31 март, якшанба куни Туркияда маҳаллий ҳокимият сайловлари бўлиб ўтди. Kun.uz бу сайловларнинг Туркия ички ва ташқи сиёсатига таъсири бўйича саволлар билан Анқара Ҳожи Байрам Вели университети Халқаро алоқалар бўлими докторанти Фазлиддин Мадиевга юзланди.
— Бу сайлов, айниқса Истанбул ва Анқара шаҳарларидаги натижалар қанчалик муҳим?
— Ўтган йилги президентлик сайлови ва бу йилги ички ҳокимиятлар сайлови дунё матбуотида кенг ёритилиб, таҳлил қилинди. Туркиядаги расмий таҳлилий баёнотларга кўра, бу сайлов Туркияда катта сиёсий силкиниш ҳосил қилган сайлов бўлиб тарихга киряпти. Ўзим ҳам айтишим мумкинки, ростдан ҳам Анқарада сиёсий кайфият ўзгарди. 1 апрел Туркия учун жиддий сиёсий ҳазил куни бўлди, деса бўлади. Бу ўзгариш Туркия ички сиёсати билан бирга ташқи сиёсатга ҳам таъсир қиладиган муҳит пайдо қилди.
Анқара, Истанбулда Адолат ва тараққиёт партияси (АТП) иккинчи даражали партия мақомига тушди. Эрдўған президентлик фаолиятига хавф деб бўлмайди, хатоларни тўғрилаш мумкин, лекин Анқара ва Истанбулдаги устунлик бутун Туркиядаги устунлик ҳисобланади. Бу шаҳарларда АТП вакилларининг бир қанча хатолари бўлди, халқ ва расмий идоралар талаб қилган бир қанча нарсаларга жавоб берилмади. Партиядаги мувозанат йўқолганини халқ кўрди.
— Амалдаги президент Эрдўғаннинг “Адолат ва тараққиёт” партияси 22 йилда илк бор мағлубиятга учрагани Туркия ички ва ташқи сиёсатига қандай таъсир қилади? Нега Эрдўған партияси мағлуб бўлди?
— Бу партия 2019 йилда ҳам ғалаба қозонолмаган, лекин бир қанча аниқ сабаблар кўрсатилган. Бу сафар эса мағлубият очиқча тан олинди, жумладан Эрдўған тарафидан ҳам. Бунинг бир қанча сабаблари бор.
Президентлик сайловларида ҳам кузатдикки, Эрдўған учун халқ имкон берди. Яъни Туркиядаги мувозанатсизлик, сиёсий иқлимнинг жуда биқиқ ҳолатга келиб қолганининг, халқнинг ҳали умиди борлигини исботловчи сайлов эди.
Бир нечта омиллар бор. Биринчиси анчадан бери кўтарилаётган иқтисодий муаммолар омили. Иккинчиси берилган ваъдаларнинг амалга ошмаслиги. Учинчиси эса сиёсий кибр, яъни Эрдўған партиясида халқ барибир бизни қўллайди, истаган овозимизни олиб, истаган ишимизни қилоламиз, деган тафаккур пайдо бўлиб қолган эди ва халқ жазолади. Омиллардан яна бири – сўнгги вақтларда пенсионерлар ноорозилиги бор эди ва пенсионернинг улуши ҳам кам эмас овоз беришди. Пенсионерлар охиригача кутди, лекин муаммолари ҳал бўлмади, Эрдўған ҳам охирги халққа мурожаатида уларни қўллай олмаслигини билдирган эди, бу эса охирги нуқта бўлди ва пенсионерларнинг кўпчилиги Жумҳурият халқ партиясига (ЖХП) овоз беришди.
Туркия геосиёсий жиҳатдан кўп тармоқли сиёсат олиб боради ва бу айни пайт учун тўғри сиёсат ҳам. Ўтган тарих давомида Туркия Европа ва бошқа давлатлар билан можароларга борган, гоҳида енгган, гоҳида енгилган ва шу йўсин шаклланган.
Америкада, Ғарбий ва Шарқий Европада Туркияга нисбатан турли хил ва бу нарса Туркия сиёсатида энг кўп муҳокама қилинадиган мавзулардан бири. Европа президентлик сайловларида ЖХП ютишини хоҳлаган эди, лекин ички сайловларда Эрдўған партиясини қўллашди. Бир қанча сабаблар бор. Европа Туркияда тўпланиб қолган қочқин муҳожирларнинг Европага кўчишидан қўрқмоқда, шу сабаб ҳам Эрдўған бизга керак, деган қараш шаклланган. Шарқий Европада ҳам Туркияга нисбатан симпатия кучли, лекин ҳали позициялар таҳлил қилинганича йўқ.
Туркия ички сиёсатидаги ўзгариш ташқи сиёсатга ҳам таъсир қилади. Қўшни давлатларга, Европага муносабат жиддий ўзгаради. Туркиянинг ичида Европага нисбатан тўпланган сиёсий мотивлар бор, яъни сиёсий тенглик, мувозанат бузилгани ҳақида жуда кўп таҳлиллар бор.
ЖХП ҳукумат тепасида анчадан бери ҳукмронлик қилаётган партиянинг нозик нуқталарини топиб, булардан унумли фойдаланди. ЖХП вакиллари сиёсий этикетни йўқотмасликка эътибор беришяпти, чунки юқорида айтганимдек, Эрдўғандаги сиёсий кибрни кўришди. Ҳар доим АТП ютиб келадиган ҳудудда ҳам ЖХП ғалаба қозонди ва бу кутилмаган ҳол бўлди, умуман, бу сайлов кутилмаган натижаларга бой бўлди. Халқ томонидан ЖХПдан кутилаётган нарса сиёсий этикетни йўқотмаслик бўляпти, яъни халқ билан муносабатда узилиб қолмаслик, тўғри мулоқот қилиш талаби қўйиляпти. Агар шундай бўлса, Туркияда жиддий ўзгаришларни кузатиш мумкин ташқи ва ички сиёсатда.
— Маҳаллий сайловларда ғалаба қозонган номзодлар Туркия ташқи сиёсатига қай даражада таъсир қилолади?
— Туркияда сайлов маданияти, муҳимлилик даражаси юқори, ҳатто баъзи ривожланган энг демократик давлатлардан ҳам. Бугунги сиёсий вазиятни ҳам халқ яратяпти. Ташқи ва ички сиёсатда халқнинг ўрни катта. Лекин НАТО, айрим стратегик масалалар, Исроил, Яқин Шарқ масалаларида доим ҳам халқнинг айтгани бўлавермайди.
Халқ таъсири сабаб қочоқ муҳожирлар масаласида жиддий ўзгариш бўлади деб ўйлайман. Халқ талаб қиляпти буни. Сайловда АТП хаёлига келмаган ишлар бўлди, сиёсий иқлим кескин ўзгарди.
Сайловда бошқа партияларда ҳам катта ўсишлар бўлгани таҳлил қилиняпти. Кам овоз олган партияларнинг тақдири ҳам муҳокама қилиняпти. Халқ фаол ишлайдиган партияларга муҳтожлигини кўрсатяпти, сиёсий муҳит жонланишини талаб қиляпти.
— АТПдан бошқа партияларнинг дастурида ҳам туркий давлатлар бирлигига урғу бериладими ёки фақат Эрдўған ва унинг партиясига хосми бу?
— Туркия ва туркий давлатлар дунё сиёсатида маълум даражага кўтарилишга улгурди ва Туркия бу сиёсатдан чекинмайди деб ўйлайман. Туркийлар интеграцияси яна ҳам кучайиши мумкин, бу нарса Туркия учун ҳам, бошқа туркийлар учун ҳам жуда муҳим. Туркия ташқи сиёсатида кўп урғу берилаётган масалалардан бири бу. Албатта, қарши томонлар ҳам бор, лекин аллақачон бу бўйича идеология пайдо бўлган. Иқтисодий жиҳатдан туркий давлатлар у қадар кучли бўлмагани сабаб бу жараён секинлик билан амалга оширилади. Бошқарувга ким келишидан қатъи назар туркий давлатлар бирлиги масаласи аввалги ўринларда туради. Чунки тарихда кўп йўқотишлар бўлди, бирлик бўлмаганининг жазолари ҳам тотилди. Шу сабаб энди бу жараённи тўхтатиш тўғри бўлмайди.
— Истанбул мэри Акрам Имомўғли бу ғалаба билан 2028 йилги президентлик сайловларига номзодини қўйиши учун замин яратди, дейиш мумкинми?
— Ҳа. Эрдўған кейинги президентлик сайловида қатнашмаслигини айтган, муҳим жиҳат бу. Туркия конституциясининг 5-моддасида бошдаги 4 та модда ўзгармас экани белгиланган, лекин шу 5-моддани ҳам ўзгартиришга уринишлар бўляпти. Бошдаги 4 та модда Туркия ҳудудий яхлитлиги, суверенитети, президентлик муддати ва унинг белгиланган муддатдан кўп қолмаслиги кабилардан иборат. Ўзгартиришга ҳаракатлар шу президентлик билан боғлиқ қисмга тааллуқли. Бундай ўзгариш бўлса, Туркия сиёсати ўзгариб, сайловлар ҳам ҳозиргидай аҳамият касб этмай қолиши ҳақида таҳлиллар бўлди, халқ бундан ҳушёр тортиб, бунга қарши чиқа бошлади. Бу ҳам ҳукмрон партиянинг бир хатоси бўлиб, сайловда ўзларига қарши ишлади. Эрдўғаннинг кейинги сайловга қатнашмайман дейиши ҳам шу сабабдан бўлди.
ЖХП парламентда ҳам кучли фракцияга эга бўлди. Энди ҳукмрон партиянинг ҳамма айтгани бўлавермайди. Туркияда кейинги президентликка номзод ким бўлади, деган хавотирлар бор эди. Лекин иккита номзод пайдо бўлди: Анқара ҳокими Мансур Яваш ва Акрам Имомўғли. ЖХПдан президентликка шу икки номзод бор. Лекин АТПдан ҳеч ким йўқ, Эрдўған ўзининг ўрнига ким келиши ҳақида халққа ижобий сигнал беролмади. Эрдўғаннинг куёви бор, лекин сиёсий жараёнлар шу тарзда кетса, унинг имкониятлари жуда паст бўлади.
2028 йилда ЖХП имкониятларини юқори баҳолаш мумкин. Партия АТПнинг хатоларини ўзида тўғрилаб, халққа кўрсатди ва бу халққа ёқди. Одатда АТПни қўллайдиган ислом омили кучли бўлган ҳудудларда ҳам партия катта йўқотишларга учради, кўп овоз ололмади.
Туркиядаги бу сиёсий иқлим ўзгариши кўплаб давлатларга, хусусан, Ўзбекистонга ҳам тегишли, сўнгги вақтларда муносабатларимиз жуда яхши. Туркиядаги бундай ўзгарувчан сиёсатга бизнинг сиёсий тафаккур ҳам мослашиши керак. Бизда ҳам халқнинг мана шундай сиёсий, сайлов маданиятини шакллантириш мумкин. Туркиядаги бу нарса унинг тараққиётига хизмат қиляпти. Бизга энг керакли бўлган нарса ҳам Туркиядаги каби сиёсий онги кучли халқ, ўрганишимиз керак бўлган томон ҳам шу.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Грузиянинг собиқ бош вазири дўппосланди
АҚШда миллиардер Илон Маск судга берилди
Украина чегарачилари гуруҳи Россияга таслим бўлди
Лос-Анжелесдаги ёнғинлар: қурбонлар сони 25 кишига етди
Москва марказида ФСБ аксилразведка ходими отиб кетилди
Таиландлик эрнинг оёқяланг саёҳати: жанжалдан кейинги 500 километр