
Глобал ҳамжамият эътирозига қарамай, Нетаняҳу Рафаҳга бостириб киришга уринаркан, АҚШ Исроилга бир қатор қуролларни бермаслик билан таҳдид қилди. Қоҳирада эса муросасиз музокаралар ҳамманинг диққат марказида. Kun.uz “Геосиёсат” лойиҳасида мавзуни сиёсий фанлар номзоди, доцент Улуғбек Ҳасанов билан таҳлил қилди.
— Баъзи манбаларда ЦАҲАЛ Рафаҳда ҳарбий амалиёт бошлагани ҳақида хабарлар тарқаляпти, аслида вазият қандай?
— 1977 йилда Мисрнинг Анвар Саодат бошчилигидаги ҳукумати ва Исроил ўртасида музокаралар бўлганди Фаластин масаласи бўйича. Миср ва Рафаҳ ўртасидаги трансчегаравий “Салоҳиддин” чиқиш қисми бор, у 2004 йилда Филаделфия коридори деб аталган, мана шу йўлак гуманитар коридор ҳисобланади. Рафаҳ трансчегаравий чиқиш қисми Фаластин автономияси ва Миср чегара қўшинлари тасарруфига ўтиши 1977 йилдаги музокараларда белгиланган. Бу Кэмп-Дэвид келишуви эмас, ундан олдин бўлган, Кэмп-Дэвид келишуви эса 1978 йилда бўлади.
Бу 20 километрлик коридор жуда муҳим ҳисобланади. Кэмп-Дэвид келишувларида Рафаҳ алоҳида гуманитар ҳудуд сифатида белгиланиб, халқаро статус берилган. Лекин Фаластин автономияси бу трансчегаравий чиқиш йўлини қанчалик мустақил бошқарди, деган савол бор. Охирги 40 йилга қарасак, Исроил ҳар доим мана шу трансчегаравий ҳудудга ўз манфаатларини киритишга уринган.
Бугунги ҳолат — Исроил учун қулай вазият. 8 октябрдан бошлаб Исроил томонидан Ҳамаснинг Мисрга чиқиб кетиши олдини олиш баҳонасида Рафаҳдаги трансчегаравий ҳудудга нисбатан хуружлар бошланган.
Исроил ҳеч қачон бу ғоясидан қайтмайди, яъни ҳудудни Исроил чегара қўшинлари назоратига олишдан. Музокараларда ҳам бу масала қўйилади. Исроил шу орқали Ғазони тўлиқ қамал қилмоқчи. Рафаҳ жуда муҳим, геосиёсий, трансчегаравий жиҳатдан катта салоҳиятга эга жой. Шу трансчегаравий ҳудудни ўзи назоратига олиш охирги 4-5 ой давомида катта мақсад бўлиб турибди Исроил томонидан.
Исроил қўшинлари Рафаҳга кирмаган, лекин қамал қилиб турибди, ҳарбий хуружлар бўляпти. Мақсад — кириб бориб, тўлиқ назоратга олиб, Рафаҳдаги ўтиш йўлагини Исроил қўшинлари тасарруфига ўтказиш. Бу мақсаддан Нетаняҳу ҳукумати қайтмаган, қандай халқаро босимлар, АҚШ босимлари, шартлари бўлмасин, Нетаняҳу ҳукумати шу мақсадда турибди.
— Нетаняҳу сўнгги баёнотида АҚШ ёрдамисиз ҳам Рафаҳга кириши ҳақида айтди, бу Исроилни жиловлаш имкони йўқ деганими?
— 23 апрелдаги Байден баёнотида маълум бир ҳарбий ҳамкорлик тўхтатилиши ҳақида фикр йўқ, маълум бир шарт қўйилди. Гуманитар инқироз чуқурлашиб кетмаслиги учун тўхташни айтиб, норозилик билдирди, лекин бу норозилик асносида ҳарбий ҳамкорлик тўхташи ёки чекланиши ҳақида гап йўқ. Улар ўртасида ўн йилликлар давомида ҳарбий-технологик ҳамкорлик ўрнатилган, буларни чеклаш бўйича аниқ сиёсий позиция ёки АҚШ ҳарбий тузилмалари томонидан белги бўлгани йўқ.
Исроил ҳарбий кучлари катта салоҳиятга эга. Ёлғиз қолса ҳам, бу ишни қила олади, чунки Европа ва АҚШ билан кўп йиллик ҳарбий ҳамкорлик натижасида Исроил мудофаа кучларини кучайтириб юборди, бугунги кунда Исроил бу каби операцияларни ўзи амалга ошира олади.
— Рафаҳга кириш тўғрисидаги хабарларга ҳам 2 ой бўлди. Ўзи амалга оширишга имкони бор экан, нега ҳалигача бошламади, нима тўсқинлик қиляпти?
— Халқаро ҳамжамият ва бошқа кучларнинг босимига қарамасдан, Исроил олдига қўйган мақсадни амалга оширмоқда. Исроил ҳарбийларини Рафаҳга киритиши борасида шубҳа бўлиши керак эмас. Айтганимдек, Нетаняҳу ҳукумати Рафаҳнинг трансчегаравий ҳудудини ўз назоратига олишни мақсад қилган.
Вақт чўзилишининг сабаби эса Исроил бу операцияга пухта тайёргарлик кўряпти. Иккинчи томондан музокаралар орқали дипломатик йўл билан бунга эришиш нияти ҳам бор ҳали.
— Қоҳирадаги тинчлик музокараларидаги вазият қандай ва томонларнинг шартлари нималардан иборат?
— Ҳамас томони музокараларга тайёр эканини билдирди, исроиллик асирлардан 33 нафарини қайтариб беришга ҳам тайёр. Лекин шуни унутмаслик керакки, Ҳамас ўзини Исроил оккупациясига қаршилик кўрсатадиган куч сифатида билдирган сиёсий саҳнада. Ҳамас олдига стратегик мақсад қўйган, яъни Исроил оккупация қилган ерларни қайтариб, мустақил Фаластин давлатини вужудга келтириш ва унинг тепасида туриш. Ҳамас музокараларда мақсад қўйган, асирларни фақат Исроилдаги фаластинлик маҳбусларни озод қилиш учун эмас, балки мустақил Фаластин давлатига асос солиш йўлида ҳам ишлатади. Музокараларда асирлар ва Рафаҳ трансчегаравий ҳудудидан ташқари асосий масала мустақил Фаластин давлатчилигини тузиш бўлади.
БМТ ассамблеясида 143 та давлат Фаластин давлати БМТга тўлақонли аъзо бўлишини қўллаб-қувватлади. 143 та давлат овоз бериши кўп нарсани англатади: Исроилга бўлаётган халқаро босимни ҳам билдиради, ташқи сиёсий қарашларига ҳам босим бўлади бу. Лекин Нетаняҳу ҳукумати барибир ўз мақсадидан қайтмаяпти.
Нетаняҳу Ликуд партияси аъзоси бўлган олдиндан, улар эса сионистик партия ҳисобланади, ўта консерватив партия ҳам, Исроил жамиятида катта нуфузга эга. Ушбу партия сиёсий қарашларига кўра, сионистик давлат миқёсида бошқа мустақил давлат вужудга келишига йўл қўймаслик бор. Нетаняҳу ўзича сиёсат олиб бораётган лидер эмас, унинг ортида шундай партия ва бошқа кучлар бор, шуларнинг сиёсий позициясини акс эттиради у. Нетаняҳу ортида турган сиёсий кучлар манфаатини инобатга олиш керак.
Таҳлилларда кўпинча четда қоладиган яна бир масала бор. Исроил давлатчилигида раввинатнинг, яъни яҳудий руҳонийларининг сиёсий кучи жуда катта, худди Эрондаги каби. Исроил раввинатининг қарашлари сионизм ғояларини ўзида акс эттиради. Сионизмнинг энг катта тафаккурларидан бири — Исроил давлатчилиги миқёсида бошқа бир мусулмон давлати вужудга келишига йўл қўймаслик. Улар учун бу — сиёсий дастурий қараш. Фақат Нетаняҳуни гапирамиз, лекин унинг ортида турган Исроил давлатчилигида катта нуфузга эга бўлган кучлар бор, улар Нетаняҳуга катта таъсир ўтказади.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар