17:04 / 30.06.2024
99

Доҳадаги учрашув толиблар халқаро тан олинишини яқинлаштирадими?

Доҳадаги учрашув толиблар халқаро тан олинишини яқинлаштирадими?
Фото: Михаил Гребеншчиков / РБК
30 июн куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида БМТ бош котиби шафелигида Афғонистон бўйича махсус элчиларнинг икки кунлик учрашуви бошланади. Учрашув олдига қўйилган вазифа — бу йўналишдаги ҳамкорликни «янада изчил, мувофиқлаштирилган ва тизимли» қилиш ҳамда Афғонистоннинг амалдаги ҳокимияти билан бундан кейин қандай ишлашни ҳал қилиб олишдир.

БМТ бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари, ушбу тадбирни назорат қилувчи Розмари Дикарлонинг изоҳлашича, ундан якуний мақсад — «ўзи ва қўшнилари билан тинч-тотув яшовчи, халқаро ҳамжамиятга тўлиқ интеграция қилинган, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ўз мажбуриятларини, айниқса, аёллар ва қизлар бўйича мажбуриятларини бажарадиган» Афғонистонни яратишдир.

Бу Доҳада шундай форматдаги учинчи учрашув — олдингилари 2023 йил майида ва 2024 йил февралида ўтказилган. Улардан фарқли равишда, бу сафаргисида Афғонистонни назорат қилаётган «Толибон» ҳаракати вакиллари ҳам иштирок этмоқда. 2023 йилги конференцияга толиблар таклиф этилмаган, 2024 йил февралда эса уларнинг ўзи иштирок этишдан бош тортганди, бунгача улар учрашувда ўзларини танқид қилувчи афғон ҳуқуқбонлари бўлмаслигини ва БМТ бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашув ташкиллаштирилишини талаб қилишган, ташкилотчилар эса бунга кўнмаганди.

«Толибон» ҳаракати 2021 йил августида Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаган — улар ғарб коалицияси бу ердан қўшинларини олиб кетиши билан мамлакат ҳудудларини ўз назорати остига олганди. 2020 йил февралида толиблар ва АҚШ Доҳада келишув имзолайди, унга кўра, ғарб ўз қўшинларини олиб кетиши эвазига мамлакатда тинчлик жараёни йўлга қўйилиши, толиблар эса «Ал-Қоида» билан ҳамкорликни бас қилиши ҳамда расмий ҳукумат билан музокараларга киришиши кўзда тутилганди. Амалда эса бундай бўлмади — президент Ашраф Ғани Афғонистондан БААга қочиб кетди.

Толиблар келиши билан мамлакат расман Афғонистон Ислом Амирлиги деб атала бошлади. Қатор мамлакатлар толиблар режими тан олиниши учун шартларни илгари сурган: инсон ҳуқуқларига, биринчи навбатда аёллар ҳуқуқларига риоя этилиши, этник ва сиёсий жиҳатдан инклюзив ҳукумат тузилиши. Бу шартларни толиблар бажармади.

2023 йилда БМТ хавфсизлик кенгаши Гутерришдан Афғонистондаги ҳолат бўйича мустақил баҳо беришни сўраганди. У бундай баҳони ўша йил ноябрида тақдим этади. «Айни вақтда вазият боши берк кўчага кириб қолган, натижада халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистон билан муносабатлари асосан ноаниқлик ҳолатида қолмоқда ва бу афғон халқи учун жиддий оқибатларга олиб келмоқда», — дейилган бош котиб ҳисоботида. Унда Гутерриш боши берк кўчадан чиқиш вазифасини қўйган, Доҳадаги учрашув ҳам айнан шу мақсадда ташкил этилди.

Толиблар Доҳага қандай шартларда келмоқда?

«Толибон» бу сафарги маслаҳатлашувларда иштирок этишини июн ойи ўрталарида тасдиқлади. Амирлик расмийси Забиҳулло Мужоҳид кун тартиби билан танишиб чиққан мамлакат раҳбарияти учрашув мамлакат манфаатларига мос келади деб топган. «Асосий ва муҳим мавзулар Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами ва Афғонистонда инвесторлар учун имкониятлар яратишдир. Шунингдек бошқа мавзулар ҳам муҳокама қилиниши мумкин, аммо уларнинг барчаси Афғонистон учун фойдали ҳисобланади», — дея унинг сўзларини келтирган TOLO News телеканали. Бунга қадар Мужоҳид толиблар ушбу конференцияда иштирок этиш учун ўз шартларини илгари сураётгани ҳақидаги маълумотни асоссиз деб атаганди.

БМТ яна толибларнинг танқидчилари бўлган тарафни таклиф этган: 2 июл куни Доҳада Дикарло ва махсус элчилар (ташкилотчилар 20 давлатдан дипломатларни чақирган, уларнинг аксари иштирок этишини тасдиқлаган) афғон фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашади. Шунингдек, The Guardian қайд этишича, толиблар бирор афғон аёли бу учрашувга қўйилмаслигини талаб қилган. БМТдагилар ташкилот вакилларидан бошқа аёллар Доҳадаги асосий учрашувда иштирок этмаслигини тасдиқлаган — БМТ бош котибининг Афғонистон бўйича махсус вакили Роза Отунбаева 21 июн кунги брифингда аъзо мамлакатлар музокараларга фақат эркак вакилларини юборганини хабар қилган. У толиблар Доҳадаги музокараларда илк бор иштирок этишига эътибор қаратган ва кун тартибидан аёлларга алоқадор бўлган долзарб масалалар, банк тизимларини йўлга қўйиш ҳамда наркотрафикка қарши курашиш масалалари ҳам борлигини таъкидлаган. «Келинг улар (толиблар) билан гаплашишни бошлайлик», — деган Отунбаева.

У толиблар аёлларга нисбатан жорий этган чекловлар Афғонистоннинг истиқболларига салбий таъсир кўрсатишини қайд этган. 2022 йилда толиблар қизларга мактабга боришни тақиқлаган ва амалда аёлларнинг таълим олишини тақиқлаганди. «Бу чекловлар мамлакатни «Толибон»нинг ўзини ўзи таъминлаш сиёсатини амалга оширилиши учун ўта муҳим бўлган инсон капиталидан маҳрум қилади. Бу олтин бошлар мамлакатни тарк этишига йўл очади, бу эса Афғонистон келажагига путур етказади. Улар амалда ҳокимиятнинг легитимлик ҳақидаги даъволарига ҳам зарар етказади. Ва улар Афғонистоннинг халқаро ҳамжамиятга қайта интеграциялашувига олиб келадиган дипломатик қарорлар қабул қилинишига тўсқинлик қилишда давом этмоқда», — деган Отунбаева ва БМТ ушбу тақиқларни бекор қилишга чақиришда давом этишини қайд этган.

БМТнинг конференцияни аёллар иштирокисиз ўтказишга розилик бергани халқаро ҳуқуқ ташкилотлари томонидан танқидларни келтириб чиқарди. Human Rights Watch (HRW) БМТ Доҳада толибларнинг шартлари бўйича учрашув ўтказиш орқали «янги туб»га тушганини билдирди. «Толибон»нинг зўравонликларидан энг кўп азият чекканлар бир четда қолмоқда ва ўз тақдири БМТда муҳокама қилинишидан четлаштирилмоқда», — дейилган баёнотда. Унда бу қарор БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2000 йилда қабул қилинган ва аёлларнинг муҳим халқаро муҳокамалардаги иштирокини кафолатлайдиган 1325-сонли резолюциясига зид келиши қайд этилган.

«Агар Доҳа-3 режалаштирилганидек давом этса, БМТ афғон аёлларининг ўз ҳуқуқлари учун курашига хиёнат қилиб, зарарли прецедент ҳосил қилади. «Толибон»ни тинчлантиришга бундай шармандаларча уриниш учун инсон ҳуқуқлари бўйича ўз мажбуриятларидан бош ортган БМТ ўз обрўсига абадий ўчмас зарар етказади», — дея хулоса қилган HRW.

Халқаро ҳамжамият толиблар режимини тан оладими?

БМТдагилар HRW танқидини қабул қилмади — у ердагилар махсус элчилар барибир аёллар ҳуқуқлари ҳимоячилари бўлган гуруҳ билан учрашишини айтишган. БМТдагилар яна шуни қайд этган: «Ҳар қандай ҳолатда ҳам ташкилот вакиллари ва элчиларнинг учрашувини «Толибон»ни ҳукумат сифатида расман тан олиш ёки уни легитимлаштириш деб қабул қилинмаслиги керак». «Биз Афғонистон муаммоларини ҳал қилиш учун улар билан учрашишимиз даркор, — деган 25 июн куни журналистларга БМТ вакили Стефан Дюжаррик. — <…> Афғонистон бўйича барча махсус элчилар бир хонада бўлиши, бир нарсани тинглаши, амалдаги расмийлар билан мулоқот қилиши, барча бир тўлқинда бўлиши учун бир нарса трансляция қилингани яхшироқ».

Россия толиблар билан мулоқот ўрнатишнинг фаол тарафдорларидан бири саналади. Москва «Толибон»ни 2023 йилда террорчилик ташкилотлари рўйхатига киритган, ҳаракат ҳамон мазкур рўйхатда қолмоқда, аммо 2024 йил майида Адлия вазирлиги ва Россия ТИВ президентга толибларни ундан чиқариш мумкинлиги тўғрисида ҳисобот берган. «Ишончимиз комилки, Афғонистондаги вазиятни ҳар қандай самарали ҳал қилиш амалдаги расмийлар иштирокисиз имконсиз», — деган 21 июн куни БМТ хавфсизлик кенгаши йиғилишида Россия махсус вакили Василий Небензя. У ғарблик ҳамкасбларнинг ички сиёсий парокандалик ва мамлакатдаги иқтисодий коллапс тўғрисидаги прогнозларига терс ўлароқ, де-факто ҳукумат вазиятни тўғри баҳолай олгани ва минтақа давлатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳамда ижтимоий-иқтисодий салоҳиятни тиклашга эътибор қаратганини айтган. «Улар ғарб ёрдамига таянмасдан, Афғонистон учун мустақил тараққиёт йўлини қидирмоқда», — дея хулоса қилган россиялик дипломат.

Россиянинг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабуловнинг ҳисоблашича, дунё толиблар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш зарурлигини «тушуниб етмоқда». «Россия анча олдинроқ бу фикрга келганди. Ҳечдан кўра кеч яхши», — дея унинг сўзларини келтирган ТАСС.

АҚШ Давлат департаменти ўз вакиллари халқаро ҳамжамият билан биргаликда «Толибон»ни Доҳа келишуви бўйича ўз мажбуриятларига жиддий ёндашиш зарурлиги»га ишонтиришда давом этиш учун Қатарга боришини билдирган.

Хитой бу борада изоҳ бермаган. Ушбу мамлакатнинг махсус вакили Юэ Сяоюн фақат ёпиқ норасмий учрашув бўлишини айтиб, конференция натижа беришига умид билдирган.

«Бу ерда икки позиция тўқнашмоқда: бир томондан, толибларни тан олиш масаласини илгари сураётган Россия ва Ўзбекистон, бошқа томондан — Афғонистонга гуманитар шартлар қўяётган ғарб мамлакатлари, — дейди РБК билан суҳбатда политолог, Марказий Осиё бўйича эксперт Аркадий Дубнов. — Ўз навбатида, толиблар халқаро ҳамжамиятга ўзларига қарши барча даъволарга қарамай, Афғонистонда барқарорликни кафолатловчи куч айнан ўзи эканини намойиш этмоқда».

Экспертнинг фикрича, бу сафарги йиғилишда олдинга силжиш бўлиши мумкин — кўпчилик бундан манфаатдор. «Афғонистон Каспий минтақаси, Марказий Осиёдан Ҳинд океани портларига энергия ресурслари транзити учун давлат сифатида жиддий қаралади. Шимол — Жануб йўлаклари, трансафғон йўлаги — буларни фақат толиблар жаҳон ҳамжамиятининг бир қисми бўлса амалга ошириш мумкин, — дея қайд этади Дубнов. — Иккинчидан, толиблар уларнинг олдинги келишида тан олинмагани учун радикаллашганди. Цивилизация нормаларига яқинлашиши учун «Толибон» дунё қучоғига киришига интилишимиз керак».

Аёллар ҳуқуқлари масаласи эса, катта эҳтимол билан Доҳада муҳокама қилинади, дея тахмин қилади Дубнов. У ерда барибир ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам бўлиши халқаро ҳамжамият бу мавзуни ташлаб қўймаслигидан далолат беради; масала гап умумий позицияни ишлаб чиқиш ҳақида кетаётганида у қанчалик принципиал бўлишида.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Доҳадаги учрашув толиблар халқаро тан олинишини яқинлаштирадими?