19:19 / 10.03.2024
327

Украинадаги уруш Корея давлатларини йирик қурол сотувчиларга айлантирди

Украинадаги уруш Корея давлатларини йирик қурол сотувчиларга айлантирди
КХДР ва Жанубий Корея ўртасидаги кескинлик Корея яримороли 1948 йилда икки давлатга ажралганидан буён юмшамаяпти. Ер юзининг бошқа бир чеккасида бошланган Россия ва Украина уруши бу давлатларнинг муносабатларини янада мураккаблаштирди. Пхенян очиқчасига Москвага қурол сотмоқда, Сеул эса қуролларни тўғридан тўғри Киевга эмас, унинг иттифоқчиларига етказиб бермоқда — бу давлатлар Украина қуролли кучларига ёрдам бергани эвазига ўз захираларини тўлдириб олмоқда. Швейцариянинг Neue Zürcher Zeitung (NZZ) газетаси яқин келажакда Корея яриморолидаги вазият қандай ўзгариши мумкинлиги ҳақида ёзди.

Россия шимолий кореяликларнинг қуролларини сотиб олаётгани тўғрисидаги илк хабарлар 2023 йил кузида пайдо бўлганди. Ўшанда Оқ уйнинг Миллий хавфсизлик кенгашида стратегик коммуникациялар бўйича координатори Жон Кирби қурол етказиб берилаётгани фактини тасдиқловчи бир қанча сунъий йўлдош тасвирларини намойиш этганди. Россия қўшини илк бор 2024 йил январида Харкивни ўққа тутиш вақтида ўрта масофага ҳаракатланувчи КН-23 ва КН-24 баллистик ракеталарини жангда қўллади. NZZ нашри ёзишича, айни вақтга келиб КХДР Кремлга аллақачон миллионлаб ракета ва снарядлар етказиб берган бўлиши мумкин. Журналистлар тахмин қилишича, Путин Ким Чен Ин билан 2023 йил сентябрида Шарқий космодромидаги учрашув чоғида қурол етказиб бериш бўйича якуний келишувга эришган.

Korean Central News Agency / Korea News Service / AP / Scanpix / LETA
Жанубий Корея мудофаа вазири Син Вон Сик тасдиқлашича, Россия Шимолий Кореядан ҳарбий мақсаддаги юклар, жумладан ракеталар, снарядлар ва патронлар ортилган камида 5,5 минг контейнер қабул қилиб олган. Лондондаги Қироллик коллежининг Корея минтақасидаги хавфсизлик масалалари бўйича эксперти Рамон Пардонинг фикрича, катта эҳтимол билан бу ҳали ҳаммаси эмас. «Агар Россия босқини яна чўзилса, агар Путин сўраса, Шимолий Корея [Россияга] катта масофага ҳаракатланувчи ракеталарини ҳам бериши мумкин», — дея тахмин қилади Пардо. Жанубий кореялик истеъфодаги генерал-лейтенант Чун Им Бун NZZ мухбири билан суҳбатда келгусида КХДР айрим ҳарбий заводларини фақат Россияга маҳсулот етказиб беришга йўналтириши мумкинлигини айтган.

Россия Харкивни ўққа тутишда фойдаланган Шимолий Корея ракетаси қолдиқлари. 2024 йил 6 январ
Vyacheslav Madiyevskyy / Reuters / Scanpix / LETA

Пхенян учун Россияга қурол етказиб бериш нафақат иқтисодий жиҳатдан, балки сиёсий томондан ҳам фойдалидир. Биринчидан, Москва БМТ Хавфсизлик кенгашининг Ким Чен Ин режимига нисбатан санкцияларини қўллаб-қувватламайди, иккинчидан, келгусида ҳамон Пхенян армиясидаги эскирган совет машиналари ўрнига янги техникалар етказиб беришни йўлга қўйиши мумкни.

Аммо Европага қуролларни нафақат КХДР, балки Жанубий Корея ҳам етказиб бермоқда. 2022 йилда Сеул 17 миллиард евролик қурол сотган; шундан 13 миллиард долларни Полша тўлаган. Варшава К-2 танкари, 155-миллиметр калибрли К-9 ўзиюрар артиллерия қурилмалари, FA-50 русумли енгил ўқув-жанговар самолётлар ҳамда К239 баравар ўт очиш реактив тизимларини қабул қилиб олган. Бу техникаларнинг бир қисми Полша Украинага берган қуроллар ўрнини эгаллаган. 2023 йилда эса Сеул Варшавага 20 миллиард евролик қурол-яроғ сотди. Шу тариқа, президент Юн Сок Ёл Жанубий Кореяни 2027 йилга қадар дунёдаги энг йирик қурол экспортёрлари рўйхатида тўртинчи ўринга олиб чиқишга ҳаракат қилмоқда

Экспортёр сифатида Сеул қатор устунликларга эга, деб ҳисоблайди Рамон Пардо. Энг асосийси: Жанубий Корея юқори технологияли қуроллар етказиб беришни қисқа муддатларда амалга ошириши мумкин. Хусусан, Полша илк К-9 гаубицаларини шартнома имзоланганидан беш ой ўтибоқ қўлга киритган. Қолаверса, жанубий кореяликларнинг айрим қуроллари ғарбдаги муқобилларидан арзонроқ, шу билан биргаликда, самарадорлик борасида улардан қолишмайди. Хусусан, AT-1K Raybolt русумли танкка қарши ракета комплекси нархи америкаликларнинг Javelin комплексидан уч баробар арзон, К-9 эса немисча муқобилидан анча арзонроққа тушади. Бундан ташқари, жанубий кореяликларнинг қуроллари НАТО стандартларига мос келади ва алянснинг Шарқий Европадаги аъзолари учун уларни харид қилиш мантиқий қарордир. Ниҳоят, НАТО мамлакатлари билан ҳамкорлик ўз-ўзидан Жанубий Кореяга АҚШ билан иттифоқчиликни мустаҳкамлашга имкон беради — бу иттифоқ КХДР билан муносабатлар ёмонлашуви фонида ўта муҳимдир.

Полша мудофаа вазири Мариуш Блашчак ва унинг жанубий кореялик ҳамкасби Ли Чен Суп Полшанинг Торун шаҳридаги полигонда кореяликларнинг K9 Thunder гаубицаларидан ўқ отиш бўйича ўқув машғулотидан кейин. 2023 йил 23 феврал
Wojtek Radwanski / AFP / Scanpix / LETA

Асосий муаммо Жанубий Корея қуролларини тўғридан тўғри Украинага етказиб бериш масаласи бўлиб қолмоқда. Ҳозирда мамлакат қонунчилиги ҳарбий можаро иштирокчиларига қурол сотишни тақиқлайди, аммо Сеул яқин вақтлар ичида ўз сиёсатини қайта кўриб чиқиши мумкин, деб тахмин қилади Фридрих Науманн фондининг Сеулдаги бўлими бошлиғи Фредерик Шпор. Шу вақтга қадар Жанубий Корея фақат Украинага ёрдам берувчи иттифоқчиларнинг ҳарбий салоҳиятини қўллаб-қувватлаб келди, шунингдек Киевга газниқоблар (противогаз) ва зирҳли нимчалар каби жиҳозларни етказиб берди. Аммо президент Юн Жанубий Кореянинг жаҳон саҳнасидаги ролини оширмоқчи.

«Юн Украинага қурол етказиб бериш Жанубий Кореянинг АҚШ билан иттифоқини янада мустаҳкамлайди деб ҳисоблайди», — дейди Шпор. Аммо у яқин вақтлар ичида Украинага тўғридан тўғри эксперт йўлга қўйилиши эҳтимолини паст деб баҳолайди: унинг маълумотига кўра, мамлакат аҳолиси бундай ғояни қўлламайди, чунки бу Россияни КХДРни янада кўпроқ қўллаб-қувватлашга ва Корея яриморолида эскалация келтириб чиқаришга ундаши мумкин.

Кўп нарса шу йил ноябрида АҚШда ўтказиладиган президентлик сайловлари натижаларига боғлиқ бўлади. Феврал ойи бошида республикачилар Украинага ҳарбий ёрдам учун 60 миллиард доллар ажратишни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини кўриб чиқишни блоклади. Агар сайловларда уларнинг номзоди, Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни «24 соат ичида» тўхтатишни ваъда қилган Доналд Трамп ғалаба қозонадиган бўлса, Сеул ўз режаларидан воз кечишга мажбур бўлиши — ва ҳатто Киевни билвосита қўллаб-қувватлашни ҳам тўхтатиши мумкин.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё