08:18 / 30.11.2024
11

Сурияда исёнчилар фаоллашди. Бу Россияга қарши янги фронтми?

Сурияда исёнчилар фаоллашди. Бу Россияга қарши янги фронтми?
Сурияда охирги 4 йил ичидаги энг жиддий тўқнашувлар кузатилмоқда. Сўнгги кунларда қуроли гуруҳлар президент Башар Асад армияси ва россиялик ҳарбийларга ҳужум қилиб, бир нечта аҳоли пунктларини эгаллаб олди. Сиёсий фанлар доктори, профессор Фарҳод Каримовнинг фикрича, жорий эскалация Ғарбнинг Украина бўйича бўлажак музокараларда Россияга қарши ричагларидан бири бўлиши мумкин.

— Сурияда асосий ўйинчилар томонидан 2020 йилда тузилган сулҳ бузилдими?
— 2020 йилда Суриянинг шимолий-ғарбий ҳудудларида кескин урушларни тўхтатиш масаласи бўйича келишув бўлган эди. Ким қайси ҳудуд ёки позицияни эгаллаган бўлса, ўша жойда тўхташ ва муаммолар дипломатик йўл билан бартараф қилинмагунча ҳудудларни ўзида сақлаб қолиш кўзда тутилган эди. Ҳар бир томон маълум бир мажбуриятлар ва масъулиятни ўз зиммасига олган.

“Ҳизбуллоҳ” ва Исроил ўртасида сулҳга эришилган бир вақтда, Яқин Шарқда энди бу можаронинг қўзғалгани ташвишланарли. Ҳозирда юз бераётган қуролли тўқнашувлар, Туркия томонидан қўллаб-қувватланган кучларнинг Алеппога қараб юриши ва бошқалар 2020 йилдаги келишувнинг бузилганини англатади.

— Суриядаги мавжуд кучлар қайси нуқталарда жойлашган?
— Сурия фуқаролик уруши давомида бир нечта қисмларга бўлиниб кетган. Башар Асад ҳукумати Эрон ва Россиянинг ёрдами билан марказий ва қисман шимоли-шарқий ҳудудларни қайтариб олиб, мамлакатнинг катта қисмини назорат қиляпти. Мамлакатнинг жануби-шарқий қисмида араб суннийларидан иборат, минтақадаги араб давлатлари томонидан қўллаб-қувватланадиган гуруҳ ўз ҳокимиятини ўрнатган. Шимолда эса Ғарб, хусусан АҚШ ва Буюк Британия томонидан қўллаб-қувватланадиган, маркази ал-Раққа шаҳри бўлган курдлар ҳокимияти шакллантирилган. Шунингдек, шимолдаги айрим ҳудудларни терроризмга қарши курашиш, буфер зона яратиш мақсади билан Туркия назорат қилади. Бу ҳудудларда жойлашган, Башар Асад ҳукуматига мухолиф сиёсий кучларни Туркия билан бирга Қатар ҳам қўллайди.

“Ал-Қоида”га алоқадор “Ҳайят Таҳрир ал-Шом” каби гуруҳлар эса Идлиб шаҳри атрофларини назорат қилиб келади. Бу ерга ҳали ҳам на Асад ҳукумати, на Туркия, на бошқа давлатлар кира олгани йўқ. Шу тариқа, Сурия ҳудудида жуда чалкаш вазият вужудга келиб қолган.

— Асосий тўқнашувлар қайси шаҳарларда бўляпти?
— Ҳозирда асосий тўқнашув марказлари – Сурия шимоли-ғарбидаги Алеппо ва Идлиб ҳудудлари. Алеппода бугун Россия ва Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган Башар Асад расмий ҳукумати ва қуролли кучлари билан, шимолда Башар Асад ҳукуматига қарши оппозиция кучлари ўртасида тўқнашувлар бўлмоқда. Иккинчи бир марказ эса бу – Идлиб. Идлиб масаласи фуқаролар уруши бошлангандан бери ҳал қилинмаган йўналиш ҳисобланади. Ҳужум йўналишлари асосан Алеппога қаратилган, шаҳарга ғарбдан, жанубдан ва шимолдан ҳаракатлар кучайган.

Сўнгги 2 кун давомида кузатяпмизки, Алеппода ҳатто ҳаво ҳужумлари ва ҳарбий операциялар амалга оширилмоқда. Бу шаҳар ўзига хос чорраҳа вазифасини ўтайди, яъни у тўғридан тўғри Туркияга ўтадиган йўллар кесишмасида жойлашган. Бу йўлнинг муҳимлиги шундаки, у Россия денгиз кучлари жойлашган Тартус портига олиб боради. Бундан ташқари, иккинчи йўл ҳам бор, бу йўл Ливан портларига, яъни Байрутга олиб боради. Ўтган йили Қизил денгизда муаммолар юзага келган пайтда, араб давлатлари айнан шу йўл орқали Ғарбга чиқиш масаласи кўрилганди. Бу масала ҳозир ҳам актуал, шунинг учун бу ҳудудларни назоратга олишга қизиқиш ортган. Башар Асад бу ҳудудда назоратни ушлаб қолмоқчи, қарши кучлар эса у ерни эгаллашга ҳаракат қилмоқда, улар бу орқали Дамашққа таъсир ўтказиш имкониятини сақлаб қолмоқчи деб ўйлайман.

— Суриядаги можаронинг айнан ҳозир қўзғалиши нима билан боғлиқ?
— Бир қанча версиялар бор. Биринчиси, Анқара ва Дамашқ ўртасидаги турли муаммолар. Туркияда фуқаролар уруши натижасида кўчиб борган 3 миллиондан ортиқ суриялик қочқинлар бор, улар Туркиянинг шарқий қисмларида жойлашган ва бу катта ижтимоий муаммоларни келтириб чиқаряпти. Туркия Суриянинг шимолий ҳудудларида мўътадилликни таъминлаб, қочқинларни у ерга қайтармоқчи эди. Бироқ бу борада Сурия ва Туркия ҳукуматлари бир фикрга кела олмади. Асад қочқинларни қабул қилмоқчи эмас, чунки унда бошқа муаммолар бор ва бунинг натижасида янги ташвишлар келиб чиқишини билади. Бу Туркия ва Сурия ўртасидаги қарама-қаршиликни кучайтирди, ваҳоланки, Туркия ва Сурия яқинлашиш йўлида кетаётган эди. Яна бир масала – Курдистон ишчи партияси ва курд сепаратистик ҳаракатлари билан ҳамкорликни амалга оширадиган бир қанча сиёсий гуруҳлар фаоллашиб қолган. Бу Туркияни ташвишга солади.

Ташқи сабаблар орасида бошқа версиялар ҳам бор. Масалан, бугунги кунда Россия–Украина можароси ўзига хос янги босқичга чиқди ва музокаралар ҳақида кўп гапириляпти. Айрим тасдиқланмаган маълумотларга кўра, бўлажак музокараларда Россияга дунё геосиёсатидаги турли нуқталар орқали таъсир қилиш имкониятлари кўриб чиқилмоқда. Яъни музокаралар вақтида Россия билан унинг Суриядаги геосиёсий манфаатлари воситасида “савдо” бўлиши мумкин. Россиянинг Яқин Шарқдаги бевосита мавжудлигини фақатгина Сурия таъминлаб бермоқда.

Бу манфаат жуда ҳам муҳим, чунки агар Форс кўрфази орқали Европага йўл очиладиган бўлса, Россия энергия ресурсларининг аҳамияти пасайиши мумкин. Кўрфазда жуда катта миқдорда нефт ва газ захиралари топилган. Агар Форс кўрфазидаги энергия ресурслари янги коридор орқали Туркияга етиб борса ёки коридорнинг Суриядан ўтадиган қисми назоратга олинса, дунё сиёсий-иқтисодий манзараси ўзгаради, энергия ресурслар бозоридаги нархлар ўзгаради. Бу эса Россиянинг ташқи сиёсатига катта таъсир қилиши мумкин. Шунинг учун Сурия Россия учун ниҳоятда муҳим.

— “Ҳайят Таҳрир ал-Шом” гуруҳи нима учун ҳужум бошлади ва унинг мақсадлари нималардан иборат?
— Бундай радикал, экстремистик, террористик ташкилотлар ташқаридан буюртма асосида ишлаши ҳеч кимга сир эмас. Суриянинг ғарбий ҳудудлари, Идлиб орқали улар нафақат Башар Асад ҳукуматига, балки керак бўлса Туркияга, Россияга ва бошқа субъектларга таъсир қилиш имкониятини сақлаб туриш учун молиялаштирилади.

— “Ал-Маядин” хабарига кўра, тўқнашувлар жойидан Украина дронлари қолдиқлари топилган. Буни қандай изоҳлаш мумкин?
— Бу хабарни тарқатаётган барча медиалар мана шу “Ал-Маядин”ни манба сифатида кўрсатмоқда. Бунда уч хил версия мавжуд. Биринчиси, бугунги кунда қурол бозори издан чиқиб кетган. Кимнинг қуроли қаерга етиб бораётгани назоратда эмас. Шу сабабли, Украина ишлаб чиқарган қуроллар ҳам ноқонуний йўллар орқали Сурияга келиб қолиши эҳтимоли юқори. Иккинчи версия – Россиянинг қайсидир геосиёсий манфаатларига таъсир қилиш орқали музокараларда енгилликка эришиш деган масала бор. Бироз олдин Украинанинг махсус хизматлари Африкада ҳам фаол бўлгани, Африкада бир қанча Вагнер ҳаракатлари йўқ қилинганини кўргандик, Украина буни ташкил қилишда разведка хизматлари ёрдам берганини маълум қилганди. Бироқ бу тасдиқланмаган версия, албатта, айнан шундай деб ишонч билан айта олмаймиз.

Учинчи версия, ўша қуроллар олдинроқ, 2022 йил февралдан олдин ишлаб чиқарилган. Урушдан олдин Украина кўплаб давлатларга дронлар ва ҳарбий техника етказиб бергани ҳақида маълумотлар бор эди. Ўша техникалардан ҳозир фойдаланилган деган версия ҳам бор.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Сурияда исёнчилар фаоллашди. Бу Россияга қарши янги фронтми?