00:39 / 29.12.2023
508

Қора денгиздаги уруш: Украина Россия флотига қарши қандай курашмоқда ва буёғига нима бўлади?

Қора денгиздаги уруш: Украина Россия флотига қарши қандай курашмоқда ва буёғига нима бўлади?
«Москва» крейсери Россия Қора денгиз флоти флагмани эди. Украинларнинг «Нептун» ракетаси зарбасидан чўкиб кетмагунича

РФ Қора денгиз флоти қўмондонлиги Украина билан кенг кўламли урушга десант бўлинмалари тушириш, Одесса портига рейдлар уюштириш, соҳил бўйлаб амалиётлар ўтказиш ва юриш қилаётган қўшинлар қаноти ҳимоясини таъминлашни режалаштирган ҳолда кирганди. BBC Украина ҳарбий шарҳловчиси Кирилл Данилченко Қора денгиз ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатлар ривожини таҳлил қилди.

Бунинг учун Болиқ ва Шимолий флотлардан тўртта йирик десант кема, шунингдек Каспий ва Болтиқ денгизидан денгиз пиёдалари баталёнлари қўшимча кучлар сифатида олиб келинганди.

Аммо Украина — ўз авиацияси, ОТРК (оператив-тактик ракета комплекслари), оғир реактив тизимлари ва масофадан миналаштириш имкониятларига эга бўлган мамлакат эди.

Шу туфайли русларни украинларга қарши енгил саёҳат кутмаётганди.

Россияликлар илк кунларда Одессани артиллериядан ўққа тутиб, украин соҳилларида радиолокация воситалари билан навбатчилик қилиб, «Калибр» ракеталари учириб, тезда Бердянск портини эгаллаб ва Украина ҳарбий-денгиз кучларининг Очаковдаги оператив марказига қанотли ракеталар билан оғир зарбалар йўллаш (ўшанда украин ҳарбийларининг жасадлари ғаввослар томонидан олиб чиқилганди) орқали дадил ҳаракат қилганди.

Аммо ғалабадан сармастлик узоқ давом этмади. Ва Украинанинг амалда ўз флоти йўқлигига қарамай шундай бўлди.

Россия флотининг йўқотишлари

Россия Қора денгиз флоти нималарни бошдан кечирди?

«Саратов» йирик десант кемаси урушнинг дастлабки даврида Бердянскда йўқ қилинганди, Россия буни бир йил ўтиб тан олди
  • Денгизда экипажсиз дронлар ҳужуми. Масалан, Новороссийскка қилинган рейд вақтида «Оленегорский горняк» йирик десант кемаси (Шимолий флотдан олиб келинган кема)га жиддий шикаст етказилди.
  • Бердянскдаги бошқа йирик десант кемаларга «Точка-У» ракеталари билан зарбалар: «Саратов»да ёнғиндан кейин детонация келиб чиқиши юк тушириш қисмини қўпориб ташлади ҳамда кеманинг ўзи денгиз тубига чўкиб кетди, «Цезар Куников» эса шу қадар шикастланишга учрадики, уни бир йил давомида таъмирлашга тўғри келди.
  • РФ Қора денгиз флотининг Севастополдаги қароргоҳига аввалига дронлар билан зарба берилди, кейин эса бу ерга — қанотли ракеталар «учиб келди».
  • Асосий базадаги йирик нефт омбори йўқ қилинди.
  • Кемалар очиқ денгизда миналарга тушиб портлади ва Севастополга рейдлар уюштирилди.
  • Бортида «Тор» зенит-ракета комплекси бўлган «Спасател Василий Бех» шатакчи кемаси (буксир) Harpoon ракетаси билан йўқ қилинди.
  • Энг машҳур эпизод: флот флагмани бўлган «Москва» крейсерига украинларнинг «Нептун» русумли кемаларга қарши ракетаси билан зарба берилиши оқибатида кучли ёнғин юзага келди ва кема чўкиб кетди. «Авиаташувчилар қотили» ва «НАТО учун таҳдид» деб аталган кема классик ракета қурбонига айланди.
  • «Калибр» ракеталари олиб юрадиган сувости кемаси ҳамда Севастопол портидаги кема таъмирлаш заводида турган «Минск» десант кемаси ҳам зарбага учради. «Минск» амалда бутунлай сафдан чиқди — агар у таъмирланса ҳам бунга бир неча йил кетиши мумкин.
  • Ракета кемаларга ҳам зарбалар берилди: Керчдаги «Залив» заводи причалида турган «Асколд» кичик ракета кемаси ҳамда «Великий Устюг» ракета ташувчиси ишдан чиқарилди.
  • 2023 йил 26 декабрга ўтар кечаси эса украин армияси ракета зарбаси билан Феодосия портида турган «Новочеркасск» йирик десант кемасини чўктириб юборди.
  • Катерлар ҳам ҳужумлардан четда қолмади: «Тор» тизимини ташишда ва экипажсиз дронларга қарши сузиб юрувчи ўт очиш нуқтаси фойдаланилган «Раптори» ва «Серни» катерлари чўкиб кетди.

Қримдаги Саки аэродромига ҳужум оқибатида эса «Нептун» ракеталари билан Су-24 русумли олтита бомбардимончи ва Су-30 русумли тўртта қирувчи самолётга зарба берилди.

Украинлар авиацияси Қора денгиз устида ҳам самолётларни уриб туширди: соҳил яқинига мина жойлаштириш билан машғул бўлган Су-24 чўкиб кетди, Миколайив яқинида Россия денгиз авиациясининг Су-30СМ самолёти уриб туширилди, унинг учувчиси асир олинди. Шунингдек, Одесса яқинида Су-34 уриб туширилди. 2023 йилнинг 22 ва 24 декабр кунларида эса, Украина қуролли кучлари берган баёнотга кўра, жанубий йўналишда россияликларнинг бешта самолёти уриб туширилган: тўртта Су-34 ва битта Су-30.

2023 йил апрелида Севастополдаги нефт базасида рўй берган йирик ёнғин

Флот хавфсизроқ жойга кўчирилиши

Барчаси шунга олиб келдики, РФ Қора денгиз флоти ўз хавфсизлиги учун мунтазам равишда Севастопол атрофидаги денгиз сувларида мина бор-йўқлигини текшириб чиқиб, Новороссийскдаги базага кўчиб ўтишга қарор қилди.

Яъни штаб бўйлаб зарбалар, рейдлар чоғидаги дронлар ҳужумлари, қуруқликдаги доклар ва причалларда турган кемаларга зарбалардан кейин россиялик денгизчилар кемалар жисмонан тугаб битиши мумкинлигини англаб етишди.

Ҳатто товуш тезлигида учмайдиган кемаларга қарши ракеталар ва самолётлардан учириладиган қанотли ракеталарга қарши туриш ҳам ўта мураккаб вазифа бўлиб чиқди.

Украинлар сув остида ҳаракатланувчи дронларни жангга ташлади ва улар мина қўйиш имкониятига ҳам эга бўлди.

Қора денгиздаги уруш яна бир бор кўрсатдики, шхерлар (денгизлардаги майда оролчалар ёки денгиз қоялари), ороллар ва бухталарсиз ҳарбий ҳаракатлар театрида флотни шунчаки кишанлаб қўйиш осон.

Украинларнинг денгиз дронлари Россия флоти учун жиддий таҳдидга айланди

Биринчи жаҳон уруши вақтида у қадар кучли бўлмаган турк флоти ва немисларнинг оғир крейсери SMS Goeben Россия ғалла савдосини блоклаб қўйиб, Севастопол ва Миколайив бўйлаб зарбалар йўллаганди. Немислар ва туркларнинг Қора денгиздаги кучларидан бир неча баробар устун бўлган Россия эскадраси бир неча йил давомида очиқ денгизда тузоққа тушди.

Иккинчи жаҳон уруши вақтида немислар баржалар, торпедали катерлар ва бир неча сув ости бомбардимончилари ва торпеда отувчилари эскадрилиясини Қора денгиз бўйи ва Азов денгизи бўйига олиб келган, шунинг ўзи советларнинг Қора денгиздаги флоти 32 қайиқ, крейсер ва 11 эсминецдан айрилиши учун етарли бўлганди.

Немислар Қора денгиз флотининг ўша вақтдаги флагмани, «Севастопол» линкорини аввалига Новороссийскка, кейин Потига чекинишга мажбур қилган, бу портларда у шунчаки сузувчи зенит батареяга айланганди.

Блокада

Шу билан бирга, ҳозирги Қора денгиз флоти, барча йўқотишларига ва Новороссийскка қисман кўчиб ўтганига (бу ерда россияликлар ўз «Калибр»ларини ракета ташувчиларига юклаши қийин) қарамай, ҳамон жиддий рақиб бўлиб қолмоқда.

Ва бу ерда гап россияликларда қанотли ракеталарни ташувчилар етарлича экани, учта сувости кемаси борлиги ва кичик ракета кемаларини каналлар ва дарёлар орқали олиб ўтиш имконияти мавжудлигида ҳам эмас — уларда юқори аниқликдаги қуроллар захираси ҳамон катталигича қолмоқда.

Ва Қора денгизда руслар бир неча ҳафта навбатчилик қилмаган ҳолатда ҳам Россия ўз гуруҳини қисқа муддатда жойлаштира олади.

Афтидан, Harpoon ва «Нептун» ракеталари Россиянинг десант ташлаш эҳтимолини истисно қилган. Аммо Украина учун денгиздаги асосий муаммо блокада бўлиб қолмоқда.

Украиналик ҳарбийлар кемалардан ташқари аҳамияти каттароқ бўлган нишонга - флотнинг Севастопол марказидаги штабига ҳам ракета зарбалари йўллаган. Фото: TASS

2021 йилда биргина Черноморск портининг ўзи мингта кемани қабул қилган. Болшая Одесса (Одесса, Черноморск, Южний портлари) бир неча минг юк кемалари ва танкерларни қабул қилган. Ҳозир эса Украинанинг вақтинча йўлагидан фақат икки юз кема ўтиши мумкин.

Днипро орқали дарё логистикаси эса ҳарбий ҳаракатлар туфайли кейинги авлодлар учун ҳам имконсиз бўлиб қолди — миллионлаб инвестициялар ва минглаб одамлар иш ўрни йўқотилди.

Ғалла экспорти ҳажми 30 фоизга, металлар экспорти ҳажми 45 фоизга камайди — бу сезиларли миқдор, бу миллиардлаб доллар дегани.

Вақтинча йўлак нархларни тоннасига 60 доллардан 40 долларга туширишга эришган бўлса-да, суғурта рисклари ва кема эгаларининг мижозларга жарималари туфайли украин портлари орқали денгиз логистикаси анча қимматлигича қолмоқда.

Қолаверса, чинакамига ҳарбий таҳдид сақланиб қолмоқда: миналар қўйилиши, ракеталар учиб келиши, россияликларнинг денгиз авиацияси фаолияти, десант ва диверсияга қарши чоралар. Булар Украина курашиши керак бўлган нарсалар.

Айнан шунинг учун Туркия, Болгария ва Руминия миналардан тозалаш бўйича меморандум имзолаган. Айнан шунинг учун келгусида Украинага кемалар — мина тозаловчилар, патрул катерлари ва эҳтимол, корветлар ҳам берилади.

Вақтинчалик йўлакни кенгайтириш, Измайил ва бошқа дарё портлари орқали юк ташиш, руслар очиқ денгизда вертолётлар ва ҳарбий кемалар орқали савдо кемаларини тўхтатиши ва текширув ўтказишини имконсиз қилиш керак бўлади.

Иқтисодиёти хом ашё сотиш, технология ва машинасозлик импортига жиддий қарам бўлган Украина ўз денгиз дарвозаларини назорат қилиши талаб этилади.

26 декабрга ўтар кечаси «Новочеркасск» йирик десант кемаси украинлар зарбаларининг навбатдаги қурбони бўлди — уни Феодосия портида турганида ракеталар билан яксон этишди. Фото: TASS

Бунга эришишга эса ҳали узоқ ва россияликлар минтақадаги кемачилик учун жиддий хавф туғдирмоқда. Аммо Севастополдан эвакуация ва денгизда фаол патрулликдан воз кечилиши — Москванинг Қора денгизда муаммолари борлигининг илк белгиларидир.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё