date

Тожикистонлик муҳожир соқоли сабабли Британиядан бошпана олишга муваффақ бўлди

Тожикистонлик муҳожир соқоли сабабли Британиядан бошпана олишга муваффақ бўлди
Соқолини мажбуран олдириш хавфи туфайли бир тожикистонлик эркак Буюк Британияда бошпана олиш ҳуқуқини қўлга киритди. Суд ушбу эркакнинг депортация қилингудек бўлса, ўз ватанида қийноққа солиниши ёки соч-сақоли мажбуран олдирилиши эҳтимоли борлигини эътиборга олиб, аввалги рад жавобини бекор қилди.

Буюк Британия Ички ишлар вазирлиги томонидан депортация қилиниши режалаштирилган эркак ўзининг диний эътиқодига кўра соқол қўйганини ва уни олиб ташлашга мажбур бўлиши таъқибга тенг келишини таъкидлаган.

Маълумотларга кўра, Тожикистонда сўнгги йилларда ҳукумат норасмий тарзда соқол қўйишни ман этган. Расмий статистикага кўра, юз минглаб эркаклар соқоллари туфайли ҳибсга олинган, уларнинг соқоли мажбуран олдирилган ва бармоқ излари олиниб, расмий реестрларга киритилган.

Ҳукумат бу ҳаракатларни диний экстремизм ва радикаллашувнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар сифатида асослайди. Аммо инсон ҳуқуқлари фаоллари бу сиёсатни диний эркинликларнинг бузилиши, шахсий ҳаётга аралашув ва камситиш сифатида баҳолашмоқда.

Суднинг юқори инстанцияси дастлабки қарорда эркакнинг соқолини олиш қарори “ижтимоий босим” ёки “таъқибдан қўрқув” натижаси экани аниқ фарқланмагани боис, ишни қайта кўриб чиқишга қарор қилди.

Судя Парминдер Сайнининг таъкидлашича, агар муҳожир соқолни диний эътиқод сабабли қўйган бўлса, лекин депортациядан сўнг хавфсизлик нуқтаи назаридан уни олишга мажбур бўлса, у ҳолда бу ҳолат халқаро ҳимоя олиш учун етарли асос бўлиши мумкин.

“Агар соқол диний эътиқоднинг ифодаси бўлса ва уни олиш мажбурияти инсон хавфсизлиги билан боғлиқ бўлса, бу — таъқиб деб баҳоланиши мумкин. Аксинча, агар у соқолини фақат ижтимоий босим ёки бошқа шахсий сабабларга кўра олса, у ҳолда бошпана олиш шарти мавжуд бўлмаслиги мумкин,” — деди судя.

Мазкур ҳолат Британия жамоатчилиги ва сиёсатчилари ўртасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Ҳозирда ҳукумат Европа Инсон Ҳуқуқлари Конвенциясининг 3- ва 8-моддаларига асосланган аризаларни қийинлаштириш бўйича ислоҳотларни таклиф қилмоқда. Бу моддаларда инсон шаъни, оила ҳаёти, қийноқлар ва камситувчи муомала тақиқланиши кафолатланади.

Таҳлилчиларнинг фикрича, бу каби ишлар инсон ҳуқуқлари ва суверен давлатларнинг хавфсизлик сиёсатлари ўртасидаги нозик мувозанатни кўрсатади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Тожикистонлик муҳожир соқоли сабабли Британиядан бошпана олишга муваффақ бўлди