“Crocus City Hall”даги терактдан сўнг, Россия кучишлатар тузилмаларининг меҳнат муҳожирлари, хусусан Марказий Осиё давлатларига мансуб фуқароларга нисбатан агрессив ва шовинистик характердаги рейдлари кўпайди. Жойларда мусофирлар калтакланиб, ҳатто маҳаллий аҳоли томонидан пичоқлаб ўлдириш ҳолатлари кузатилди. Kun.uz айни дамдаги вазиятни билиш мақсадида Россияда бўлиб турган ҳуқуқшунос Зарнигор Омонуллаева билан суҳбатлашди.
“Crocus City Hall”да теракт бўлганига 14 кун тўлди. Мамлакатда бўлиб турган ўзбек ҳуқуқшуноси Зарнигор Омонуллаеванинг айтишича, Москвада мигрантларга нисбатан бўлаётган агрессив, шовинистик характердаги ҳолатлар бироз камайган.
“Лекин миграция қонунчилигига қатъий, баъзида мантиқсиз ўзгартиришлар таклиф қилиняпти. ИИВ ходимларининг уйма-уй текшириш масаласи кўтарилиб, бу ёқланди. Бу дегани эндиликда ҳар қандай ўзининг яшаш манзили бўйича яшамаётган меҳнат муҳожири Россиядан чиқариб юборилиши мумкин”, – дейди ҳуқуқшунос.
Қуйида тўлиқ суҳбатни ўқиб чиқишингиз мумкин.
— 22 мартни эслай оласизми, ўша вақтда нималарни кўрдингиз, кузатдингиз? Дастлаб шу ҳақда гаплашсак.
— Бу хабар [теракт содир бўлгани] 22 март куни кечқурун соат саккиздан сўнг чиқди. Бу вақтда уйда эдик, Красногорск шаҳри бизга яқин эмас, орамизда 2 соатлик йўл бор. Янгиликлар чиқишни бошлагач, Migrant.uz сайти жамоаси билан янгиликларни ёрита бошладик, деярли 2 кун давомида шу иш билан шуғулланиб, мигрантларга тавсияларимизни бериб турдик.
— Терактдан сўнг кучайтирилган хавфсизлик чоралари мигрантларга қандай таъсир кўрсатди? Кузатувларда кўпроқ салбий муносабатларни учратяпмиз.
— Терактгача мигрантлар орасида миграция қонунчилиги асосида рейдлар бўлиб турарди, лекин терактдан кейин рейдлар сони, қамрови, текширув даражаси кескин ошиб кетди. Олдин фақат қонунчилик доирасидаги керакли ҳужжатлар текширилган бўлса, энди телефонларгача текшириш ҳолатлари кўпайди. Ёки аэропортларда, чегараларда мигрантларга нисбатан савол-жавоб, текширувлар кўпайди.
Кириб-чиқиш жараёнида сиёсий, диний қарашлар сўрала бошланди. Дейлик, олдин 10 фоиз мигрантлар рейдларга тушган бўлса, ҳозир 50 фоиз мигрантлар тўғридан тўғри рейдга тушиб, текширилмоқда. Бунгача рейдлар шаҳарларда навбатма-навбат ўтказилган бўлса, терактдан сўнг ёппасига барча шаҳарларда сезиларли тарзда қаттиқ рейдлар ўтказиляпти.
— Олдинги рейдларда ҳам мигрантларга нисбатан агрессив муносабатни кузатар эдик, терактдан сўнг бу тенденция ортдими?
— Бундай агрессив ҳаракатлар янаям кучайди. Шимолдаги, Сибир тарафлардаги шаҳарларда рейдлар оддий ўтар эди, лекин бу воқеадан кейинги рейдларда қаттиққўллик кузатила бошланди. Ижтимоий тармоқларда ҳудуд нозирлари мигрантлар яшайдиган жойни бир нечта шериклари билан бориб текшириб, қўпол муомала қилганига гувоҳ бўляпмиз, бу тўғрида шикоятлар ҳам бор. Бундай ҳолат бўйича шикоят қилишса ҳам беэътибор бўлинган ҳолатларни ҳам кўрдик.
Уйларга бориб текширишганида ишлаш рухсатномаси, рўйхатдан ўтганлик ҳужжати билан бирга уйда ким яшаши, бунгача кимлар яшагани,уй эгаси қаердалиги, қаерда ишлаши, уйда қанчадан бери мигрантлар яшаши, бўш вақтда нималар қилиниши каби шахсий саволлар ҳам берилган ва буларнинг бари қўпол муомала билан бўлган. Айнан қўполлик, нафрат сезилиб турган бундай текширувларда. Иш жойлардаги текширувларда ҳам иш берувчининг ҳужжатлари ҳам текширилиб, мигрантларни деворга юз бурдириб, ҳаракатлантираётганда қўлини бошига қўйдириб, маҳбуслар каби текширувлар ўтказилган. Умуман, бу текширувларда ўта қўттиққўллик, ноинсонийлик сезилиб турди.
— Ҳолатдан кейин Россия жамиятининг мусофирларга муносабати қандай бўлди? Тожикистонлик мусофирни пичоқлашганини ҳисобга олсак, шовинистик кайфият авж олгани ҳақида хабарлар бор.
— Афсуски,салбий муносабат бор. Айниқса Санкт-Петербург шаҳрида бундай ҳолат бўлгани ҳақида видеолар чиқяпти. Шахсан ўзимга бу бўйича мурожаат қилишгани йўқ, лекин салбий муносабат борлиги рост. Новосибирскда тожикистонлик мактаб ўқувчиси дўппослангани ҳақида видео тарқалди, жамоат жойлари, транспортларда, пана жойларда славян йигитлари муҳожир бўлган бошқа миллат вакилларини дўппослагани акс этган видеотасвирлар жуда кўпайиб кетган. Мактабда ҳам болалар бошқа миллатли ўқувчиларга салбий муносабатда бўлаётгани ҳақида ота-оналар айтди.
— Россияда иккита ватандошимиз аҳвол у даражада эмас, интернетда ваҳима бўляпти, дейишди. Ўзи Россиянинг ҳамма жойида шундай муносабат бўляптими ёки маълум вилоят-шаҳарлардами?
— Салбий муносабат авж олиши терактдан кейин 2 сутка давомида бўлди. Кейин Россия президенти чиқишларида миллатлараро низо бўлмаслиги керак, теракт уюштирганларнинг мақсади ҳам шу, радикал ўнг кучларнинг хоҳишига қараб, миллатлараро низога йўл қўймаймиз, деган мазмунда гапирди. Шундан кейин салбий муносабат даражаси пасая бошлади. Тергов тафсилотлари чиқиши, мавзу эскириб бориш натижасида ҳам бундай муносабат камайишни бошлади.
Унгача 2 кун давомида қаттиқ нафрат бўлди, мигрантлар кўчага ҳам чиқмай қўйди. Дўконлардаги мигрант бўлган сотувчи-кассирлар қўпол муносабатлар остида қолишди, видеога олиб қаердан экани, миллати нималигини сўраш ҳолатлари ҳам бўлди. Шу икки кун жуда даҳшатли муносабат бўлди. Бу нарса пасайиб боряпти. Лекин миграция қонунчилигига қатъий, баъзида мантиқсиз ўзгартиришлар таклифи бериляпти ва бундай таклифлар жамият томонидан ёқланяпти.
Россия президентининг ИИВ ходимлари билан учрашувида уйма-уй текшириш масаласи кўтарилиб, бу ёқланди. Бу дегани ҳар қандай ўзининг яшаш манзили бўйича яшамаётган меҳнат муҳожири Россиядан чиқариб юборилиши мумкин. Ижарада турувчи ҳамма мигрантларга ҳам уй эгаси уйига рўйхатдан ўтказиб бермайди. Тахминимча, энди яшаш жойида рўйхатдан ўтмаган муҳожирлар чиқариб юборилиш учун рўйхатга олинади, буни бекор қилиш учун ишлаш рухсатномаси асосида шикоят қилиш мумкин бўлади, бу эса тизимга юклама бўлади. Барча ҳужжатлари жойида, кўчада бемалол юрганлар рейд тўлқинини сезаётгани йўқ. Рейдлар мигрантлар ишлайдиган жойларда бўляпти. Жамоат жойлари, транспортларида хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Ҳудуд нозирлари уйма-уй текширишни бошлаяпти яна.
— Виза режими борасида-чи, жуда кўп мигрантлар бу борада қўрқувларни билдиришяпти. Бу борада қандай фикрдасиз?
— Виза режимини киритиш бутун МДҲ давлатлари ўртасидаги ўзаро келишувларни қайтадан кўриб чиқишга сабаб бўлади. Бу нарсани амалга ошириш камида 2 йил вақт олади. Шу сабаб ҳали-бери виза режимини киритиш осонмас, механизмини ҳисобга олсак. Агар виза режими киритилса ҳам, виза билан келиб ишлайдиганлар бор Россияда, МДҲ давлатларидан ташқари бошқа давлат фуқаролари виза билан келиб ишлайди ва бунинг унақа ортиқча қийинчилик даражаси йўқ.
Шунчаки иш берувчи таклиф қилиш керак, иш берувчи таклифи асосида виза олинади ва келинади. Яъни бунақа қўрқадиган даражадаги ўзгариш эмас. Виза режими киритилса, иш жойининг камайишига таъсири йўқ. Аксинча, ҳамма виза билан келиши керак бўлгани учун иш берувчиларда ишчи кучи етишмаслиги кузатилади ва табиийки, виза олиш ёки виза учун таклифлар юбориш тартиби ўз-ўзидан соддалаштирилади. Виза режими бўлишидан қўрқиш керак эмас.
— Ҳарбий чақириқ борасида-чи? Анча вақт ўтгандан кейин Путин махсус ҳужжатни имзолади, яъни ҳарбий чақириқ бўйича. Бу жараёнда мусофирларни ҳам тезкорлик билан жалб этиш ҳолатлари ёки тавсияларни кўряпсизми?
— Меҳнат муҳожирларини оммавий равишда ҳарбий чақириққа жалб қилиш ҳолатлари йўқ ҳозирча. Ҳозир ягона бор нарса: Россиянинг Украинадаги махсус ҳарбий операцияси бошланганидан буён чақирувлар мавсумий равишда бўлиб келаётганида. Ўтган йилгисининг фарқи олдингиларида 27 ёшгача бўлган бўлса, чақирув ёши энди 30 ёшгача. Биринчи баҳорий мавсум 30 ёшгача бўлган Россия фуқароларини ҳарбий чақирувга чақириш бошланган.
Лекин афсуски, бошқа кўринишдаги ҳолатлар бор. Россияда мажбурий чиқариб юбориш рўйхатига тушгандан кейин муҳожирлар Мигрантларни махсус сақлаш марказига жойланади Ана шу марказда мигрантларга шу чиқариб юборишни бекор қилиш учун ҳарбий шартнома имзоласа бўлади, деб билдиришномалар берилаётган ҳолатларни кўрдик. Қандай бўлган: яъни Тожикистон фуқаросига мажбурий чиқариб юбориш жазосини бекор қилиш учун ҳарбий шартнома имзолаш таклиф қилинган. Бу расмий ҳужжатда полиция ходимининг имзоси билан «хоҳлайсанми-хоҳламайсанми?» деган мазмунда тузилган расмий ҳужжат бўлган. Биздаги нусхада мигрант «йўқ, хоҳламайман» деб қўл қўйган, [ҳарбий шартномага] розилик берганлигига оид ҳужжат бор-йўқлигини билмаймиз ҳозирча. Лекин шундай ҳужжатлар таклиф этилаётганини биламиз.
— Ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, ўша ерда туриб кузатаётган инсон ва ҳуқуқшунос мутахассис сифатида Россияга бормоқчи бўлган ва ўша ердаги ватандошларимизга қандай маслаҳатлар бероласиз?
— Биринчи тавсиям: қонуний юриш, яъни ҳужжатни кечиктирмаслик, ўз вақтида ҳужжатни қилиш. Ўзбекистон, Тожикистон фуқароси Россияга келадиган бўлса, патент расмийлаштиради, яшаб турган жойи бўйича миграция қайддан ўтади ва ундан кейин патенти куйиб кетмаслиги учун ҳар ой тўлаб боради ва патент олган кунидан 60 кун ичида қаерда ишлаш ҳақида ИИО бўлимига билдиришнома топшириб қўйиши керак. Мана шу нарсаларни кечиктирмасликни, патентни ўз вақтида тўлашни ва умуман патентсиз юрмасликни тавсия қилган бўлардим, патенти бор меҳнат муҳожири ҳозирги рейдлардан ҳам қўрқмаса бўлади.
Чунки телефон текширилганда ҳам ноқонуний қандайдир сайтларга, Россияда тақиқланган манбаларни кузатиш каби ҳолати бўлмаса, браузерлари тоза бўлса, ижтимоий тармоқлардаги обуна бўлган жойлари, «лайк» қўйган саҳифалари — ҳаммаси яхши бўлса, тақиқланмаган бўлса, унда Россия қонунчилиги бўйича мигрантнинг қўрқишга сабаби йўқ. Ҳужжати жойида бўлса, қандайдир англашилмовчилик билан ёки техник хато билан ёки бирор ходимнинг қонунчиликни яхши билмаганлиги оқибатида тақиқ қўйиш ёки чиқариб юборишни ҳам патент асосида бекор қилса бўлади. Шунинг учун умуман ҳужжат масаласини кечиктирмасликни ва бу нарсага бепарво бўлмасликни тавсия қилардим.
Иккинчи тавсиям: телефонни, интернетни тоза сақлаш. Қанақа сайтга киряпти, нимага «лайк» босяпти — шунақа нарсаларга эҳтиёт бўлиш керак. Россия сиёсати, теракт бўйича изоҳлар қолдирмасликка, мигрантларни ёмонлаган пост, изоҳларга қарши ёзаман деб қандайдир конфликтларга аралашиб қолмасликни тавсия қилган бўлардим.
Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шавкат Мирзиёев «Манчестер Сити» клуби эгаси билан учрашув ўтказди
Асирга тушган украин аскари: “Улар замонавий жанг услубларини билишмайди”
Тожикистондан 20 кгдан ортиқ “опий” моддасини олиб ўтган шахслар ушланди
Исроил ва ҲАМАС Ғазо бўйича келишувга эришди
Грузиянинг собиқ бош вазири дўппосланди
АҚШда миллиардер Илон Маск судга берилди