date

Америкалик аёл қандай қилиб адвокатсиз ChatGPT билан судни ютди?

Америкалик аёл қандай қилиб адвокатсиз ChatGPT билан судни ютди?

Нью-Йоркда яшовчи тадбиркор аёл Стейси Деннетт сунъий интеллект ёрдамида суд жараёнини ютди. У адвокат ёлламай, барча ҳимоя ишларини ChatGPT орқали тайёрлаб, 2 минг долларлик қарз мажбуриятидан қутулиб қолди, деб хабар берди маҳаллий ОАВлар.

Маълумотларга кўра, Деннетт Нью-Мексико штатидан бўлиб, уй шароитида фитнес билан шуғулланувчи кичик бизнес соҳиби ҳисобланади. Судга чақирув қоғози олганидан кейин у адвокат хизмати нархини кўтара олмаган ва шундай пайтда ChatGPT’ни синаб кўришга қарор қилган.

“Мен илгари суд ишларига аралашмаганман. Лекин ChatGPT’дан ишда ҳам, шахсий ҳаётда ҳам тез-тез фойдаланаман”, — дейди тадбиркор.

Сунъий интеллект унинг ҳимоя нутқини тайёрлашда, далилларни тизимлаштиришда ва суд жараёни учун зарур ҳужжатларни расмийлаштиришда ёрдам берган. Деннетт ҳатто ChatGPT’га “ўзини Гарвард профессори деб тасаввур қилиб”, ҳужжатларни танқидий таҳлил қилишни сўраган.

Натижада, суд жараёни аёл фойдасига ҳал бўлди. Қарз миқдори қисқартирилди, масала тинч йўл билан ёпилди. Суддан кейин қарши томон адвокатлари унга электрон почта орқали: “Сиз ҳуқуқ соҳасига қизиқсангиз, буни касбингизга айлантиринг”, деб ёзишган.

Бу каби ҳолатлар АҚШда янгилик эмас. Масалан, Лос-Анжелесда яшовчи Линн Уайт ҳам уй ижараси бўйича судда ChatGPT ва Perplexity воситалари ёрдамида ҳуқуқий хатоларни топиб, 55 минг долларлик жарима ва 18 минг доллар қарздан озод бўлган.

Яна бир америкалик — Женнифер Аллан эса “30 кунлик ChatGPT маслаҳати” орқали 11 минг долларлик қарзини тўлашга муваффақ бўлган. У сунъий интеллектдан шахсий бюджетни режалаштириш ва харажатларни қисқартириш бўйича кунлик тавсиялар олган.

Бундай воқеалар сунъий интеллектнинг ҳуқуқий ва молиявий соҳаларда ҳам инсонга амалда ёрдам бера олишига яна бир исбот бўлмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Америкалик аёл қандай қилиб адвокатсиз ChatGPT билан судни ютди?