
Microsoft компанияси асосчиси, машҳур америкалик тадбиркор ва миллиардер Билл Гейтсга кўра, сунъий интеллект (СИ) яқин келажакда тиббиёт ва таълим соҳаларидаги кўплаб мутахассисларнинг ўрнини босиши мумкин.
“СИ тиббиётга интеллектуал куч олиб киради ва кадрларга бўлган танқислик муаммоси йўқолади”, — деди Гейтс.
Унинг таъкидлашича, Ҳиндистон, Африка ҳамда АҚШда тиббий хизмат кўрсатувчи мутахассислар етишмаслиги жиддий муаммога айланган. Масалан, Америка тиббиёт коллежлари ассоциацияси маълумотига кўра, АҚШ 2036 йилга келиб 86 минг шифокорга эҳтиёж сезади.
Худди шундай ҳолат таълим соҳасида ҳам кузатилмоқда. АҚШ давлат мактабларининг 86 фоизи 2023–2024 ўқув йили учун етарли ўқитувчи топишда қийинчиликка дуч келган. Уларнинг 45 фоизи бу муаммони жиддий етишмовчилик сифатида баҳолаган.
Буюк Британиядаги Лондонда жойлашган David Game коллежи ChatGPT асосидаги СИ моделини таълимда синовдан ўтказди. 20 нафар талабадан иборат гуруҳ бир йил мобайнида инглиз тили, математика, биология ва информатика фанларини СИ ёрдамида ўрганди. Ўқитувчилар, аввал бошда СИ ёрдамидаги таълимда фирибгарлик хавотирларини билдирган бўлсалар-да, кейинчалик бу технология вақтни тежаши ва ўқув жараёнини самаралироқ қилишини таъкидлашди.
Билл Гейтс ушбу мавзуда янада кенгроқ фикр билдирди. Унинг фикрича, СИ нафақат ўқитувчи ва шифокорлар, балки завод ишчилари, қурилиш мутахассислари ва меҳмонхона хизматчилари каби бошқа соҳаларга ҳам таъсир ўтказади.
“Бундай вазифаларни бажариш учун қўллар жуда мукаммал бўлиши лозим. Ва биз бу натижага етишимиз аниқ”, — деди у.
Гейтсга кўра, сунъий интеллект иш жойларини қисқартиради ёки уларнинг табиатини ўзгартириши мумкин. Одамлар эртароқ пенсияга чиқишлари, қисқартирилган иш ҳафтасига ўтишлари эҳтимолдан холи эмас.
“Бу масала фақат иқтисодий эмас, балки фалсафий жиҳатдан ҳам қайта кўриб чиқилиши керак: кейин нима бўлади?”, — деб қўшимча қилди у.
Эслатиб ўтамиз, ҳали 1930 йилнинг ўзида машҳур иқтисодчи Жон Мейнард Кейнс инсонлар келажакда фақат 15 соатлик иш ҳафтаси билан чекланиши мумкинлигини айтган эди. Аммо ортидан 100 йил ўтса-да, аксарият одамлар ҳали ҳам 40 соатлик иш ҳафтасини бажаришмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар