Фото: Dmitri Lovetsky/AP/TASS
30 йилдан ошибдики, Молдова шарқида турли даврларда Россия, Украина ва БМТ ҳал қилишга уриниб кўрган, бироқ ҳозирча музлатилган можаро пайт пойлаб ётибди. Бу муаммога ечим кўринмаяпти — ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Днестрбўйи Молдавия Республикаси (ДМР) Молдова таркибига киришга қарши, бироқ жаҳондаги бирорта давлат уни тан олишга ҳам тайёр эмас.
Шу ҳафта ичида ДМР Кишинёв томонидан босимлар бўлаётгани сабабли Россияга ёрдам сўраб мурожаат қилди. Forbes нашри ҳудудда нималар бўлаётгани, ҳаммаси нимадан бошлангани ва нима билан тугаши мумкинлиги ҳақида таҳлилий материал эълон қилди.
Бу қандай ҳудуд?
Днестрбўйи — Шарқий Европадаги ҳудуд бўлиб, Молдова чегараси ичида жойлашган. Бироқ, 30 йилдан ошиқ вақт ўтибдики, ҳудуд тан олинмаган давлат — Днестрбўйи Молдавия Республикаси (ДМР) деб атаб келинади. БМТнинг барча аъзолари, жумладан, Россия ҳам уни расман Молдованинг бир қисми, деб ҳисоблайди. Унинг Молдовадан мустақиллигини фақат ўзига ўхшаган иккита тан олинмаган давлат — Жанубий Осетия ва Абзахия Республикаси тан олган. Днестрбўйи мустақиллигини ўзи-ўзи мустақил деб эълон қилган Тоғли Қорабоғ республикаси ҳам тан олган эди — токи 2023 йили Озарбойжон томонидан тўла-тўкис йўқ қилингунга қадар.
Днестрбўйида кирилл алифбосидан фойдаланилади, Молдова эса 1989 йилдаёқ лотин имлосига ўтиб кетган. Республика аҳолиси 465 минг киши деб баҳоланади, уларнинг кўпчилиги учун рус тили она тили, аксарият одамлар икки ва ҳаттоки уч давлат (Молдова, Украина ва Россия) фуқароси. Тан олинмаган республиканинг ҳаттоки ўз валютаси бор — днестрбўйи рубли.
XVIII асрда бу ҳудуд Россия империясига тегишли бўлган, ҳудуд Россия ва Усмонийлар империяси ўртасидаги Ясс сулҳига кўра русларга ўтган. ДМРнинг ҳозирги ҳудудларидан бир қисми бир пайтлар Туркия қўл остида бўлган. XX аср мобайнида ҳудудда саноат ривожланиши фонида СССРнинг бошқа республикаларидан бу ерга рус тилида гаплашувчи аҳоли кўчиб ўтган.
Ўшанда молдован тили шакллантирилиши бошланган бошланган ва уни румин тилидан фарқли деб эълон қилиб, рус графикаси асосидаги алифбога ўтказишган. 2023 йилда Молдовада расман «молдован тили» атамасидан воз кечишди ва энди улар ўз тилини румин тили деб аташмоқда. Аҳолининг бир қисми молдован тилида гаплашувчи Днестрбўйида эса ҳозирча ўзларини румин деб ҳисоблашаётгани йўқ.
Тан олинмаган республиканинг байроғи ва гербида совет давридан буён ўроқ ва болға сақланиб келмоқда. Советлар даврида Днестрбўйи аввал Украина ССРнинг бир қисми (1924 йилдан Молдавия автоном ССР таркибида), 1940 йилдан эса Молдавия ССР қисми бўлган. Россия ва Днестрбўйининг умумий чегараси йўқ. Уларнинг ўртасида Украина жойлашган.
Можаро тарихи
1989 йилда, ҳали СССР тарқашга улгурмай туриб, Молдавия ССР олий кенгаши молдован тилини ягона расмий тил деб эълон қилди ва рус тили миллатлараро мулоқот тили статусига эга бўлди. Бироқ бу рус тилида сўзлашувчи аҳоли билан келишмовчиликка сабаб бўлди. 1990 йилнинг 2 сентябрида референдум якунларига кўра Днестрбўйи халқ вакилларининг иккинчи сйезди Днестрбўйи Молдавия Совет Социалистик Республикаси тузилганини эълон қилди.
1991 йилда ҳозирги Молдова ўз мустақиллигини эълон қилиб, СССР таркибидан чиқиши ҳақида қарор қабул қилганида, Днестрбўйи ҳам Молдовадан мустақиллик эълон қилди ва ўз номини Днестрбўйи Молдавия Республикаси деб алмаштирди (Матнда Молдова ва Молдавия атамалари бирдан қўлланаётганига ҳайрон бўлманг: Молдова — бу республиканинг ҳозирги расмий номи. Молдавия — Россия ҳамда днестрбўйилик айирмачилар томонидан ҳануз ишлатиладиган эски номи).
Бўлиниш қонсиз ўтмаган, албатта. 1990 йилда Кишинёв ДМРга милиция отрядини жўнатади. Дубоссаридаги митинг қилувчиларга қарши ўқотар қурол ишлатилади: уч киши отиб ташланади, 16 киши ярадор бўлади. 1991 ва 1992 йиллар давомида Кишинёвнинг ҳудуд устидан назоратни қайтаришга уриниши ва қуролли тўқнашувлар давом этади. 1992 йил ўрталарига келиб, ҳар икки томоннинг йўқотишлари мингга яқинлашади.
1992 йилнинг 21 июлида Россиянинг биринчи президенти Борис Елцин ва Молдова Ресспубликасининг биринчи президенти Мирча Снегур «Молдова Республикасининг Днестрбўйи ҳудудида қуролли можарони тинч йўл билан ҳал қилиш принциплари тўғрисида»ги келишувни имзолашади. Келишувга ўша пайтдаги днестрбўйилик етакчи Игор Смирнов ҳам қўл қўяди.
Нима бўлганда ҳам, 1992 йилда можаро тўхтатилади, ҳудудга россиялик тинчликпарвар кучлар киритилади. Бироқ статус-кво можаро томонларининг ҳеч бирини тўлиқ қониқтирмасди — Днестрбўйи ўшандан буён тан олинмаган республика статусида қолиб кетган, Молдова ҳукумати эса уни ўз назоратига ололмай келмоқда.
2002 йилда Днестрбўйи бўйича «3+2» форматида (бу ерда «уч» — Россия, Украина ва ЕХҲТ, «икки» эса — можаро томонлари Молдова ва ДМР) мулоқотлар бошланади. 2005 йилда формат «5+2»га айланади — музокараларга Европа Иттифоқи ва АҚШ кузатувчи сифатида қўшилади. Бироқ бу музокаралар самарасиз тугайди, можаро сақланиб қолади.
Воқеаларнинг янги ривожи ва Россиянинг роли
2006 йилда тан олинмаган Днестрбўйи Молдавия Республикаси ҳукумати Россия Федерациясига қўшилиш тўғрисида референдум ўтказди ва уни 97 фоиз аҳоли ёқлаб овоз берганини эълон қилишди. Лекин ҳозирча улар Россия таркибига қўшиб олишни сўраб мурожаат қилмаган. Лекин 2014 йилда улар Россия президентига мустақиллигини тан олишни сўраб мурожаат қилишган. Бу илтимос қаноатлантирилмаган. Мурожаатни кўриб чиқишнинг аниқ муддатлари ҳали номаълум, деган эди ўшанда РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.
Фото DPA / Reuters
Шундан сўнг бир неча йил мобайнида Днестрбўйининг Россияга қўшилиш мавзуси информацион майдонда вақти-вақти билан пайдо бўлиб турди, лекин сиёсатчиларнинг популистик баёнотлари кўринишида. Масалан, «Роскомос»нинг собиқ раҳбари Дмитрий Рогозин РФ президентининг Днестрбўйи бўйича махсус вакили сифатида у ерда Россия консулхонасини очишга ниятини билдирган. Расман 2012 йилда Россия Ташқи ишлар вазирлиги Днестрбўйи Молдова таркибида бўлиши, бироқ халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган алоҳида статусга эга бўлиши кераклиги тўғрисида баёнот берган. 2014 йили РФ президентининг Қрим федерал округидаги ваколатли вакили Олег Белавенцев Днестрбўйи вақти келиб Россия таркибига киришини айтганида, Кремл шоша-пиша бу Москванинг расмий позицияси эмаслиги, мулозимнинг шахсий фикри экани тўғрисида баёнот берганди.
2022 йил 15 мартида Европа кенгашининг Парламент Ассамблеяси қабул қилган ўзгаришларга кўра, Молдовага қилинаётган агрессиялар доирасида Днестрбўйи «Россия оккупацияси остидаги зона» деб эълон қилинди. Россия ва тан олинмаган республика ҳукумати бундай айбловларни рад этиб, ўз айбловларини илгари сурди. Россия ТИВ ўшанда бундай сўз қурилмаси «ишларнинг реал аҳволига мос келмайдиган ва қабул қилиб бўлмас» эканини таъкидлади, ДМР эса ҳудудда халқаро ташкилотлар билан коммуникация заруратини қайта кўриб чиқиш билан таҳдид қилиб, республика мустақиллик тўғрисидаги референдум натижаларига кўра мавжуд эканини эслатди.
ДМР президенти Вадим Красноселский кейинроқ Молдова республикага қўпорувчилик амалга оширувчи гуруҳларни жўнатишга тайёрланаётгани, мамлакат сафарбарликни фаол амалга ошираётганини таъкидлаб, ЕХҲТга ёрдам сўраб мурожаат қилди. Молдова бош вазири Дорин Речан, ўз навбатида, Днестрбўйидаги Россия ҳарбий контингенти ва техникасини чиқариб, у ерда демилитаризация ўтказиш кераклигини таъкидлади.
2023 йилда Молдова Республикаси ҳукумати мамлакат жиноят кодексига бир нечта ўзгартиришлар киритди, жумладан сепаратизм учун. Бу моддага кўра, сепаратистик ҳаракатлар, яъни, Молдова Республикасининг бир қисмини миллий қонунчилик ва халқаро шартномаларга зид тарзда ажратиб олишга бўлган уринишлар учун икки йилдан олти йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланган. Шундай ҳаракатларга ундовчи нарсалар, материаллар ва информациялар тарқатиш учун икки йилдан беш йилгача қамалиш мумкин. Днестрбўйи ўзгаритиришларга негатив муносабат билдирди — ҳудуднинг ташқи сиёсий идораси раҳбари Виталий Игнатев бу моддалар тан олинмаган республика аҳолиси учун душманона ҳаракат экани ва «бутун музокара жараёни учун вайронкор самарага эга бўлиши мумкинлиги»ни таъкидлади.
Бироқ Молдова ҳукумати қонун Днестрбўйи аҳолисига қарши қаратилгани тўғрисидаги таъкидларни рад этмоқда. Парламент вице-спикери Михаил Попшой қонунга итоаткор фуқаролар ҳеч нарсадан қўрқмаслиги кераклигини қайд этди: «Қаерда яшашидан қатъи назар, тинч аҳоли вакиллари сепаратист бўла олмайди, яъни оддий фуқаролар бу қонун остига тушмайди». Ҳозирча ўзгартиришлар доирасида шов-шувли жиноят иши очилганича йўқ.
Ҳозир нималар бўляпти?
Сўнгги икки йил ичида, Украинада бошланган уруш фонида Украина ва Европа давлатлари ҳукуматлари Днестрбўйидаги вазиятдан одатдагидан кўпроқ ташвишлана бошлашган. Вазият чуқурлашишига сабаб, Днестрбўйи ҳудудида Россия ҳарбийлари бор, энди эса тан олинмаган республика очиқчасига Россиядан ёрдам сўрамоқда. ДМРдагилар буни республика иқтисодиётига Молдова томонидан босим оширилгани билан тушунтирмоқда.
Днестрбўйи аввал ҳам Молдова томонидан қамал қилинаётганидан шикоят қилиб келади, ўзини мустақил деб эълон қилиб олган республика расмийлари фикрича, сўнгги йилларда Молдова ҳукумати днестрбўйиликларга бевосита ёки билвосита таҳдид солувчи ёки зарар етказувчи бир қатор қонун лойиҳаларини қабул қилган. Вадим Красноселскийнинг матбуот хизмати 2024 йил январида Днестрбўйи Молдова 1 январдан жорий этган янги божхона божлари туфайли 5 млн доллар йўқотиши мумкинлигини таъкидлаган. 2023 йилда Молдова бу айирмачи ҳудуддаги «Электромаш», «Молдавизолит», «Потенциал», «Прибор» каби корхоналар экспортини блоклаган, божхона расмийлаштируви учун тўлов жорий қилганди. Бу чоралар сабаб Днестрбўйининг ташқи савдо айланмаси 108 млн долларгача тушиб кетган, бюджет эса ойига 92 минг доллар йўқотмоқда.
Днестрбўйидаги компаниялар божларни Молдова марказий бюджетига тўлаши тўғрисидаги қонун лойиҳаси қабул қилингач, ДМР барча даражадаги депутатлар сйездини ўтказди. Сйезд доирасида қабул қилинган резолюцияда республикани Кишинёвнинг тобора ошиб бораётган босимидан қутқариш учун Россия парламентининг ҳар икки палатасига мурожаат қилиш белгиланди. Резолюцияда шунингдек Днестрбўйи ўзининг ўзлиги, днестрбўйиликларнинг ҳуқуқлари ва манфаатлари учун сабот билан кураш олиб бориши, ҳар қандай шантаж ва ташқи босимларга қарамасдан, ҳимоядан чекинмаслиги қайд этилган.
Днестрбўйилик депутатлар тўпланаётгани тўғрисидаги янгиликлардан кўп ўтмай шу сйездда улар республикани Россия таркибига қўшиб олиш бўйича мурожаат билан чиқиш қилишади, деган миш-мишлар тарқала бошлади. Миш-мишлар дарҳол рад этилди — аввал Днестрбўйи олий кенгаши раиси ўринбосари Галина Антюфеева шундай деди: «Бугунги қийин шароитда, ёнимизда «махсус ҳарбий амалиёт» ўтаётган бир пайтда, бошқа муаммолар тиқилиб ётганда, бу масалани кўтариб мурожаат қилиш — мисли кўрилмаган аҳмоқликдир». Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова эса Россиянинг «Днестрбўйини аннексия қилиш» бўйича режалари ҳақидаги гапларни «вазиятдан кимларнингдир ўз манфаати йўлида фойдаланишга уриниши» ва «асабий реакциялар» деб атади.
Тан олинмаган республика ТИВ раҳбари Виталий Игнатев Россия нашрларига берган интервюсида Днестрбўйи биринчи навбатда «5+2» форматидаги музокараларда воситачилардан бири бўлган Россиянинг дипломатик қўлловидан умид қилаётганини аниқлаштириб ўтган. Унинг сўзларига кўра, ДМР нафақат Россияга, Европа Иттифоқига, Қизил Хоч ташкилотига, ЕХҲТ ва БМТга ҳам мурожаат қилган.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги РБК нашри учун берган изоҳида «тан олинмаган Днестрбўйи Молдавия Республикаси аҳолисининг манфаатларини ҳимоя қилиш Россиянинг устувор вазифаларидан бири» экани қайд этилган.
Ғарб давлатлари вакиллари Днестрбўйидан келган мурожаатга кўп ҳам хайрихоҳлик билан реакция билдиришмаган. АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Мэтю Миллер «Россиянинг Европадаги тобора агрессив сиёсатини ҳисобга олиб» АҚШ Россиянинг Днестрбўйидаги ҳаракатлари синчковлик билан кузатилаётганини айтган. Teneo Intelligence консалтинг компаниясининг Марказий ва Шарқий Европа бўйича эксперти Андрюс Турса ушбу вазият «Днестрбўйини Россия томонидан аннексия қилинганини эълон қилишга уриниш учун баҳона» бўлиши мумкинлигидан ташвишланаётганини билдирди, бироқ бу ҳудуднинг географик жойлашуви туфайли «ниҳоятда қийин иш» эканини ҳам қайд этди — Днестрбўйи ва Россия ўртасида Украина жойлашган.
Молдова ҳукумати эълон қилган баёнотда Днестрбўйида эскалация ва беқарорлик учун бирор таҳдид йўқлиги билдирилиб, Днестрбўйи ҳукуматининг ҳаракатлари «пропаганда» ва «жамиятда яна ваҳима уйғотишга навбатдаги уриниш» деб баҳоланган. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Лос-Анжелесда кварталлар, машҳурлар ва миллионерларнинг уйлари ёниб кетди (фото)
Панама президенти Трамп устидан БМТга арз қилишини айтди
Германияда захирадаги ҳарбийлардан иборат махсус бўлинма ташкил этилади
Toyota компанияси Фужи тоғи этакларида «ақлли шаҳар» қурилишини якунлади
Трамп Гренландиядан Россияга қарши қандай фойдаланмоқчи экани маълум бўлди
Курскда икки нафар шимолий кореялик ҳарбий асирга олинди (фото)
Лос-Анжелесдаги ёнғинларнинг эҳтимолий сабабчиси қўлга олинди
Қозоғистон Марказий Осиё давлатлари орасида ҳарбий қудрат бўйича етакчига айланди