
Америка Қўшма Штатлари тарихидаги энг катта мудофаа ташаббусларидан бири – “Олтин гумбаз” лойиҳаси атрофида жиддий геосиёсий ҳаракатлар бошланди. Бу ҳақда “Reuters” ахборот агентлиги ишончли манбаларга таяниб хабар тарқатди.
Маълум қилинишича, Доналд Трамп раҳбарлигидаги маъмурият янги авлод ракеталарини аниқлаш ва йўқ қилишга қодир миллий хавфсизлик щитини яратишга бел боғлаган. Лойиҳанинг техник ва амалий қисмини амалга оширишда аввал бошда Илон Маск раҳбарлигидаги SpaceX компанияси бош номзод сифатида кўриб чиқилганди.
Бироқ кейинги пайтларда Маск ва Трамп ўртасидаги муносабатлар совуқлашгани боис, Оқ уй раҳбарлари янги ҳамкор қидиришга мажбур бўлмоқда. Мудофаа вазирлиги ҳам шу йўналишда эҳтиёт чораси сифатида Amazon таркибидаги Project Kuiper ҳамда АҚШдаги йирик ҳарбий пудратчилар билан музокараларни бошлаб юборди.
Бу орқали улар “Олтин гумбаз”дек улкан ва стратегик лойиҳа биргина компанияга боғланиб қолмаслиги, бир неча манбали технологик ёндошув орқали эҳтимолий таҳдидларга қарши самарали мудофаа тизимини яратиш ниятини кўрсатмоқда.
Шу билан бирга, лойиҳа учун ажратилган 175 миллиард долларлик бюджет ҳам кўплаб компанияларни қизиқтирмоқда. Бу рақам, шубҳасиз, ҳар қандай хусусий ёки давлат компанияси учун улкан имконият ҳисобланади.
Шунингдек, “Reuters” манбаларига кўра, SpaceX ҳали ҳам “Олтин гумбаз” доирасидаги учирилиш ва транспорт логистикаси бўйича энг реал номзодлардан бири сифатида қолмоқда. Чунки компаниянинг сўнгги йиллардаги муваффақиятли лойиҳалари, хусусан, Starlink ва Falcon сериясидаги учирилишлар, уни техник жиҳатдан рақобатсиз этмоқда.
Экспертлар фикрича, “Олтин гумбаз” нафақат АҚШнинг мудофаа соҳасидаги кучини оширади, балки глобал даражада космосдаги кучлар мувозанатига ҳам таъсир ўтказиши мумкин. Шу боис, бу лойиҳа атрофидаги сиёсий ва иқтисодий рақобат янада кучайиши эҳтимолдан холи эмас.
Якуний қарор ҳали қабул қилинмаган. Аммо айни дамда юз бераётган ҳаракатлар, музокаралар ва эҳтиёткорлик билан танланадиган технологик ҳамкорлар АҚШнинг хавфсизлик стратегиясидаги жиддий бурилишни кўрсатиб турибди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар