22:47 / 05.01.2024
251

Эрон тарихидаги энг йирик теракт. Бу Яқин Шарққа қандай таъсир кўрсатади?

Эрон тарихидаги энг йирик теракт. Бу Яқин Шарққа қандай таъсир кўрсатади?
Фото: WANA/GETTY IMAGES

3 январ куни Эроннинг Кирмон шаҳрида Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг марҳум генерали Қосим Сулаймоний дафн этилган жойда иккита портлаш содир бўлди. Унинг натижасида камида 84 киши ҳалок бўлиб, 200 дан ортиқ киши жароҳат олган — экспертлар ҳодисани Ислом республикаси тарихидаги энг йирик теракт деб баҳоламоқда. Бу теракт Яқин Шарқда шусиз ҳам нохуш бўлган муҳитни янада ёмонлаштириши ва ҳатто минтақавий можарога сабаб бўлиши мумкин.

«Медуза» нашри айни вақтга келиб Кирмондаги портлашлар тўғрисида нималар маълумлиги ва генерал Сулаймоний нега Эрон учун АҚШ билан кураш рамзига айланган муҳим фигура экани, Теҳрондаги расмийлар ҳамда ғарб нашрларининг манбалари ҳодисанинг қандай версияларини илгари сураётганини келтириб ўтди.

3 январ куни Эронда генерал Қосим Сулаймоний ўлдирилганининг тўрт йиллиги билан ўтказилган хотира маросими вақтида икки бор портлаш рўй берди. IRNA давлат ахборот агентлиги маълумотига кўра, биринчи портлаш Сулаймоний дафн этилган жойдан 700 метр масофада, иккинчиси — тахминан 15 дақиқа ўтиб, мақбарадан бир километр узоқликда рўй берган. Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, иккинчи портлаш нишони қабристондан қочиб чиққан одамлар бўлган.

Аввалига Эрон давлат нашрлари теракт оқибатида 103 киши ҳалок бўлганини ёзганди. Аммо кейинги куни расмийлар  бошқа рақамларни келтирди — мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Баҳром Эйноллоҳийнинг изоҳлашича, қурбонлар рўйхатида айрим номлар такроран ёзилган.

CNN ва BBC маълумотларига кўра, портлаш оқибатида камида 84 киши ҳалок бўлган. Яна 200 дан ортиқ киши (турли манбаларга кўра, 211 дан 284 нафаргача) ҳужум вақтида жароҳатланган — шу билан бирга, эронлик мулозимларга кўра, ярадорларнинг кўпчилик қисми оғир аҳволда ва қурбонлар сони ортиши мумкин.

Эрон давлат телевидениесида намойиш этилган кадрларда портлаш вақтида кўплаб одамлар хотирлаш маросимида иштирок этаётганини кўриш мумкин — улар Сулаймоний тасвирланган транспарантлар осилган йўл бўйлаб ҳаракатланишган. Генерал ўзи туғилиб ўсган Кирмон шаҳрида, Эронда шаҳидлар деб ҳисобланувчи яна 1024 киши билан биргаликда Гулзор Шоҳад қабристонига дафн этилган — бу жой АҚШ ва Ғарбга қарши «Қаршилик ўқи» тарафдорлари учун зиёрат қилинадиган манзилгоҳга айланган, дея ёзади The Guardian.

Ислом инқилоби муҳофизлари корпусига алоқадор саналадиган Tasnim ахборот агентлиги ўз манбасига таяниб, «бомбалар жойлаштирилган иккита сумка», катта эҳтимол билан «масофадан бошқарилган ҳолда портлатилгани» ҳақида ёзди. Аммко Кирмон провинцияси губернатори кейинроқ расмийлар бомбалар масофадан туриб ёки худкуш террорчилар иштирокида портлатилгани борасида аниқ маълумотга эга эмаслигини айтди. The Guardian нашри портлашларни «Мамлакатда 1979 йилги Эрон инқилобидан кейинги даврда рўй берган энг ажалвор террорчилик ҳодисаси» деб атади.

Генерал Сулаймоний мамлакатда оятуллоҳдан кейинги энг нуфузли шахс саналган. Уни Трамп буйруғига кўра ўлдиришган (АҚШнинг олдинги президентлари бунга журъат қилмаганди)

2020 йил 3 январ куни америкаликлар дрони генерал Сулаймоний, шунингдек «Катаиб Ҳизбуллоҳ»нинг (Ироқдаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган шиалар гуруҳи) бир неча юқори мартабали қўмондонлари кетаётган автомобиллар карвонига зарба берганди. Кўп ўтмай Доналд Трамп твиттер саҳифасида ҳеч қандай изоҳсиз Америка байроғи тасвирини жойлаштиради. Бир неча дақиқадан кейин эса Эрон расмий шахсларининг аккаунтларида Эрон байроғи тасвири ва қасос олиш бўйича ваъдалар пайдо бўлади. Кейин эса Қосим Сулаймонийнинг ўлими расман тасдиқланади.

Можаро тарихи

Генерал Сулаймонийнинг ўлимига олиб келган можаро 2020 йил 27 декабрида Ироқнинг Киркук шаҳри яқинидаги Америка ҳарбий базасига ўттиздан ортиқ ракета учирилиши туфайли бошланганди. Ҳужум оқибатида америкалик пудратчи тадбиркор ҳалок бўлиб, АҚШ ва Ироқнинг бир неча фуқаролари яраланганди. Америка ҳукумати ҳужумда «Катаиб Ҳизбуллоҳ»ни айблаган.

29 декабр куни АҚШ «Катаиб Ҳизбуллоҳ»нинг Ироқ ва Сурия ҳудудларидаги позицияларини бомбардимон қилиш билан жавоб қайтарган, бунинг оқибатида 24 киши ҳалок бўлган. Икки кун ўтиб, 31 декабрда гуруҳ тарафдорлари Бағдодда Америка элчихонаси томон марш уюштирган, натижада шаҳарнинг энг яхши қўриқланувчи, «Яшил ҳудуд» ҳудуд номли қисмида жойлашганига қарамай элчихона фаолиятини тўхтатиб туришга мажбур бўлган. Намойишчилар бинога шиалар байроқларини илишган ва деворларга Америкага қарши шиорларни ёзишган. Доналд Трамп элчихонага ҳужум учун Эронни айблаган.

3 январ кунги ҳодисадан кейин эса Трамп ушбу генерал минглаб америкаликлар, шунингдек «миллионлаб» одамлар, жумладан эронликлар ҳалок бўлиши ва яраланиши учун масъуллигини билдирган. «Уни кўп йиллар олдинроқ йўқ қилиш керак эди», — деб ёзган АҚШ президенти ва Сулаймонийдан ватанида ҳам нафратланишларини қўшимча қилган.

Генерал Қосим Сулаймоний Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг хорижда разведка ва қуролли амалиётлар ўтказиш билан шуғулланувчи бўлинмаси ҳисобланган «Ал-Қудс»га қўмондонлик қилган. У 1957 йилда туғилган ва Эронда 1979 йилги ислом инқилоби ғалабасидан кейин ҳарбий соҳадан кетган. Кўп вақт ўтмай Эрон ва қўшни Ироқ ўртасида уруш бошланади, унда Сулаймоний отрядга бошчилик қилиб, ўзини моҳир тактик ва жасур қўмондон сифатида намойиш этади. Урушдан кейин эса у Афғонистон билан чегарада гиёҳвандлик моддалар ўтказилишига қарши курашади.

1990-йиллар охирида у «Ал-Қудс» қўмондонига айланиб, 2001 йил 11 сентябр воқеаларидан кейин Американинг Афғонистонга босқини бошланганининг илк ойларида АҚШга ушбу мамлакатда нишонларни белгилашда ёрдам кўрсатади (шиа мазҳабига эътиқод қилувчи Эрон ва Афғонистонда ҳукмронлик қилувчи суннийлар ҳаракати бўлмиш «Толибон» ўзаро уруш ҳолатида эди). Аммо кейинроқ Америка-Эрон муносабатлари кескин ёмонлашади ва АҚШ Давлат департаменти Ироқда Саддам Ҳусайн режимини ағдариш чоғида бир неча юз америкалик аскарлар ҳалок бўлишида Сулаймонийни айбдор деб топади.

Сулаймоний Эронда жуда катта таъсир доирасига эга эди. 1999 йилдаёқ у ўша вақтдаги президент Муҳаммад Хотамийдан мухолифатчиларнинг чиқишларини шафқатсизлик билан бостиришни талаб қилиб, акс ҳолда ҳарбийлар ҳокимиятни ўз қўлига олишига ишора қилган зобитлар сафида бўлган. Сулаймоний Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Хоминаийга яқин бўлган, 2016 йилда консерваторларнинг президентликка эҳтимолий номзодларидан бири сифатида кўрилган. Кўплар генерални Эронда Хоминаийдан кейинги иккинчи шахс сифатида билади, у амалда ҳам ўшанда президентликка сайланган Ҳасан Руҳонийдан кўра каттароқ нуфузга эга эди. Айнан Сулаймонийнинг саъй-ҳаракатлари туфайли Эрон минтақадаги таъсир доирасини бу қадар оширишга эришди, деб ёзади The Guardian.

АҚШнинг ҳозирги президенти Жо Байден Сулаймоний ўлдирилганида америкаликлардан ҳеч ким генералга аза тутмаслиги, аммо Трамп «порохли бочкага динамит ташлаб юборгани»ни айтганди. Америка нашрлари ёзишича, Трампдан олдинги президентлар Барак Обама ва кичик Жорж Буш Эрон билан уруш келиб чиқмаслиги учун Сулаймонийни йўқ қилишга журъат эта олмаганди. Ўшанда Эрон олий раҳнамоси Хоминаий Сулаймоний вафоти муносабати билан тутилажак уч кунлик мотамдан кейин АҚШга ва генералнинг ўлимига алоқадор бўлганларга «қақшатқич зарба» берилишини эълон қилганди. Аммо бу якунда бу воқеа глобал можарога олиб келмайди.

Эрон расмийлари портлашларда Исроилни айблади. Кейин эса ҳужум учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олди

Эроннинг янги ички ишлар вазири Аҳмад Воҳидий муайян кучларни айблашдан тийилди ва портлашларни «фитна» деб аташ билан чекланди. «Бешафқат жиноятчилар шу палладан бошлаб уларга қарши қатъий кураш олиб борилиши ва шубҳасиз қаттиқ жавоб бўлишини билиши керак», — деди Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Хоминаий. The New York Times манбасига кўра, оятуллоҳ ҳарбий қўмондонларга «стратегик сабр» намойиш этиш ва мамлакатни АҚШ билан тўғридан тўғри қуролли тўқнашувга тортмасликни буюрган.

Аммо бошқа эронлик мулозимлар эса нисбатан аниқроқ гапирган: мамлакат президенти Иброҳим Раисий телемурожаатида портлашларда Исроилни айблаган ва бу ҳодиса ушбу мамлакатга «қимматга тушиши»ни айтган. Парламент спикери ўринбосари Мужтабо Золнурий ҳодисани «сионистик режим акти» деб атаган ва қасос олинишига ваъда берган. Эрон соғлиқни сақлаш вазирлигининг собиқ расмийси Киануш Жаҳонпур «бу жиноятга жавоб фақат Тел-Авив ва Ҳайфада берилиши лозимлиги»ни ёзган. Президент Раисийнинг маслаҳатчиси Муҳаммад Жамшидий ҳам Кирмондаги портлашлар учун жавобгарликни Исроил ва АҚШ зиммасига юклади.

Портлашлардан кейин мамлакатнинг кўплаб шаҳарларида одамлар кўчаларга чиқиб, Америка ва Исроилга қарши шиорларни айтишди.

Яқин Шарқда янги уруш бошлангач, Эрон ва Исроил ўртасидаги кескинлик кучайганди

2023 йил октябр ойи бошида The Wall Street Journal газетаси ўз манбасига асосланган ҳолда Эрон махсус хизматлари Исроилга ҳужум қилишни режалаштиришда ҲАМАСга ёрдам кўрсатгани ҳақида ёзганди. Теҳрон буни рад этган. Лекин кейинроқ The New York Times нашри Америка разведкасига асосланиб ёзишича, Эрон раҳбарияти вакиллари ҲАМАСнинг режасидан олдиндан хабардор бўлмаган. 

25 декабр куни исроилликларнинг Сурия бўйлаб авиазарбаси оқибатида Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг юқори мартабали қўмондонларидан бири Сайид Ризо Мусавий ҳалок бўлди, шундан кейин расмий Теҳрон Исроил албатта ўз ҳаракатлари «хунини тўлаши» билан таҳдид қилди. Бундан ташқари, Исроил ракета ва дронлар орқали Яманда Эрон томонидан қўллаб-қувватланувчи исёнчи ҳусийларга ҳужум уюштирди. Ҳусийлар ҳам Қизил денгиздаги тижорат кемаларига ҳужум қилиб келмоқда — ва «Исроил Ғазога инсонпарварлик ёрдами ўтказилишига рухсат бермагунича» тўхтамасликка ваъда берган. АҚШ ва Буюк Британия аввалроқ Эрондан исёнчиларга мадад кўрсатишни бас қилишни талаб қилганди.

29 декабр куни Al Arabiya Исроил Сурия пойтахти Дамашқ шаҳридаги халқаро аэропортга авиазарба йўллагани ҳақида ёзди — телеканал манбаси маълумотига кўра, бунинг оқибатида Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг 11 вакили ҳалок бўлган. Корпусдагилар ўз аъзолари ўлимини тасдиқламаган.

Давлат департаментидагилар Исрои терактга алоқадорлигини гумон қилиш учун АҚШда асослар йўқлигини маълум қилди. The Wall Street Journal нашри манбаси буни тасдиқлади: Исроил ўз иттифоқчиларига мамлакат махсус хизматлари Эроннинг Кирмон шаҳридаги воқеаларга алоқадор эмаслигини маълум қилган. Бундан ташқари, газета суҳбатдошлари портлашлар хусусиятига кўра исроилликларнинг бунгача Эрон хавфсизлик кучлари билан боғлиқ алоҳида шахслар ёки инфратузилмаларга уюштирган ҳужумлари схемасига мос келмаслигини билдирган.

Ғарб нашрлари бу ИШИД ҳужуми экани ҳақида ёзиб чиқишди. The New York Times суҳбатдоши «айрим разведка маълумотлари» ИШИД Кирмондаги портлашларга алоқадорлигини кўрсатаётгани ҳақида айтган. Кейинроқ CNN ҳам Оқ уйдаги номи сир сақланишини сўраган мулозимга асосланиб шундай маълумот тарқатди. «Ўйлайманки, бу чиндан ҳам биз аввал кўп гувоҳ бўлганимиз каби ИШИД томонидан уюштирилган террорчилик ҳужумига ўхшамоқда. Ва мен тушунишимича, бу бизнинг ҳозирги версиямиз», — деган суҳбатдош.

The Guardian нашри Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси томонидан бошқариладиган Fars агентлиги сентябр ойида ИШИДнинг Эрон ҳудудидаги террорчилик амалиётлар ўтказишга масъул бўлган муҳим вакили айнан Кирмонда ҳибсга олингани ҳақида хабар берганини қайд этган. Бундан ташқари, 2017 йилда ИШИДнинг беш террорчисидан иборат гуруҳ Эрон парламенти ва Руҳуллоҳ Ҳумайний мақбарасига ҳужум уюштириб, тинч аҳоли вакилларидан 17 кишини ўлдирган ва яна 43 кишини яралаганди.

Айрим америкалик расмий шахслар The New York Times билан суҳбатда теракт натижасида йирик минтақавий можаро келиб чиқишини прогноз қилишга ҳали эрта эканини айтишган — аммо нашр бундай хавф шубҳасиз мавжудлигини қайд этган. «Яқин Шарқда минтақавий уруш бошланиши эҳтимоли 15 фоиздан 30 фоизга ортди», — деган НАТОнинг собиқ қўмондони, истеъфодаги адмирал Жеймс Ставридис. У бу хавфни «ҳали ҳам нисбатан паст, аммо аввалгидан кўра юқори ва албатта, ноқулай даражада юқори» деб баҳолайди.

  • 4 январ куни Кирмондаги портлашлар учун жавобгарликни ИШИД террорчилик ташкилоти ўз зиммасига олди. Ташкилот баёнотига кўра, қабристондаги портлашлар белига портловчи қурилмалар ўрнатилган худкуш террорчилар томонидан амалга оширилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё