Фото: Getty Images, BBC
Россия аввалбошда қўшилмаган бўлса-да, Суриядаги можаро мамлакат учун Яқин Шарқдаги таъсирини мустаҳкамлаш воситасига айланганди. Россия пропагандаси ҳарбий кампанияни маҳорат билан Москва томонидан олиб борилган «тинчликпарвар» саъй-ҳаракатлар рамзига айлантирди ва уларни Ғарбнинг «босқинчилик» амбициялари билан қарама-қарши қўйди.
Энди эса, Асад қочиб кетганидан кейин, Россия телевидениеси содир бўлган воқеаларда Сурия армиясини айбламоқда ва Россия улар учун жанг қилишни режалаштирмаганини таъкидламоқда. BBC Россия телевидениесида Сурия можароси ёритилиши қандай ўзгарганини таҳлил қилди.
«Асад генераллари ўз юрти топширишди»
Россия телевидениеси ва ҳукумати Суриянинг собиқ президенти Башар Асадни ўн йилдан ортиқ қўллаб-қувватлади. Бироқ, 2024 йил декабрида унинг режими ағдарилиб, Асад Россияга қочганидан сўнг, Россия пропагандаси асосий эътиборни Сурия армиясининг жавобгарлигига қаратди. Бош тезисга кўра, Россия ҳарбийлари ҳеч қачон Сурия ҳукумати армияси учун жанг қилишни режалаштирмаган.
9 декабр куни Биринчи каналнинг кечки янгиликларида «ҳокимиятнинг тезкор алмашуви кутилмаган ҳол бўлди. Бироқ бу ерда ажаблантиргани — исёнчиларнинг Дамашққа юриши эмас, балки Сурия раҳбарияти ва армиясининг иродасизлиги бўлди. Улар айнан шу вазият ҳақида олдиндан огоҳлантирилган эди», — дейилди.
РЕН-ТВ эфирида шарқшунос Андрей Онтиков Сурия армияси ҳаракатларини «яхши ташкиллаштирилмаган қочиш» сифатида баҳолади ва «Асад армияси ўз юртини топширди», деб таъкидлади.
НТВ янгиликларида «Россия ҳарбийлари Дамашқ ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган, бироқ ҳукумат армияси ўрнига тўлиқ ҳарбий ҳаракатларни олиб боришни режалаштирмаган», — дейилди. Бевосита Асаднинг ўзига нисбатан ҳеч қандай айблов билдирилмади.
«Россия-1» телеканалида депутат Константин Затулин «гуманитар ёндашув» сабабли Владимир Путин Асадга, олдинги йилларда эса Украина президенти Виктор Януковичга сиёсий бошпана берганини таъкидлади. Шундай қилинмаса, шак-шубҳасиз уларнинг ҳаётига хавф туғилган бўлишига урғу берилди.
Асадга қарши курашган кучлар Сирияда тўсатдан ҳужум бошлаганидан сўнг, Россия каналлари уларни деярли якдиллик билан «террористлар» ёки «тақиқланган экстремистик гуруҳ — Жабҳат ун-Нусра жангарилари» деб атаганди. Бироқ, улар ҳокимиятни эгаллагандан кейин аксарият ОАВ уларни «исёнчи мухолифат» деб аташни бошлади. «Россия-1» телеканалида Олга Скабеева 9 декабр куни гуруҳ етакчиси Абу Муҳаммад ал-Жўланийни «мўътадил, прагматик жиҳодчи» деб атади.
Асад кучлари ва қўзғолончилар ўртасидаги қисқа вақтли тўқнашувлар чоғида Россия телевидениеси Россия ҳаво кучлари Сурия армиясига «жангарилар»ни бомбардимон қилишда қандай ёрдам берганини қайта-қайта кўрсатди. Бомбардимонлар оқибатида тинч аҳоли ўлгани рад этилиб, буни «оқ каскалар» каби Ғарб томонидан молиялаштирилган гуруҳларнинг «фейк»лари деб аталди. НТВ 2 декабр куни «Оқ каскалар»ни «асоссиз видеолар ёрдамида Сурия ҳукуматини обрўсизлантиришга уриниш»да айблади.
Украина мавзуси ҳам четда қолмади. Биринчи канал ва НТВ қўзғолончилар қуролланишида «Украинадан келган дронлар ва қуроллар» ҳақида хабар тарқатди. Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя Идлибда «Украина разведка ходимлари» жангариларни ўқитишга жалб қилинганини иддао қилди. РИА Новости агентлиги собиқ жангарининг «Украина йўриқчилари дронлардан қандай фойдаланишни ўргатгани» ҳақидаги интервюсини эълон қилди. Лекин ҳозиргача буни тасдиқловчи видеодалиллар йўқ.
Россиянинг Суриядаги келажакдаги иштироки номаълум бўлиб қолмоқда. Россия телевидениесида «Россия ўз ҳарбий базаларини сақлаб қолишни хоҳлайди», деган ишоралар қилинди. «Россия-1» телеканалининг «60 минут» ток-шоусида генерал Андрей Картаполов Суриянинг янги муваққат ҳукуматида ҳаво кучлари, флот ёки ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизими йўқлигини таъкидлади.
«Бизнинг базаларимиз эса жиллақурса бошланғич босқичда шу ролни бажариб бера оларди. Бу йигитлар буни аниқ англаши керак. Ўзларингники йўқми, келинглар, биз сизга ёрдам берамиз. Худди сизлардан аввалгиларга ёрдам берганимиз каби», — деган у.
Сурия «араб баҳори» бошланганидан сўнг
Сурияда 2011 йилда бошланган фуқаролик уруши дастлаб Россия телевидениеси томонидан «араб баҳори»нинг давоми сифатида баҳоланган. Ўша пайтларда телеканаллар Асадни ёқлаб чиқмаган, аксинча, унинг режимига танқидий ёндашган.
Биринчи канал пропагандисти Михаил Леонтев ўз чиқишларида воқеаларда АҚШ таъсирини тилга олган бўлса-да, бу қараш асосий мавзуга айланмаган. 2011 йилда федерал каналларда берилган сюжетларда ҳам Асад қўллаб-қувватланмаган. Мамлакат қўшинлари томонидан «ҳукуматга қарши намойишларни бостирилаётгани» ва «намойишчилар қурбон бўлаётгани» ҳақида хабар берган. НТВ «жаҳон ҳамжамияти Асадни демократик ислоҳотларни бошлашга чақиргани, лекин у бу борада сусткашлик қилгани» хусусида баён қилган.
Вақт ўтиши билан Асадга қарши кучлар «қўзғалончилар» ёки «экстремистлар» деб аталган бўлса-да, ўша даврда Россия телевидениесида цензура кучли эмасди. Шунинг учун хабарлар ҳар икки томон қарашларини акс эттирган. Масалан, РЕН-ТВ 2011 йил сентябрида Суриядаги Россияга қарши намойишлар ҳақида сюжет кўрсатган.
2011 йил августда Россиянинг ўша пайтдаги президенти Дмитрий Медведев телеканалларга интервю бера туриб, Асадга мурожаат қилиб, уни ислоҳотлар ўтказишга ва мухолифат билан тинчликка эришишга чақирганини айтган. У НТВ эфирида шундай деганди: «Афсуски, у ерда одамлар ҳалок бўлмоқда. Агар Асад тинчлик ўрната олмаса, уни хунук тақдир кутиб турибди».
Ўша пайтда халқаро майдонда Россиянинг дипломатик саъй-ҳаракатлари ҳақида кўп гапирилар, хусусан, мамлакатнинг БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги вакили «Ливия сценарийси»дан қочиш кераклигини таъкидлаган, аммо оҳангларда Башар Асадни очиқ қўллаб-қувватлаш акс этмаган.
Қаззофий ўлимидан сўнг
Россия нашрлари 2011 йил Сурияга ташрифи вақтида патриарх Кириллни тинчликпарвар сифатида тасвирлашганди
2011 йил 20 октябрда Ливия етакчиси Муаммар Қаззофий мамлакатда бошланган фуқаролик уруши давомида ўлдирилгач, вектор сезиларли тарзда ўзгара бошлади. Ушбу воқеадан бир ҳафта ўтиб, Сурияда фуқаролик уруши бошланганидан буён илк бор Башар Асаднинг интервюси Биринчи канал орқали эфирга узатилди.
«Россиянинг роли ниҳоятда муҳим, биз кризиснинг илк кунлариданоқ Россия ҳукумати билан доимий алоқада бўлиб турдик, Суриянинг Яқин Шарқ ва минтақадаги вазиятда муҳим ўрин тутишидан келиб чиқиб, россиялик дўстларимизга ваоқеаларни батафсил етказиб бериб турибмиз», — деганди ўшанда Асад.
Россия телевидениеси ноябр ойида Суриядаги вазиятни «кучаяётган фуқаролик уруши» деб баҳолади. Ҳар куни ўнлаб одамлар кўча жангларида ҳалок бўлаётгани, мухолифат кучлари қуролли қаршилик кўрсатаётгани, ҳатто баъзи ҳарбийлар мухолифат томонга ўтиб кетгани ҳақида хабарлар берилди.
Эфирларда Россиянинг Суриядаги роли ҳақидаги мақтовларга тўла материаллар пайдо бўлди. Рус православ черкови патриархи Кириллнинг Сурияга ташрифи «тинчликпарвар» миссия сифатида талқин қилинди. «Россия-1» каналида Дамашқ кўчаларида «Россияга раҳмат» ёзувлари акс эттирилган тасвирлар намойиш этилди.
Россия пропагандаси Сурияни Россиянинг Яқин Шарқдаги асосий иттифоқчиси сифатида кўрсатишга ўтди. «Адмирал Кузнецов» авиаташувчи крейсери Тартус портига келгани ҳам Россия қудрати намойиши сифатида ёритилди.
2012 йилдан мухолифатнинг радикаллашаётгани ҳақидаги материаллар кўпая бошлади. «Сурия озодлик армияси» аъзолари ҳукумат қўшинларига ҳужум қилишни режалаштираётгани, улар орасида «бандитлар ва каллакесарлар» борлиги ҳақида хабарлар тарқатилди.
«Россия-1» эфирида «уларнинг етакчиси Риёз ал-Асад жангарилар полиция патруллари ва участкаларига ҳужумлар сериясини тайёрлаётгани, бу ташкилотни ғарб ҳуқуқбонлари тобора президент Башар Асад режимига энг халқона мухолифат деб атаётгани» таъкидланди.
Шундай қилиб, Россия медиаси манзарасида Асадни қўллаб-қувватлашнинг кучайиши ва мухолифатга нисбатан салбий ёндашув яққол кўрина бошлади.
2012 йил январида РЕН-ТВ БМТ Хавфсизлик кенгашидаги «Сурия учун навбатдаги жанг» ҳақида хабар берди. Каналда АҚШнинг Сурия бўйича қатъий резолюциясини қабул қилишга интилиши кескин танқид қилинди. АҚШ ва унинг иттифоқчилари Асадни ҳокимиятдан воз кечишга мажбур қилишга ҳаракат қилаётгани, бу эса «Ливия сценарийси»ни такрорлашга қаратилгани айтилиб, кескин рад этилди.
Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ўшанда шундай деганди: «Асад бизга дўст эмас, лекин унинг истеъфосини талаб қилмаймиз. Қаззофий билан бўлган масалада алдангандик. Режимларни алмаштириш бизнинг ишимиз эмас».
Шу вақтдан эътиборан Кремл пропагандачилари Суриядаги воқеаларда АҚШ ва Яқин Шарқ монархиялари таъсирини кўраётганини очиқ баён қила бошлади. Аммо вақт ўтиб, Яқин Шарқдаги айрим давлатлар билан муносабатлар яхшилангани сабабли бу ёндашув ўзгарди.
2013 йил август-сентябр ойларида Сурияда тинч аҳолига нисбатан кимёвий моддалар қўлланишига доир айбловлар Россия медиасида кўп муҳокама қилинди. Бир неча юз киши ҳалок бўлишига олиб келган ҳодисаларда Сурия ҳукумати иштироки тўлиқ рад этилди.
Лавровнинг Washington Post’га берган интервюсида Россия суриштирувларига кўра, зарин моддасини Сурия армияси қўлламагани, балки қўлбола снарядлар орқали тарқатилганини таъкидлади ва Асаддан айбловни олишга ҳаракат қилди. Ўшандан буён Россия шу каби айбловларда ўйланмасдан Асад тарафда тура бошлади.
Россия телевидениеси Асадни ҳимоя қилиб, Вашингтон сиёсатини танқид қилди. Биринчи канал Асад ҳукумати ва «мўътадил мухолифат» билан мулоқот қилишни Россиянинг асосий стратегияси, деб таъкидлади. РЕН-ТВ эса ҳукуматни ўз фуқароларини ўлдиришда айблаш мантиқсиз экани ҳақида материаллар тайёрлади.
Шу тариқа, Россия медиаси Асадни ҳимоя қилиб, унинг режимини легитимлаштиришга қаратилган нарративларни илгари суришда давом этди.
Шунга қарамай, БМТнинг миссияси Гутадаги ҳужумда «ер-ер» туридаги ракеталар орқали зарба беришда зарин қўлланганини аниқлади, бунинг учун томонлардан ҳеч бирини айбламади. Кейинчалик Халқаро кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилоти Сурия ҳукумати камида 77 та ҳолатдан 17 тасида кимёвий қуролдан аниқ ёки эҳтимолли фойдаланганини эълон қилди.
Пост-Қрим изоляциясидан сўнг «мўлжалли» бомбалашлар
Қрим аннексия қилиниши ва Ғарб билан муносабатлар ёмонлашуви Москвага халқаро изоляция кучайишига олиб келди. Шу шароитда Россия Сурия можаросига янада фаолроқ аралаша бошлади ва 2015 йилда ИШИДга қарши бомбалашларда иштирок этди.
Россия пропагандаси 2014 йил июнидаги президентлик сайловларидан кейин Асадни қўллаб-қувватлашга киришганди. Бу сайловлар фуқаролик уруши бошланганидан кейин ўтказилган илк сайлов бўлганди ва расмий маълумотларга кўра, Асад 89 фоиз овоз тўплаган. Россиянинг «Россия-1» телеканали ўша пайтда мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпи сайлов участкаларига боролмаганини маълум қилди. Бунинг сабаби сифатида уч йилдан бери давом этаётган қонли уруш келтирилди. Асад ва Сурия халқига қарши минглаб хорижий ёлланма жангарилар курашаётгани таъкидланди.
2014 йил сентябрида АҚШ ва иттифоқчиларининг ИШИДга қарши авиазарбалари бошланганида, Россия медиаси бунга кескин танқид билан муносабат билдирди. Улар ҳужумлар БМТ розилигисиз ва Сурия ҳукумати билан келишмасдан амалга оширилганини урғулади. РЕН-ТВ каналида АҚШнинг Суриядаги ҳаракатлари Виетнам урушидаги янгиликларни такрорлаётгани ҳақида таъкидланди ва уларнинг ғалаба қозониш эҳтимоли йўқ экани қайд этилди.
Биринчи канал 2014 йил сентябрида очиқ-ойдин киноя билан шундай деган эди: «Бир йил олдин бу иш амалга ошмади, аммо энди тинчлик бўйича Нобел мукофоти лауреати Барак Обама Сурияни бомбардимон қилиш учун сабаб топди... Пентагон операциянинг муваффақияти ҳақида ҳисобот бермоқда: Ҳалаб атрофида бир неча ўнлаб жангарилар, қурол-яроғ омборлари ва ҳатто террорчиларнинг қўмондонлик марказлари йўқ қилинган. Исбот сифатида эса, масалан, Кфардариан шаҳарчаси вайроналарини келтириш мумкин. Лекин кечагина у ерда уйлари бўлган одамлар учун бу у қадар ишончли эмас».
2015 йил сентябрида Россиянинг бомбардимонлари бошланганидан сўнг, РЕН-ТВ шундай хабар қилган: «Европада АҚШ етакчилигидаги коалиция ўтган бир йил мобайнида ҳеч қандай натижага эришмагани ва фақат минтақада хаосни янада чуқурлаштирганини энди-энди тушуна бошлашди. Аммо ўтган ҳафтада Ангела Меркел яна эҳтиёткорлик билан америкаликларга яширин хабар йўллади: Россиясиз ИШИД муаммосини ҳал қилишнинг иложи йўқ, Путин билан ҳамкорликни излаш керак. Чунки бугунги кунда Сурия армияси ИШИДга қарши курашда ердаги ягона самарали куч ва Россиянинг ҳаводан қўллаб-қувватлаши билан Асад қўшинлари муваффақиятли ҳужум амалиётларини ўтказмоқда. Америкаликлар буни тан олиши керак».
Шу билан бирга, Россия ўз бомбалашларида тинч аҳоли қурбон бўлганига доир айбловларни рад этди. Россия медиа каналлари ҳар бир ҳужум пухталик билан режалаштирилгани ва «ёввойи халифалик»ка қарши йўналтирилганини таъкидлади.
Аммо Сурия инсон ҳуқуқларига риоя этишни мониторинг қилиш маркази ННТ маълумотларига кўра, 2015 йилдан 2024 йил ноябригача бўлган даврда Россиянинг бомбалашлари оқибатида 8763 нафар тинч аҳоли вакиллари, 6 мингдан зиёд ишидчи ва яна шунга яқин бошқа қуролли гуруҳлар вакиллари ҳалок бўлган. Россия медиаси бу рақамлар устидан кулиб, бу ташкилотларнинг мухолифатга хайрихоҳлигини танқид остига олди.
Ўшанда Россиянинг Суриядаги ҳарбий объектлари ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади. 2015 йил октябрида телеканаллар Ҳмеймим авиабазасига хорижий журналистлар ташрифини ёритди. Бу база ўша йили Сурияда ташкил этилган эди. Ноябр ойида эса Тартусда Россия қўшинларини қўллаб-қувватлаш митинги ҳақида хабар берилди.
«Бугун Тартуснинг барча чеккалари бўшаб қолди. Шаҳар аҳолиси марказга йиғилиб, Россия авиациясининг Суриядаги ҳаракатларини қўллаб-қувватловчи митингда иштирок этмоқда. Жуда бир бошқача, расмий нутқларсиз митинг ўтказилмоқда. Одамлар журналистларга яқинлашиб, қучоқлаб, бузуқ рус тилида «Спасибо, Русия!» сўзларини такрорлашмоқда. Бу ерда совет иттифоқида ўқиган, рус аёлларига уйланганлар кўп. Бироқ ёрдам учун Россияга миннатдорчилик билдириш учун фақат улар эмас, бутун шаҳар келган», — деб таъкидланганди НТВ сюжетида.
2015 йил октябрида Россия оммавий ахборот воситалари фуқаролик уруши бошланганидан кейин Асаднинг чет элга илк ташрифини кенг ёритди. Асад Москвага Путин билан учрашув учун келган эди. Учрашувда Россия президенти Сурияни «биз учун дўстона давлат» деб атади ва Россия нафақат террорчиларга қарши курашишга, балки бошқа давлатлар билан яқин ҳамкорликда сиёсий келишувга ҳисса қўшишга тайёр эканини билдирди.
2015 йил ноябр ойида Туркия ва Россия ўртасидаги муносабатлар Су-24 бомбардимончи самолёти Туркия-Сурия чегараси яқинида уриб туширилиши сабаб кескинлашди. Ўшанда Михаил Леонтев Биринчи каналда шундай деган эди: «Сурияни йўқ қилишга буюртма берилган бўлса, биз буюртмачини биламиз, биз бу иш учун ким маблағ ажратганини ҳам биламиз, аммо Сурияни йўқ қилишнинг амалий ташкилотчиси этиб Туркия тайинланган. Шунингдек, қочқинлар лагерлари деб аталаётган лагерлар қочқинлар пайдо бўлишидан олдинроқ Туркияда барпо этилган. Қурол-яроғ ва жангарилар Сурияга Туркия орқали, ҳатто фуқаролик уруши бошланишидан олдиноқ оқиб келган ва айнан шунинг учун бу уруш бошланган».
Бироқ бу кескинлик узоққа бормади. 2019 йилда Туркиянинг Суриядаги курдларга қарши операцияси давомида «Россия-1» телеканали Туркия ўз чегаралари хавфсизлигини таъминлаш учун Сурияга вақтинча киришга мажбур эканлигини таъкидлади.
Асад режими ағдарилгандан сўнг Туркияга нисбатан кескин танқид кўп кузатилмаган бўлса, Исроилга нисбатан танқидлар кучайди. «Россия-1» телеканалидаги етакчи Евгений Попов Исроилнинг қуролли операциясини «қуруқликдан оккупация қилиш», деб атади.
2015 йил охиридан бошлаб Россия пропагандаси Путиннинг йиллик матбуот анжуманидаги сўзларини фаол қўллади: «Агар биз Сурияда яқинлашув жараёни бошланганини кўрсак, сиёсий жараён йўлга қўйилса ва Сурия армияси ҳам, Сурия раҳбарияти ҳам энди отишни тўхтатиш керак, келишиш лозим, деб ҳисобласа, биз сурияликлардан ҳам каттароқ «суриялик» бўлиб олмоқчи эмасмиз, бизга бу нима учун керак?»
2024 йил декабрида бу гаплардан Россиянинг Суриядаги мақсади ҳар доим ички ярашувга қаратилганини урғулаш учун фойдаланилмоқда.
Палмира эгалланишидан ИШИД устидан ғалабагача
Суриянинг Палмираси учун жанглар ИШИД устидан ғалаба рамзларидан бири сифатида кўрсатилганди
2016 йил май ойида Палмира қўлга киритилиши Россия ва Сурия муносабатлари тарихида яна бир муҳим воқеа бўлганди. Бу ғалаба Валерий Гергиев раҳбарлигида симфоник оркестр томонидан ўтказилган концерт билан нишонланади. Концерт «Россия 1» телеканалида намойиш этилади ва унда Владимир Путин оркестрга «ажойиб гуманитар акция» учун миннатдорчилик билдиради. Бироқ, Палмира бир неча ойдан кейин яна бой берилади ва фақат кейинги йилда қайтариб олинади.
Палмиранинг қайтариб олиниши пропаганда учун телевидениедан ташқарида ҳам қўлланди. Шу йили президент гранти ҳисобидан чоп этилган «Суриядан муҳаббат ила» тақвими нашр этилди. Унда суриялик қизларнинг Россия қўшинларини қўллаб-қувватловчи иборалари келтирилган эди: «Менинг Палмирам тақдири сенинг қўлингда», «Менинг заминим сенинг назоратингда бўлганда тинчиман».
2016 йил декабрида террорчилар Палмирани яна эгаллаб олганида, Россия телеканаллари диққатни Ҳалаб Сурия армияси назоратига қайтганига қаратишади. Путин бу воқеани «Туркия ва Эрон президентларисиз қўлга киритиш имконсиз бўлган замонавий дунёдаги энг йирик гуманитар акция», деб атади.
Ўшанда Биринчи канал шундай хабар берган эди: «Террорчилар Ҳалабдаги позицияларини тезлик билан йўқотар экан, бошқа стратегик аҳамиятга эга шаҳарга зарба беришга қарор қилишди — баҳорда Россия ҳарбий авиацияси ёрдамида Сурия армияси томонидан озод қилинган Палмирага жангарилар қайтадан ҳужум қилишди. Бу Палмирага ҳужум қилишга иккинчи уринишдир... Йўқотишларга қарамасдан, улар [жангарилар] шаҳар марказида ўз позицияларини мустаҳкамлашга ҳаракат қилишмоқда, чамаси, Россия самолётлари тураржойларга зарба бермаслигини билишади».
2017 йил декабрида Россия давлат телеканаллари «ИШИДнинг Суриядаги узил-кесил мағлубияти» ҳақида хабар бериб, АҚШни танқид қилди.
«АҚШ ИШИДнинг Сурияда батамом яксон бўлганига ишонишдан бўйин товлаяпти… Бунга жавобан Россия мудофаа идораси шундай жавоб қилди: модомики ИШИД қаердадир енгилмаган бўлса, бу АҚШнинг тўлиқ масъулияти остидаги зона бўлмиш Ироқда бўлади», — дейилди РЕН-ТВ эфирида.
Аслида, ИШИД Суриядаги ҳудудларни 2019 йил март ойига қадар назорат қилган, ўшанда Сурия демократик кучлари (СДК) АҚШ бошчилигидаги коалиция ёрдамида Суриянинг шарқий қисмидаги Бағузда ИШИДнинг охирги таянч нуқтасини эгаллаган. Аммо бу воқеа Россия телевидениесида деярли эътиборсиз қолди. Бунинг ўрнига, бомбалашлар чоғида тинч аҳоли ҳалок бўлгани ва оқ фосфор қўлланган бўлиши эҳтимоли ҳақида ҳикоя қилинган.
2017 йил декабр ойида Путиннинг Ҳмеймимга биринчи ва ягона ташрифи ҳамда Россия қўшинларининг катта қисмини Суриядан олиб чиқиш жараёни Россия телевидениесида кенг ёритилди. Телевидениеда қўшинларнинг бир қисми қолдирилишини олқишлаб, бу «Ўрта Ер денгизи минтақасида хавфсизлик ва стратегик тийиб туришни таъминлаш, шунингдек, Россиянинг Яқин Шарқдаги мавқейини мустаҳкамлаш имконини беради», дея таъкидланди.
Телеканаллар Путиннинг Кремлда Суриядаги операцияда қатнашган 600 дан ортиқ аскар ва офицерларни қандай тақдирлаганини кўрсатди. Путиннинг сўзларига кўра, икки ярим йилдан сал кўпроқ вақт давомида Суриядаги операцияларда 48 мингдан ортиқ офицер ва аскарлар қатнашган. Ҳарбийлар номидан унга (ҳозир обрўсизлантирилган) генерал Сергей Суровикин миннатдорлик билдирди. «Суриядаги жанговар вазифаларни бажарар эканмиз, биз Россияни ҳимоя қилаётганимизни бир дақиқага ҳам унутмадик ва уларни муваффақиятли бажаришга мажбур эдик», деганди Суровикин.
Сенатор Алексей Пушков НТВ эфирида шундай деди: «Россиянинг Суриядаги ҳарбий операцияси сиёсий борада катта илгарилашни таъминлади. Бу жуда улкан ютуқ. Россия Яқин Шарққа етакчи барқудрат давлат сифатида қайтди. Кўплаб одамлар ҳатто асосий барқудрат давлат деб ҳисобламоқда... Россиянинг Яқин Шарқда ҳозирги каби таъсири совет иттифоқи давридан бери бўлмаганди. СССРнинг эса бу минтақада жуда катта таъсири бор эди». “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эртага Муроджон Аҳмадалиев профессионал боксдаги навбатдаги жангини ўтказади
Абдуқодир Ҳусановнинг трансфер баҳоси Роналдуники билан тенглашди, навбат Мессига(ми?)
Хорижлик мутахассислар учун 2024 йилдаги энг яхши шаҳарлар рейтинги эълон қилинди
Шмигал Шолц билан қочқинларни Украинага қайтаришни муҳокама қилди
Аввал судланган шахс туғруқхонага ишга киритаман деб пул олганда қўлга олинди
Ўзбекистон МДҲда энг яхши саёҳат йўналиши деб топилди
Ўзбекистонда яна об-ҳаво кескин совиши кутилмоқда
Малайзияда Абу Райҳон Беруний асарининг қадимий қўлёзмаси сақланаётгани маълум бўлди