![“Яширин давлат” нима? Трамп нега унга қарши уруш очди?](/uploads/posts/2025-02/6913e9aa82_ofa-1.webp)
Сиёсий лексиконда инглизча “deep state”, русча “глубинное государство” деган атама тез-тез учрайдиган бўлиб қолди. Бу тушунчани ўзбек тилига “яширин давлат”, “соядаги кучлар, “кўринмас бошқарув” деб таржима қилиш мумкин.
“Deep state” жумласи биринчи марта 1997 йилда АҚШда чиқадиган, энг кўп тиражга эга газета ҳисобланмиш New York Times'даги мақолада ишлатилган. Мақола Туркия Республикасига бағишланган эди.
Мақолада Туркиядаги “яширин давлат” ҳодисаси ҳақида гап кетади, мамлакатни сайланган бош вазир, президент ва депутатлар эмас, балки ҳарбийлар ва махсус хизматлар бошқариши айтилади. Туркия Конституциясига кўра, давлатни демократик институтлар ва халқ томонидан сайланадиган мулозимлар бошқариши керак. Лекин, мақола муаллифига кўра, охирги сўзни ҳарбийлар ва махсус хизматлар айтади, президент ва бош вазирнинг уларни тийиб туришга, ўзига бўйсундиришга қурби, қудрати етмайди.
Шундай кейин “яширин давлат” атамасининг ишлатилиш сарҳади фақат кенгайиб борди.
“Яширин давлат” деганда, давлатнинг яширин қисми назарда тутилмайди. Мисол учун, ҳар қандай давлатда махсус хизматлар, куч ишлатар тизимлари бўлади. Лекин давлатчиликка кўра, бундай структураларнинг бўлиши ва маълум даражада жамиятдан яширин бўлиши – бу табиий ҳолат.
“Яширин давлат” – бу сиёсий кучларнинг яширинча, орқаваротдан ишлаши, оммага кўринмасдан катта ишлар ва лойиҳаларни амалга ошириши, жараёнларни ўзлари истаган ўзанга бура олиши ҳисобланади.
“Яширин давлат” назариясига кўра, депутатлар, сенаторлар, вазирлар ва давлат раҳбарлари – яширин сиёсий кучларнинг қўлида қўғирчоқ бўлади ёки ваколати чекланган бўлади.
“Яширин давлат” тушунчасининг яна бир таркибий қисми – бу расмий давлат органларининг президент ёки бош вазир сиёсатини саботаж қилиши, ўзларининг мустақил сиёсий курсига эга бўлишидир.
“Яширин давлат” атамаси бир вақтлар демократик бўлмаган, ҳарбийлар ва махсус хизматларнинг нолегитим таъсири юқори бўлган Туркия, Покистон, Миср каби давлатларга нисбатан ишлатилар эди. Бугун эса бу атама ҳар қандай давлатдаги маълум сиёсий кучларнинг табиатини ифодалаш учун ҳам ишлатилмоқда.
Мисол учун, ҳар қандай жамиятда Конституция ва расмий сиёсий ўйин қоидаси доирасида ифодаланмаган жуда катта капитал эгалари, сиёсий манфаатлар гуруҳлари бўлади. Табиийки, бундай шахслар ва гуруҳлар, ўзларининг манфаатларини ҳимоя қилиш ва ошириб бориш учун, маълум лойиҳаларни амалга оширади, ва кўпинча, яширин ҳолда фикрлагани ва ишлагани учун ҳам, уларга нисбатан “яширин давлат” атамаси ишлатилиши кузатилади.
Бугун демократик давлатларда ҳам бу атама жуда кенг истеъмолда. “Deep state” – АҚШ сиёсий майдонидаги энг кўп ишлатилаётган тушунчалардан бири. 2017 йилда ўтказилган сўровномада, америкаликларнинг 50 фоиздан ортиғи “яширин давлат” борлигига ишонишини айтган. Америкаликларнинг кўпи 35-президент Жон Кеннеди ўлдирилишида “яширин давлат”нинг қўли борлигига ишонади.
АҚШда “яширин давлат” борлигига, демократлар тарафдорларидан кўра кўпроқ республикачилар тарафдорлари ишонади. Демократлар ва республикачилар тарафдорларининг “яширин давлат” борасидаги талқинлари фарқ қилади. Президент Обама 2010 йилнинг август ойида америка халқига видеомурожаат қилиб, “қудратли яширин гуруҳлар” борлигини, уларнинг бойлиги ниҳоятда катта экани, улар яширин йўллар билан жамоатчилик фикрини шакллантириб, сайловларни ўзлари истаган ўзанга буриш қудратига эга эканини айтганди. “Яширин жамоалар” ҳақида, отиб ўлдирилган Кеннеди ҳам гапирганди.
Бугунги АҚШ президенти Трампнинг “яширин давлат” ҳақида гапирмаган ойи ёки ҳафтаси бўлмаса керак. Трамп ўзининг биринчи тўрт йиллигида ҳам бюрократияга, ўзининг ибораси билан айтганда “Вашингтон ботқоғи”га қарши, “яширин давлат”га қарши урушини эълон қилган эди. Бугунги иккинчи муддатида эса, Трамп бу борада катта қадамлар ташламоқда.
2023-24 йиллар давомида Трамп “Ёки биз яширин давлатни йўқ қиламиз, ёки яширин давлат бизни йўқ қилади” деб кўп такрорлади. Трампнинг режасига кўра, яширин давлатни йўқ қилиш учун: 1) барча муҳим давлат лавозимларига содиқ тарафдорларни тайинлаш; 2) бюрократияни, амалдорларни, айниқса “яширин давлат” тарафдори дея гумон қилинганларни “жойига қўйиш”; 3) қонунларни ўзгартириб, “яширин давлат”нинг ўсиши учун имкониятни йўқ қилиш, мустақилроқ республикачиларни ҳам заифлаштириш керак. Трамп бу режани қатъийлик билан амалга ошириб бошлади.
Дунё тарихида учрамаса керак, лекин Трамп АҚШнинг разведка хизмати ҳисобланмиш Марказий разведка бошқармасини 8 ойлик мажбурий таътилга чиқариб юбормоқчи. АҚШнинг “юмшоқ кучи”ни ифодаловчи USAIDни эса ёпиб ташлади. Таълим вазирлигини ҳам ёптириш арафасида. Трамп ва унинг энг содиқ ҳамфикри Илон Маск назарида, МРБ – “яширин давлат”нинг таркиби ҳисобланади, USAID эса бутун дунё бўйлаб сўлларни, яъни демократик партия тарафдорларини қўллаб-қувватлаб келади.
Трампнинг АҚШдаги “яширин давлат” билан курашуви нималарга олиб келади – буни тўлиқ тасаввур қилиш қийин, лекин тахмин қилиш мумкинки, Американинг ихоталаниши кучаяди, унинг дунё ишларидаги улуши қисқаради, юмшоқ кучи жиддий сўнади. Натижада, дунёда кўп қутблилик шакллланиши анча тезлашади.
Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос
сиёсатшунос
Манба: Kun.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар