date

Кунига 100 дақиқа юриш бел оғриғини сезиларли камайтиради

Кунига 100 дақиқа юриш бел оғриғини сезиларли камайтиради

Бел оғриғидан азият чекувчилар учун янги умид пайдо бўлди. Норвегия ва Дания олимлари ўтказган илмий тадқиқотлар юришнинг бел соғлиғига ижобий таъсирини исботлади.

Мутахассислар аниқлашича, кунига камида 100 дақиқа юриш сурункали бел оғриғи хавфини тахминан 25 фоизга пасайтиради. Бу ҳақда тадқиқот раҳбарларидан бири, профессор Раян Хаддаж маълум қилди. Унинг таъкидлашича, юриш — арзон, осон ва кенг омма учун қулай соғлом фаолият бўлиб, у нафақат бел оғриғини енгиллаштиради, балки умумий жисмоний ҳолатни ҳам яхшилайди.

Тадқиқот доирасида 20 ёшдан ошган 11 мингдан зиёд киши иштирок этган. Улар 2017–2019 йилларда махсус акселерометр қурилмаларини тақиб юриб, ҳафталик фаоллик кўрсаткичлари ўлчанган. Кейинроқ, 2021–2023 йилларда уларнинг соғлиғи яна баҳоланди ва бел оғриғи белгилари бор-йўқлиги текширилди.

Иштирокчилар юриш вақтига қараб тўрт гуруҳга ажратилган:

– 78 дақиқадан кам юрувчилар;

– 78–100 дақиқа юрувчилар;

– 101–124 дақиқа юрувчилар;

– 125 дақиқадан кўп юрувчилар.

Натижалар шундан далолат бердики, юриш вақти кўпайган сари бел оғриғи эҳтимоли камайиб борган. Шу билан бирга, ўртача ёки тез суръатда юриш сурункали оғриқларнинг олдини олишда секин юришга нисбатан анча самарали эканлиги маълум бўлди.

Бугунги кунда дунё бўйлаб 600 миллиондан ортиқ инсон бел оғриғидан жабр чекмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, бу рақам 2050 йилга бориб 843 миллионга етиши мумкин.

Олимлар бу натижани инсонларни фаол ҳаракатга ундайдиган муҳим илмий асос деб ҳисобламоқда. Демак, ҳар куни бир соатдан озроқ юриш нафақат организм учун фойдали, балки бел оғриқларидан қутулишнинг табиий ва хавфсиз йўли ҳамдир.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Кунига 100 дақиқа юриш бел оғриғини сезиларли камайтиради