22:15 / 15.07.2024
123

Трампга суиқасд Америка ва президентлик сайловлари учун нимани англатади?

Трампга суиқасд Америка ва президентлик сайловлари учун нимани англатади?
Шанба кунги воқеалар Америкага ва унинг сиёсий жараёнларига қандай таъсир кўрсатишини олдиндан айтиш қийин. BBC шарҳловчиси Михаил Смотряев бу борадаги мулоҳазаларини баён этди.

1981 йил кичик Жон Ҳинкли томонидан отилган Роналд Рейган давридан буён АҚШда президент ёки президентликка номзодга нисбатан бу турдаги суиқасд содир этилмаганди.

Шарҳловчилар мамлакатнинг яқин ўтмишида ака-ука Кеннедилар — бири президент Жон, бошқаси президентлик пойгасидаги фаворит Роберт — отиб ўлдирилганини эслашмоқда. Ўша вақтларда, 1960-йилларда, инсон ҳуқуқлари учун курашган фаоллар — Медгар Эверс, кичик Мартин Лютер Кинг ва Малколм Икс кабилар ҳам қотил ўқидан ҳалок бўлишган.

Ўша нотинч даврлардан кейин ҳам АҚШда сиёсатчилар ўққа тутилиши ҳолатлари кузатилган. 2011 йилда Конгресс аъзоси, демократ Габриэл Гиффордс партия тадбири вақтида бошидан ўқ еб, оғир яраланганди. Ўшанда яна олти киши ҳужум қурбони бўлган.

2017 йилда республикачи конгрессменларнинг бейсбол машғулоти чоғида отишма рўй бериши оқибатида Вакиллар палатасида кўпчиликни ташкил этган республикачилар котиби Стив Скализ ҳамда яна уч киши яраланган.

1960-йилларда бўлгани каби бугун ҳам Америка максимал даражада қутблашган. Ўшанда бўлгани каби ҳозир ҳам милтиқ кўтарган ва ундан фойдаланишга тайёр бўлган киши тарихнинг боришини ўзгартириб юбориши мумкин.

Батлерда учган ўқлар, тарихнинг боришини ўзгартирмаган тақдирда ҳам, ҳеч бўлмаганда 5 ноябр кунги сайлов натижаларига таъсир кўрсатиши мумкин. Бу воқеагача президентликка номзодларнинг ҳар иккиси ҳам бир хил даражада қўллаб-қувватловга эга эди.

«Трампга отилган ўқ — Байденга тегди»

Россиялик сиёсатшунос Борис Пастухов бу воқеага шундай изоҳ берди. Бу баёнотга қўшилиш мумкин.

Ҳодисадан бир неча соат ўтганида амалдаги президент Жо Байден — Трампнинг ноябрдаги рақиби — матбуот учун баёнот бериш мақсадида камералар қаршисида пайдо бўлди: «Америкада бундай зўравонликка ўрин йўқ. Бу жирканчли. Биз буни қабул қила олмаймиз».

Бошқа нуфузли демократлар, жумладан собиқ президент Барак Обама ҳам бу ҳужумни қоралади. Лекин бу вазиятни совита олмади.

Республикачилар лагерида бу суиқасд учун жавобгарликни демократларга ва шахсан Жо Байденга юкловчилар ҳам топилди, улар амалдаги президент ўтган ҳафта бошида Трампни «нишон марказига қўйиш» вақти келгани ҳақида гапирганини эслаб қолишди.

«Байденнинг кампанияси президент Доналд Трампни — ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам тўхтатиш керак бўлган авторитар фашист сифатида кўрсатишга қаратилган, — дея ёзади оҳайолик сенатор, айрим манбаларга кўра Трамп сайланса, унинг вице-президенти бўлишга номзодлардан бири Жей Ди Вэнс. — Бундай риторика бевосита президент Трампга суиқасд уюштирилишига олиб келди».

Трампнинг сайловолди кампанияси масъулларидан бири Крис ЛаСивита X (собиқ твиттер) ижтимоий тармоғида «кўп йиллар мобайнида ва бугунги кунда ҳам сўл активистлар, демократларнинг донорлари, энди эса ҳатто Жо Байден ҳам жирканчли баёнотлар қилгани ва Доналд Трампни отишни тасвирлаб бергани......уларни бунинг учун жавобгарликка тортиш вақти келгани… бунинг энг яхши йўли — сайлов қутиси орқали бўлиши» ҳақида ёзди.

Ижтимоий тармоқлардаги шовқин

ЛаСивита сайлов қутиси ҳақида гапирган — бу бир томондан ёмон, бошқа томондан яхши белги.

Дезинформациялар бўйича тадқиқотчи, Century Foundation таҳлил маркази катта илмий ходими Аманда Рожерс Доналд Трамп отилиши ортидан ижтимоий тармоқларда юзага келган қутбланган, носоғлом ва конспирологик шовқинни «спирал бўлиб ривожланувчи аҳмоқлик» деб атаган.

Бунақаси аввал ҳам бўлган, аммо бундай кўламда эмас, дейди у. Ижтимоий тармоқлардаги ва жиддий нашрлардаги гаплар — асосан ўқотарнинг мотивлари ва бу сайловга қандай таъсир кўрсатиши ҳақида. Аммо фурсатдан фойдаланиб, суиқасдга реакцияни каттароқ зўравонлик чақириғига айлантириш истагидагилар ҳам кам эмас. Ва улар бунга эришиш учун ёлғон тарқатишади, деб ҳисоблайди у.

«Бу сиёсий спектрнинг барча нуқталаридан дезинформация тарқалиши учун идеал муҳит экани факти мени қаттиқ ташвишга солади, — дейди Рожерс. — Чунки бу акселерационистнинг ширин орзуси… Аммо бизга ОАВда критик вазиятда эканимизни эслатиб турувчи овозлар керак. Одамлар спекуляцияга учмаслиги лозим».

АҚШда акселерационистлар деб хоҳ ўнг, хоҳ сўл бўлсин, мамлакатни буткул яксон этиб, харобалар устида янги давлат барпо этиш учун фуқаролик урушини истовчиларга айтилади. Эътиборли жиҳати, Трампга суиқасддан кейин ижтимоий тармоқларда «фуқаролик ибораси» трендга чиқди.

Рожерсни Батлердаги воқеадан кейинги дақиқаларда унинг ўзи кузатиб борадиган ултраўнгларнинг телеграм-каналларида хабарлар ёппасига ўчириб юборилгани ҳаммасидан кўра кўпроқ ташвишга солган. Унинг айтишича, бу ўқотар (унинг мотивлари ҳақида ҳозирча ҳеч нарса маълуммас) улардан бири бўлиб чиққан тақдирда тозалаш учун қилинган.

Сунъий интеллект ҳам дезинформаторлар хизматида, унинг ёрдамида «фейклар» яратиш мумкин. Вазиятнинг ҳиссий, тарихий характери эса аллақачон мавжуд бўлган нотўғри қарашларни кучайтириб, манипуляция учун имкониятларни очиб беради, дея қайд этади дезинформация бўйича тадқиқотчи, Массачусетс университетининг коммуникациялар бўйича профессори Жонатан Онг. «Ўйлайманки, бу биз эътибор қаратишимиз лозим бўлган нарса. Ва эҳтиёткор бўлишимиз лозим бўлган» — дейди у.

«Жабрдийда» Трамп

2021 йил январида, Трампнинг рўй бермаган «ғалабаси»ни ҳимоя қилиб, Капитолийни штурм қилишга қанча одам келганини ёдга олишнинг ўзи кифоя — ҳолбуки ўша вақтда унда ҳозир айрим тарафдорлари айтаётганидек «жабрдийда» мақоми ҳам йўқ эди.

«Бугунги дунёвий ҳаётнинг ғалати хусусиятларидан бири қурбон ва омон қолган шахсга сиғиниб юборгудек бўламиз — жабрдийдага фозил ва юксак ахлоқли шахс мақомини ёпиштирамиз», — дея қайд этади таниқли тарихчи Себаг Монтефиоре Трампга суиқасд муносабати билан Х ижтимоий тармоғида қолдирган постида.

Трампнинг праймериздаги собиқ рақиби Вивек Рамасвами Х ижтимоий тармоғида шундай ёзади: «Аввалига улар уни судга беришди. Кейин унга қарши жиноий ишлар очишди. Кейин эса улар уни сайлов бюллетенидан чиқариб ташлашга уринишди. Бўлиб ўтган ишдан кўра фожиалироқ нарса шуки, — очиғини айтсам, бу воқеа ҳам бутунлай шокка тушира олмагани».

Трамп собиқ президент эканига қарамай, у ўз кампаниясини исёнчи аутсайдер каби олиб бориб, ҳокимиятга қайтишига йўл қўймаслик учун уни анчадан буён федераллар ва Байден маъмурияти таъқиб остига олганидан шикоят қилди.

Унинг чиқишларидаги оҳанг ҳам шунга мос эди — собиқ президент агар уни сайлашмаса, «қон тўкилиши»дан огоҳлантириб, ноқонуний муҳожирларни «мамлакат қонини заҳарловчилар» ва ҳоказо деб атади.

Шу маънода, суиқасд муваффақиятсиз чиққани Трампнинг фойдасига хизмат қилади, чунки бу мамлакат нотўғри йўналишда кетаётганини кўрсатади. Ва собиқ президент юзи қонга беланган ҳолда муштини юқори кўтариб тургани акс этган, аллақачон ижтимоий тармоқларда култга айланган фотосурат эса ўз-ўзидан ажойиб сайловолди плакатдир.

Трампнинг тарафдорлари олдин ҳам уни енгилмас қаҳрамон сифатида қабул қилишган, митингларда эса унга деярли ғайритабиий ҳурмат билан муносабатда бўлишган, дея қайд этади CNN шарҳловчиси Стивен Коллинсон. Энди унинг мунтазам равишда душманлар ҳужумига йўлиқадиган жангчи образи янада мустаҳкамланди. Батлердаги саҳнада олинган кадрлар тарихга киради ва Трампнинг мифологиясини худди Атлантадаги полиция участкасида тушган фотосурати ёки 2020 йилда ковиддан тузалиб Оқ уйга қайтишдаги кадрлари каби бойитади.

Бугун Милуокида Республикачилар партиясининг сайловолди қурултойи бошланади ва амалга ошмаган суиқасд ундаги асосий мавзу бўлиши ҳамда Трамп тарафдорларининг мамлакат сиёсий синфига нисбатан норозилик ва бегоналашиш ҳиссини кучайтиришига шубҳа қилмаса ҳам бўлади.

Трампга суиқасд — қуролдан фойдаланиш қонуний ва осон бўлган мамллакатда сиёсий риторика ва қутблашиш кучайиши нимага олиб келишига яққол далилдир.

«Агар мамлакат порох бочкаси бўлмаган бўлса, энди бўлди», — дея вазиятни тасвирлайди Жанубий Каролинадан бўлган республикачи активист Чип Фелкел.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Трампга суиқасд Америка ва президентлик сайловлари учун нимани англатади?