Декабр ойида “Теҳрике Толибон Покистон” қуролли ҳаракати ўз қўмондонларидан бирининг йўқ қилиниши ортидан ҳужум уюштириб, 16 нафар Покистон ҳарбийсини ўлдирди. Бунга жавобан Покистон армияси Афғонистон ҳудудига ракета зарбалари йўллади. “Толибон”га кўра, бу зарбалардан 46 киши, хусусан аёллар ва болалар ҳалок бўлган.
Расмий Исломобод пуштунлардан таркиб топган Покистон толибларининг “Теҳрике Толибон Покистон” қуролли ҳаракатини террорчилик ташкилоти деб ҳисоблайди.
Покистон ҳукумати Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган “Толибон”ни Покистон толибларининг етакчиларига бошпана берганликда айблаб келади. Кобулдагилар буни рад этади.
24 декабр кунги ракета зарбалари – “Толибон” ҳокимияти ўрнатилган 2021 йил август ойидан бери Покистоннинг Афғонистон ҳудудига уюштирган учинчи йирик ҳужуми бўлди. Бундан аввалги зарбалар 2024 йил март ойида кузатилганди. Афғонистон муваққат ҳукумати бу ҳужумларни мамлакат суверенетитетини қўпол тарзда бузиш деб баҳолаган.
Kun.uz мухбири этник-сиёсий характердаги бу низони атрофлича очиб бериш учун сиёсий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Фазлиддин Мадиевга юзланди.
— “Теҳрике Толибон Покистон” ва Афғонистон “Толибон”и ўртасидаги фарқлар нимада?
Фазлиддин Мадиев: Айни пайтда Афғонистон бошқарувида бўлиб турган “Толибон” 1990 йилларда пайдо бўлган ва илк марта ўша вақтларда мамлакат бошқарувида бўлган. 2021 йилдан бошланган ҳозирги ҳукмронлигида “Толибон” ўз ҳудудий бирлигини яратиш ва ҳокимиятини тан олдириш ҳаракатида.
Покистондаги “Таҳрике Толибон” эса пуштун гуруҳларининг бир-бирига қарши ҳаракатлари натижасида вужудга келган. “Таҳрике Толибон” ва “Толибон” гуруҳлари ўзаро таққосланса, уларни бир ўзакдан пайдо бўлган, аммо бугунги кунда тушунчалари борасида фарқланадиган гуруҳлар сифатида эътироф этиш мумкин.
Аввалига “Толибон” Афғонистонда давлат бошқарувига интилди ва бунга эришди, энди “Таҳрике Толибон” ҳам Покистонда шунга ҳаракат қилмоқда. Ҳар ҳолда, “Ал-Қоида”, ИШИД ва атрофдаги бошқа гуруҳлар билан бир хил ҳаракат қилаётганидан, шундай хулосага келиш мумкин.
Камолиддин Раббимов: 1991 йилда совуқ уруш тугаб, совет иттифоқи парчаланганидан кейин Афғонистон ҳукуматида ҳам “вакуум” пайдо бўлди. Совуқ уруш даврида Ҳиндистон совет иттифоқининг, Покистон эса АҚШнинг иттифоқчиси бўлган. 1989 йилда совет иттифоқи қўшинлари Афғонистонни тарк этганидан кейин рус ҳарбийларига қарши курашган мужоҳидлар Вазиристонда Тожикистондан келаётган карвонни қўлга олади ва улардан савдо йўли учун пул талаб қилади. Ўша даврда Покистон бош вазири лавозимида ишлаган Беназир Бҳутто эса мазкур жангчилардан геосиёсий лойиҳа сифатида фойдаланиш керак деган фикрга келади.
Беназир Бҳутто бу жангари гуруҳ Афғонистон ҳокимиятини эгаллаши ҳамда Покистонга мойил ҳукуматга айланишига умид қилган, Афғонистонни Покистон учун ўзига хос савдо коридорига айлантиришни кўзлаган. Шундан кейин Покистон махсус кучлари “Толибон”ни қўллаб-қувватлай бошлаган.
