
Яқин Шарқдаги вазият яна кескинлашди: Исроил томонидан 16 июль куни Дамашқ марказига қилинган бир неча авиазарбалар нафақат Суриянинг мудофаа вазирлиги, балки президент саройи яқинида ҳам содир бўлди. Бу ҳаво ҳужумлари айнан жанубий-ғарбий Суриядаги Сувайдо шаҳрида ҳукумат кучлари ва друз жангарилари ўртасида кечаётган қонли тўқнашувлар фонида юз берди, деб хабар берди reuters.com.
Мазкур ҳужумлар ортидан Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац расмий баёнот бериб, мамлакат армияси Суриядаги друзлар аҳолисини ҳимоя қилишга содиқ қолишини таъкидлади. Бироқ шуниси ҳам аниқки, ҳаво зарбаларидан кейин друзлар етакчиси ҳукумат кучлари билан сулҳга эришилганини билдирди. Бироқ барча амалий воқеалар шуни кўрсатмоқдаки, Сурияда вазият ҳали ҳам мураккаб ва беқарор бўлиб қолмоқда.
Суриянинг муваққат президенти Аҳмад аш-Шаръа эса пайшанба тонгида халққа ва айниқса, мамлакат таркибидаги друзлар жамоасига мурожаат йўллаб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни “устувор вазифа” сифатида таъкидлади. Аш-Шаръа ўз чиқишида Исроил давлати мустақил Сурияга бир неча бор халал бериб келганини, бу сафар ҳам мамлакатни тинчсизликка, орага нифоқ солишга уринаётганини очиқ баён қилди.

Фото: Reuters
"Кучли бўлиш ёки муваффақиятга эришиш — ҳамма соҳада ютуқ беради, дегани эмас. Агар уруш бошланса, унинг оқибатларини назорат қилиш ва барқарорликни тиклаш анча мураккаб бўлади. Биз, сурияликлар, ўз Ватанимизни ташқи аралашувдан ва ҳар қандай тақсимотдан сақлаш учун жон куйдирамиз," — деб таъкидлади аш-Шаръа.
Айниқса, у ўз нутқида друзларга алоҳида мурожаат қилиб, "Сурия ҳеч қачон ўз фарзандлари ўртасида бўлинишга йўл қўймайди. Биз сизнинг эркинлигингиз ва ҳуқуқларингизни ҳимоя қилишни ўз бурчимиз деб биламиз. Бошқа давлатлар билан иттифоқ ёки орамиздаги нифоқни қўзғатишга қаратилган ҳар қандай уриниш қатъий рад этилади", деди.
Сурия раҳбарининг айтишича, Исроил аралашувига қарамай, ҳудудда нисбатан барқарорлик тикланган, ноқонуний гуруҳлар эса тор-мор қилинган. Кечаги ҳужумлардан сўнг мамлакат олдида икки йўл — яна урушга тортилиш ёки миллий манфаатлар асосида тинчликни таъминлаш масаласи турибди.
"Биз урушдан қўрқмаймиз. Аммо халқимизнинг тинчлиги ва хавфсизлиги, ватанимиз бирлиги ҳамиша устувор бўлади," дея қўшимча қилди аш-Шаръа. Шу билан бирга, у мамлакатни янги кенг кўламли уруш сари етаклайдиган йўлга кириб кетишдан огоҳлантирди.

Фото: Reuters
SANA нашри хабар қилишича, мамлакатнинг бир қанча ҳудудларида, жумладан, Ҳалаб шаҳрида аҳоли оммавий тарзда ҳукуматни қўллаб-қувватлаш ва мамлакат ички ишларига хорижий аралашувларга қарши намойиш ўтказди. Бу эса сурияликларнинг ташқи таҳдидларга қарши бирдамлигини яна бир бор намоён этмоқда.
Халқаро миқёсда эса, бу воқеалар жавобсиз қолмади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Исроилнинг Сувайдо, Даръа ва Дамашқ марказига уюштирган зарбаларини қатъий қоралаб чиқди. Гутерриш матбуот котиби Стефан Дужарик орқали шундай баёнот берди: “Исроил мудофаа кучларининг Голан тепаликларида қайта жойлашиши ва ҳаво ҳужумлари ҳақидаги хабарлар катта хавотир уйғотмоқда.”
АҚШ давлат котиби Марко Рубио эса вазият кескинлашганини тан олди ва барча томонларни эҳтиёткорликка чақирди. “Бу жуда жиддий вазият. Ҳозир барча тегишли томонлар билан алоқадамиз ва яқин соатларда янгиликлар бўлиши мумкин”, деди Рубио.
Туркия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам ушбу ҳаво ҳужумларини қоралаб, уларни “Суриянинг тинчлик ва барқарорлик йўлидаги ҳаракатларига қарши саботаж” сифатида баҳолади. Туркия парламенти эса Исроилнинг бу “разил” амалиётини қаттиқ қораловчи махсус қарор қабул қилди.
Эроннинг Ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи эса бу ҳужумни “кутилган воқеа” деб атади ва мамлакатининг Суриянинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини маълум қилди. “Исроил режими ҳеч қандай чегарани тан олмайди ва фақат куч тилини тушунади,” деди Арақчи.
Форс кўрфази Ҳамкорлик Кенгашига аъзо давлатлар — Баҳрайн, Кувайт, Уммон, Қатар, Саудия Арабистони ва БАА — бу ҳаво ҳужумларини “энг кескин шаклда” қоралади. Улар ўз баёнотларида “Исроилнинг бу ҳаракатлари Сурия суверенитетини очиқ бузиш, халқаро қонунларга зид ва минтақавий хавфсизликка жиддий таҳдиддир”, деб таъкидлашди.
Шу билан бирга, Европа Кенгаши президенти Антониу Кошта ҳам Дамашққа ҳужумлардан жиддий хавотирда эканини билдириб, “Сурия суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги ҳурмат қилиниши керак. Барча томонлар зўравонликдан тийилиши ва кескинликни юмшатиш учун саъй-ҳаракат қилишлари зарур,” деди.
Қисқача қилиб айтганда, Дамашқ ва Суриядаги сўнгги воқеалар Яқин Шарқдаги барқарорликни яна жиддий синовга қўйди. Бир томонда — ташқи таҳдидлар, иккинчи томонда — миллий бирлик учун кураш ва халқаро ҳамжамиятнинг жиддий хавотирлари. Минтақада турли манфаатлар ва сиёсий курашлар тўқнашуви давом этаётган бир вақтда, халқаро босим, сиёсий баёнотлар ва оммавий намойишлар воқеаларнинг ривожига янги суръат қўшмоқда. Сурия келажаги, тинчлик ва хавфсизлик муаммоси бугун яна Яқин Шарқ сиёсий кун тартибининг марказида.
Фото: SANA News «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар