Пхенянда бўлиб ўтган йирик ҳарбий парадда Шимолий Корея ўзининг янги “Хвасон-20” номли қитъалараро баллистик ракетасини тақдим этди. Корея Марказий телеграф агентлиги маълумотига кўра, ушбу қурол “энг қудратли ядро стратегик қуроли” сифатида баҳоланган.
Парад Корея Меҳнат партияси тузилганининг 80 йиллиги муносабати билан ўтказилди. Тадбирда мамлакат раҳбари Ким Чен Ин нутқ сўзлаб, КХДР Қуролли кучларини “ҳар қандай таҳдидни йўқ қила оладиган енгилмас армия”га айланишга чақирди.
Мутахассислар фикрича, “Хвасон-20” ракетаси Шимолий Кореяга АҚШ ҳудудидаги нишонларга зарба бериш имкониятини беради. Парад чоғида КХДР армияси нафақат мазкур ракетани, балки гипертовушли қуроллар каби янги тизимларни ҳам намойиш этди.
Шунингдек, Пхеняндаги маросимда Россия ҳарбийлари ҳам иштирок этди. Тадбирда Хитой Бош вазири Ли Цян, Вьетнам Коммунистик партияси Бош котиби То Лам ва Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев ҳам қатнашди.