
Тошкент шаҳридаги аҳоли ва ташкилотлар учун иссиқ сув ҳамда иссиқлик таъминоти хизматларининг янги тарифлари жорий этилади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимининг 2025 йил 27 октябрдаги қарорида белгиланган.
Маълумотларга кўра, Veolia Energy Tashkent компанияси томонидан кўрсатиладиган марказлашган иссиқлик таъминоти хизматлари учун янги нархлар 2025 йил 12 ноябрдан амалга киритилади.
Қарорга мувофиқ, янги тарифлар (ҚҚСсиз) қуйидагича белгиланди:
-Асосий (базавий) тариф — 711 641 сўм/Гкал
-Аҳоли учун — 139 860 сўм/Гкал
-Бюджет ташкилотлари учун — 952 797 сўм/Гкал
-Юридик шахслар учун — 342 296 сўм/Гкал
Компаниянинг маълум қилишича, бу ўзгаришлар энергия тизимини модернизация қилиш ва хизмат сифати ошириш мақсадида амалга оширилмоқда. Энг муҳими, давлат субсидиялари туфайли пойтахт аҳолиси иссиқлик энергиясининг ҳақиқий қийматини тўлиқ тўламайди — харажатларнинг тахминан 80 фоизи маҳаллий бюджет орқали қопланади.
Veolia вакиллари таъкидлашича, йиғиладиган маблағлар фақат иссиқлик ва иссиқ сув таъминоти хизматларини ривожлантиришга, шунингдек, инфратузилмани таъмирлаш ва янгилашга йўналтирилади.
Охирги йилларда амалга оширилган ишлар натижасида иссиқлик тизимидаги йўқотишлар 44 фоиздан 33,4 фоизгача қисқарган. Бу эса нафақат ресурс тежамкорлиги, балки тизимнинг барқарор ишлаши ва уйлардаги иссиқлик сифатининг яхшиланишига хизмат қилган.
Муттахассислар таъкидламоқда, бу чоралар энергия самарадорлигини ошириш билан бирга, аҳоли учун узлуксиз иссиқ сув ва иситиш хизматларини таъминлашга ёрдам беради.
Пойтахтликлар учун энг муҳим жиҳат — янги тарифлар босқичма-босқич амалга оширилиб, хизмат кўрсатиш сифати ҳам шунга мос равишда яхшиланиши кутилаётганидир.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!