
Ўзбекистонда турагентлик фаолиятини олиб бориш учун аввал талаб қилинадиган лицензиялаш тартиби энди бекор қилиниб, бунинг ўрнига хабарнома юбориш тизими жорий этилади. Ушбу янгилик Қонунчилик палатасининг 29 апрель куни бўлиб ўтган мажлисида муҳокама қилинган “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида ўз аксини топган.
Адлия вазирлиги томонидан тайёрланган мазкур қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда маъқулланиб, Сенат муҳокамасига юборилди. Лойиҳада лицензия, рухсат бериш ва хабарнома талаб қилинадиган тадбиркорлик турларидан 12 тасини бекор қилиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш билан боғлиқ ҳужжатларни топшириш учун Давлат хизматлари марказлари орқали мурожаат қилиш имконияти яратилмоқда.
Давлат хизматлари агентлигининг хабар беришича, энди учта фаолият тури, жумладан, турагентлик хизматлари ҳам лицензиялаш тизимидан хабарнома шаклига ўтказилади. Яъни, тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятини бошлаши ёки тугатиши ҳақидаги маълумотни махсус хабарнома орқали тегишли органларга юбориши кифоя қилади.
Депутатлар ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатда лицензиялаш ва рухсат бериш тизимини янада соддалаштириш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш, тадбиркорлик субъектларига қулай шароит яратиш, бозорда тенг рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда бизнесни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилишини таъкидладилар.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу ўзгаришлар сайёҳлик соҳасида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиб, соҳанинг янада ривожланишига, янги иш ўринлари очилишига ҳамда Ўзбекистонга хорижлик сайёҳлар оқимининг ошишига ёрдам беради.
Турагентлик ФаолиятиЛицензиялаш ТизимиХабарнома ТартибиБюрократик ТўсиқларДавлат ХизматлариСайёҳлик Соҳаси Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар