date
views 458

Акулаларнинг одамларга ҳужум қилишида ким айбдорлиги маълум бўлди!

Акулаларнинг одамларга ҳужум қилишида ким айбдорлиги маълум бўлди!
Франциялик олимлар акулаларнинг одамларга қарши қилган ҳужумларини кенг кўламли илмий тадқиқотлар асосида ўрганиб чиқишди. Улар олиб борган таҳлиллар натижаси шуни кўрсатдики, кўп ҳолларда бундай ҳужумларда йиртқичлар эмас, балки одамларнинг ўзи сабабчи бўлар экан.

Тадқиқотга кўра, сўнгги вақтларда одамларга акулаларнинг ҳужуми кўпайишига ижтимоий тармоқлар ва интернетдаги машҳур инсонларнинг ҳаракатлари катта таъсир кўрсатмоқда. Жумладан, ижтимоий тармоқлардаги блогерлар ва таниқли шахслар акулалар билан яқин алоқада бўлиб, уларни хавфсиз қилиб кўрсатишга ҳаракат қиляпти. Лекин мутахассисларнинг фикрича, бу каби ҳаракатлар акулалар томонидан ҳужум қилиш хавфини оширмоқда.

Оролларни ўрганиш ва атроф-муҳит обсерваторияси марказининг катта илмий ходими Эрик Клуанинг таъкидлашича, акулалар инсонларга одатда ўзлари биринчи бўлиб ташланмайди. Аксинча, одамлар бундай ҳолатларда йиртқичларнинг табиий ҳаракатини бузиб, уларни қўрқитиб юборади. Олим, шунингдек, акулалар билан яқин контактни хоҳламасликни маслаҳат беради:

«Ижтимоий тармоқларда кўплаб таниқли инсонлар акулалар хавфсизлигини кўрсатиш учун уларнинг елка сузгичидан ушлаб олади ёки уларни эркалаб силайди. Бу эса жуда катта хато. Акулаларни қўрқитиб юбормаслик керак. Улар ўзини ҳимоя қилиш инстинкти туфайли ҳужум қилади», — дейди Эрик Клуа.

Олимларнинг фикрича, кўпчилик одамлар турли ит зотлари, масалан, Йоркшир терери ва питбулл орасидаги фарқни яхши англайди ва хавфли бўлган питбуллга яқинлашмайди. Аммо акулалар масаласида бу мантиқ амал қилмай қолмоқда. Инсонлар уларнинг турлари ва хавф даражасини фарқлай олмайди.

Тадқиқот натижалари кўрсатишича, акулалар одамларни биринчи навбатда хавф деб қабул қилади. Шунинг учун ҳам уларга биринчи навбатда ҳужум қилмай, аксинча, контактдан қочишга ҳаракат қилади. Фақат улар хавфдан қочишнинг иложи бўлмаган ҳолатлардагина, енгил шаклдаги ҳужумларни амалга оширади ва инсонларга жиддий жароҳат етказмайди.

Туристлар ва очиқ денгиздаги балиқчилар эса акулаларнинг асосий қурбонларига айланади. Чунки акулалар уларни ов ёки ўз ҳудудига тахдид сифатида кўради ва ҳимояланишга мажбур бўлади. Лекин бу хилдаги ҳужумлар уларнинг ов вақтидаги ҳужумидан кескин фарқ қилади. Ов вақтида акула ўлжани йўқ қилиш ва истеъмол қилиш мақсадида аёвсиз ҳужумга ўтади.

Шундай экан, акулаларнинг ҳужумидан сақланиш учун уларнинг табиий муҳитига эҳтиром билан ёндашиш ва кераксиз контактдан тийилиш керак. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган хавфли ҳаракатларга тақлид қилмаслик муҳим аҳамият касб этади. Зеро, табиатга нисбатан эҳтиёткор муносабат барча учун хавфсизликни таъминлайди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Акулаларнинг одамларга ҳужум қилишида ким айбдорлиги маълум бўлди!