АҚШ Президенти Доналд Трамп ҳокимиятга келганидан буён ўзининг 200-фармонини имзолади. Бу фармонга кўра, бундан кейин “Мудофаа вазирлиги” номи “Уруш вазирлиги” бўлади. Трамп ва унинг командаси учун муҳим ютуқ. Аммо бунга параллел равишда Хитой ҳам ҳарбий қудратини янада ошириш ҳаракатида. Расмий Пекиннинг катта парад ўтказиши ва унда ноёб қуролларни кўз-кўз этиши дунёда қуролланишнинг янги даври бошланганини кўрсатмоқда.
АҚШ Президенти Доналд Трамп ҳокимиятга келганидан буён ўзининг 200-фармонини имзолади. Бу фармонга кўра, бундан кейин “Мудофаа вазирлиги” номи “Уруш вазирлиги” бўлади. Лекин бу фармон тўлиқ ҳуқуқий мақомга эга бўлиши ва расмий номланиши учун, бу ғояни АҚШ Конгресси қўллаб-қувватлаши керак. Бунинг эса эҳтимоли кам. Чунки АҚШ Конгрессида икки партия ўртасида бу борада жиддий келишув бўлиш эҳтимоли кам. Лекин Трампга бунинг қизиғи йўқ. Агар расмий бўлмаса, норасмий шаклда ҳам Пентагонни “Уруш вазирлиги” дейиш – Трамп ва унинг командаси учун муҳим ютуқ. Трампнинг фикрига кўра, сўзлар, номлар катта психологик эффектга эга. АҚШ глобал рақобатда ютиши учун, бошқаларга самаралироқ босим қила олиши учун, “мудофаа” позициясидан “қатъий” ва “шижоатли” позицияга ўтиши керак эди.
Аслида АҚШ Британия подшолигидан мустақил бўлгач, давлатчиликнинг бошидан то Иккинчи жаҳон уруши тугагунига қадар бу вазирликни “Уруш вазирлиги” деб номлар эди. Фақат 1947 йилга келиб “Мудофаа вазирлиги” деб алмаштирди. Хўш, нега бугунга келиб Трамп ва унинг тарафдорлари бу муассасани “Уруш вазирлиги” деб номлаш ниятида? Бу нимадан далолат?
Собиқ СССР қулагач, у билан бирга социалистик лагер ҳам қулади. Натижада, дунёда бир қутблилик пайдо бўлди. АҚШнинг иродаси қолган барча давлатлар учун қонундек гап эди. Бироқ бу вазият у қадар узоқ чўзилмади. Аммо кейинги ўн йилликларда дунёда кўп қутблилик шаклланиш тенденцияси бошланган. АҚШга стратегик рақиб сифатида бугун Хитой Халқ Республикаси кўрилади. Қолаверса, Россия Федерацияси, Европа Иттифоқи, Ҳиндистон ва глобал жануб давлатлари ҳам кўп қутблилик шаклланишида энг муҳим иштирокчилар ҳисобланади.
3 сентябр куни Хитойда Иккинчи жаҳон уруши тугашининг 80 йиллиги муносабати билан ҳарбий парад бўлди. Бу парадда Хитой ўзининг энг замонавий ва турфа ҳарбий қурол-яроғ салоҳиятини кўз-кўз қилди. Бундан 20-30 йил олдин Хитой ўзининг ҳарбий техникаларини асосан Россия Федерациясидан сотиб олар эди. Бироқ бугунга келиб вазият мутлақ ўзгарган. Бугун Хитой ўзини қурол-аслаҳа билан тўлиқ таъминламоқда, у тўлиқ ҳарбий-техник суверенитетга, мустақилликка эга. Қолаверса, замонавий қуроллар сотувчиси мақомига кўтарилган. Бу Пекиннинг катта ютуғи сифатида кўрилади.
Парадда ХХР бир қанча турдаги ракеталарни, жумладан, осмондаги спутникларни ҳам уриб тушира оладиган ракеталарни, ҳар хил турдаги дронларни, ҳайвонлар шаклидаги мукаммал роботларни, лазер қуролларини намойиш қилди. Пекин намойиш қилган қуролларнинг асосий характеристикаси – энг замонавий, келажак урушларига қаратилган янги техникалар ҳисобланади. Хитойнинг параддаги қуроллар ярмаркаси жуда кўпчилик экспертларни, сиёсатчиларни ҳайратга солди.
Айни пайтда, айтиш керакки, Пекиндаги ҳарбий парадда намойиш қилинган қурол-аслаҳаларнинг мутлақ аксарияти реал урушларда синовдан ўтмаган. Бу қуроллар реал урушларда қанчалик самарали бўлади, хитойлик ҳарбийлар урушларда қанчалик совуққон ва профессионал бўла олишади – бу саволларга ҳозирча аниқ жавоб йўқ. Қиёслаш учун, кўп йиллар давомида Россия Федерацияси ҳам ҳар йили 9 май парадларида ўзининг энг замонавий қурол-яроғларини бутун дунёга кўз-кўз қилар эди. Бироқ Россия-Украина уруши кўрсатдики, бу қуроллар деярли ишлатилмади ва ишлатилгани ҳам кескин бурилиш ясай оладиган даражада самара бера олмади. Яъни Россия томонидан май парадларида кўз-кўз қилинган қурол-яроғлар сони ва сифати борасида очиқ саволлар бор.
Пекиндаги ҳарбий параддаги энг муҳим воқеалардан бири – бу Хитой Халқ Республикаси ўзининг “ядровий триада”га, яъни ядровий учликка эгалигини бутун дунёга билдирди.
Трамп томонидан Мудофаа вазирлигининг номи “Уруш вазирлиги”га ўзгартирилиши, ХХРнинг ҳарбий намойишлари ошиши фонида кечмоқда. Бу билан АҚШ “биз ўз позициямизни сақлаб қолиш учун урушларга тайёрмиз”, демоқчи. Дунёда кўп қутблилик шаклланиши жадаллашмоқда. Бу фонда дунёдаги энг катта қитъа ҳисобланмиш Евросиё қитъасининг марказида жойлашган Марказий Осиё минтақаси, Ўзбекистон нима қилиши керак? Марказий Осиё глобал геосиёсий чорраҳада жойлашган. Қудратли давлатлар ўртасида қуролланиш пойгаси бошланар экан, халқаро ҳуқуқ самарали ишламас экан, катта давлатлар орасида рақобат руҳияти ҳукм сурар экан, Марказий Осиё давлатлари ва туркий дунё учун ўзаро интеграция, бирлик ва бирдамликдан бошқа узоқ муддатли ва самарали яшовчанлик формуласи мавжуд бўлиши мумкин эмас.
Манба: Кun.uz
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!