Арманистон бош вазири Никол Пашинян унинг мамлакати Россия етакчилигидаги ҳарбий тузилма – Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидаги фаолиятини музлатганини эълон қилди. “Геосиёсат” ушбу мавзу атрофидаги саволлар билан сиёсий таҳлилчилар Бектош Бердиев ва Камолиддин Раббимовга юзланди. Қуйида мазкур мавзу бўйича мутахассисларга берилган саволлар ва уларнинг жавобларини ўқишингиз мумкин.
— Қандай сабаблар Арманистонни КХШТдаги аъзолигини тўхтатишга мажбур қилди ва бу қарор қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?
Бектош Бердиев: — 2020 йилдаги урушда Озарбойжон қўли баланд келди, Туркия қўллади уни. Россия бу урушда Арманистонни қўлламади, бунинг бир қанча сабаблари бор. Биринчи сабаб Арманистондаги янги сиёсий элита, яъни Пашинян ҳокимияти. Пашинянга қадар Арманистондаги ҳукумат россияпараст эди ва сиёсий жараёнлар Россия кўрсатмалари асосида бўлар эди. Пашинян эса Ғарбга мойиллик кўрсата бошлади. Шунинг учун Россия Пашинян ҳукуматини урушда қўлламади, қўштирноқ ичида жазолаш учун. Иккинчи томондан Озарбойжон замонавий ҳарбий қуролларга эга эди, Арманистонда эса эски совет техникалари, қуроллари эди.
Уруш натижасида Арманистонда кучлар иккига бўлинди. Биринчи гуруҳ Пашинянни қўллади, иккинчи гуруҳ эса Пашинянни айблади, Россиядан узоқлаштиргани учун енгилдик деган фикрда бўлишди, булар россияпараст кучлар эди. Россиянинг ўзида жуда катта арман диаспораси бор, улар россияпараст кучларни қўллашади.
Пашинян доимий душман давлатлар орасида яшаб бўлмайди, деган фикрга келди. Чунки бир томонда Арманистонни хушламайдиган Озарбойжонни қўлловчи Туркия, Озарбойжоннинг ўзи ҳам Арманистондан ҳар томонлама устун.
Арманистоннинг мавжудлиги маълум бир маънода Россияга боғлиқ бўлган, бундан кейин ҳам Россия омили ўз аҳамиятини йўқотмайди, чунки Россия ёрдами, аралашуви билан Арманистон мавжуд. Арманистоннинг Россиясиз ҳам мавжуд бўлиб қолиши Пашиняннинг қарорларига боғлиқ. Агар Пашинян Озарбойжон ва Туркия билан дўстлик сиёсатига эришса, унда Арманистон яшаб қолади дейишимиз мумкин. Агар яна “буюк арман миллати” ғоясидан келиб чиқиб ёндашилса, Арманистон жуда оғир аҳволда қолади.
Камолиддин Раббимов: — Глобал ва минтақадаги сиёсий вазиятда Россия учун Арманистон лойиҳасини қўллаш ниҳоятда қимматга туша бошлади. Сўнгги йилларда минтақадаги Россиянинг асосий ҳамкорларидан бири Туркия, қолаверса, Кавказда туркий давлат бўлмиш Озарбойжон бор, Марказий Осиёда ҳам 4 та туркий давлат бор. Ҳалигача кўплаб мусулмон давлатлари Арманистон билан икки томонлама элчихона очиш даражасидаги муносабатларни йўлга қўймаган, Покистон эса айнан Қорабоғ сабабли Арманистонни ҳали давлат сифатида тан олмаган.
Украина уруши бошлангач, постсовет ҳудудида Россияга нисбатан муносабат қайта кўриб чиқила бошланди. Пашинян қарашлари либерал, лекин расмий Ереван ҳар қандай сиёсий тузумда арман миллатчилиги омилини инкор қилмайди. Озарбойжон Қорабоғни қайтариб олишга кўп йиллар тайёрланди. Арманистоннинг Қорабоғни қайтариб олишга салоҳияти етмайди. Биринчидан демографик жиҳатдан, Арманистон аҳолиси 4 млндан ортиқ, Озарбойжон аҳолиси эса 10 млндан ортиқ. Қолаверса, Озарбойжон нефт ҳисобига катта даромад олади, бунинг ҳисобига замонавий армия яратди ва Қорабоғни қайтариб олди. Халқаро қонунчиликка кўра Қорабоғ Озарбойжон ҳудуди сифатида тан олинган. Арманистон иккинчи Исроил бўлишга уринди, яъни қўшни давлат ерини босиб олиб, қудратли давлатлардаги лоббилари ёрдамида ерларни ўзлаштирмоқчи бўлди, лекин уддалай олмади. 40 кунлик урушда Россия томони Озарбойжон ўз ҳудудини қайтариш учун уришяпти, агар Арманистоннинг ҳудудига дахл қилса, биз ёрдам берамиз, деди.
Аслида Арманистон сўнгги 2-3 йилда КХШТ лойиҳаларида иштирок этмаяпти, аллақачон де-факто фаолиятини музлатган, энди расмийлаштиряпти. Агар Пашинян Ғарбдан яхши иттифоқчилар топса, Туркия ва Озарбойжон билан келишолса, Россия билан муносабатларни бутунлай қайта кўриб чиқади. Лекин Озарбойжон билан таранглик бор ҳалиям, яқинда Пашинян ўз интервюсида Озарбойжон биз билан тинчлик сулҳи имзоламоқчи эмас, бизнинг ҳудудларни ҳам босиб олмоқчи, деди. Буни Озарбойжон расмийлари рад этди, лекин ўтган йили бир қанча озарбойжонлик ҳокимиятга яқин бўлган шахслар шунга ўхшаш фикрлар айтганди, яъни икки томоннинг ҳам пропагандаси бор. Лекин менимча, Туркия ва Озарбойжон минтақада янги бир конфликт яратишдан манфаатдор эмас.
— Россиянинг вазиятга муносабати қандай бўлади ва бу Москванинг КХШТдаги бошқа аъзолар билан муносабатларига қандай таъсир қилади?
Бектош Бердиев: — Россия Арманистонни жазолаш чораларини кўради. Энг самарали жазолаш эса Арманистон ичидаги россияпараст мухолифатни қўллаш бўлади ва улар орқали Пашинян ҳокимиятини ағдаришга ҳаракат бўлиши мумкин. Россия ва Туркиянинг келишувига ҳам кўп нарса боғлиқ. Пашинян Қорабоғга Франция тинчликпарвар кучларини олиб киришга ҳаракат қилган эди. Лекин Эрдўған ва Путин учрашувида Қорабоғдаги ҳокимиятни Озарбойжонга топширишга Путин рози бўлди. Чунки Пашинян ташаббуси билан Европанинг бирорта тинчликпарвар кучи келса, НАТО келди дегани эди, Россия эса буни хоҳламасди. Россия Озарбойжон билан келиша олди маълум маънода.
Арманистон жанубидаги ҳарбий база Эрон билан чегарани назорат қилиш учун дейилади, лекин асосий мақсади Озарбойжон ва Туркия ўртасидаги Зангезур коридорига йўл қўймаслик, чунки Россия туркий давлатлар бирлашувидан манфаатдор эмас.
Камолиддин Раббимов: — Аслида КХШТда ҳамжиҳатлик йўқ аллақачон. Масалан, Россия ва Қозоғистон муносабатлари маълум, Россия билан Тожикистон ва Қирғизистон муносабатлари ҳам чигаллашиб туради вақти-вақти билан. КХШТ тузилгандаёқ кўплаб экспертлар ўлик ташкилот деган. Чунки қарайдиган бўлсак, Арманистон ташкилот аъзоси, лекин Озарбойжон аъзо эмас, Марказий Осиёда эса туркий давлатлар бўлмиш Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо. Бир неча ўн йил олдин 2020 йилдаги уруш бўлиши тахмин қилинган эди ва шу вазиятда Туркий давлатлар бўлмиш Қозоғистон ва Қирғизистон Озарбойжонга қарши бўладими, деган савол қўйилганди. 2020 йилдаги урушда Қозоғистон ҳам, Қирғизистон ҳам тўлиқ, маънан Озарбойжон тарафида бўлди, Қозоғистон ҳарбий техник ёрдам ҳам кўрсатди.
КХШТ доирасидаги инқироз Украина уруши фонида янада кучайди. Иккинчи инқироз Арманистон атрофида юз беряпти. Бундан олдинроқ 2022-2023 йилларда бундай салбий сигналлар Қирғизистон томонидан ҳам бўлганди. Яъни Қирғизистон КХШТ ҳарбий машқларининг биттасини бекор қилди, биттасида эса иштирок этмади. Бу КХШТ ичида муносабатлар тенг эмаслигига сигнал ҳисобланади.
— Арманистоннинг Ғарбга ориентир олиши Озарбойжон билан қайтадан зиддиятга сабаб бўлмайдими?
Бектош Бердиев: — Ғарб давлатлари арман лоббиси таъсирида Арманистонни қўллашга ҳаракат қилади. Лекин Туркия омили ҳам бор бу ерда. Франция Арманистонни қўллаб, Туркия билан бевосита муносабатлар совуқлашиши мумкин. Лекин бугунги Арманистон сиёсий, иқтисодий, ҳарбий жиҳатдан Озарбойжон билан зиддиятга бора олмайди. Арманистон Озарбойжон билан низога кириш учун руҳий тайёрми, деган масала ҳам бор, Озарбойжон ғалаба устига яна ғалаба қўлга киритди, бундай вазиятда уларнинг руҳи баланд. Агар КХШТдан чиқадиган бўлса, Озарбойжон Арманистон ҳудудига кирса ҳам, Россия монелик қилолмайди. Бир пайтлар Сталин томонидан Арманистонга тақдим қилинган ерларни тортиб оладиган даражада кучга эга Озарбойжон. Пашиняннинг олдидаги йўл Туркия, Озарбойжон, Гуржистон билан дўстлик муносабатларини ўрнатиш, Ғарбга суяниш доим ҳам ўзини оқламайди. Тўғри, АҚШда арман лоббиси кучли, Қорабоғ уруши пайтида ҳам жар солди улар, лекин фойда бермади. Россияпараст арман лоббиси эса кўпроқ Россия манфаатига ишлайди, чунки Россиядан моддий, сиёсий куч олишади улар. Арманистоннинг Озарбойжон билан уришиши Туркия билан тўқнашишни ҳам билдиради, Европадан катта ёрдам олса ҳам, Россия қўлламаса, самарасиз бўлиши мумкин.
— Арманистон тўла Ғарбга йўналиш олса ва яқинлашса, шундай ҳолатда Озарбойжон билан зиддиятга киришадими яна?
Камолиддин Раббимов: — Арманистонда янги уруш учун ресурслар йўқ. НАТОга аъзо бўлиш учун эса анча вақт кетади, бу вақт ичида эса кўп нарса бўлиб кетиши мумкин. Ҳеч бир давлат НАТОга қисқа муддатда кирмаган. Финландия ва Швеция бошқа масала, улар НАТОда де-факто мавжуд эди, фақат расмийлаштириш қолганди. Россия Кавказ минтақасини Ғарб геостратегиясига беришни истамайди; Хитой бу ерда транспорт коридорлари очиқ бўлишини истайди. Туркия ҳам Арманистонга Ғарб кириб келишини истамайди, чунки Франция омили бор. Туркиянинг ЕИга киришига қатъий вето қўяётган биринчи давлат Франция ҳисобланади. НАТО ичида ҳам Франция ва Туркия қарашлари тўғри келавермайди. Бир томондан Эрон ҳам Кавказда Ғарб кучлари бўлишини истамайди, шунинг учун Ғарб давлатлари иштирокини таъминлашга имконият берилмаса керак деб ўйлайман.
— Россия 102-ҳарбий базасининг Арманистон ҳудудидаги келажаги нима бўлади ва бу ҳудудий хавфсизликка қандай таъсир қилади?
Бектош Бердиев: — Россия энди вазият қандай ўзгаришини кузатади. Агар ҳарбий база олиб чиқилиши масаласи қўйилса, жон-жаҳди билан бунга қарши бўлади. Геосиёсий ўйинчиларнинг бир ўрнашган жойидан чиқиб кетиши қийин бўлади. Биринчи ўринда Россия бу минтақага НАТО кириб келишини истамайди ва шунинг бу ҳарбий қисмни қўллаб туради. Россияпараст кучлар таъсири ҳам бор. Россия тезроқ Пашинянни ҳокимиятдан четлатишга ҳаракат қилади. Ҳокимиятга россияпараст кучлар келса ҳам вазият бирдан ўзгармайди. Чунки Россия сиёсий таъсир қилгани билан иқтисодий ва ҳарбий ёрдам қилолмайди, бунга имконият йўқ ҳозир.
— Арман жамоатчилигида муносабат қандай?
Бектош Бердиев: — Икки хил муносабат бор. Россия билан бирга бўлишимиз керак деган кучлар бор, чунки кўплаб арманлар Россияда меҳнат қилади, иқтисодий боғлиқлик кучли. Ёш авлод эса Россияга боғлиқликни истамайди, Ғарбга боғланишни, Гуржистон сингари барқарор иқтисодиётга эришишни истайди. Яна бир кучлар бор — ҳарбийлар. Ҳарбийлар элитасининг катта қисми Россияга боғлиқ ҳолда Арманистон хавфсиз бўлади, деган фикрда. Улар Россия ҳарбий база сақланиб қолишини истайди.
Камолиддин Раббимов: — Арманистондаги Россия ҳарбий базаси Туркия чегарасига яқин, 5 минг Россия ҳарбийлари бор. Энг қудратли ракета тизимларидан бири C-300 жойлаштирилган. Жимолий Кавказ ҳарбий округига бўйсунади. Бу база Россиянинг кучли таъсир қилиш ричагларидан бири, Туркияга ҳам, Озарбойжонга ҳам сигнал бўлиши мумкин эди. Лекин 90-йилларда Озарбойжон Ғарб билан яқин алоқада бўлса-да, НАТОга аъзо бўлишни вазифа қилиб қўймаган эди, шунинг учун Россия Озарбойжондан хавфсирамаган. Иккинчи омил эса Озарбойжон ҳокимияти ҳам авторитар экани Путин ҳокимияти билан тил топиша олади. Илҳом Алиев ва Эрдўған халқаро дипломатияни, Россия тилини яхши тушунади. Путин Эрдўған билан Сочидаги учрашувда ҳам Ғарбнинг кириб келишининг олдини олиш бўйича келишувлар бўлган. 1990-2000-йилларда Кавказдаги энг россияпараст давлат Арманистон эди, бугун у ерда демократия ишлаяпти. Пашинян юмшоқ инқилоб орқали ҳокимиятга келган, шунинг учун ҳам Путин уни ёмон кўради. Пашинян фаолиятини журналист сифатида халқаро ташкилотлар билан бошлаган эди. Шундай вазият юзага келдики, Арманистонда Қорабоғни ушлаб туришга ресурс қолмади, Россия эса халқаро қонунчилик ва ўзининг геостратегик манфаатларига кўра бу лойиҳани қўллашга иродаси қолмади.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Трамп Гренландиядан Россияга қарши қандай фойдаланмоқчи экани маълум бўлди
Курскда икки нафар шимолий кореялик ҳарбий асирга олинди (фото)
Лос-Анжелесдаги ёнғинларнинг эҳтимолий сабабчиси қўлга олинди
Қозоғистон Марказий Осиё давлатлари орасида ҳарбий қудрат бўйича етакчига айланди
Мўғулистонда ҳукуматга қарши норозилик намойишлари бошланди
Зеленский шимолий кореялик жангчилар асирга олинганини маълум қилди
Jeju Air самолётининг қора қутилари 4 дақиқа олдин ёзиб олишни тўхтатган экан
"Наши" асосчиси: Путиннинг муваффақиятсизликларида амалдорлар айбдор!