13:15 / 14.10.2023
482

Фаластин масаласида Саудия Арабистони ва Миср қандай йўл тутмоқда?

Фаластин масаласида Саудия Арабистони ва Миср қандай йўл тутмоқда?

Саудия Арабистони ва Миср – энг катта араб давлатлари. Улар Фаластин-Исроил низосида муҳим ва таъсир этувчи кучга эга. Kun.uz мухбири низонинг жорий кескинлашувига бу икки мамлакатнинг муносабати ҳақида Яқин Шарқ масалалари бўйича эксперт, Саудия Арабистони ва Мисрда фаолият юритган дипломат Лутфиддин Хўжаев билан суҳбатлашди.

— Минтақадаги асосий давлатлар бўлмиш Саудия Арабистони ва Мисрнинг ҳозирги тўқнашувларга бўлган муносабати қандай?

— Саудия ва Миср ташқи сиёсатда Яқин Шарқ муаммоси, жумладан, Фаластин муаммоларини ҳал қилишга устувор эътибор беради. 1948 йил май ойида БМТ томонидан Фаластин ҳудудида икки мустақил давлат – Фаластин ва Исроил давлатларини ташкил қилиш бўйича қарор қабул қилинган. Бундан араб дунёси давлатлари норози бўлади, 1948-1952 йилларда низолар юзага келади. 1967 йилда Исроил Фаластин ерлари, Мисрнинг Синай яримороли, Суриянинг Жўлан тепаликлари, Ливаннинг бир қисмини босиб олади. Бу вазиятда Саудия араб давлатларига моддий ва сиёсий ёрдамлар беради. Муаммоларни ҳал қилиш бўйича кўп ташаббусларни илгари суради. 1982 йилда подшоҳ Абдулазиз Исроил босиб олган барча араб ерларини қайтариш бўйича ташаббус кўрсатди.

[2023 йил] 7 октябрдан кейинги воқеаларга Саудия томони эҳтиёткорлик билан ёндашяпти. Биринчи ўринда зулмни тўхтатиб, тинч музокаралар ўтказиш кераклигини таъкидлашяпти. Оддий аҳоли қурбон бўляпти. Ғазода вазият жуда мураккаб. Шунинг учун Саудия тинч йўл билан ҳал қилишга чақиряпти. БМТ Бош Ассамблеясининг тегишли резолюциялари доирасида ёндашиш кўзда тутиляпти.

— Нима учун Саудия жиддий қадамлар ташламаяпти?

— Чунки вазият жуда мураккаб. Ҳам минтақавий, ҳам глобал даражадаги ўйинчилар бор бунда. Шунинг учун ягона тўғри йўл – музокаралар, тинч воситалар. 2020 йилда АҚШ иштироки билан араб давлатлари ва Исроил ўртасида келишув ҳам бўлганди шу доирада.

— Дейлик, Саудия ва БАА каби давлатларнинг ҲАМАСга муносабати бу ташкилотнинг, айтайлик, Эрон билан ҳамкорлик қилишига боғлиқми? Минтақавий ва глобал ўйинчиларга кенгроқ қарасак.

— ҲАМАС Фаластиндаги 2006 йилги сайловларда эътироф этилган. Фаластиндаги сиёсий кучлар ўртасида бирлик йўқ, энг катта муаммо ҳам шунда. Фаластин Озодлик ташкилоти бор, уни Ёсир Арофат бошқарар эди, кейинчалик бу майдонга ҲАМАС ҳам кириб келди. Саудия 1987 йилдан ҲАМАС билан ҳамкорлик қилишни бошлади ва асосан моддий ёрдам берган. Саудия Фаластин аҳолисини озиқ-овқат ва дори-дармонлар билан таъминлаш учун катта маблағ ажратган. 2001 йилгача ҲАМАС жуда эркин ҳаракат қилган, 1999 йилда Саудия томонидан 200 млн доллар ажратилган эди ҲАМАСни қўллаш учун. Ислом тараққиёти банки орқали фонд ҳам ташкил қилинганди. Умуман, Фаластинга ёрдамлар халқаро ташкилотлар доирасида бўляпти.

— Нега ҳозир Саудия ташкилотдан масофа сақлагандек бўляпти?

— Саудия ёрдам ҳам беряпти. 2007 йил Маккада Фаластин, Сурия, Саудия вакиллари қасамёд қилишган эди. Эрон расмийлари ҳам бор эди. Ўшанда Фаластиндан ҲАМАС ва Фаластин Озодлик ташкилоти раҳбарлари қатнашган ва Фаластин учун Маккада қасамёд қилишган эди.

Ҳозирги ҳолат узоқлашиш эмас, вазият мураккаблиги деб изоҳланади. Лекин инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш доимгидай юқори даражада бўляпти.

— Миср ҳақида ҳам гаплашсак.

— Миср давлати Исроил ва араб давлатлари можаросида доим фаол қатнашган. 1967 йилги урушда ҳудудининг бир қисмини бой бериб, 1973 йилги жангларда қисман қайтариб олди. Шундан сўнг кўпроқ дипломатик йўл билан мулоқот қилишга ҳаракат қилади. 1977 йилги келишувда барча ерларини қайтариб олади. Мисрнинг Исроил билан дипломатик алоқалари туфайли бошқа араб давлатларидан фарқли равишда позицияси бошқачароқ бўлади.

Умуман, Миср ҳар томонлама араб давлатлари ичида етакчилардан. Бундан ташқари, Миср Фаластин ва Исроилга жуда яқин жойлашган. 2014 йилги Яқин Шарқ воқеаларидан сўнг Миср бу масалаларга, хусусан, Фаластин муаммосига катта эътибор қаратяпти. Европа давлатлари бу масалаларда музокаралар олиб боришда Миср дипломатиясига таянади. Ҳозир ҳам Исроил-Фаластин ўртасидаги асосий музокараларни Миср томони олиб боряпти. Ҳатто ҳозирги конфликт ҳақида Миср томони олдиндан огоҳлантирган эди, деган хабарлар ҳам тарқаяпти. Ғазо сектори орқали Мисрга ҳам контрабанда маҳсулотлари, қурол, гиёҳванд моддалар, террорчилар кириб келиши мумкин, Сурия орқали ўтган шундай канал мавжуд, шунинг учун Миср бу масалаларга катта эътибор қаратади.

— Исроил-Фаластин урушларидан сўнг доим Исроил маълум ҳудудни ўзига қўшиб олган. Бу галги урушдан сўнг вайрон бўлган Ғазо секторининг кейинги тақдири қандай бўлади?

— 2021 йилги охирги тўқнашувлардан сўнг Қоҳирада Миср, Иордания, Фаластин раҳбарлари ўртасида уч томонлама учрашув бўлиб, Ғазо секторини қайта тиклаш масалалари кўрилади. Қайта тиклаш ишларига мисрликлар 500 млн доллар ёрдам кўрсатишни айтган эди. Бу ишлар тўхтаб қолмайди, у ерда 2,4 млн аҳоли яшайди. Мисрнинг Синай яриморолида қочоқларни жойлаштириш масаласи ҳам кўтарилди, лекин бу нарса рад этилди.

Миср 1967 йил июн ойигача бўлган чегаралари бўйича Фаластин муаммосини ҳал қилишни ёқлаб чиқяпти. Араб давлатлари уюшмасидан ташқари, Ислом ҳамкорлик ташкилоти бор. Бу ташкилот тузилганида асосий мақсади Фаластин масаласини ечиш бўлган. Миср томони БМТда, Араб давлатлари уюшмасида ва Ислом ҳамкорлик ташкилотида доим Фаластин масаласини кўтариб чиқяпти.

Нормуҳаммад Али Абдураҳмонов суҳбатлашди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг