
Сўнгги йилларда Исроил ва Эрон ўртасидаги ҳарбий тўқнашувлар, шунингдек, АҚШ президенти Доналд Трампнинг Эроннинг ядро иншоотларига берган зарбалари бутун дунё эътиборини яна ядро қуролларига қаратди. Хусусан, қайси давлатлар ядро қуролларига эга экани ва бу қуроллар қаерда сақланаётгани яна долзарб масалага айланди.
Дунёда нечта давлат ядро қуролига эга?
2025-йил бошига келиб, дунёда жами 9 та давлат ядро қуролларига эгалиги тахмин қилинмоқда. Булар: Россия, АҚШ, Франция, Буюк Британия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Шимолий Корея, Исроил
Россия ва АҚШ бутун дунё ядровий арсеналининг 87 фоизига эгалик қилади. Қолган 7 давлат эса жами ядровий қуролларнинг тахминан 13 фоизини сақлайди.
Ядро қуроллари сони ва жойлашуви
Жами ядро қуроллари сони: тахминан 12 241 та
9 614 та ҳарбий мақсадлар учун сақланмоқда.
Шундан 3 912 таси тўлиқ жойлаштирилган ва фойдаланишга тайёр ҳолатда (стратегик ракеталар, бомбардимончи самолётлар ва қисқа масофали тизимларда).
Ядро қуроллари жойлашуви аниқ очиқланмаган. Фақат АҚШ, Буюк Британия ва Франция ўз арсенал ҳажмини расмий равишда ошкор қилган. Бошқа давлатлар бу борада сукут сақлайди.
Исроил ядро қуролига эгалик қилаётганини расмий тасдиқламаган. Аммо экспертлар бу давлатда тахминан 90 та ядро қуроли бор деб ҳисоблашади.
Қайси давлатлар бошқа давлатнинг ядро қуролларини жойлаштирган?
Айрим давлатлар ўз ҳудудида бошқа давлат – айнан АҚШ ёки Россия – ядро қуролларини сақлашга рухсат берган.
АҚШ ядровий қуролларини қуйидаги давлатларда сақлайди:
Германия, Белгия, Нидерландия, Италия, Туркия
Бу беш давлатда АҚШга тегишли тахминан 100 та ядро қуроли мавжуд. Ушбу қуроллар АҚШ назоратида бўлиб, улар НАТО доирасидаги мудофаа иттифоқининг бир қисми сифатида сақланади.
Россия эса, 2023-йил март ойида, ўзининг тактик ядро қуролларини Беларусга жойлаштиришини эълон қилган. Бироқ 2025-йилги ҳисоботларда бу жойлаштириш ҳали аниқ тасдиқланмаган деб қайд этилади.
Келажакда ядро қуроллари сони ошадими?
Совуқ уруш даврида дунёда 70 мингга яқин ядро қуроли мавжуд бўлган. Сўнгги ўн йилликларда ядро қуроллари сони камайиб борди. Аммо бугунги геополитик тангликлар — жумладан, Украина уруши, Эрон-Исроил можароси ва Хитой-Тайван таранглиги — бу тенденцияга барҳам бериши мумкин.
Экспертлар фикрича, ҳозирда дунё янги ядро қуролланиш пойгасига кириб бормоқда. Ҳар бир давлат ядро қуролларини хавфсизлик кафолати сифатида кўрмоқда. Шу билан бирга, бу қуроллар тинчликни таъминлай олишига шубҳа билан қаралаяпти.
Мисол учун, Исроилнинг ядро арсеналига эгалиги Эрон ёки бошқа қуролли гуруҳларни ҳужумдан тўхтатмаган. Шунингдек, Россиянинг ядровий таҳдидларига қарамай, Ғарб давлатлари Украинани қўллашда давом этмоқда. Бу эса классик “ядро тўсқинлиги назарияси”нинг самарадорлигига саволлар туғдирмоқда.
Бугунги кунда дунёда фақат 9 та давлат ядро қуролига эга бўлса-да, бу қуролларнинг тақсимоти ва хавфсизлиги глобал барқарорлик учун катта аҳамиятга эга. Ҳарбий тўқнашувлар кучайиб бораётган бир пайтда, ядровий қуроллар сонининг камайиши эмас, балки ортиши хавфи мавжуд. Бу эса бутун инсоният учун жиддий таҳдид бўлиб қолмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар