date

Ғазо можароси: Ҳалокатли урушда бурилиш нуқтаси ва дипломатик имкониятлар

Ғазо можароси: Ҳалокатли урушда бурилиш нуқтаси ва дипломатик имкониятлар
2023-йил 7-октабр куни бошланган Ғазо уруши Яқин Шарқдаги энг қонли ва мураккаб можаролардан бирига айланди. Ҳамас томонидан Исроилга уюштирилган ҳужум, 1 200 дан ортиқ инсон ҳаётига зомин бўлди ва 251 киши гаровга олинди. Бу воқеа Исроил ва бутун дунё учун шок бўлди. Аммо икки йиллик уруш давомида воқеалар мураккаблашди — ҳозирда урушнинг ҳар икки томонида ҳам халқаро миқёсдаги жиноий айбловлар юзага чиқмоқда.

Уруш босқичма-босқич инсоният инқирозига айланди
Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий амалиётлари ҳалокатли тус олди. Халқаро ташкилотлар ва мустақил кузатувчилар уруш давомида содир этилган қонунбузарликлар ҳақида жиддий далилларни келтиришмоқда. Бу жиноятлар орасида аҳолининг очлик ҳолатига туширилиши, ҳарбий амалиётлар вақтида фуқаролар хавфсизлигини таъминлашдаги сусткашлик ва бутун шаҳарларнинг издан чиқарилиши мавжуд.

БМТнинг соғлиқни сақлаш ташкилоти марказий Ғазодаги тиббий иншоотларга қилинган ҳужумларни қоралади. Сўнгги ҳафталарда Деир ал-Балаҳ шаҳрига Исроил ҳарбийларининг юриши янги кўчиш тўлқинларини юзага келтирди. Шу билан бирга, халқаро журналистларнинг Ғазога киришига рухсат берилмаяпти, бу эса уруш ҳақиқатларини аниқ ва мустақил тарзда ёритишни қийинлаштирмоқда. Шунга қарамай, фаластинлик журналистлар фидокорона иш олиб бориб, деярли 200 нафари ҳаётдан кўз юмди.

Исроилнинг халқаро майдондаги яккаланиши
Исроилнинг асосий иттифоқчилари ҳам унга нисбатан сабр-тоқатини йўқотмоқда. АҚШ, Буюк Британия, Канада, Австралия, Янги Зеландия, Европа Иттифоқи давлатлари ва Япония ташқи ишлар вазирлари томонидан 21-июл куни имзоланган қўшма баёнотда Исроилнинг Ғазодаги гуманитар инқирозни кучайтирган ёндашуви кескин танқид қилинди. Улар Ғазо Аҳолисига ёрдам етказиш бўйича Исроил киритган Гуманитар Фонднинг ишини "беқарор, хавфли ва инсон қадр-қимматига зид" деб баҳолади.

Баёнотда 800 дан ортиқ фаластинликнинг ёрдам олиш чоғида ўлдирилгани алоҳида тилга олиниб, бу ҳолат инсонпарварлик қонунларига тўғри келмаслиги қайд этилди. Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дейвид Ламми ҳам худди шу йўналишда Исроилни кескин танқид қилди.

Сиёсий босим кучаймоқда
Исроил парламенти — Кнессет — яқин кунларда ёзги танаффусга чиқади. Бу танаффус Бош вазир Бенямин Нетаняху учун қисқа муддатли нафас олиш имконини беради. Ҳозирда у коалицион ҳукумати таркибидаги ультрамиллатчилар томонидан доимий босим остида қолмоқда. Улар Ғазодаги урушни тўхтатишга қатъий қарши. Агар Нетаняху сулҳга рози бўлса, у ҳукуматдаги кўмакчиларининг қўлловидан маҳрум бўлиши мумкин, бу эса янги сайловлар ва эҳтимолий ҳокимиятдан четлатилишига олиб келади. Бу ҳолатда у 7-октабр фияскоси ва унга қарши давом этаётган коррупция иши бўйича жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Келажак – урушми ёки дипломатиями?
Урушга чизилган бу қора саҳифалар фонида яна бир умид нури пайдо бўлмоқда. Сулҳ эҳтимоли кучаймоқда. Бу нафақат Ғазо фуқаролари балки ҳануз Ҳамас томонидан гаровда ушлаб турилган Исроил фуқаролари учун ҳам ҳаёт-мамот масаласидир.

Бироқ сулҳ урушнинг якуни эмас. Бу фақат зўравонликни тўхтатиб, дипломатик музокараларга йўл очадиган оралиқ босқич бўлиши мумкин. Агар халқаро ҳамжамият, жумладан, Буюк Британия ва Франция каби давлатлар Фаластин давлатини тан олиш масаласида қатъий қарор қабул қилса, бу узоқ йиллардан бери давом этаётган можарони сиёсий йўл билан ҳал этиш йўлида муҳим қадам бўлиши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ғазо можароси: Ҳалокатли урушда бурилиш нуқтаси ва дипломатик имкониятлар