Афғонистондаги пуштунлар ёки “Толибон”га Покистоннинг таъсири жуда катта. 1979 йилнинг 29 декабр куни Брежнев совет қўшинларини Афғонистонга киритади ва афғонистонликларнинг 5 миллионга яқини мамлакатни тарк этишга мажбур бўлади. Бунда 3 миллиондан ортиқ одам Покистонга борган, 1 миллиондан зиёди (асосан ҳазора шиалари) Эронга қочган, қолгани эса Европа ёки Америкага қочиб кетган. Дастлаб Покистонга қочиб борган болалар мактабларга жойлаштирилган, лекин кейинчалик бу давлат бюджетига зарар бўлгани сабабли уларни бепул мадрасаларга жойлаштирган. Болалар қурол ишлатишга қодир ёшга етгач, Афғонистонга қайтиб, совет қўшинларига қарши курашишни бошлаган.
Шу сабабли “Толибон” – Покистон бош вазири Беназир Бҳутто ва унинг махсус хизматларининг геосиёсий лойиҳаси ҳисобланади.
1994-95 йиллардан бошлаб 1998-99 йилларгача “Толибон” ҳокимиятини кенгайтириш бошланади ва 2000 йиллар бошига келиб, Афғонистоннинг 90 фоиз ҳудуди “Толибон” бошқарувига ўтган. 2001 йилдан бошлаб “Толибон” ва АҚШ ўртасида уруш бошланди ва бу уруш 20 йилга чўзилди. Аввалига этник пуштунлардан ташкил топган миллатчи гуруҳ шу 20 йил давомида бора-бора кўп миллатли қаршилик ҳаракатига айланиб кетди.
Покистон собиқ бош вазири Имрон Хоннинг айтишича, 2001 йилда “Толибон” марказлашган ҳаракат бўлган, бироқ АҚШ каби технологик илғор душманга қарши туриш учун йиллар давомида “Толибон” бренди остида 50 га яқин гуруҳлар шаклланган.
Афғонистондаги энг катта миллат ва Покистондаги энг катта учинчи миллат бу – пуштунлар ҳисобланади. Афғонистонда 12,5 млн, Покистонда 30 миллиондан ортиқ пуштунларни икки давлат ўртасидаги чегара ажратиб туради, лекин ҳар иккала давлатдаги пуштун миллатига мансуб одамлар ўртадаги чегарани мутлақо тан олмайди. Ҳозир уларда этник пуштунлар ўзаро бирлашиши ва ягона қудратли Афғонистон ташкил қилиниши кераклиги ҳақидаги қараш мавжуд. Покистон ҳокимиятида эса пуштунлар эмас, балки ҳарбий элита ҳукмрон ва уларнинг асосий муаммоси этник пуштунлар ҳисобланади.
— ТТП ва “Толибон” ўртасидаги ҳамкорлик даражаси қанчалик чуқур ва бу қандай тарихий илдизларга эга?
Камолиддин Раббимов: Икки давлатдаги пуштунлар аслида битта миллат, шунчаки улар 2-жаҳон урушидан кейин чегаранинг икки томонида қолиб кетишган холос. Шунингдек, уларнинг ўртасидаги чегара амалда мавжуд эмас: Вазиристондаги бу чегара ҳудудлари тоғлар ва даштлардан иборат. Шу сабаб икки давлат пуштунлари ўртасидаги алоқа ҳеч қачон йўқолмаган. Покистондаги пуштунлар АҚШга қарши урушда ўзларининг Афғонистондаги миллатдошларига мунтазам ёрдам бериб келган.
Бироқ бу ерда ким кимга бўйсуниши масаласи бор: бунда Покистондаги пуштунлар Афғонистондаги пуштунларга бўйсуниши аниқ.
Фазлиддин Мадиев: Аввалига совет иттифоқига, кейин эса Америкага қарши курашган “Толибон” енгилиб йўқ бўлиб кетмади, аксинча, ҳокимият тепасига келди, бу эса “Теҳрике Толибон”ни илҳомлантирган. Шу сабабли улар ўртасида илиқ муносабатлар мавжудлигини рад этиб бўлмайди.
Покистон ҳукумати “Толибон”нинг давлатчилик йўналишида ҳаракатланаётгани чегараларни кенгайтириш ҳаракатига айланишидан ва натижада ўзлари катта сиёсий босимга учрашларидан хавотирда.
“Теҳрике Толибон” айни пайтда Покистон ҳукуматига Ғарб инфраструктураси ва сиёсий тизимини хоҳламаслигини айтиб, ҳатто ҳарбий тизимни ҳам қайта кўриб чиқиш талабини қўймоқда.
Покистон ўзининг Вазиристон вилоятини мутлақ назорат қила олмайди, чунки у ерда қабилавий тизим ҳукмрон, ҳатто бу ҳудудга ҳарбийларни жўнатиш ҳам жуда хавфли, чунки пуштунлар ҳудудни мукаммал билади ва атрофдаги бошқа гуруҳлар билан келишган ҳолда ҳаракатланиб, Покистон армиясига муносиб қаршилик кўрсатиши мумкин.
Юқоридагилардан хулоса қилсак, “Теҳрике Толибон” Ғарб учун Покистонга сиёсий босим ўтказишда энг яхши восита сифатида қўллаш мумкин бўлган лойиҳадир.
— Афғон “Толибон”ининг ТТПдан манфаати нимада?
Камолиддин Раббимов: Ҳозирда “Толибон”нинг сиёсий психологияси жуда кучли ва улар буни ўзларининг баёнотларида ҳам намойиш қиляпти. Яъни “Толибон” ўзининг 20 йиллик уруш тажрибаси ва эътиқодига таянган ҳолда, ўзининг Покистондан кучлироқ эканини, шунингдек, Покистондаги миллатдошлари учун керагича курашишга тайёр эканини айтмоқда.
Афғонистонда 38-40 миллион аҳоли яшайди, бироқ расмий Кобул уларнинг барчасини бирдек назорат қила олмайди, чунки уларда расмий давлатчилик шаклланишга улгурмаган, шу сабаб кўплаб ҳудудлар ҳамон қабилавий тизимда яшайди. Покистондаги пуштунлар сони 30 миллиондан ортиқни ташкил қилади ва улар айнан Афғонистон билан чегарада яшайди, Покистон эса уларни назорат қилолмайди.
Покистоннинг ҳозирги вазиятдаги энг асосий вазифаси – Афғонистонга босим қилиб, уни амбициялардан воз кечишга ундаш ҳамда эҳтимолий урушнинг олдини олиш.
Фазлиддин Мадиев: Бу ҳудудлар фақатгина Темурийлар давридагина тинч бўлган холос, деган қараш ҳам бор. Пуштунлар ўзларини ҳақиқий мусулмонлар сифатида даъво қилсалар-да, уларда пуштунлик кайфияти устунроқ, яъни улар пуштунлар ҳар қандай вазиятда ҳам бир-бирларини қаттиқ қўллаб-қувватлаши керак деган ғоя остида бирлашган, шунинг учун улар бошқа миллатларга нисбатан паст назарда қарашади. Агар “Толибон” замонавий, глобализмга уйғун давлат қуришни истаса, ҳозирги амаллари бу давлатни тан олдиришда катта муаммоларни юзага келтиради.
— ТТПни фақат Афғонистон “Толибон”и қўллайдими?
Камолиддин Раббимов: Покистондаги “Теҳрике Толибон”ни ташқаридан кимдир қўллаб-қувватлаши қийин масала. АҚШ ва Европа асосан кузатади, Хитой бу минтақада уруш чиқишидан манфаатдор эмас. Покистонда кучли қуроллар билан рақобатлаша оладиган техникалар бу ҳудуд аҳолиси томонидан қўлда ясаб ҳам бозорга чиқарилаверади, шу сабабли уларда қурол борасида муаммо кузатилиши қийин.
Хитой – Покистоннинг энг асосий иттифоқчиси ва Покистонда фуқаролар уруши бошланиши Хитой манфаатларига зид, чунки Хитой АҚШ билан можароларга эга ва бу икки давлат ўртасидаги глобал рақобатда бу минтақадаги тинч ҳудудлар Хитойга асқатиши мумкин. Шунингдек, бу ердаги нотинчлик Хитойнинг темирйўл лойиҳалари учун ҳам жуда хавфли ҳисобланади.
— Зиддиятлар ҳал қилинмаса, икки мамлакат ўртасидаги келажакда ҳарбий тўқнашувлар эҳтимоли қанчалик юқори?
Фазлиддин Мадиев: Бу ҳудуддаги зиддиятлар асрлар давомида мавжуд, улар ҳудудларни бўлишишда муаммоларга дуч келади. Бу зиддиятлар минтақа учун жуда ёмон, шунингдек, Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси учун ҳам. Аммо Ғарб давлатлари учун ўзларининг геосиёсий режаларини амалга ошириш учун қулай вазият бўлиши мумкин.
Ҳозир менда Покистон фуқаролар урушининг олдини олиш учун сўнгги чора сифатида Исроилнинг ҳаракатларини такрорлаши мумкинлиги тўғрисидаги қараш ҳам бор. Бироқ ҳозир “Толибон” ўзининг азалий мақсади, яъни давлатчиликка эга бўлиш остонасида турибди ва бу йўлда эҳтимол урушни истамайдиган иккинчи томон билан муроса йўлини танлаши ҳам мумкин.
Камолиддин Раббимов: Покистон ҳукумати мамлакатни этник пуштунлардан ёки пуштунларни толиблардан тозалашни уддалаши қийин. Исроил тажрибасидан фойдаланишнинг эса имкони йўқ, чунки Ғазодаги вазиятда араблар ва яҳудийлар ўртасида аниқ чегара мавжуд, Покистонда эса ҳамма мусулмон ва улар қоришиб кетган. Бунинг устига ҳудуд ҳам жуда катта, бу ҳудуд бир нечта Қирғизистон майдонига тенг дегани.
Бундан ташқари, разведка орқали “Теҳрике Толибон”га алоқадор минг ёки ундан ортиқ аҳолини аниқлаб, уларни қатл қилиш ёки қамоққа олиш аҳолининг қолган қисмини ғазаблантириши, натижада “Теҳрике Толибон”нинг сафи кенгайиши хавфи мавжуд.
Менинг фикримча, Покистон ва Афғонистон ўртасидаги зиддият шу суръатда давом этаверади, ҳеч қачон йўқолмайди ва катта урушга айланиб ҳам кетмайди.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Канадаликлар АҚШ таркибида бўлишни хоҳлайдими? – “Трамп безори, Маск эса тентак”
АҚШ ҳужум қилган тақдирда Дания Гренландияни ҳимоя қила олмайди
Зеленский Германиядаги иттифоқчилар учрашуви натижалари ҳақида нималар деди?
Суриядаги кутилмаган инқилобдан сўнг ўтган бир ойда нималар ўзгарди?
Лос-Анжелесдаги ёнғинлар: 10 киши ҳалок бўлди, 9 мингдан ортиқ иншоот зарар кўрди
Канада АҚШ билан эҳтимолий савдо урушига тайёргарликни бошлади
Лос-Анжелесдаги ёнғиннинг космосдан кўриниши
Украинанинг 2025 йилга мўлжалланган ҳарбий мақсадлари маълум қилинди