Оғир астма эрта ўлим хавфини икки баробар оширади

Каролинска институти олимлари томонидан ўтказилган тадқиқот оғир астманинг инсон саломатлигига жиддий хавф туғдиришини кўрсатди. Илмий хулосалар European Respiratory Journal нашрида эълон қилинган.
Тадқиқот давомида 11 мингдан ортиқ астма билан оғриган беморлар 20 йил мобайнида кузатилган. Натижаларга кўра, касалликнинг оғир шаклига чалинганлар орасида ўлим кўрсаткичи 34 фоизга етган. Енгил ва ўртача ҳолатларда эса бу рақам тахминан 20 фоизни ташкил қилган.
Мутахассислар таъкидлашича, оғир астма эрта ўлим эҳтимолини қарийб икки баробарга оширади. Бироқ касалликнинг ўзи кам ҳолларда бевосита ўлим сабаби бўлади — асосий хавфни ҳамроҳ касалликлар келтириб чиқаради.
Олимлар изоҳига кўра, астмада организмда кучли яллиғланиш жараёни юзага келади. Бу эса қон томирлари фаолиятига салбий таъсир кўрсатиб, уларнинг эластиклигини пасайтиради ва қон айланишини издан чиқаради. Натижада инфаркт, инсулт ва тромбоз хавфи ортади.
Бундан ташқари, оғир астма билан оғриган беморларда онкологик касалликлар ривожланиш эҳтимоли ҳам юқори бўлади. Тез-тез кузатиладиган хуружлар нафас олиш ва юрак-қон томир тизимига ортиқча юклама беради.
Мутахассислар қайд этишича, оғир астма барча беморларнинг атиги 3–8 фоизида учрайди. Шунга қарамай, айнан шу тоифа доимий тиббий назоратни талаб қилади, чунки улар асоратлар хавфига нисбатан анча заиф ҳисобланади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!