date

Суданда шифохонага қилинган ҳужум 460 дан ортиқ инсон ҳаётига зомин бўлди

Суданда шифохонага қилинган ҳужум 460 дан ортиқ инсон ҳаётига зомин бўлди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Суданнинг Ал-Фашр шаҳридаги шифохонада амалга оширилган ҳалокатли ҳужум натижасида 460 дан ортиқ бемор ва уларнинг қариндошлари ҳалок бўлганини маълум қилди. Ташкилот раҳбари Тедрос Адҳаном Гебреесус бу ҳақда сўзлар экан, воқеани “ахлоқ ва инсоният қоидаларига зид фожеа” деб атади.

Унинг сўзларига кўра, Ал-Фашрдаги Сауди туғруқхонаси сўнгги кунларда бир неча марта ўққа тутилган. Шу билан бирга, тиббиёт ходимларига нисбатан тажовузлар ҳам содир этилган — 28 октябрь куни тўрт нафар шифокор, бир ҳамшира ва бир фармацевт номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилган.

“Ҳеч қандай ҳолатда тиббиёт муассасаларига ҳужумни оқлаб бўлмайди. Барча жангчилар дарҳол ўт очишни тўхтатиши лозим. Беморлар, шифокорлар ва шифохоналар халқаро гуманитар ҳуқуқ билан ҳимоя қилинган”, — деди Тедрос Адҳаном.

Маълумотларга кўра, Ал-Фашр шаҳри 26 октябрь куни 18 ой давом этган қамал ва ҳаво ҳужумларидан сўнг Тезкор ёрдам кучлари (РСФ) қўлига ўтган. Шундан кейин Дарфур минтақасида “этник тозалаш” ҳолатлари бошлангани ҳақида хабарлар тарқалган. Қизил Хоч халқаро қўмитаси ҳам бу фожеаларни қаттиқ қоралаб, тинч аҳоли азоб чекмаcлиги лозимлигини таъкидлаган.

ЖССТ маълумотига кўра, 2023 йил апрелидан бери Суданда соғлиқни сақлаш тизими ва тиббий муассасаларга қарши 185 марта ҳужум амалга оширилган. Бу ҳодисаларда 1 200 дан зиёд киши ҳалок бўлган, 400 дан ортиқ инсон жароҳат олган. Фақат 2025 йилнинг ўзида 49 та ҳужум қайд этилган бўлиб, улар натижасида камида 966 нафар фуқаро ҳалок бўлган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳозирча мазкур ҳодисалар учун аниқ жавобгар томонни кўрсатмаган, аммо халқаро жамоатчиликни Судандаги зўравонликларни бас қилишга чақирган.

Бу фожеа Африка қитъасидаги энг оғир гуманитар инқирозлардан бири сифатида баҳоланмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Суданда шифохонага қилинган ҳужум 460 дан ортиқ инсон ҳаётига зомин бўлди