23:12 / 24.04.2024
284

Шойгунинг ўринбосари ҳибсга олинди. Бу иш ҳақида ҳозиргача нималар маълум?

Шойгунинг ўринбосари ҳибсга олинди. Бу иш ҳақида ҳозиргача нималар маълум?
Фото: РФ мудофаа вазирлиги / EPA / Scanpix / LETA
Москва Басманний райони суди РФ мудофаа вазири ўринбосари Тимур Ивановни ҳибсга олишга санкция берди. Вазир ўринбосари камида 23 июнга қадар «Лефортово» тергов изоляторида ҳибсда бўлади. Унга нисбатан ўта йирик миқдордаги пора олиш бўйича айблов эълон қилинган (РФ ЖК 290-моддаси 6-қисми) — Иванов саккиз йилдан 15 йилгача қамоққа ҳукм қилиниши ёки кўп миллионлик жаримага тортилиши мумкин.

Иш фабуласи ҳозирча аниқ эмас — тергов ҳам, ҳимоячилар ҳам тафсилотларни ошкор қилмаяпти. Суд хабарида фақат пора «мудофаа вазирлиги эҳтиёжлари учун пудрат ва субпудрат ишларини бажаришда мулкий хусусиятга эга хизматлар кўрсатиш шаклида» олингани қайд этилган.

Ивановнинг адвокати Денис Балуев ОАВга бир-бирига зид келувчи маълумотлар тақдим этган. У ТАСС агентлигига ишда «пул пора предмети сифатида кўрилмаётгани» ва «ақлга сиғадиган миқдор — бир миллион рублдан кўпроқлиги»ни айтган. «Коммерсант FM» билан суҳбатда эса у ишда «пул пора предмети сифатида кўрилаётгани», аммо «бу нисбийлиги ва таҳрир қилиниши»ни билдирган. «Аммо бу ўринда биз кундалик ҳаётда қандайдир ноқонуний ҳаракат ёки ҳаракатсизлик учун пул кўринишида бериладиган хрестоматик пора ҳақида гап кетмаяпти, бу ерда иш таркиби анча мураккаброқ», — дея қайд этган у. Балуев шунингдек Иванов айбига иқрор бўлмагани ва «тергов билан ҳамкорлик қилаётгани»ни айтган.

Иванов билан бирга яна бир фигурант ҳибс қилинган, бизнесмен Сергей Бородинга ҳам худди Ивановники каби модда бўйича айблов қўйилган. Суднинг қайд этишича, Бородин ва Иванов «дўстона алоқада бўлганида» жиноий тил бириктирган. «Досье» маркази 2023 йилги суриштирувида Бородинни вазир ўринбосарининг «ишончли одами» деб атаган — хусусан, журналистлар маълумотига кўра, унинг раҳбарлигидаги «Волжский берег» компанияси Ивановга Твер областида катта уй қуриб берган. Бородин — бир неча компанияларга, шунингдек «Красние звезди» ҳаваскор ҳоккей клубига эгалик қилади, бу клуб «мудофаа вазири ўринбосари жамоаси» номини олган.

Shot нашри ёзишича, Бородин ва Ивановлар оилавий дўст бўлишган ҳамда бир-бирининг фарзандларига чўқинтирган ота ҳисобланади, Бородиннинг вазир ўринбосарининг собиқ рафиқаси Светлана Маниовичнинг (улар 2022 йилда ажрашган — «ВЧК-ОГПУ» телеграм-канали версиясига кўра, аёл санкцияга учрамаслиги учун) Бородин билан умумий бизнеси бўлган. «112» телеграм-канали тасдиқлашича тадбиркор илгари бошқа иш бўйича айбланган — ва судга қадар келишув доирасида Ивановга қарши кўрсатма берган.

«Интерфакс» манбага таяниб хабар беришича, ишда учинчи фигурант ҳам бор, у пора беришда гумонланмоқда. Агентлик маълумотига кўра, ҳозирча уни ҳибсга олиш чораси кўрилмаган. Ҳозирча бу шахс ҳақида бошқа ҳеч қандай маълумот йўқ.

«Важние истории» нашри ФХХга яқин бўлган икки манбага асосланиб Иванов давлатга хиёнатда гумонланаётгани ҳақида ёзган. «Пора — жамоатчилик учун. Ҳозирча давлатга хиёнат тўғрисида очиқ гапиришни исташмаяпти — можаро катта: нима бўлганда ҳам мудофаа вазири ўринбосари», — деган нашр суҳбатдошларидан бири. Иккинчи манбанинг сўзларига кўра, РФ президенти Владимир Путин «гап айнан давлатга хиёнат ҳақида кетаётганига ишонч ҳосил қилганидан кейингина топшириқ берган», коррупция учун эса Ивановни «ҳеч ким ушлаб ўтирмасди».

«Первий отдел» адвокати Евгений Смирнов ушбу маълумот тарқалиши ортидан Ивановнинг иши оператив ривожланиши билан одатда коррупция масалалари билан шуғулланмайдиган ҳарбий аксилразведка департаменти шуғуллангани ҳақида айтди. Шу билан бирга, Ивановнинг адвокати Мурад Мусаев РИА Новости мухбири билан суҳбатда «бу ишда эълон қилинган пора ҳақидаги айбловдан бошқа ҳеч қандай айблов йўқлиги»ни маълум қилган.

Кремл «фисқ-фасод гаплар»га қулоқ солмасликка чақирган. РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Кремлдагилар «Важние истории» нашри материалидан хабардор эканини билдириб, расмий маълумотларга таянишни таклиф этган. «[Давлатга хиёнат тўғрисидаги] бу мунозараларнинг барчаси — бу иш атрофидаги спекуляциядан ўзга нарса эмас. Тергов органларининг расмий маълумотларига таяниш керак. Ва, албатта, охир-оқибат — суд қарорига», — деган Песков. У шунингдек Путин ва мудофаа вазири Сергей Шойгу «ҳар куни алоқада» эканини айтган. Шу билан бирга, Песков улар Ивановнинг ишини муҳокама қилган-қилмагани ҳақидаги саволга жавоб беришдан бош тортган.

«Шойгуга қарши ўйин элементи»

Политолог Михаил Виноградов Шойгунинг ўринбосарига қарши ишда «урғу коррупционер эмас, айнан ҳарбийнинг ҳибсга олинишига берилгани картинкасини ҳосил қилиш истаги»ни кўрган. У ОАВнинг вазир ўринбосари бўйича иш беш йилдан буён «шакллантирилгани» ҳақидаги хабарини эслатиб, шундай савол қўйган: «Текшириш учун ҳали кўп нарса бор эди — бундай узоқ амалиётни нега бирданига тўхтатишга тўғри келди?»

Шу билан бир вақтда политолог Татяна Становая Ивановнинг қўлга олинишида «маски-шоу уюштирилмагани» — «Шойгуга яқин одамни очиқчасига ерга уришни исташмагани»га эътибор қаратади. «Аммо бу ерда, албатта, Шойгуга қарши ўйин элементи бор», — деб ҳисоблайди у. «Шойгу сўнгги ярим-бир йил ичида Путиннинг кўз ўнгида ўз позициясини тиклади ва унга сезиларли даражада яқинлашиб, президентга ҳарбий ишлар тўғрисида келадиган маълумотлар оқимини етарлича муваффақият билан назорат қила бошлади», — дея ёзади Становая ўз телеграм-каналида.

7 май куни бешинчи президентлик муддатида ишлаётган Путиннинг инаугурация маросими бўлиб ўтади. Шундан кейин Россияда янги ҳукумат шакллантирилиши лозим.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Шойгунинг ўринбосари ҳибсга олинди. Бу иш ҳақида ҳозиргача нималар маълум?