date

Бермуд учбурчаги сирлари: афсонами ёки ҳақиқий ҳодисами?

Бермуд учбурчаги сирлари: афсонами ёки ҳақиқий ҳодисами?

Атлантика океанининг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган, Майами, Бермуд ва Пуэрто-Рико оралиғидаги ҳудуд дунёда “Бермуд учбурчаги” номи билан машҳур. Бу ном шунчалик кенг тарқалганки, ҳатто географик атамадан кўра кўпроқ сирли, ҳаёт ва ўлим орасидаги ҳодисалар рамзи сифатида тилга олинади.

Тарихий маълумотларга кўра, бу ерда ўтган асрлар давомида юзлаб кема ва самолётлар изсиз ғойиб бўлган. Ҳар бир йўқолиш воқеаси одамларда “бу ҳудудда нимадир ғайриоддий куч бор” деган фикрни мустаҳкамлаган.

“National Geographic” ёзишича, бу ҳудуд ҳақидаги илк қайдларнинг ўзи Христофор Колумб даврига бориб тақалади. У ўз кундалигида бу ерда компаснинг ғалати ишлаши ва осмонда ёруғ нуқталар пайдо бўлганини ёзган. Бироқ “Бермуд учбурчаги” атамаси биринчи марта 1964 йилда журналист Винсент Гаддис томонидан қўлланилган. У “Argosy” журналида АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли 19-рейс йўқолиши ҳақида мақола ёзиб, бутун дунёдаги қизиқишни уйғотган.

Шундан сўнг бу ҳудуд атрофида турли тахминлар, фантастик назариялар ва ҳатто конспирологик гаплар пайдо бўлди. Кимдир буни денгиз тубидаги улкан кальмарлар ёки сирли магнит майдонлари билан боғлади, бошқалар эса ўзга сайёраликлар таъсири деб ҳисоблади.

Аммо илмий жамоа бунинг изоҳини анча содда деб билади: табиий офатлар, инсон хатоси, метеорологик омиллар ва кучли денгиз оқимлари кўплаб йўқолишларга сабаб бўлган бўлиши мумкин.

19-рейс сирини ҳал этмаган ҳалокат

Бермуд учбурчаги билан боғлиқ энг машҳур ҳодиса 1945 йил 5 декабрь куни содир бўлган. АҚШ денгиз флотининг бешта “Avenger” самолёти машғулот парвозига чиққан, уларнинг барчаси ҳавода ғойиб бўлган. Ҳар бирида тажрибали учувчилар бўлганига қарамасдан, ҳеч бири базага қайтмаган.

Компаслар ишламаган, ҳаво кескин ёмонлашган ва улар йўналишни йўқотган. Тайлор бошчилигидаги гуруҳнинг сўнгги хабаридан кейин улар билан алоқа узилган. Шундан кейин қидирувга чиққан “Martin Mariner” қутқарув самолёти ҳам портлаб йўқолган.

Ҳеч қандай из қолмаган. Денгиз флоти буни “учувчи хатоси” деб баҳолаган, аммо кейинроқ сабаб “номаълум” деб ўзгартирилган.

Бермуд учбурчагининг бошқа сирли йўқолишлари

— “Эллен Остин” (1881): ташландиқ кемага борган денгизчилар бир неча дақиқада изсиз йўқолган.

— “Циклоп” (1918): 309 кишилик ёқилғи кемаси Кариб денгизида ҳеч қандай сигналсиз ғойиб бўлган.

— “Протеус” ва “Нереус” (1941): бир ой ичида икки кема бир йўналишда ғойиб бўлган.

— DC-3 самолёти (1948): Майамига яқинлашганида радиодан “қўнишга тайёрланяпмиз” деган хабар келган, сўнг узилган.

Афсонами ёки табиий ҳодисами?

Ҳозирги кунда олимлар Бермуд учбурчагини сирли жой эмас, балки кучли табиий оқимлар ва метеорологик ўзгаришлар маркази деб ҳисоблайди. Бу ҳудудда Gulf Stream оқими жуда фаол — у сувдаги барча изларни, ҳатто самолёт ёки кема қолдиқларини ҳам бир неча соат ичида йўқ қилиш қудратига эга.

Бундан ташқари, тропик бўронлар, магнит оғишлар ва инсон хатолари ҳам кўплаб ҳалокатларга олиб келган бўлиши мумкин. Олимлар фикрича, бу ҳудудда ҳалокатлар бошқа океан қисмига нисбатан кўп эмас — фақат шов-шувли тарихлар уни “афсоналар маркази”га айлантирган.

Шундай бўлса-да, Бермуд учбурчаги ҳануз инсонни ўзига ром этади — у сирли ва беқарор табиатнинг инсон олдидаги ожизлигини эслатиб туради.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Бермуд учбурчаги сирлари: афсонами ёки ҳақиқий ҳодисами?