20:37 / 22.05.2024
1 660

Путин Ўзбекистонга келмоқда: унинг асосий мақсади нима?

Путин Ўзбекистонга келмоқда: унинг асосий мақсади нима?
Жорий йилнинг 21 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати бўлиб ўтган суҳбатни умумий сўзлар билан ифодалаган. Бироқ Кремль матбуот хизмати Владимир Путин ҳамкасби Шавкат Мирзиёев билан Россия президентининг яқин орада Ўзбекистонга бўладиган ташрифи ҳақида суҳбатлашганини маълум қилди.

Шимолдан эсаётган шамолларга қулоқ соладиган бўлсак, тез кунларда Россия президентининг Ўзбекистонга ташрифи амалга оширилади. Хўш, нима учун Владимир Путин Хитойдан кейин Ўзбекистонга келмоқда? Ташрифдан кўзланган асосий мақсад нима?

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Владимир Путин
Фото: Кремль матбуот хизмати

Геосиёсий рақобат

Марказий Осиёнинг геополитик манзарасида Ўзбекистон алоҳида ўрин тутади, бу минтақада сиёсий барқарорлик ва иқтисодий тараққиётнинг асосий манбаси сифатида эътироф этилган. Сўнгги вақтларда расмий Тошкентга хорижий мамлакатларнинг муҳим лавозимдаги инсонлари, масалан, Буюк Британия ташқи ишлар вазири ва Малайзия бош вазирининг ташрифи Ўзбекистоннинг ташқи ўйинчилар, хусусан, Россия олдидаги аҳамиятини оширишга хизмат қилди.

Владимир Путиннинг Тошкентдаги “Ғалаба” боғига бориши кутилмоқда. Бу ўз навбатида, қайсидир маънода, ташқи ўйинчилар учун ўзига хос сигнал. Яъни Россия президентининг Ўзбекистонга амалга ошириладиган бўлажак ташрифи Марказий Осиёда геосиёсий ўзгаришларнинг кейинги босқичига ўтишга ишора қилмоқда.

Буюк Британия ташқи ишлар вазири ҳамда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири
Фото: Ўзбекистон ТИВ

Сиёсий манфаатлар

Ўзбекистон учун Россия муҳим савдо-иқтисодий ҳамкор ҳисобланади. Ўзбекистоннинг денгизга чиқиш имкониятларининг чеклангани сабабли транспорт-логистика масаласида Ўзбекистон, асосан, Россия портларидан фойдаланиб келган. Бу эса, ўз навбатида, расмий Тошкентни Москвага маълум маънода боғловчи омил бўлган.

Лекин 2022 йилда Украина урушининг бошланиши, Россия ва Европа мамлакатлари муносабатларининг совуқлашиши, Марказий Осиё мамлакатлари учун “Шимол” йўлагининг аҳамиятини тушириб юборди. Шундан сўнг минтақа мамлакатлари транспорт-логистика масаласида альтернатив йўлларни излашни бошлади.

Россиядан ўтувчи транспорт йўлаклари
Фото: happy-laser.ru

Аслида, Ўзбекистон олдида “Шимол” йўналишига муқобил ҳисобланган трансафғон темирйўл лойиҳаси мавжуд бўлиб келган. Лекин Афғонистондаги ички беқарорлик бу лойиҳани амалга оширишга асосий тўсиқ эди. Шунингдек, бу лойиҳанинг истиқболда ишга тушиши Марказий Осиё мамлакатларини, хусусан, Ўзбкистонни ҳам транспорт-логистика масаласида Россияга бўлган боғлиқлигини пасайтиришга хизмат қилади. Шу сабабли Россия трансафғон темирйўлининг ишга тушишидан манфаатдор бўлмаган. Аммо бугунги кунда расмий Москванинг бу борадаги позицияси 180 градусга ўзгарган.

Россиянинг глобал Жануб томон юзланиши

Афғонистонда “Толибон”нинг иқтидорга келиши билан қисман мамлакат ичида барқарорлик қайта тикланди. Ҳозиргача “Толибон” ҳукуматини ҳеч қайси давлат тан олмаган бўлса-да, Хитой, Россия ва Марказий Осиё мамлакатлари “Толибон” билан алоқаларни мустаҳкамлашга интилмоқда. Масалан, Россия “Толибон”ни террорчилик ташкилоти рўйхатидан чиқариш масаласини кўриб чиқмоқда.

2023 йилнинг ноябрь ойида Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлатларининг биринчи транспорт форуми бўлиб ўтганди. Форум доирасида Беларусь–Россия–Қозоғистон–Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон ва Россия–Каспий денгизи–Туркманистон–Ўзбекистон–Қирғизистон янги халқаро транспорт йўлакларини яратиш бўйича меморандумлар имзоланган эди. Жорий йилнинг апрель ойида эса Беларусь—Россия—Қозоғистон—Ўзбекистон—Афғонистон—Покистон мултимодал транспорт коридорини ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” имзоланди. Шу ўринда “Россия нега Жануб томонга интилмоқда”, деган табиий савол туғилади.

Беларусь—Россия—Қозоғистон—Ўзбекистон—Афғонистон—Покистон темирйўл лойиҳаси
Фото: carposting.ru

Маълумки, Украина уруши фонида Россия ўзининг энг катта даромад келтирувчи хом ашёси ҳисобланган газ ва нефть маҳсулотларини Европа бозорларига сотишни тақиқлади. Икки ярим йилдан бери давом этаётган Украина уруши Кремль хазинасининг тубини кўрсатиб қўйганини ҳисобга оладиган бўлсак, Россия ўзининг углеводород маҳсулотлари учун янги бозорларни излаб топишга фаол тарзда киришиб кетди. Бу борада Россия учун энг мақбул бозор бу — Жанубий Осиё.

Унутмаслик керакки, трансафғон маршрути бўйлаб нафақат темирйўл қуриш, балки газ қувурлари ва электр узатиш тармоқларини тортиш ҳам кўзда тутилган. Бу инфраструктура Россия хом ашё экспортини Жанубий Осиёга буриш учун жуда қулай ҳисобланади”, — дея фикр билдирган эди сиёсий таҳлилчи Наргиза Умарова.

Россиянинг Ўзбекистон газ омборларига қизиқиши

Бу ерда фақат углеводород ресурсларини эмас, балки электр энергиясини сотиш ҳам жуда катта аҳамиятга эга. Чунки 70 йилларда Европа комиссияси томонидан CASА-1000 лойиҳаси ишлаб чиқилган. Шу лойиҳа трансафғон темирйўли лойиҳаси юзага келишига сабаб бўлган. Бу лойиҳада Ўрта Осиё мамлакатларидаги ортиқча электр энергиясини Афғонистонга ва Покистон орқали Ҳиндистонга экспорт қилиш кўзланган эди. Айнан шунинг учун Россия бугунги кунда ўз газини кўпроқ Ўзбекистонга сотиш ва Ўзбекистондаги газ омборларини сотиб олишга қизиқмоқда. Улар Ўзбекистонни ўзига хос бир хаб қилмоқчи. Бу ерда газ орқали электр энергияси ишлаб чиқариб, ишлаб чиқарилган электр энергиясини Покистон, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатларга сотиш мумкин. Уларнинг қизиқиши ҳам шунда”, — деган Абдулла Абдуқодиров.

Бироқ трансафғон темирйўл лойиҳасига Россия инвестор бўлиб кириши даргумон. Лекин айрим мутахассислар Москва бунга ўзининг яқин дўсти ҳисобланган Пекинни жалб қилмоқчи эканлигини таъкидламоқда.

"Хитой билан масала ҳал бўлди. Эътиборимизга энергетика ва транспортда “ечим” ҳавола қилинади деган гумондамиз", — дея ёзди ўзининг Х тармоғида иқтисодий таҳлилчи Абдулла Абдуқодиров.

Хулоса қилганда, Россия Ўзбекистонни ўзини глобал Жануб билан боғловчи марказ сифатида кўрмоқда. Аммо “бу ерда Ўзбекистоннинг манфаатлари қаерда бўлади” ва “Москва ва Пекиннинг бу лойиҳага қўшилиши Ўзбекистон учун қай даражада манфаатли”, деган савол очиқ қолмоқда.

Маълумот учун, Россия президенти янги муддатга сайланганидан сўнг, Хитойга давлат ташрифини амалга оширган эди. Владимир Путин шу вақтга қадар Ўзбекистонга 9 марта ташриф буюрган. Россия президентининг Ўзбекистонга сўнгги ташрифи 2022 йил 15–16 сентябрь кунлари бўлиб ўтган ва бу ташриф доирасида Владимир Путин Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммитида иштирок этган эди.

Сардор Али

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Путин Ўзбекистонга келмоқда: унинг асосий мақсади нима?