"Ан Наср" мағлуб бўлди: чемпионлик интригаси яна кучайди...

Саудия Арабистони Про-лигасининг 31-турида турнир пешқадами «Ан Наср» сафарда «Ал Қодисия»га кутилмаган тарзда имкониятни бой берди. Ушбу натижа чемпионлик пойгасидаги курашни янада қизитиб, мавсум якунига интрига қўшди.
Учрашув мезбонлар устунлиги остида бошланди. 24-дақиқада Аш Шамат аниқ зарба билан ҳисобни очиб, «Ал Қодисия»ни олдинга олиб чиқди. «Ан Наср» эса 39-дақиқада Феликс орқали жавоб қайтариб, ҳисобни тенглаштирди ва биринчи бўлим 1:1 натижа билан якунланди.
Иккинчи бўлимда эса мезбонлар янада фаол ҳаракат қилди. 55-дақиқада Ал Жувайр жамоасини яна олдинга олиб чиқди. Орадан кўп ўтмай, 78-дақиқада Куинонес ҳисобни 3:1 кўринишига келтириб, баҳс тақдирини амалда ҳал қилди.
Саудия Пролигаси. 31-тур. 3 май
Ал Қодисия — Ан Наср 3:1
Голлар: Аш Шамат (24), Ал Жувайр (55), Куинонес (78) — Феликс (39).
Ан Наср — Бенто, Бушал (Ал Ғаннам, 85), Симакан, Ал Амри, Мартинес (Ғариб, 86), Ал Ҳайбари (Айман, 67), Брозович, Коман (Ал Ҳамдан, 85), Феликс, Ангело (Ан Наср, 76), Роналду.
Шу тариқа, «Ан Наср» нафақат муҳим очколарни йўқотди, балки барча мусобақалардаги 20 ўйинлик ғалабали сериясига ҳам чек қўйилди. Бу мағлубият жамоа учун оғир зарба бўлди.
Ҳозирги ҳолатга кўра, учта тур қолган бир пайтда Роналду жамоаси 79 очко билан етакчиликни сақлаб турибди. Бироқ 2-ўриндаги «Ал Ҳилол» 74 очко билан ортидан яқиндан таъқиб қилмоқда ва уларда яна бир захира ўйини мавжуд. Энг муҳими, олдинда ушбу икки жамоа ўртасидаги ҳал қилувчи ўзаро тўқнашув ҳам бор.
Ушбу турда йирик ғалабага эришган «Ал Аҳли» 69 очко билан 3-поғонага кўтарилди. «Ал Қодисия» эса ушбу муҳим ғалабадан сўнг очколарини 68 тага етказиб, 4-ўринни эгаллаб турибди.
Қисқача айтганда, Саудия чемпионатида чемпионлик учун кураш охирги турларгача давом этадиган даражада қизғин тус олди. «Ан Наср» учун эса ҳар бир кейинги ўйин ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!