Иқлим ўзгаришидан қийналган давлатларга 420 миллион
Иқлим саммитининг илк кунини COP28 президенти Султон Ал-Жобир кўпчиликка маъқул келадиган таклиф билан бошлади. У иштирокчилардан иқлим ўзгариши сабаб азият чекаётган мамлакатлар учун 420 миллион доллар ажратишни сўради.
«Бу миқдор иқлим саммити учун мисли кўрилмаган қадам ва жуда яхши бошланиш бўлди», – деди у.
Шунингдек, Султон Ал-Жобир мамлакатларни ҳавога ташланадиган чиқиндини жиддий миқдорда қисқартириш, қайта тикланадиган энергия манбаларини 3 баравар ва энергия самарадорлигини 2 баравар ошириш учун биргаликда ишлашга ваъда беришга даъват қилди.
Бироқ БМТнинг бу йилги саммити президенти сифатида Султон Ал-Жобир танлангани айрим давлат фаолларига ёқмади. Бунга сабаб унинг БААдаги йирик нефт компаниялардан бирига раҳбарлик қилиши бўлди. Яъни Султон ал-Жобир Абу-Даби Миллий нефт компанияси раиси бўлиб, компания 2021 йилда кунига 2,7 миллион баррел нефт ишлаб чиқарган. 2027 йилга бориб бу кўрсаткични икки баравар оширишни режалаштирган. Агар иқлим ўзгаришининг энг асосий сабаби нефт экани ҳисобга олинса, танқидлар ўринли.
«Иқлим ўзгариши марказида қазиб олинаётган ёнилғилар туради. Шунинг учун саноатни ичдан ўзгартириш керак. БАА тикланадиган энергия компанияси Масдарнинг бошқарувчиси сифатида, COP28ʼдаги раҳбарлигим аниқ саъй-ҳаракатларни олдинга қўйишимизга сабаб бўлади», – деган гаплари билан ўзини оқлаган бўлди у.
Бироқ АҚШ ва Европа Иттифоқидан 130 дан ортиқ ҳуқуқшунослар Султон ал-Жобирнинг президентликдан четлаштирилишини сўрашган.
«Инсоният Ер устида қўрқинчли тажриба ўтказяпти»
Британия қироли Чарлз дунё ҳамон иқлим ўзгаришига қарши курашдан «даҳшатли узоқда» эканини айтиб, агар иқлим тезроқ яхшиланмаса, глобал иқтисодиёт хавф остида қолишига сабаб бўлишини таъкидлади.
«Биз ташвишли даражага етиб бораётганимизни кўриб турибмиз. Одамлар Ер сайёраси устида қўрқинчли тажриба ўтказмоқда ва табиат дунёсини мувозанат меъёрлари ва чегаралардан ташқарига олиб чиқяпти», – деди у.
Шунингдек, у глобал миқёсда иқлим ўзгаришининг таъсирини Ҳиндистон, Покистондаги сув тошқини ва АҚШ, Канада, Грециядаги кучли ўрмон ёнғинларидан билиш мумкинлигини қўшимча қилди.
«Чоралар одамлар харажатига таъсир қилмаслиги керак»
Буюк Британия бош вазири Риши Сунак саммитдаги нутқида иқлим ўзгариши бўйича ечимлар таклиф қилинаётганда, одамларнинг иқтисодий аҳволига таъсир қилмайдиган бўлиши кераклигини сўради.
Унинг таъкидлашича, иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича олиб борилаётган мунозараларни яхши деб бўлмайди, томонлар қутбларга ажралган ва бу Британия учун қувонарли эмас.
«Иқлим ўзгариши бўйича ҳаракатсизлик харажатлари тоқат қилиб бўлмайдиган миқдорга етган. Шунинг учун биз истеъмолчи харажатларини оширмасдан прагматик тарзда ҳаракат қиламиз», – деди у.
Саммит куни Британия ҳукумати яхшилик бўйича молиялаштириладиган лойиҳаларга 1 млрд 127 млн доллар ажратишини эълон қилди.
Камбағал мамлакат қарзларидан кечиш
Рим папаси Франциск ўз баёнотида сайёрани қутқариш учун кўмир, нефт ва газни тўхтатиш ва турмуш тарзини ўзгартиришга чақирди.
У, шунингдек, давлатлардан иқлим ўзгариши сабаб жабр кўрган камбағал мамлакатларнинг қарзларидан кечишни сўради.
«Энг кўп углерод чиқарадиган мамлакатлар қазиб олинадиган ёнилғидан ҳаддан ташқари кўп фойдалангани учун камбағал давлатлар молиявий қарзларидан кечиб юборишлари адолатдан бўлади», – деди у.
Рим папаси баёнотида экологик ва иқлим инқирозлари учун айбни камбағаллар ва юқори туғилиш кўрсаткичларига эга давлатларга тўнкаш хато эканини айтди.
Соғлиги туфайли тадбирда қатнашолмаган 86 ёшли папа нутқини Ватикан Давлат котиби Кардинал Паролин ўқиб эшиттирди.
АҚШдан 3 миллиард доллар
АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис 2 декабр куни COP28 саммитида сўзга чиқди. У нутқида дунёдаги энг йирик нефт ва газ ишлаб чиқарувчилардан бири сифатида АҚШнинг эмиссияларни қисқартириш ва қайта тикланадиган энергиядан фойдаланиш бўйича бир неча ташаббусни санади.
«Икки йил олдин президент Жо Байден CОП26ʼда саммит саҳнасида туриб, Америка Қўшма Штатлари яна иқлим инқирозига қарши курашда глобал лидер бўлишини айтганди. Ҳа, биз бунга ҳаракат қиляпмиз, ўшандан бери Қўшма Штатлар ваъдаларини ҳаракатга айлантирд», – деди Ҳаррис.
У, шунингдек, ривожланаётган мамлакатларга глобал исишга қарши курашда ёрдам берадиган Яшил иқлим жамғармасига 3 миллиард доллар ажратишни эълон қилди.
Бразилия ва ОПЕК+
Бразилия президенти Луиз Инасиу Лула да Силва Бразилия нефт қазиб олувчи 23 давлатдан иборат ОПЕК+ гуруҳига қўшилиш арафасида эканини маълум қилди.
«Менимча, ОПЕК+ да иштирок этиш Бразилия учун муҳим. Чунки биз нефт ишлаб чиқарувчи мамлакатларни қазиб олинадиган ёқилғиларни тугатишга тайёр туришига руҳлантиришимиз керак. Бу – Африка ва Лотин Америкаси каби қитъалар ўзлари сарфлайдиган миқдорда қайта тикланадиган ёқилғиларни ишлаб чиқариши учун маблағ ажратишларини англатади», – деди у.
Маълумот учун, Бразилия Жанубий Америкадаги энг йирик нефт ишлаб чиқарувчи бўлиб, кунига 4,6 миллион баррел нефт ва газ ишлаб чиқаради.
3 кунлик саммит натижалари
Саммитнинг ўтган 3 кунида 100 га яқин давлат 2030 йилга бориб қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни уч баравар оширишга ваъда берди. Таҳлилчилар фикрича, бу 2050 йилгача қазиб олинадиган ёқилғидан бутунлай воз кечишга ёрдам бериши мумкин.
Шу билан бирга 50 та нефт ва газ компанияси 2050 йилгача сайёрани иситувчи газлар чиқаришни тўхтатишга ваъда берди.
Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси Тараққиёт банки (CAF) эса Лотин Америкасига иқлим ўзгаришига қарши курашиш учун 2030 йилгача жами 15 миллиард долларлик, ҳар йили 2 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритишини эълон қилди. Пуллар инфратузилмани яхшилаш, сув таъминоти, эрозияга қарши кураш ва қирғоқларни ҳимоя қилиш каби бошқа лойиҳаларга сарфланади.
Маълумот учун, 30 ноябрда Дубайда бошланган COP28 12 декабргача давом этади. Унда 140 дан ортиқ давлатдан 70 мингдан зиёд вакиллар қатнашяпти.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг