
Сўнгги ойларда Беларусь аҳолиси мамлакатда картошка нархининг кескин кўтарилганидан хавотирга тушган ва бу мавзу ижтимоий тармоқларда катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Мамлакатда "иккинчи нон" деб аталувчи картошканинг баҳоси бир килограмми учун 0,3-0,4 евродан 1,4 еврогача кўтарилди. Бу эса ҳар йили миллионлаб тонна картошка етиштирувчи мамлакат учун жуда катта ўзгариш ҳисобланади.
Картошка нархининг ошиши нафақат оддий аҳолининг кундалик ҳаётига таъсир қилди, балки икки давлат раҳбарлари – Беларусь президенти Александр Лукашенко ва Россия президенти Владимир Путин ўртасидаги муносабатларда ҳам кескинликка сабаб бўлди.
Бу йил май ойи бошларида Александр Лукашенко мамлакатда картошка тақчиллиги юзага келганини тан олиб, бу ҳолатда биринчи навбатда маҳаллий фермерларни айблаган эди. Шунингдек, Лукашенко мамлакатнинг асосий экспорт маҳсулотларидан бири бўлган картошканинг Россияга ҳаддан зиёд кўп сотилганини таъкидлаб, ушбу ҳолатни қўшни давлатга ёзғира бошлади.
Беларусь, ҳақиқатдан ҳам, Россия учун энг асосий картошка экспортчиларидан бири ҳисобланади. 2024 йилда бу мамлакат Россияга 170 минг тоннадан ортиқ картошка сотган. Аммо бу савдо Беларуснинг ички бозорида тақчиллик юзага келишига ҳам сабаб бўлган.
Россияда ҳам худди шундай вазият кузатилмоқда. Президент Владимир Путин 26 май куни тадбиркорлар билан учрашув чоғида мамлакатдаги картошка муаммосига эътибор қаратиб, Беларусдан картошка сотиб олишни янада оширишни таклиф қилди. Шу пайтда президент маъмурияти раҳбари ўринбосари Максим Орешкин Беларусда ҳам картошка захиралари қолмаганини айтганида, Путин ҳайратга тушиб қолганини яширолмади.

Шу мавзуда DW чизган карикатура.
Шундан сўнг Лукашенко ҳам позициясини ўзгартирди. Бир неча кун аввал у Брест вилоятига қилган сафари давомида вазиятни яхшилаш учун фермерларга мурожаат қилиб, картошка экишни кўпайтиришни талаб қилди. Шунингдек, президент оддий аҳолига ҳам ўз томорқаларида картошка экишни тавсия қилди.
Картошка масаласи Беларус учун фақат иқтисодий эмас, балки геосиёсий аҳамият касб эта бошлагани кўринмоқда. Лукашенко ҳатто вазиятни юмшатиш мақсадида аввал «душман» сифатида таърифланган Европа Иттифоқидан сабзавот ва мева маҳсулотлари импортига нисбатан тақиқларни бекор қилишга ҳам рози бўлди.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, бу йил картошка етиштириш ҳажми сезиларли даражада камайишига қишлоқ хўжалиги харажатларининг кескин ошиб кетиши сабаб бўлган. Ёнилғи, ўғит, техникалар ва ишчиларнинг иш ҳақи ошгани фермерлар учун жиддий муаммолар яратган. Қолаверса, совуқ об-ҳаво ҳам ҳосилнинг пасайишига салбий таъсир кўрсатган. Шунингдек, картошка сақлаш учун зарур омборхоналарнинг етишмаслиги ва давлат томонидан маҳсулотга белгиланган нархлар ҳам фермерларнинг фаолиятига катта зиён келтирмоқда.
Картошканинг нархи кўтарилиши фонида Беларус чегараларида картошка экспорти, хусусан, Россияга олиб чиқилиши устидан жиддий назорат ўрнатилди. Шу орқали мамлакат ички бозордаги вазиятни барқарорлаштиришга ҳаракат қилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Беларусдаги картошка муаммоси нафақат ички иқтисодий масала, балки икки мамлакат президентлари ўртасидаги муносабатларга ҳам таъсир қилган геосиёсий вазиятга айланиб қолди. Бу мавзу яқин ойларда ҳам кўплаб сиёсий баҳс-мунозараларга сабаб бўлиши мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар