Трамп Эрон таклифини ўқимасдан кескин рад этди

АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон томонидан можарони ҳал қилиш бўйича тақдим этилган таклифларни охиригача ўқимаганини маълум қилди. У 11 май куни журналистлар билан суҳбатда Теҳрон юборган ҳужжатларга вақт сарфлашни истамаганини очиқ айтди.
“Уларни охиригача ўқиганим ҳам йўқ. Мен вақтимни ўқишга сарфламасликка қарор қилдим”, — деди Трамп.
Шу билан бирга, АҚШ раҳбари Эроннинг таклифларини жуда кескин ибора билан баҳолади. У мазкур ҳужжатларни “ахлат уюми” деб атади ва улар Вашингтон учун қабул қилиб бўлмайдиган даражада эканини билдирган.
Трампнинг айтишича, ҳозирги ўт очишни тўхтатиш режими жуда беқарор ҳолатда турибди. У вазиятни оғир бемор ҳолатига қиёслаб, унинг сақланиб қолиш эҳтимоли жуда паст эканини таъкидлади.
“Шифокор кириб, сизга қадрли одамнинг омон қолиш эҳтимоли тахминан 1 фоиз эканини айтади”, — дея вазиятни тасвирлади АҚШ президенти.
Шунга қарамай, Трамп Эрон бўйича “дунёдаги энг яхши режа”га эга эканини ҳам айтди. Аммо у ушбу режа тафсилотларини очиқламаган. Бу эса Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги музокаралар атрофидаги ноаниқликни янада кучайтирмоқда.
Бир кун аввал ҳам Трамп Эроннинг урушни тўхтатиш бўйича Америка таклифига берган жавобини рад этган ва уни “мутлақо номақбул” деб атаган эди. Маълумотларга кўра, Эрон ўз таклифларини Покистон воситачилари орқали АҚШ томонига етказган.
Теҳрон ўз талабларида товон тўлаш, Ҳўрмуз бўғози устидан тўлиқ назорат ўрнатиш, санкцияларни бекор қилиш ва музлатилган активларни қайтариш масалаларини илгари сурган. Бу талаблар Вашингтон томонидан кескин қабул қилингани кўринмоқда.
Томонлар ўртасидаги асосий келишмовчиликлар бир нечта йирик масалалар атрофида айланмоқда. Улардан энг муҳимлари — Эроннинг ядровий дастури, уранни бойитиш жараёни, юқори даражада бойитилган материаллар захираси, ядровий объектларни демонтаж қилиш, Ҳўрмуз бўғозида кемалар қатнови хавфсизлиги ва умумий сулҳ формати ҳисобланади.
АҚШ Ҳўрмуз бўғозининг тезда очилиши, кемалар ҳаракати хавфсизлиги таъминланиши ва Эрон ядровий қурол яратмаслиги бўйича қатъий кафолатлар берилишини талаб қилмоқда. Эрон эса бу масалаларни алоҳида музокаралар орқали ҳал қилиш, санкцияларни юмшатиш ва ўз манфаатларини ҳисобга олишни истаяпти.
Ҳозирги вазиятда икки томоннинг позицияси бир-биридан анча узоқ кўринмоқда. Трампнинг кескин баёнотлари эса дипломатик жараённи янада мураккаблаштириши мумкин. Чунки музокара столга қайтиши учун фақат ҳужжат эмас, сиёсий ирода ҳам керак.
Қисқаси, Эрон таклиф юборди, Трамп эса уни деярли ўқимасдан рад этди. Ҳурмуз, ядровий дастур ва санкциялар бўйича келишмовчиликлар сақланиб қолмоқда. Бу эса минтақадаги вазият ҳали ҳам жуда нозик ва портлашга тайёр ҳолатда эканини кўрсатади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!