журналистлар, ҳатто талабалар каби жамиятнинг турли табақалари вакилларидан ташкил топган. Маккадаги “Новотел” меҳмонхонасида улар тантана ва гуллар билан кутиб олинди.

Подшоҳ меҳмонларининг муқаддас шаҳардаги амаллари жума кунидан бошланди. Бунда чуқур рамзий маъно бор. Яъни, уларнинг Маккадаги амалларни айнан мусулмонларнинг байрами ҳисобланадиган кунда бошлаши ташриф ташкилотчиларининг Ватанимизга, Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк алломаларга юксак ҳурмат-эҳтиромидан яна бир далолат бўлди.

Бўлажак ҳожилар 23 июнь куни Масжидул ҳарамда жума намозини адо этиб, умра амалларини бажарди. Маккага келишдан аввал эҳромга кирган гуруҳ аъзолари Каъбани тавоф этди, Сафо ва Марва тепаликлари ўртасида саъй қилди, Замзам сувидан қониб-қониб ичди.

24 июнь куни Подшоҳ меҳмонлари Маккадаги Кисва (каъбапўш) фаврикаси фаолияти билан танишди.

Каъбаи муаззамани ёпинчиқ билан ўраш Байтуллоҳни улуғлаш ва эъзозлашнинг муҳим кўринишларидан биридир. Бунинг ҳикмати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, у зотдан сўнг саҳобалар қилган ишни давом эттириш, демакдир. Макка фатҳ этилганидан кейин Набий алайҳиссалом видолашув ҳажида Каъбанинг устига яманий мато ёпганлар. Ўз даврида Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳум қибтий ва яманий мато билан ўраган.

Асрлар давомида шу гўзал анъана туфайли ислом оламининг мутахассислари маҳоратнинг юксак чўққиларини забт этган,

Бу орада каъбапўшга оятлар ёзиш жорий қилинди. Умавийлар даврида йилда икки марта ўраш одатга айланди. Биттаси – Ашуро кунида, иккинчиси – Ийдул фитр байрамига тайёргарлик сифатида Рамазон ойининг охирида.

Аббосий халифалар кисвага яна ҳам катта масъулият билан ёндашиб, мато тўқиш, бўяш, ранг танлаш, бичимини ўзгартириш каби безак ишларига алоҳида эътибор қаратди. Шу сабабли Мисрнинг Танийс, Туна ва Шато минтақалари аҳолиси бу шарафли ишнинг етук мутахассислари бўлиб етишди.

Халифа Маъмун ўз даврида Каъбаи мушаррафани йилига уч марта ўратди.

Энг яқин тарихга келсак, 1927 йилда Подшоҳ Абдулазиз Масжидул ҳарамга яқин “Ажёд” даҳасида Каъбаи муаззама устига ёпиладиган кисва тайёрлайдиган корхона барпо этишга фармон берди. 1963 йилда “Жарвал” маҳалласида замонавий ускуналар ёрдамида каъбапўш тайёрланадиган фабрика очилди. 1972 йилда Подшоҳ Файсал кисва тўқиладиган корхонани “Уммул жавд” даҳасига кўчириш тўғрисида фармон чиқарди. У ўз даври учун энг замонавий фабрика бўлди.

Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауднинг ҳам кисва ишига эътибори жуда кучли. У 2016 йилда корхонани “Подшоҳ Абдулазиз номидаги каъбабўш тайёрлаш мажмуаси” деб номлашни амр қилди ва энди бу мажмуа нуфузи янада юксалди.

Каъбапўш – ипакдан тўқилган қора мато бўлиб, унга Қуръон оятлари олтин суви югуртирилган иплар билан гўзал ҳуснихатда, нақш ҳолида, кашта қилиб ёзилади. Бу ёпинчиқ йилда бир марта – Арафа куни тонгида алмаштирилади. Зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни бомдод намозидан кейин Каъбаи мушаррафанинг ёпинчиғини янгилаш маросими бўлиб ўтади. Бу ишда 160 нафар етук мутахассис иштирок этади. Ечиб олинган кисва яна бўлакларга ажратилиб, эъзозли меҳмонларга, эл-юрт ҳурматини қозонган арбобларга ҳадя қилинади.

Мадина Машрабхон,
Маккаи мукаррама.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Подшоҳ меҳмонлари умра амалларини адо этиб, каъбапўш корхонасини зиёрат қилди
ePN