11:44 / 11.09.2024
69

Ҳаррис Трампга: Путин сизни тушлик пайтидаёқ «еб қўяди»

Ҳаррис Трампга: Путин сизни тушлик пайтидаёқ «еб қўяди»
Фото: Getty Images
АҚШ президентлигига номзодлар – республикачи Доналд Трамп ва мамлакатнинг амалдаги вице-президенти, демократ Камала Ҳаррис сайловолди пойгасидаги илк теледебатни ўтказди. Бу 11 сентябр, чоршанбага ўтар кечаси ABC телеканалида рўй берди.

Миграция сиёсати, ишсизликка қарши кураш, инфляция ва Украинадаги уруш АҚШ президентлигига номзодлар ўртасида қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлган мавзулардан фақат бир қисми бўлиб, улар давомида ўзаро танқидлар ҳам кузатилди ва икки номзод бир-бирини ёлғончиликда айблади.

Ҳарриснинг сўзларига кўра, Трамп у ва ҳозирги давлат раҳбари Жо Байденга «Буюк депрессиядан кейинги энг ёмон ишсизлик»ни мерос қилиб қолдирган. Бундан ташқари, собиқ президент «асрнинг энг ёмон пандемияси» ва «фуқаролар урушидан бери бизнинг демократиямизга қилинган энг жиддий ҳужум» учун жавобгардир, деди Ҳаррис. Сўнгги гапида Камала Ҳаррис 2020 йилги сайловлардаги ғалабаси ундан ўғирланган деб ҳисоблаган Трамп тарафдорлари томонидан АҚШ Конгресси биносига бостириб кирилишини назарда тутган.

11 сентябрга ўтар кечаси бўлиб ўтган дебатлар чоғида Трамп ўзининг бу сайловда мағлуб бўлгани ҳақидаги сўзлари «истеҳзо билан» айтилганини билдирди. Бироқ, бошловчилар томонидан тўғридан тўғри сўралганда, у яна 2020 йилги сайловлардаги мағлубиятини тан олишдан бош тортди.

Россиянинг Украинага қарши уруши мавзуси, шунингдек, Вашингтон уни тўхтатиш учун қандай чоралар кўраётгани баҳсда ҳал қилувчи бўлмаса-да, номзодлар томонидан кўтарилди.

Украинадаги уруш

Шу тариқа, Доналд Трамп Жо Байден Россия президенти Владимир Путин билан «қандай гаплашиш ва Украинадаги урушни қандай тугатиш ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга эмаслигини» айтди. «Энди эса миллионлаб одамлар ҳалок бўлди ва вазият ёмонлашмоқда», деди Трамп.

«Сиз Жо Байденга қарши эмассиз. Менга қарши курашяпсиз», деб жавоб қайтарди Ҳаррис.

Муҳокама чоғида Трамп шундай деди: «Шуни унутмангки, у - Байден. У Байдендан узоқлашишга ҳаракат қилмоқда ва мен бу жанобни танимайман, деяпти. У - аслида Байден». Бунга жавобан, Ҳаррис кулиб: «Мен, албатта, Жо Байден эмасман ва мен, албатта, Доналд Трамп эмасман. Мен қилаётган нарса - бизнинг мамлакатимизга янги авлод раҳбариятини таклиф қилиш».

Бошқа нарсалар қатори, Трамп Ҳаррисни гўёки Путинни Украинадаги уруш бошланишидан уч кун олдин босқиндан қайтаришга уринганликда, бироқ муваффақиятсизликка учраганликда айблади. «Улар уруш бошланишидан олдин уни тинчлик музокараларига юборишди, - деди Трамп. - Уч кундан кейин у (Владимир Путин) Украинага бостириб кирди, урушни бошлади, чунки улар (Ҳарриснинг музокаралар делегацияси) заиф эди».

Аслида Камала Ҳаррис ҳеч қачон Путин билан шахсан учрашмаган. Украинада уруш бошланишидан олдин у Мюнхен хавфсизлик конференциясида АҚШ иттифоқчилари, жумладан Украина президенти Володимир Зеленский билан музокаралар ўтказди. Путин ўша анжуманда иштирок этмади.

Доналд Трамп Украина бўйича тинчлик музокараларини бошлашни рағбатлантириш АҚШ манфаатларига мос эканини айтди. «Биз миллионлаб одамлар ўлимини тўхтатишимиз керак», деди у.

Шу билан бирга, у Жо Байденни Европа Украинага АҚШ билан бир хил миқдорда ёрдам беришини талаб қилишга журъат этмагани учун қоралади. Трампнинг сўзларига кўра, АҚШ уруш вақтида Украинага 250 миллиард доллар сарфлаган, аммо, Пентагон маълумотларига кўра, Американинг Киевга берган ҳарбий ёрдами ҳозиргача 56 миллиард долларни ташкил этган.

Ўз навбатида Камала Ҳаррис «нима учун Европа ва НАТОдаги иттифоқчиларимиз биз (америкаликлар)дан энди сиз президент эмаслигингиз учун нақадар миннатдор эканини» тушуниш муҳимлигини таъкидлади.

У Трампни «24 соат ичида таслим бўлиши аниқ эканликда» айблади, «Путин эса Киевда ўтириб, Европага қараб, Полшадан бошлаган бўлар эди». «Сиз ўзингизни у билан дўстман деб ўйлайсиз, лекин у сизни тушлик пайтидаёқ «еб қўяди», деди демократ номзод.

Иқтисодий сиёсат

Камала Ҳаррис Қўшма Штатлардаги мавжуд иқтисодий вазиятни шарҳлар экан, у ва мамлакатнинг амалдаги президенти Жо Байден Трамп маъмурияти қолдирган хаосдан кейин тартибни тиклашга мажбур бўлаётганини айтди.

Ўз навбатида, Трамп президентлик учун курашдаги рақибини «марксист профессор» отасидан «яхши тарбия» олган «марксист» деб атади. Камала Ҳарриснинг отаси Доналд Ҳаррис нафақага чиқишдан олдин Стэнфорд университетида иқтисодиёт профессори бўлган.

Камала Ҳарриснинг ўзи, Трампнинг сўзларига кўра, ҳаракат режасига эга эмас. Ҳарриснинг Байдендан кўчириб олган режаси: «Биз солиқларни камайтиришга ҳаракат қиламиз», деган сўзлардан иборат.

Ўз навбатида, Ҳаррис собиқ президент Доналд Трампнинг барча импортларга 20 фоизгача божхона тўловларини жорий этиш таклифини «бир ой давомида яшаш учун умид қилаётган кундалик товарларга солиқ» эканлигини айтди.

«Шу билан бирга, Ҳаррис президент Жо Байден даврида, асосан, Хитой импортига юқори тарифлар жорий қилинганини эслатмади, - дея изоҳ берди CNN ўз веб-сайтида мунозарага. - Май ойида маъмурият Хитой импортига янги тарифларни киритди - электромобилларга 100 фоиз, қуёш энергияси ишлаб чиқариш учун бутловчи қисмларда 50 фоиз ва бошқа соҳаларда 25 фоиз - улар кейинги икки йил ичида жорий этилади».

Ҳарриснинг сўзларига кўра, иқтисодчилар унинг режаси иқтисодиётни оширишига ишоняпти, Трампнинг режаси эса уни қисқартиради. Дарҳақиқат, Goldman Sachs таҳлилчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, Трамп иқтисодий сиёсати - айниқса савдо бўйича - 2025 йилда АҚШ иқтисодиёти бироз қисқаришига олиб келади. Бундан фарқли ўлароқ, Ҳарриснинг иқтисодий сиёсат бўйича таклифлари келаси йил мўътадил иқтисодий ўсишни таъминлайди, деб эслатади CNN.

Миграция

Миграция ҳақида гапирган Трамп, ноқонуний муҳожирлар туфайли АҚШдаги хавфсизлик вазиятининг ёмонлашганига диққат қаратди. У бунинг учун айбни Байден-Ҳаррис маъмуриятига юклади ва улар «миллионлаб муҳожирлар ва жиноятчиларни» мамлакатга киритганликларини таъкидлади.

«Бизда жиноятчиликнинг янги шакли пайдо бўлди, у мигрант жинояти деб аталади ва у ҳеч ким тасаввур қила олмайдиган миқёсда ўсиб бормоқда», — деди Трамп. Унинг фикрича, АҚШга мустаҳкам чегара ва мустаҳкам деворлар керак.

Ўз навбатида, Ҳаррис Трампни қурол, гиёҳванд моддалар ва одамлар савдоси билан шуғулланувчи трансмиллий жиноий ташкилотларни таъқиб қилиш учун чегара хизматига қўшимча ходимлар билан таъминлаш имконини берадиган қонун лойиҳасининг қабул қилинишига тўсқинлик қилгани учун қоралади. «Қўшма Штатларга ечим излайдиган ва муаммолар билан шуғулланадиган етакчи керак. Бироқ Трамп муаммоларни ҳал қилишдан кўра, ўз мақсадлари йўлида фойдаланишни афзал кўради», - дейди Ҳаррис.

АҚШда президентлик сайловлари 2024 йил ноябрида бўлиб ўтади.

Доналд Трамп, Камала Ҳаррис, сайловолди пойгаси, теледебат

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ҳаррис Трампга: Путин сизни тушлик пайтидаёқ «еб қўяди»